23:13 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Ҳокимият тимсоллари”. Самарқанд мэри Суҳроб Рафиқов президент оиласининг ўз одами, аммо журналистлар у билан қарийб учрашолмайдилар

18.01.2007 18:47 msk

Ўз ахб. (Самарқанд)

“Фарғона.Ру” АА Ўзбекистон амалдорларининг шахсий ва ижтимоий турмуши тафсилотларини тадқиқ этишга (агар таъбир жоиз бўлса, “текшириш”га) бағишланган қатор материалларни чоп қилишни бошлаяпти. Фуқароларнинг бу тоифаси ўзларини журналистлардан қаттиқ муҳофаза қилади, шу сабаб улар ҳам республиканинг бошқа оддий одамлари каби “халқ хизматчилари”нинг фаолияти ҳақида қарийб ҳеч нарса билмайдилар. Улар кўпинча ҳатто ўз ҳокимини ёки эндигина парламентга сайланган депутатини ҳам танимайдилар. Ахир айнан шу одамлар шаҳар ва туманларнинг қайта қурилиши, халқ ёки давлат мулкидан фойдаланиш ҳамда олинган солиқларни қаерга сарфлаш ҳақида қарор қабул қиладилар. Айнан шу кишилар фарзандларингизни пахта теримига юборадилар, ўшаларнинг буйруқлари билан газ берадилар ёки бермай қўядилар, электрни ёқадилар ёки ўчирадилар...

Баъзан у ёки бу бошқарувчининг алоҳида “хизматлари” ҳақида биз мамлакат президентининг оғзидан эшитиб қоламиз. Бироқ бу фақат давлат раҳбари навбатдаги тобе кишининг давлат маблағларини талон-тарож қилгани ёки юқоридан келган кўрсатмаларни ўринлатиб бажармагани учун таъзирини бераётган пайтдагина содир бўлади. Кейин гуноҳ қилган амалдорни янги жойга ўтказадилар ёки камдан-кам ҳолларда тезлик билан қанақадир муддатга (баъзан эса шартли равишда йигирма йилга) ҳукм қиладилар.

Ҳокимиятнинг ишлаш механизмини ҳамда истеблишмент ичидаги муносабатларни тушуниш, жилла қурса, амалдор билан оддий фуқаро ўртасидаги жарни йўқ қилишга уриниш – олдимизга қўйган мақсадимиз ана шундай. Бундай текширувларда биз ўз муштарийларимизни ҳамкорликка чорлаймиз. Ҳокимият вакиллари “портретлар”ини бизга юборинг. Энг қизиқарли мактублар ва ҳужжатлар сайтимизда эълон қилинади.

* * *

С.Рафиков (крайний слева) вместе с послом России в Узбекистане (посол – крайний справа)
С. Рафиқов (чапдан четда) Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан бирга (элчи – ўнгдан четда).
Шаҳар марказидаги ҳашаматли маъмурий бино, бешта уяли телефон, иккита хизмат машинаси, иккита ёрдамчи. Шуларнинг ҳаммасига қарамай, Самарқанд шаҳар ҳокими журналистлар билан мулоқот қилиш учун мутлақо вақт ажратолмайди. Аслида, айнан шу билан у журналистларда ўзларига эътибор бермаётган амалдорнинг шахсини яқинроқдан кўриш истагини кучайтиради. “Рафиқов Самарқанднинг Сиёб туман ҳокими сифатида омма кўз ўнгида намоён бўлган пайтда у зиёли, хайрихоҳ ва ҳар томонлама ёқимтой киши сифатида таассурот қолдирганди, бундай ҳол аслида бу мақомдаги бошқарувчига хос эмас”, - дейди маҳаллий газеталардан бирининг муҳаррири. Бироқ кейинчалик журналистлар ўзларининг олдида қолипдаги типаж турганига амин бўлишиб, ундан ҳафсалалари пир бўлган.

