11:28 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон: Бир ойдан сўнг

23.01.2007 00:36 msk

Никита Николаев (Фарғона.Ру)

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов вафотидан кейин ўтган ой кўплаб тахминлар ва информацион шов-шувларга қарамасдан, кутилганидек кескин бўлгани йўқ. Якунларни чиқарар эканмиз, ҳозирнинг ўзидаёқ ўтган 30 кун мобайнида мамлакат ижтимоий-сиёсий тараққиёти йўналишини қисқа хулоса шаклида “йўналиш аввалгидек” дея белгилаш мумкин. 2006 йил 21-26 декабрида Конституцияга киритилган ўзгартишлар Туркманистондаги ҳокимият табиатини ҳам, унинг характерини ҳам, унинг юқори эшелонлардаги таркибини ҳам ўзгартиргани йўқ.

Давлат хавфсизлик кенгаши - Dowlet howupsuzlyk genesi (ДХГ) нинг биринчи планга олиб чиқилиши, унинг ҳокимият ижроия ва қарийб қонун чиқарувчи органига айланиши марҳум президент томонидан қабул қилинган аввалги “стандарт”ни фақат бошқача шаклда қайта тиклади, холос. Аввал бунақа ташкилот Халқ Маслаҳати эди. Янги расмийлар томонидан амалга оширилган қадамлар, бир қатор шарҳловчилар томонидан айтилган тахминларга қарамай, “туркман баҳори” томон, “илиш” томон йўналтирилган эмасди. Бунинг устига, ҳар қандай реал ёки муҳтамал мухолифатчилик фаолиятига нисбатан намойиш қилинган (Ўвадан-Депедаги маҳбуслар, эколог Затоканинг ҳибсга олиниши ва Туркманистон ташқарисидаги мухолифат лидерларининг мамлакатга киритилмаслиги каби) кескин қаршилик расмийларнинг Ниёзов меросидан воз кечмоқчи эмаслигидан далолат беради.

Айни пайтда Ашхобод қарама-қарши ўйинни бошлаб юборди: бир томондан, у ўзининг демократияга содиқлигини билдириб, АҚШ вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда, бошқа томондан эса Россиянинг ОРТ канали айрим кўрсатувларини ретрансляция қила бошлади, учинчи томондан эса газ етказиб беришдаги аввалги битимларга риоя қилишини билдираяпти, тўртинчидан – ислоҳотлар ўтказилишига ишора қилмоқда. Бу “сиёсий азимут” 2006 йилнинг 21 декабридан кейин мамлакатдаги ҳокимият тепасига келган шахслар гуруҳи аслида ҳеч қанақа ҳаракат дастурига эга эмаслигидан ва амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар бир неча вазифаларни ҳал этишга қаратилганидан далолат беради. Бу вазифалар қуйидагилардир: сиёсий истиқрорсизликка ва сиёсий жараён устидан “назоратни йўқотиб қўйишга” йўл қўймаслик; мамлакат ичкарисида ҳам, хорижда ҳам ислоҳотлар йўналишига содиқдай фикр пайдо қилиш; халқаро майдонда Туркманистон газига қизиққанлар томонидан иложи борича кўпроқ қўллов кўрсатилишини таъминлаш. Шу билан бирга, ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш асосий мақсадлигича қолмоқда.

Ўтган ой мобайнида сиёсий ўзгаришлар характери, энг аввало, юридик тартиб (процедура) ёрдамида жамоавий раҳбарликни машруълаштириш ҳамда туманларга марказдан юборилган ходимлар ёрдами билан жойлардаги хавфсизлик органларини мустаҳкамлаш ҳисобига мамлакат ичида содир бўлаётган воқеалар устидан назоратни кучайтиришга дахлдор бўлди. Айни пайтда 11 февраль – президентлик сайловлари куни арафасида расмийларга альтернатив ташкилот ва бирлашмалар тузишга йўл қўймасликка йўналтирилган актив ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ ишонч билан тахмин этиш мумкинки, сайловлар ўтказилганидан ва амалдаги президент в. б. Ғурбанғули Бердимухаммедовнинг қатъий ғалабасидан кейин 21 декабрь гуруҳи дея аташ мумкин бўлган гуруҳ ўз позицияларини мустаҳкамлаб олади ҳамда С. Ниёзов ўз президентлигини бошлаган пайтдаги йўналишга яқин ишларни амалга ошира бошлайди. Бу янги раҳбариятга, бир томондан, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида баёнот беришга, бошқа томондан эса мамлакатни ижтимоий-сиёсий тараққиётининг мавжуд моделидан воз кечмасликка имкон беради. Бу сценарий доирасидаги ишлар истаганча узоқ муддатда ўтказилиши мумкин, аммо пировардида у ҳукмрон гуруҳ ичида кризисни юзага келтиришда акс этган жиддий ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий нотинчликка олиб келади.

