18:04 msk, 21 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент валийлари. IV қисм. Шайх Хованд Тоҳур ва Хожа Аҳрор

19.01.2007 16:10 msk

Андрей Кудряшов

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
Тошкент валийларининг ичида энг эътиборлиларидан бири бўлган Шайх Хованд Тоҳур ХIII аср охирларида Боғистон тоғли қишлоғида Муҳаммад алайҳиссалом авлодлари хонадонида дунёга келди. Отаси машҳур шайх Умар Валий Боғистонийнинг насаби Ҳазрати Умар (р.а.) га тақаларди. У ёшлигида дарвиш бўлиб, сўфий Ҳасан Булғорийдан таълим олган. Йигирмага яқин зоҳид сафдошлари билан бирга Умар Валий кўп йиллик сайру саёҳатлардан кейин овлоқ тоғ водийсига келиб ўрнашган, ўшандан буён ўзининг Чорвоқ деб аталган қадим номини сақлаб қолган бу жойлар Боғистон эшонлари мулкига айланган. Ҳозирги кунда бу водий Чорвоқ сув омборининг ҳавзасига айланган, аммо ундаги қадамжолар қарийб қадимдагидай сақланган.

ТОШКЕНТ ЗИЁРАТИ

Умар Валий Боғистоний тўқсон ёшга етганида Тошкентдаги Абу Бакр Қаффол Шоший мозорини зиёрат қилиш учун боради. Афсонавий эшоннинг Парвардигордан ворис сўраб, бошқа бир зоҳиднинг қабрини зиёрат қилиш учун пиёда йўлга чиқиши ҳайратга сазовор ишдир. Аллоҳ таоло унинг дуоларини ижобат қилади. Тошкент зиёратидан бир йил ўтгач, Умар Валий ўғил кўради, бу фарзанд донишманд инсон бўлиб вояга етади.

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
Ёшлигида Хованд Тоҳур ўз отасининг руҳоний йўлини такрорлайди, у яссилик сўфий пирларнинг шогирди сифатида дарвиш жандасида кўп юртларни кезади. Ватанга қайтгач, у Тошкентга келиб ўрнашади, тез орада ўзининг ўткир илми, камсуқумлиги, ҳалимлиги ва адолатпарварлиги билан шаҳарликлар орасида катта эътибор қозонади.

Маърифатпарварлик фаолияти билан бирга шайх Хованд Тоҳур бой ва эътиборли одамларни етим-есирларга Аллоҳ йўлида ғамхўрлик қилиш лозимлигига ишонтириб, хайрия ишлари билан ҳам шуғулланган. Шу сабабдан ҳам Тошкент аҳлининг бу зоҳидга ҳурмати шу қадар юксак эдики, Хованд Тоҳур вафотидан кейин уни 1355 йилда минг йиллардан буён муқаддас ҳисобланмиш жойга дафн этадилар.

АЛЛОҲНИНГ ҚУЛИ

Шайхантоҳур вафотидан ярим аср ўтгач, боғистонлик эшонлар хонадони Тошкентга ўз даврининг энг эътиборли кишиларидан бири бўлган валийни туҳфа қилди. 1404 йилда Боғистондаги Умар Валий авлодлари оиласида Хованд Тоҳурнинг чевараси дунёга келди. Рамазон ойининг Қадр кечасида таваллуд топгани учун унга Убайдуллоҳ – Аллоҳнинг қули деб исм қўйдилар. Бу тунни мусулмонлар Парвардигор Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом орқали Қуръон нозил қилган кеча сифатида мўътабар биладилар.

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
Ривоятларга кўра, Убайдуллоҳ ҳаётининг дастлабки лаҳзаларидан бошлаб ғайриоддий сифатларни намоён қила борган. У қирқ кунгача волидасини эммай, дастлабки рўзасини тутган. Унинг ота-онаси ҳамқишлоқларини “кокил қирқиш” маросимига чақирган пайтда зиёфатни қолдиришга тўғри келган, чунки Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур вафоти тўғрисида хабар келганди.

Убайдуллоҳ болалигида ва ёшлигида тенгдошлари севган ўйин-кулгидан ўзини тортиб, валий аждодлари мозорида узлат ихтиёр этган ва тасаввуф сирларини ўрганган. Ўн саккиз ёшга тўлганида у зикруллоҳга шу қадар шўнғиганки, ҳатто бозорнинг ўртасида ҳам чор-атрофдаги нарсаларни унутган.