С. Рафиқов президент Ислом Каримов фармони билан туман ҳокимлигидан бўшатилганидан кейин “Парвина” кўп тармоқли ширкатига ишга ўтди. У ерда С. Рафиқовга қурилиш билан шуғулланувчи корхонага бошлиқлик ишониб топширилганди. Бироқ шон-шуҳрат илинжи Рафиқовни тинч қўймади. Уни рўёбга чиқаришга, “Фарғона.Ру” хабардор манбаларидан олинган маълумотларга кўра, эътиборли киши – Самарқанд вилояти давлат бошқаруви раҳбарларидан бири Азим Усмонов билан бўлган учрашув ёрдам берди, бу одам Рафиқовнинг шаҳар ҳокими лавозимига тайинланишига кўмаклашган.

Ўша манбага кўра, Усмонов янги шаҳар ҳокимини Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими, ҳозирда эса Ўзбекистон бош вазири бўлиб ишлаётган Шавкат Мирзиёев ва таништиришга ҳожат бўлмаган Гулнора Каримова билан таништириб қўйган. Шу тариқа Рафиқов Ўзбекистон президенти оиласининг эътиборига тушди, бу оила билан дўстлик эса кеча туман раҳбарлиги лавозимидан айрилган одам учун “катта” сиёсат олами эшигини очди.

Суҳроб Рафиқовни шаҳар ҳокими қилиб тайинланиш пайти Самарқандда бошланган кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари даврига тўғри келди. Президент Каримов буйруғига мувофиқ Самарқанд 2007 йилда нишонланиши керак бўлган ўзининг 2750 йиллик юбилейида тўлалигича янги қиёфа касб этиши керак. Шунинг учун ҳам бу ерда боғлар барпо қилиниб, фавворалар ўрнатилиб, замонавий спорт мажмуалари ва коллежлар бунёд этилиб, заводлар, фабрикалар ва турар-жойлар бузилаётибди. Турар-жойлар бузилиши ҳисобига йўллар қурилаяпти ва кенгайтирилаяпти, таъмир ишлари баҳонаси билан тарихий обидалар қайта қурилаяпти. Дарвоқе, бир пайтлар Рафиқов бошқарган қурилиш корхонасига катта-катта қурилиш объектлари берилган.

Ҳозирги ҳоким ҳатти-ҳаракатларидан шаҳар ютадими-йўқми – буни вақт кўрсатади. Аммо бу фаолиятдан жаноб Рафиқовнинг қариндош-уруғлари ва дўстлари ютганлиги ҳақида Самарқандда ҳозирнинг ўзидаёқ гапираяптилар.

Гувоҳларга ва шаҳар раҳбарининг рафиқаси ишлайдиган Самарқанд музейи ходимларига кўра, хоним 14SV100 давлат рақамига эга бўлган оқ рангли “Нексия” хизмат машинасида юради. “Суҳроб аканинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари ва шаҳар халқ таълими бошқармаси бошлиғининг машинаси бўлмаган ҳолда, унинг хотини ва болаларига кўпинча айнан шу машина хизмат кўрсатади”, - дея маълум қилди бизга суҳбат чоғида шаҳар ҳокимиятида ишлайдиган манба.

Фото Фергана.Ру
“Бахт Жаҳон” ресторани ҳоким С. Рафиқовнинг дўсти томонидан “Самарқанд” автобекати кутиш зали ўрнида барпо қилинган. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Қайд этиш жоизки, ўзбекистонлик амалдорлар одатда маҳаллий тадбиркорлардан “ихтиёрий-мажбурий” молиявий ёрдам сўраб турадилар. “Юқори лавозимли” бошлиқларни мажбурий равишда молиялаштириш маҳаллий бизнес учун кўпинча анча ҳақоратомуз шаклларга эга бўлади. Такси парклари шаҳар раҳбарларига бепул автомобиль, уяли алоқа операторлари бепул трафик, фермерлар янги сўйилган қўй гўшти етказиб турадилар. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ: ойлик маош миқдорининг кам бўлганидан давлат амалдорларига мустақил равишда “пул топиш” ҳуқуқи берилган.