Ушбу гуруҳ томонидан стратегик эмас, тактик жабҳада фойдаланилган мазкур ой кўпчилик экспертлар диққатини у қадар жалб этмаган қатор воқеалар қабатида кечди. Улардан иккитаси - Теҳрон ва Анқара томонидан Туркманистондаги ҳозирги вазиятга диққат-эътиборнинг кучайишидир. “Эрон Ислом Республикаси овози” радиостанцияси томонидан жорий йилнинг 21 январида рус тилида ёйинланган шарҳда Ниёзовнинг чет эллик вакиллар билан олиб борилган музокараларда газ нархлари юзасидан ўз манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли анча ижобий баҳоланди. Бу жиҳатдан Эронда бўлгани каби қўшни Туркияда ҳам туркманлар билан миллатлараро муносабатлар мавзусига эътибор қаратиш тобора диққатга сазовор бўлиб бормоқда. Узоқ йиллар мобайнида Теҳрон мамлакатдаги туркман миллий озчилиги ролини тан олиши ҳақида эҳтиром билан таъкидлаб келган. Ўз навбатида Анқара ҳам 23 январь куни Ироқ шимолидаги туркманлар муаммосига бағишлаб Туркия парламентининг ёпиқ мажлисини ўтказишни режалаган. Кўринишдан, ҳар иккала мамлакат ҳам ўзларининг “туркман мавзуси”га бўлган муносабатларига Ашхободдаги янги раҳбарият эътиборини жалб қилишни истайдилар, инчунун, Эроннинг ҳам, Туркиянинг ҳам Туркманистонда ўз молиявий ва стратегик манфаатлари бор.

11 февраль яқинлашгани сари ташқи кучларнинг Туркманистонга нисбатан қизиқиши тобора ёрқинроқ кўринаверади, бироқ, ўтган ойнинг кўрсатишича, янги раҳбарият ҳеч қанақа кардинал қарорлар қабул қилмоқчи эмас. У кутиш муҳити яратишга таянган ҳолда, марҳум С. Ниёзов тактикасини давом эттирди. Марҳум давлат раҳбари ҳам вақти-вақти билан ички ва ташқи аудиторияни умидвор этувчи баёнотлар бериб, ўзи таъкидлаган ишларнинг ғирт тескарисини қиларди. Мамлакатни якка ўзи бошқарган Туркманбоши бунақа ишларга журъат қилиши мумкин эди, аммо амалдорларни алмаштиришга, тобеъларини ишдан бўшатишга ва ҳеч кимга ҳисоб бермасликка қодир умуммиллий миқёсда тан олинган доҳий йўқлиги сабабли жамоавий раҳбарлик учун бу каби амалиёт мақбул иш ҳисобланмайди. Ниёзов ўлимидан кейин вазиятни бир ойга музлатиб қўйган Бердимухаммедов ва унинг атрофидаги шахслар ё бундан буён ҳам музлатиш жараёнини давом эттиришга, ёки аввалги йўналишдан воз кечишга мажбур бўладилар. Бироқ “барқарорлик бўлсин учун” бу каби суръатда ўтказилажак ислоҳотлар вазиятни ўзгартирмайди ҳамда у ташаббускорларнинг шахсий мақсадларига эришишга йўналтирилган бўлиши мумкин. Туркманистонда “Туркманбошидан кейин ўтган бир ой” “ташхис”и ана шундай.



 

Реклама