18:32 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бозор инқилобига россияликлар чўнтагидан пул тўланадими?

20.01.2007 20:53 msk

Матбуот шарҳи

2007 йилнинг 15 январидан “Чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни миграцион қайди тўғрисида”ги Федерал қонун кучга кирди. Қонун чиқарувчиларнинг мулоҳазаларича, шу кундан бошлаб муҳожирлар миграцион хизмат дарчалари олдида тизилган навбатларда сарғаймасликлари керак. Янги низомга мувофиқ, Россияда ишлашни хоҳлаган бошқа мамлакат фуқаролари чегарадан ўтганларидан кейин ўн кун ичида ФМХга огоҳлантириш хати юбориб қўйишлари кифоя.

Шунингдек, ўн бешинчи январдан бошлаб чакана савдо бозорларидаги чет элликлар ишини тартибга солувчи янги қонун ҳам ишлай бошлади. Ҳозирнинг ўзиданоқ бозорда ишловчи чет элликлар миқдори қирқ фоиздан ошмаслиги керак, биринчи апрелдан бошлаб эса чет эллик меҳмонлар бозорларимиздан бутунлай ғойиб бўлишлари лозим. Лекин бу янгиликлар вақтинча яшаш учун рухсатномага эга бўлган ишчиларга тааллуқли эмас.

Миграцион қайднинг янги қоидалари жорий қилинганидан кейин Россияда нималар содир бўлаяпти? Бу янгиликлар, гастарбайтерлардан ташқари, россияликлар турмушида қандай акс этади? Бу мавзу юзасидан Россия оммавий ахборот воситалари қуйидагиларни хабар қиладилар.

* * *

Маълум бўлишича, 15 январдан кейинги дастлабки кунларданоқ пойтахтдаги хўжаликнинг айрим жабҳаларида ишчи кучи етишмаётгани сезила бошлаган. Бу ҳақда ўтган пайшанба куни Москванинг шаҳар хўжалиги жабҳаларига чет эллик ишчи кучини жалб қилиш ҳақидаги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни бажарилишига қаратилган тадбирларни амалга ошириш бўйича штаби мажлисида Москва истеъмол бозори ва хизматлар депуртаменти раҳбари Владимир Малишков билдирди. Унга кўра, Россия пойтахтида 28-30 минг иш ўрни бўшар экан. Ишдан кетаётган кишиларнинг ўрнини эгаллашга эса Россия фуқаро қатор бўлиб навбат кутаётганлари йўқ.

Москвалик амалдор фақат вьетнамликлар ёки хитойликлар ишлайдиган бозорлар борлигини таъкидлаб ўтди. “Шунинг учун ҳам 1 апрелга яхшилаб тайёргарлик кўриш зарур”, - дея қайд этди Малишков.

“Известия” мухбирлари пойтахтнинг бир неча бозорларидаги аҳвол билан танишдилар. Москванинг Даниловск бозорида мева-чева пештахталари устига чойшаб ёпиб қўйилган. Бир четда турган озарбайжонлар муҳожирлик хизматида ишга рухсатнома ололмаётганларидан, мевалар эса ириб кетаётганидан шикоят қиладилар. Эллик ёшли Муҳаммад чоршанба куни кун бўйи Большая Ординкадаги ФМХда турган, аммо барибир ҳужжат ололмаган.

Аслида, ҳатто ишга рухсат олган тақдирда ҳам Муҳаммад бозорда фақат апрелгача ишлай олиши мумкин, холос. Кейин у касбини ўзгартиришига тўғри келади. Ваҳолонки, у Москвада йигирма йилдан бери яшаб келади. Унинг қўшниси Исмоил ҳам нима қилишни билмай боши қотган, аммо уйга қайтмоқчи эмас. Брежнев даврида у билим юрти талабаси сифатида ЗИЛга амалиёт ўтагани келган. Хизматни ҳам Москвада ўтаган.

Бозорда учта савдо нуқтасига эга бўлган асл москвалик Григорий ҳам москваликларнинг бозорга чиқмасликларига қатъий ишонади.

- Менда савдо қиладиган сотувчиларнинг ҳаммалари молдаван қизлар эди, - дейди у. – Агар улар кетиб қолишса, ким сотади нарсаларимни? Болаларим университетни тамомлаганлар, савдога чиқмайдилар. Қаердан сотувчи топишни билмаяпман.

Сотувчиларнинг ҳаммаси “нархлар кўтарилади”, деган фикрда иттифоқлар. Бозор маъмуриятидагилар ҳам бу фикрни тасдиқлаяптилар.