Дарвишлик рутбасига риоя қилган Убайдуллоҳ Нақшбандия тариқати пешвоси Шайх Баҳоуддин Нақшбандий руҳоний меросидан баҳраманд бўлиш илинжида Самарқанддан Бухорога йўл олади. У ердан эса Ҳиротга бориб, устоз сўфий Саид Табризийдан беш йил таълим олади. Ниҳоят, 1430 йилда Нақшбандийнинг етук давомчиси эшон Ёқуб Чархий дарагини эшитиб, уни излаб пиёда йўлга чиқади, бироз таълиму таҳсилдан сўнг Чархий қўлидан иршод олади, шу тариқа у тасаввуф устозига айланади. Бу ёш шайхнинг Ёқуб Чархий воситасида Нақшбандийдан бошланган силсилани қабул қилиб олганини ҳам англатарди.

Айтишларича, донишманд Чархий унга дуо бериш билан бирга Баҳоуддин Нақшбандийнинг “Дил ба ёру даст ба кор” (“Кўнгил эшда, қўл ишда”) насиҳатини ҳам омонат топширган экан. Нақшбандий тариқати томонидан эълон қилинган бу маслак сўфийларнинг узлат ва садақа билан кун кечиришдан аста-секин бош тортиб, кундалик меҳнат билан машғул бўлиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишни англатарди. Шайх Убайдуллоҳ бу тамойилни айтилганидан зиёда қилиб ўз ҳаётига татбиқ этди. 1432 йилда у Тошкентга қайтди, тез орада уни Хожа Аҳрор деб атай бошладилар.

Хожа Аҳрор ўз шогирдларига Ҳақ изловчи кишининг вазифаси фақат ўз нафсини халос этиш эмас, инсониятни руҳоний жиҳатдан сақлаб қолишдан иборат, деб ўргатарди. Унга кўра, бу мақсадга кундалик касб-кор ёки ерга ишлов бериш, жамият ҳаётида ва ҳатто сиёсатда иштирок этиш каби дунёвий ишлардан четда турган ҳолда эришиш мумкин эмас. Хожа Аҳрор томонидан рағбатлантирилган эътиборли сўфийларнинг сиёсатга ва жамият ҳаётига фаол аралашуви кейинги даврларда ҳамма вақт ва ҳамма жойда ҳам фойда келтирди, деб бўлмайди. Аммо ривоятларда бу валийнинг номи кароматлар ёки зоҳидона муваффақиятлар билан эмас, балки ўз давридаги муҳим давлат ишларида донишмандона иштироки билан ёд этилади.

Даставвал ёш шайх Тошкентда ўз бобоси Хованд Тоҳур ҳаётини ёдга соладиган тарзда ҳаёт кечирган – кўп ибодат қилган, кам гапирган, фосиқ кишилардан ва кўнгил хушловчи жойларидан қочган, оддий кийим кийган, касалларга, етим-есирларга ғамхўрлик қилган. Кейин эса Хожа Аҳрор деҳқончиликка қизиқиб, Паркент яқинида кичкина ерни ижарага олган, Боғистондаги қариндошларидан иккита хўкиз сўраб олиб, ўзининг айтишича, зикрдан кейинги кашфда топган кўрсатмаларга мувофиқ равишда ерга ишлов бера бошлаган. Бошданоқ у мисли кўрилмаган ҳосил ола бошлаган. Очарчилик йили у ўз омборларини халққа очиб қўйган, бу шайхга нисбатан ҳамюртлар муҳаббатини зиёда қилган ва Хожа Аҳрор шуҳратининг узоқ-узоқларга ёйилишига сабаб бўлган.

