11:41 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

2007 йилнинг 22 январь куни Ислом Каримовнинг охирги президентлик муддати тугайди

22.01.2007 20:08 msk

Умар Шарифов

Ислам Каримов. Фото Фергана.Ру
Ислом Каримов. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Марказий Осиё сиёсатчилари “Фарғона.Ру” АА галереясига ўтиш
22 январь Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ўзига хос чегара бўлиб ҳисобланади. Айнан шу куни Ислом Каримовнинг мамлакат қонунчилигида кўзда тутилган президентлик муддати тугайди. Роса етти йил аввал – 2000 йилнинг 22 январь куни у расман президентлик лавозимини бажаришга киришган эди. Ўшанда Ислом Каримов Олий Мажлис (парламент) янги чақириғининг 250 депутати гувоҳлигида Қуръон ва Конституцияни олдига қўйиб, “Ўзбекистон халқига сидқидилдан хизмат қилиш, Конституция ва республика қонунларига қатъий риоя қилиш”га қасамёд этганди. Асосий қонунга мувофиқ мамлакат президенти ваколатлари муддати етти йилни ташкил қилади. “Ўзбекистон Республикаси Президенти етти йил муддатга сайланади”, - дейилади “Президентлик сайловлари ҳақида”ги қонунда ҳам.

Аснода, бугунги кунда жаноб Каримов ўз ихтиёри билан президентлик курсисини бўшатиб қўйишга шошилаётгани йўқ. Ўзбекистонда президентнинг Конституцияда белгиланган муддати тугаганлиги ҳақида ҳеч ерда – на матбуотда, на радиода, на телевидениеда эслатилмаётгани ҳам шундан далолат бериб турибди. Расмийлар жим, журналистлар жим, бу билан улар Ислом Каримов президентлик лавозимини камида яна бир йил эгаллаб турмоқчи экани ҳақидаги тахминларни тасдиқлагандай бўлаяптилар.

Гап шундаки, Ўзбекистон Конституциясида ғалати вазиятни юзага келтираётган икки модда мавжуд. 90-моддада Ўзбекистон президенти етти йилга (яъни етти йилу 11 ойга эмас, айнан етти йилга) сайланиши айтилади. 117-моддада эса Ўзбекистон президенти сайловлари “конституцион муддат битган йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида” ўтказилиши кўрсатилган. Бу моддани Каримов ўз президентлик муддати битганидан кейин навбатдаги президент ишга киришгунига қадар президентлик лавозимида яна 13 ой қолиши лозим, дея талқин этиш ҳам мумкин. Ахир сайлов декабрь охирига белгиланган, “Ўзбекистон Республикаси президенти сайловлари тўғрисида”ги қонун эса давлат раҳбарига ўз ўрнига келадиган одам ишга киришгунига қадар ўз ваколатларини бевосита бажариб туришини тақозо этади. Шу қонунга кўра, президент Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини расман эълон қилганидан кейин икки ойдан кам бўлмаган муддат ичида ишга киришиши керак. Натижада Каримовнинг президентлик ваколатлари ўз-ўзидан 11,5-13 ойга узайиб қолаётгандек бўлаяпти. Яъни, Конституция томонидан белгиланган етти йиллик президентлик муддати ўрнига Ислом Каримов саккиз йил ёки шунга яқин муддат президент бўлади.

Бунақа ҳолат қай тариқа юзага келиб қолди ва Ўзбекистон раҳбарияти томонидан 117-модданинг талқин этилиши (бу талқин ошкора талқин эмас) нақадар қонуний? Қайд этиш жоизки, бу моддаларнинг ҳар иккаласи ҳам Конституцияда бир вақтнинг ўзида пайдо бўлган бўлиб, 2002 йилда ўтказилган референдум оқибатидир. Ҳозирча фақат шунга тўхталамиз, чунки айнан шу тадбир иккиёқлама талқин қилиш мумкин бўлган моддани юзага чиқарди.