* * *

ИТАР-ТАССнинг хабар қилишича, Биробиджан марказий кийим-кечак бозорида хитойлик савдогарлар оммавий равишда ватанларига кетганларидан кейин бўшаб қолган жойларни маҳаллий сотувчилар эгаллаганлар. Улар ўзларининг чет эллик ҳамкасблари сотган моллар билан савдо қилмоқдалар, лекин молларни 50 фоиз, айрим жойларда эса 100 фоиз қимматроқ сотаяптилар. Бозорлар дирекцияси вакилларига кўра, ўн йилдан буён аҳолини арзон моллар билан таъминлаб турган хитойликларнинг кетиши фақат маҳаллий савдогарларга фойда келтирган, холос.

Находкада чет эллик савдогарлар қонун асосида ишлаяптилар, савдо майдонларида ишлаётган чет эллик сотувчилар миқдори 40 фоиздан ошмайди, яъни белгиланган меъёрга мувофиқ келади. Аҳолини иш билан таъминлаш хизматида ҳам бозорлардаги янги иш шароитига тайёргарлик бошланган. Хизмат марказларида чет эллик ишчилар ҳамда уларнинг меҳнатидан фойдаланувчи иш берувчилар учун 30 дан ортиқ консультацион марказлар очилган. У ерда чет элликларга янги қоидаларни тушунтириб беришлари мумкин.

* * *

“Вечерняя Казань” газетасининг мухбири Татаристон пойтахтидаги йирик бозорларда бўлган. Колхоз бозори дирекциясида журналистга савдо жойларининг фақат ўн фоизи муҳожирлар томонидан банд қилинганини айтганлар. Бозорда татаристонликлар сут, пишлоқ, гўшт, чувашияликлар картошка, пиёз ва тузланган бодринг сотадилар. Бироқ, бозор директори Салим Абдуллазяновга кўра, энг меҳнатсевар кишилар муҳожирлардир: бу ерликлар улардай ишлолмайдилар. Ўзбеклар, тожиклар ва озарбайжонлар бозорга азонда келишиб, молларини чиройли қилиб терадилар ва бозор ёпилгунича савдо қиладилар. Улар ўз иш жойларини доим озода ва тартибли сақлайдилар.

Москва бозорида савдо-сотиқ қоидаларидаги инқилобий ўзгаришларни хотиржам қабул қилдилар. Бу ерда бўш пештахталарни ҳам, арзон-гаров кўтара савдони ҳам кўрмайсиз. Ўзбеклардан майиз, анор ва ёнғоқдан ташқари килоси 6 рублдан картошка, озарбайжонлардан эса юз рублга резина тагчармли шиппак сотиб олиш мумкин.

Аммо бозордаги осойишталикни текширувчилар, баъзан эса харидорларнинг ўзлари бузиб турибдилар. Гастербайтерларга кўра, текширувчилар доим етарли бўлган, охирги кунларда эса санитария врачлари, муҳожирлик хизмати ходимлари ва милиционерлар янаям кўпроқ текшираяптилар. Кеча эса бир кампир ўзбек сотувчи билан майдароқ картошка тортиб қўйгани учун урушиб кетган: “Пишириб қўйгандай келиб олдиларинг биз томонга! Неварам иш тополмай биржада турибди. Путин Қозонга келса, ҳаммаларингни қувиб солади”, - дея жаврарди кампир.

- Агар ўзбеклар картошка сотмаганларида, унинг нархи ўн рублга чиқиб кетган бўларди, - дея ҳимоя қилади муҳожирларни Москва бозори директорининг савдо-сотиқ бўйича ўринбосари Гузел Сафина. – Улар қишлоқма-қишлоқ юришиб, аҳолидан сабзавот сотиб оладилар, ҳаммасини ҳам олавермайдилар, фақат сифатлисини харид қиладилар. Афсуски, бизда четдан келганлар кам. Арманлар ва гуржилар бу ёққа келмайдилар, ўзбеклар билан озарбайжонлар эса бор-йўғи 22 киши, холос. Ваҳолонки, бозорда қарийб бир ярим минг одам савдо қилади. Агар яқин хориждан одамлар келишса, қувиб юбормаймиз, ҳозир бизда саккиз юзта бўш савдо ўрни бор.

Приволжск бозорида эса гастарбайтерлар кўпроқ бўлгани билан, бозор маъмурининг маълум қилишича, меъёрдан ошган эмас – етмиш фоиздан ортиқ жой Россия фуқароларига берилган. Лекин Совет Иттифоқи тарқалганидан кейин қачонлардир қардош бўлган республикаларда яшаган кўп кишилар Россия фуқаролиги олганлар. Шундай экан, пештахта ортида турган ҳар қандай тожик ёки ўзбек ҳам муҳожир бўлиб чиқмаслиги мумкин. Аммо бозордаги сотувчиларнинг қанчаси чет эллигу қанчаси россиялик эканини муҳожирлик хизмати ходимлари ҳисоблаб чиқадилар.

***

Челябинск ва Тула бозорларида Россия фуқароси бўлмаган муҳожирлар шошилинч равишда молларини қарийб ярим баҳосига сотиб кетмоқдалар, дея хабар қилади Тулада чиқадиган “Комсомолка”.

