06:27 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Нажот» муаммоларни очиб ташламоқчи

23.01.2007 01:15 msk

Довуд Сулаймон, Урганч

Урганчдаги «Нажот» Инсон Ҳуқуқлари ташкилоти Хоразм вилоятидаги ижтимоий-сиёсий соҳа бўйича ҳисоботини эълон қилиш орқали муаммоларга расмийларнинг диққатини жалб қилиш тараддудида. Ташкилот раиси Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, ҳисоботда акс этган айрим муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш зарур.

«Хоразм вилоятида охирги пайтларда давлат томонидан коррупцияга қарши кураш эълон қилинди. Кўпчилик ҳозир коррупцияга алоқадор ишлар бўйича тергов тугаб, суд жараёни бошланишини кутиб ўтирибди. Биз олган ахборотларга кўра, айбдор дея босим ўтказилган. тадбиркор Исҳоқ Абдуллаев, Хоразм автойўл уюшмаси бошқаруви раиси Валерий Полвонов, «Урганчтрансгаз» раҳбари Зуфар Ботиров тўғрисидаги маълумотларни чоп қилиш ниятимиз бор”.

«Нажот» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Ҳайитбой Ёқубовга кўра, давлат томонидан ўқитувчиларга, мактабларга, коллежларга катта пул маблағлари ажратилаётганига қарамай, ўқувчилар учун билим олиш имконияти чекланиб қолмоқда.

“Мактаблардаги дарс соатлари соат эрталабки тўққизда бошланиши керак. Лекин айрим мактабларнинг директорлари ўзлари қарор қабул қилиб, қиш кунлари ҳам соат саккиздан ишлашни бошлаганлар. Биз ўтказган мониторинг натижасида аниқландики, Хива туманидаги мактабларда, Гандимён қишлоғи ва бир неча шаҳар мактабларида эрталаб ҳаво булутлиги, ойналар совуқ ўтмаслиги учун тўсиб қўйилгани боис ёруғлик етишмайди. Синфлар қоронғу. Совуқдан болаларнинг ручкалари қотиб қолган. Ўқувчилар совуқ туфайли қалин кийиниб ўтиришади. Давоматни текширадиган бирор бир одам йўқ. Дарсга кирадиган ўқитувчи ўрнига бошқа бир малакаси жуда паст одамлар дарс ўтяпти. Бу одамлар бирор мансабдор шахснинг ўғли ёки қизи, давлат бюджети ҳисобидаги ишга ўрнашиб олган. Малакали ўқитувчилар ўзларининг бизнесларини ташкил қилиб, бошқа ишга ўтиб кетган”. – дейди Ҳайитбой Ёқубов.

Унинг айтишича, Хоразм бозорларида нарх-наво давлат томонидан умуман назорат қилинмаяпти. Мисол тариқасида Ҳайитбой Ёқубов гўшт маҳсулотлари нархларидаги фарқни ва тортишда харидордан бир неча юз граммгача уриб қолинадиган тарозиларни тилга олди.

“Дўконларда муддати ўтиб кетган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмоқда. Булар ёғ маҳсулотлари, эски шоколадлар, конфетлар ва консервалардир. Сотувчилар аксар қисми қайсидир аканинг ўғли ва қайсидир опанинг қизи. Улардан текширувчи ташкилотлар қўрқади. Уларни олдига текшириб бормайди. Лекин оддий фуқаро улардан безиб кетган. Арзини кимга айтишини билмайди. Бозорларда деҳқонларга йўл йўқ. Эрталабдан йўлни олибсотарлар тўсиб олади. Ҳақиқий деҳқон маҳсулотлари бозорларга кирмайди. Уларни ҳимоя қиладиган ташкилот йўқ”.

«Нажот» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбарининг айтишича, кейинги пайтда бир қоп уннинг баҳоси қишлоқларда 20 минг сўмдан, шаҳарда 15 - 17 минг сўмдан сотилмоқда. Лекин давлат телевизионида, газеталарда “нархлар ошмаган”и тўғрисида ахборот берилади. Нарх-навони назорат қиладиган ташкилотлар эса сукут сақламоқда.

“Нозирлар баъзан бозор айланади, сотувчилар билан салом-аликдан кейин оладиганини олиб бўлгач, уларни қайтиб кўрмайсиз. Айрим фуқаролар бу тўғрисида арзнома ёзяптилар. Биринчи инстанциядан иккинчисига, иккинчисидан учинчисига ёзишяпти, лекин мурожаатлар жавобсиз қоляпти” - дейди Ҳайитбой Ёқубов.