Эслатиб ўтаман, референдумга бор-йўғи икки масала олиб чиқилганди (асосий ва иккинчи даражали масала) – президентлик ваколатлари муддатини беш йилдан етти йилга узайтириш ва парламентни бир палаталидан икки палаталига айлантириш. “Умумхалқ овоз бериши” натижаларига кўра (овозлар ҳисобланишидаги ҳалоллик ҳақида ҳеч нима демаймиз: буни ёқлаб овоз берганларнинг 90 фоиздан кўп эканини билишнинг ўзиёқ кифоя қилади) Конституцияга президентлик муддати беш йил эмас, етти йилни ташкил этиши ҳақида тузатиш киритилган. “Умумий, тенг ва бевосита сайлов ҳуқуқи асосида яширин сайлов йўли билан сайланувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти ваколатларининг Конституцион муддати етти йилни ташкил этади”, - дейилади референдум натижаларига кўра қабул қилинган “Референдум натижалари ва Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ташкил этишнинг умумий тамойиллари тўғрисида”ги қонунда.

Энди эса диққат қилинг: ЎША РЕФЕРЕНДУМ НАТИЖАЛАРИГА ТАЯНГАН ҲОЛДА, Олий Мажлис Конституцияга ҳамда “Референдум натижалари ва Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ташкил этишнинг умумий тамойиллари тўғрисида”ги қонунга аввалда айтилган “унинг (президентнинг) конституцион ваколатлари тугаган” йил декабрида президентлик сайловлари ўтказилиши ҳақидаги модда киритилган. Бу модда ўтказилган референдумга ҳеч қанақа алоқаси бўлмаганига қарамасдан (президентлик муддатларини яна 11-13 ойга чўзиш ҳақидаги масала умумхалқ овоз беришига мутлақо олиб чиқилмаган) киритилган эди.

Шу референдум ҳақида яна бир оз тўхталсак. Нафсиламрини айтганда, бу жаноб Каримовнинг президентлик ваколатларини узайтириш бўйича иккинчи референдум эди – биринчиси 1995 йилда бўлиб ўтиб, ваколатларни 2000 йилгача узайтирганди (расмий маълумотларга кўра бунда 99,6 фоиз киши “ёқлаб” овоз берган). Бироқ унинг кейинги референдумдан фарқи президентлик ваколатларини узайтириш ҳақидаги масала анча аниқ белгиланганида эди – бу айнан Ислом Каримовга дахлдор эди. Президент ҳатто Олий Мажлисдан қўшиб берилган йилларни иккинчи муддат сифатида ҳисоблашни сўраган, аммо депутатлар “рози бўлмаганлар”. Иккинчи референдум пайтидаги савол эса “Ўзбекистон Республикаси президенти ваколатларининг конституцион муддати беш йилдан етти йилга ўзгартирилишига розимисиз?” тарзида мавҳумроқ тузилган. Мазкур муддатнинг беш йилга сайланган амалдаги президентга дахл қилиш-қилмаслиги ҳақидаги саволга расмийлар жавоб беришдан қочганлар. Бироқ ғарб журналистлари барибир ўша пайтдаги Марказий сайлов комиссияси раиси Абдурафиқ Аҳадовдан президент ваколатлари муддатининг узайтирилиши Ислом Каримовга дахл қилмаслиги ва референдум ижобий натижалар билан якунланган тақдирда янги низом янги президентлик сайловларидан кейингина амал қила бошлаши хусусидаги сўзларни суғириб олгандилар. Аслида, референдум ўтказиб бўлиши биланоқ бу талқин унутилган, 2005 йил келганида эса Ўзбекистонда Каримов яна икки йилга ўз мансабида қолаверганди. Яна қайтараман: референдумнинг ўзида беш йилга сайланиб бўлган президентнинг ваколатларининг узайтирилиши ҳақида ҳам, янги етти йиллик ўтиб бўлганидан кейин унинг мамлакатни яна бир йил бошқариши ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмаганди!