- Энди уйга қайтишга тўғри келади, - дея хўрсинади Нодира Лозиева исмли ўзбек аёл. – У ерда бўлса шароит оғир. Маош кам, нархлар баланд, иш ҳам мутлақо йўқ. Биз бу ерга турмушимиз зўрлигидан келаётганимиз йўқ. Мана, бугун молларни арзон-гаров сотиб юборишга тўғри келди. Кийим-кечак нархини 50 рублдан пасайтирдик, кейин балки ярим баҳосига беришимизга тўғри келар. Ҳамма нарсани олиб кетиб бўлмайди. Тошкентга кетадиган поезд чиптаси қарийб уч минг рубл туради.

- Мана, чипта ҳам сотиб олдим, - дейди хурмо сотадиган Али Гамидов. – Эртага уйга - Озарбайжонга қайтаман. Энди бу ерда қиладиган ишим қолмади. Қонунга қарши бориб бўлмайди. Бошқа дўстларим ҳам уйга кетаяптилар. Меваларни арзон-гаров сотиб кетишга тўғри келаяпти.

Сотувчиларга кўра, уч ҳафтача аввал милиция бозорда қуршов уюштирганлар. ОМОН сабзавот ва мева сотиладиган павильонни ўраб олиб, барча муҳожирлар УАЗларга босиб кетган.

Рус сотувчилар ўз ҳамкасблари ҳақида очиқ чирой билан сўзлайдилар.

- 12 йилдан бери ёнма-ён савдо қиламиз, - дейди сотувчи Татьяна Комарова. – Уларни ҳайдаб солиш инсофдан эмас. Уларга кимга ҳалақит берган эканлар?

Тулалик иқтисодчилар ҳам ташвишга тушганлар: бозорларда чет элликлар қолмайдиган бўлса, нархлар кескин кўтарилиб кетиши мумкин.

- Нархларнинг қай даражада ошишини ҳозирча ҳисоблаб чиқиш қийин, - дейди Л. Толстой номидаги ТДПУ иқтисодиёт ва тадбирворлик кафедраси доценти Александр Кальянов. – Аммо нархларнинг ошиши аниқ. Чет элликлар ўрнига рус сотувчиларни жалб қилишга тўғри келади, улар эса каттароқ маош талаб қиладилар. Молларни ҳам тўғридан-тўғри эмас, олибсотарлардан харид қилишга тўғри келади. Уларнинг ҳар бири моллар устига хизмат ҳақларини қўшадилар. Буларнинг ҳаммаси мол қийматига таъсир кўрсатади.

* * *

Санкт-Петербургдан эса “бегоналар”ни қувмаяптилар. Федерал қонун муҳожирларга бозорлардаги айрим молларни сотишни расман таъқиқлаган бўлса-да, чет эллик савдогарлар аввалгидек пештахта ортида турибдилар, деб хабар қилади “КП”.

Кечаги кундан бошлаб уларнинг савдо қилиши таъқиқлангани ҳақида яқин хориж фуқаролари эшитмаган эканлар. Ёки ўзларини эшитмаганга солаяптилар. “Бизнинг ҳамма ҳужжатларимиз жойида”, - дейди пўртаҳол сотаётган одам.

* * *

- Чет элликларнинг бирданига кетиб қолиши, биринчидан, ишчи кучи танқислигини вужудга келтиради, - дея изоҳ беради Истеъмолчилар жамияти халқаро конфедерацияси бошқармаси раиси Дмитрий Янин “Известия”га вазиятнинг муҳтамал ривожи юзасидан. – Россияликлар уни тўлдира олмайдилар. Иккинчидан, бозорларни капитал реконструкция қилишни кўзда тутувчи бозор савдоси ҳақида янги қонуннинг киритилиши сармоядорларни чўчитиб қўяди. Истиқрорсизлик шароитида камдан-кам одам янги қоидалар бўйича савдо-сотиқни ташкил этишга пул сарфлашни ихтиёр этади. Пировардида, йўқ деганда, Москвадаги озиқ-овқат бозорларининг кўпи нархлари юқори бўлган “тараққий этган” савдо марказларига айланиши мумкин. Истасак-истамасак, ижара ҳақи ошади. Аснода бозорларнинг ёпилишидан фақат камбағалларгина зарар кўрмайдилар – москваликларнинг кўпчилиги бозорлардаги мева ва сабзавотларнинг сифати дўкондагидан яхшироқ бўлгани учун ўша ердан маҳсулот харид қилишни маъқул кўрадилар. Нима бўлганда ҳам бу янгиликларнинг барчасига россияликлар чўнтагидан пул тўланади. Бундай вазиятда янги қонунчилик дахл этмайдиган дам олиш кунлари ишловчи бозорлар тизимини ривожлантириш ягона йўл бўлиб қолади.