05:22 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Миллий Нажот қўмитаси БМТга мурожаат қилди

23.01.2007 01:35 msk

BBC

BBC радиоси ўзбек хизмати тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида фаолият олиб бораётган 60 дан ортиқ ташкилотлардан таркиб топганини айтадиган Миллий Нажот Қўмитаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаатнома йўллаб, 22 январдан Ислом Каримовнинг президент лавозимида қолиши ноқонуний, деб билдирган.

Миллий Нажот қўмитаси 22 январдан бошлаб, Президент Ислом Каримов имзолаган фармон ва қарорлар, қонун ва битимлар қонуний кучга эга эмас, деб айтган. Қўмитанинг ишонишича, Ислом Каримовнинг бундан буён ўз вазифасида қолиши "ҳокимиятни босиб олиш" билан тенг. 69 ёшли Ислом Каримов президент сифатида Ўзбекистонни деярли 17 йилдан бери идора этиб келади. Жаноб Каримов бундан роппа-роса етти йил муқаддам ўтказилган президент сайловларида аксар овозларни тўплаш билан ўз ваколатларини яна бир муддатга чўздирган эди. Хўш, Миллий Нажот қўмитасининг БМТга мурожаат билан чиқишидан мақсад нима?

Би-би-си ушбу савол билан қўмита раҳбари, мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳга мурожаат этди.

Муҳаммад Солиҳ: Бизнинг мурожаатимиздан мақсад - 22 январ куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг президентлик муддати, ваколати тугади. Президент Каримовнинг бундан кейин ҳам ҳокимиятда қолиши мамлакат конституциясига зид. Чунки президент ўзининг икки марта сайланиш ҳуқуқидан фойдаланиб бўлди. Ўзбекистон конституциясининг 19-боби 90-моддасига кўра, Ўзбекистон республикаси президенти лавозимига сайланадиган одам икки муддатдан ортиқ сайланолмайди, ўзининг номзодини ҳам қўя олмайди конституция бўйича. Ўзбекистон республикасининг президенти Ўзбекистон республикасининг фуқаролари томонидан умумий ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан 7 йил муддатга сайланади, яъни кейинги ўзгартириш бўйича.

Маълумки, Ислом Каримов ўзининг президентлик муддатини умумхалқ референдуми, буни қўштирноқ ичида айтиш керак, воситасида икки марта узайтирди. Бу ҳам сайлов билан эмас, референдум билан узайтирди. Бу ҳам иккинчи бир қонунга хилоф ҳаракат. Ўзбекистонда ҳеч қайси умумхалқ сайлови эркин ва демократик руҳда ўтган эмас, бунга ўша референдумлар ҳам киради.

Ислом Каримовнинг бу лавозимда қолиши ноқонуний. Ноқонунийдан ташқари яна ҳам даҳшатли тарафи - бу ўша Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасига кўра, ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш билан баробар, тенг.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистонда ҳукумат расмийлари қонун бузилмаганини айтишаяпти. Чунки 2000 йилда конституцияга киритилган ўзгартиришлар бўйича ҳукуматнинг барча органларига сайловлар, жумладан, президентликка сайловлар ваколатлар тугаган йилда декабр ойининг учинчи ўн кунлигидаги якшанбасида бўлиб ўтади. Яъни, бу Ўзбекистонда президентлик сайловлари 23 декабрда ўтказилади, дегани...

Муҳаммад Солиҳ: Бу Каримов учун тааллуқли эмас. Каримовдан кейин агар бошқа бир сайланган бўлганда эди, яъни ўз президентлик ваколатини икки марта ўтамаган бошқа бир президент сайланганда эди, бу айтаётган қонунингиз кучга кирган бўлар эди. Аммо Каримов тўрт марта сайланди, амалда тўрт марта президент сифатида вазифасини бажарди. Ва шунинг учун ҳам буларнинг айтаётган рўкачи мутлақо асоссиз.

Би-би-си: Миллий Нажот қўмитаси ўз баёнотида халқаро ҳамжамиятдан Ўзбекистонга нисбатан ўз мавқеъларини билдириш ва тегишли чораларни кўришни талаб қилган. Бу чақириқларингиз инобатга олинади, сизга қулоқ солишади, деб ишонасизми?

Муҳаммад Солиҳ: Инобатга олиш-олинмаслигини энди ҳозирдан айтиб бўлмайди. Аммо ҳеч бўлмаса, Ўзбекистонда шундай бир сиёсий тупикка кирганимиз ҳақида, яъни ўзбек халқининг шунақа бир сиёсий тупик олдида турганини, бугунги ҳукуматнинг ғайримашруъ эканини айтиш ва буни билдириш мухолифат ўлароқ бизнинг вазифамиз. Бунинг натижаси қандай бўлади, энди вақт кўрсатади. Лекин мутлақо бу фактга уларнинг диққатини жалб қилиш, менимча, жуда муҳим сиёсий акция деб ҳисоблайман. Ва буни биз тўғри қилдик, деб ҳисоблаймиз. Буни халқимиз ҳам билиши керак. Яъни тепасида ўтирган раҳбар ноқонуний бир раҳбар, ғайримашруъ бир раҳбар.