ЖОМЕЪ МАСЖИДИ

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
Тез орада Убайдуллоҳ Хожа Аҳрор издошлари сони юзлаб кишига етган. Ораларида зодагон ва бой кишилар бўлган муридлар, сўфийлик тариқати анъаналарига кўра, пирга ҳадялар олиб келганлар, уларнинг кўпини шайх, яна анъаналарга кўра, хайрия ишларига сарфлаб, ўз шуҳрати ва эътиборини янада оширарди. Нақшбандия тариқати руҳоний раҳбарлари орасида Хожа Аҳрорни “дин қутби” дея атай бошлайдилар. Замондошларининг гувоҳлик беришларича, валий ҳаётлик чоғида, гарчи одамлардан ажралиб турмаслик учун камтарона турмуш кечирган бўлса-да, унинг Тошкент ва Самарқанд яқинида минг гектар ери, миллионлаган қўйлари, минглаган от ва туялари бўлган. У Мовароуннаҳр бўйлаб мадраса ва масжидлар қурилишига катта маблағлар сарфлаган. Кўп тарихчилар амир Улуғбек вафотидан кейин Мовароуннаҳрнинг чинакам ҳукмдори айнан Хожа Аҳрор бўлганлигини айтадилар.

Улуғбек ўлдирилганидан кейин Самарқандда фитналар авж олган. Падаркуш Абдуллатиф бор-йўғи беш кун подшоҳлик қилган, шундан сўнг ўзи ҳам фитначилар томонидан ўлдирилган. 1451 йилда Амир Темурнинг чевараси Абу Саид мирзо Темурийлар тахти учун Самарқандга юриш бошлашдан аввал Хожа Аҳрорнинг ёзги қароргоҳига шайхдан фотиҳа олишга келган. Ҳаммаси муваффақиятли якун топган. Ўз рақибларини енгган Абу Саид мирзо шайхни маслаҳатчи ва бўлажак меросхўрларнинг тарбиячиси сифатида ўз саройига таклиф қилади. Дунёни қутқариб қолиш мақсадида ўз издошларини ҳокимият учун курашга чорлаган валий бу таклифни рад этмаган.

Пировардида бундан Самарқанд фойда кўрган. Ривоятларга кўра, бир куни Хожа Аҳрор душманларни қум бўронига йўлиқтириб, шаҳарни ёғий ҳужумидан сақлаб қолган. Шайх янги ҳукмдорнинг Чингизхон давридан қолган, ислом ва шариат аҳкомларига зид бўлган “тамға” солиғини бекор қилишига эришган.

Тошкентга эса Хожа Аҳрор кетиш олдидан Чорсу яқинидаги машҳур Жомеъ масжидини ҳадя қилган.

Тасаввуф пешвоси Убайдуллоҳ Хожа Аҳрор валий ҳурмату эъзоз билан 89 ёшгача яшаб, 1489 йилда Самарқанд яқинида қазо қилади. Орадан ўн тўрт йил ўтгач, Муҳаммад Шайбонийхон бошчилигидаги кўчманчи ўзбек қабилалари Тошкентни забт этадилар ва тез орада бутун Мовароуннаҳрни эгаллаб оладилар. Уларга фақат Амир Темур авлоди бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобургина узоқ вақт қарши тура олган.

Шайбонийлар сулоласидан бўлган ҳукмдорлар Хожа Аҳрор оиласининг барча ерлари ва мол-мулкини мусодара қиладилар, аммо тариқатни тарқатиб юборишга уринмайдилар. XVI асрда Шайбонийхон авлодлари бўлган ҳукмдорлар Жомеъ масжиди ёнида ҳозирги кунгача амалдаги ўқув юрти бўлиб келаётган машҳур Кўкалдош мадрасасини қурганлар. Шунингдек, Ҳаст Имом майдони ва Шайхантоҳур мозори яқинидаги кўп зиёратгоҳлар мустаҳкамланган, қайта қурилган ёки қурилиши тугалланган.

Икки юз йилдан кейин Россия Империяси Туркистон генерал-губернаторлигининг пойтахтига айланган Тошкентда 1866, 1868 ва 1886 йилларда қаттиқ зилзилалар содир бўлган. Охирги зилзила айниқса жуда қаттиқ бўлиб, у шаҳардаги Ҳаст Имом, Эски Жўва ва Шайхантоҳур майдонидаги обидалар каби деярли барча қадимги биноларни вайрон қилган. Фақат шайх Хованд Тоҳур мақбарасигина шикастсиз қолган. Чорсу бозори яқинидаги Жомеъ масжиди қаттиқ шикастланган, фақат йигирма йил ўтгачгина масжид император Александр III томонидан берилган пулга қайта тикланган, шу сабабдан у халқ орасида “Подшоҳ масжиди” деб ном олган.