Жаноб Каримов ваколатларининг “умумхалқ овоз бериши” йўли билан узайтирилиши нақадар қонуний бўлиб ҳисобланади? Ўзбекистон қонунчилиги бу саволга бунинг мутлақо қонуний эмаслиги юзасидан қатъий жавоб беради. Биринчидан, қонун эълон этилганидан олдинги даврга нисбатан жорий этилиши мумкин эмас, шунинг учун ҳам 2002 йилдаги референдум 2000 йилдаги сайловларга тегишли бўлиши мутлақо мумкин эмасди. Иккинчидан, Конституцияда мавжуд бўлган моддаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси президенти САЙЛАНАДИ. Тайинланмайди, айнан сайланади. Учинчидан, “Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисида”ги қонун мансабдор шахсларни тайинлаш ва ишдан олиш билан боғлиқ бўлган масалаларни референдумда кўриб чиқишни тўғридан-тўғри маън қилади: “Қуйидаги масалалар референдумга қўйилиши мумкин эмас: ...мансабдор шахсларни тайинлаш ва ишдан олиш билан боғлиқ масалалар”. Президент эса давлат раҳбари сифатида бу давлатнинг олий лавозимдаги мансабдор шахсидир. Референдум йўли билан унинг ваколатлари узайтирилиши уни узайтирилган муддатга тайинлашдан бошқа нарса эмас. Яъни бу каби масаланинг умумхалқ овоз беришига олиб чиқилишининг ўзиёқ ноқонунийдир.

Энди Каримов ваколатларининг яна 11-13 ойга “автоматик” тарзда узайтирилишига келсак. Қайд этиш жоизки, расмийлар И. Каримовнинг президентлик ваколатлари қачон тугаши ҳақидаги саволга жавоб беришдан мумкин қадар қочаяптилар. Шу билан бирга, улар навбатдаги президентлик сайловларининг шу йил декабрида бўлиб ўтишини инкор этмаяптилар. Президент Каримовнинг конституцион ваколатлари тугаганидан кейин ва янги сайланган президент ўз лавозимига киришгунига қадар давлат раҳбари вазифасини ким ва қандай асосда бажариши тўғрисидаги асосий савол ҳам расмийлар томонидан жавобсиз қолдирилаяпти.

Албатта, бунда президент вазифаларини “Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”ги қонун асосида ўз-ўзидан Ислом Каримовнинг ўзи бажариши кераклиги назарда тутилган. Бироқ қонунда нима дейилмасин, Конституция муҳимроқ бўлиб ҳисобланади! 16-модда: “Бирор қонун ёки бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат Конституция меъёрлари ва тамойилларига зид келиши мумкин эмас”. Шундай экан, Конституциянинг 117-моддасида амалдаги президент ЎЗ ВАКОЛАТЛАРИ МУДДАТИ БИТГАНИДАН КЕЙИН лавозимида қолиши лозимлиги ҳақида ҲЕЧ НАРСА ДЕЙИЛМАГАН. У ерда фақат навбатдаги президент сайловлари санаси белгиланган, холос. Шундай қилиб, Конституцияга Конституциянинг бошқа бир моддаси эмас, бор-йўғи “Президент сайловлари тўғрисида”ги қонунгина зид келаётган экан. У “Референдум натижалари тўғрисида”ги қонунга ҳам (фақат етти йилга – ундан ортиқ эмас!) зид келади. Конституциянинг устиворлиги юзасидан баҳслашиб бўлмайди, шу сабабдан ҳам “Президент сайловлари тўғрисида”ги қонун моддаси бу вазиятда ноқонунийдир. Демак, фуқаро Каримов бу лавозимни эгаллашга Ўзбекистоннинг исталган бошқа бир (35 ёшга етган ва ҳаказо) фуқародан кўра ортиқроқ ҳақ-ҳуқуққа эга эмас.

Марказий сайлов комиссияси ҳам Конституцион суд ҳам юзага келган вазият бўйича асосли юридик шарҳни аллақачоноқ бериши керак эди, албатта. Бироқ Ўзбекистонда ушбу муассасаларнинг раҳбарлари билвосита йўл билан (тавсия этиш йўли билан) президент Каримов томонидан тайинланади, шунинг учун “юқоридан” буйруқ бўлмаса, улар бу ҳақда оғиз ҳам очмайдилар ва ҳозир ҳам жим туришни маъқул кўрмоқдалар...

Бу орада, 23 январь куни Ўзбекистон амалдаги президент ўз машруълигини охиригача йўқотади. Уни яна машруълаштириш, айтайлик, Конституцияга шошилинч тузатишлар киритиш йўли билан унинг ваколатларини чўзиш ҳатто энг мутеъ “чўнтак” парламентининг ҳам қўлидан келмайди (қонунчиликка мувофиқ, парламент юқори ва қуйи палаталари депутатлари умумий миқдорининг учдан икки қисми овоз бериши билан Конституцияга ўзгартишлар киритишлари мумкин). Гап шундаки, ЕТТИ ЙИЛ ВА БИР КУН Конституцияда белгиланган етти йиллик муддат ДОИРАСИДАН ТАШҚАРИдадир. Шу кундан бошлаб у президент эмас. Шу билан бирга, парламент президентни ТАЙИНЛАШга ҳам ҳақли эмас – бу мутлақо сайланадиган лавозимдир. “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий, тенг ва бевосита сайлов ҳуқуқи асосида яширин сайлов йўли билан етти йил муддатга сайланади” (Конституция).

Шундай қилиб, 23 январдан бошлаб Каримовнинг имзоси ўзининг юридик кучини йўқотади, шунингдек, шу кундан бошлаб у билан тузилган барча шартномалар, битимлар, эълон қилинган фармонлар ва қарорлар, имзоланган қонунлар ҳам кучини йўқотади. Ислом Каримов қонун асосида мамлакат ичида ва халқаро алоқаларда Ўзбекистонни тамсил этиш, шунингдек, ўз ҳузурида аккредитацияланган дипломатик вакиллардан ишонч ва чақирув ёрлиқларини қабул қилиш ҳуқуқини йўқотади. У томонидан масъул лавозимларга тайин қилинган мансабдор шахслар пировардида номашруъ (нолегитим) дея тан олиниб, бу шахслар томонидан қабул қилинган қарорлар бекор қилиниши мумкин...

Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон аҳолиси турмушида қандай акс этади? Умуман олганда, ҳеч қандай акс этмаса керак, чунки афтидан Каримов ўз лавозимига сўнгги нафасигача жон-жаҳди билан ёпишмоқчига ўхшайди (Ҳусайн, Милошевич, Тэйлор, Пиночет, Фухиморининг аянчли тақдири кўз ўнгимизда турибди). Шунинг учун ҳам Конституциянинг етти йиллик муддат ҳақидаги моддаси муваффақият билан эсдан чиқарилади-да, уни Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эслаш таъқиқланади. Реал ҳаётда эса кимнинг кучи кўп бўлса, ўша ҳақ бўлаверади. Мазкур ҳолатда Конституция топталишининг эса мутлақо аҳамияти йўқ. Биринчи марта бунақа бўлаётгани йўқ-ку ахир...

Илло Ислом Каримовнинг сиёсий ва корчалон ҳамкорлари учун юзага келган вазият у билан тузилган барча шартнома ва битимлар охир-оқибат бекор қилиниши билан боғлиқ нохуш оқибатларга эга бўлиши мумкин, чунки гарчи у мазкур ишларни амалга оширишда жисмоний (де-факто) имкониятга эга бўлса-да, машруъ (легитим) мансабдор шахс бўлмагани боис (ахир унинг ваколатлари тугади) юридик ҳуқуққа эга эмасди. Шундай экан, бемалол тахмин қилиш мумкинки, чет эллик ҳамкорлар учун тузиладиган шартнома ва битимлар қадри таваккалчилик учун ўзига хос тўлов сифатида кескин ошган. Умуман олганда, ҳар қандай ҳолатда ҳам Каримовни қонуний ва конституцион президент деб тан оладиган давлатлар аввалдан маълум. Булар Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон, Қирғизистон ва ҳаказолар.

Жаноб Каримов шахсидан чекинароқ қайд этиш жоизки, Асосий қонуннинг декабрь ойи охирида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловлари ҳақидаги моддаси ҳозирги вазиятнинг келажакда ҳам қайталанишини кўзда тутади. Декабрь ойида қандай президент сайланмасин, у февраль ойи охиридан кечикмай ишга киришади. Шундан келиб чиққан ҳолда унинг президентлик муддати тугаганидан кейин ўзбекистонликлар олдида яна ўша савол кўндаланг туради: янги сайланган президент ишга киришгунига қадар бутун бир йил давомида мамлакатни ким ва қандай асосда бошқаради?..