Уяли алоқа хизмати кўрсатадиган ширкатлардан бирининг ходими “Фарғона.Ру” АА журналистига охирги пайтларда Самарқанд шаҳри ҳокими бир вақтнинг ўзида фойдаланган бир неча чўнтак телефонлари рақамларини айтди: ***-90-11, ***-10-91, ***-10-11. “Бу рақамлардан ҳоким ўтган йили фойдаланган. Аммо мен аниқ биламанки, бу унинг ҳамма рақамлари эмас. Ҳокимнинг сўзлашув пуллари унинг ўзи томонидан тўланмайди, ҳатто шаҳар бюжетидан ҳам тўланмайди. Масалан, унинг икки рақами пулларини Самарқанддаги бир ҳиссадорлик жамияти (номини айтмайман, чунки менга қийин бўлиши мумкин) тўлайди. Албатта, унинг хотинида ҳам, болаларида ҳам чўнтак телефонлари бор. Лекин уларга ким пул тўлашини аниқ айтолмайман. Ҳойнаҳой, қанақадир фирмалар тўласалар керак”, - деди маҳаллий уяли алоқа ширкатининг ходими.

Новый аттракцион в парке культуры и отдыха Самарканда. Фото Фергана.Ру
Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғидаги янги аттракцион. Бу боғ кенгайтирилиши баҳонаси билан бир неча уйда яшовчи кишилар бошқа жойга кўчирилган. Бироқ бу ерлар яна ҳокимнинг танишларига хусусий мулк қилиб берилган. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Маҳаллий бозорда ҳам “Фарғона.Ру” мухбири қизиқ фактларни эшитди. Бозорга келган журналист мева-сабзавотлар танлаётган ва уларни аравага жойлаётган маъмурият ходимига дуч келиб қолди. У савдо расталари бўйлаб борар экан, ҳеч кимга пул тўламасди. Сотувчилар ўз норозиликларини яширмасдан, шу билан бирга, бунга қаршилик қилмасдан содир бўлаётган воқеани жим кузатиб турардилар. Бу одатий ҳол эди. Мухбир сотувчилардан нима учун нотаниш кишига ўз молларини бекорга бериб юбораётганларини сўраган пайтда, сотувчи аёллардан бири ҳар куни шаҳар ва вилоят ҳокимларига махсус рўйхат асосида турли озиқ-овқат маҳсулотларини юбориб туришларини айтди. Табиийки, буларнинг ҳаммаси текинга берилади.

Ушбу материални тайёрлаш жараёнида “Фарғона.Ру” АА мухбири бир куни Самарқанддаги йирик дорихоналардан бирида ўзи гувоҳ бўлган воқеани эслаб қолди. Кечга яқин дорихона сотувчиси олдига рецепт кўтарган ёш йигитлар келишиб: “Бизни эшон бобо юборди”, дейишди. Бунақа таъсирли “парол”ни эшитган дорихоначи ортиқча гап-сўзсиз меҳмонларга зарур дори-дармонларни бепул бериб юборди. “Бунақа “хос” рецептлар билан сизни тез-тез безовта қилиб туришадими?” деган саволга у дорихона эгасининг рухсати билан шаҳар ҳокими ҳамда шаҳар ва вилоят бошқармаларининг бир қатор раҳбарлари учун бепул дори-дармон бериб юборишга мажбурлигини айтди.

Тўлаган солиқларидан ташқари (бу солиқлар ҳисобидан ҳокимият тепасида турганларга давлат маоши тўланади) самарқандликларга шаҳар ҳокимини боқиш неча пулга тушар экан?

* * *

Рафиқов Суҳроб Абдуғаффорович (1957 йилда туғилган).

Техника фанлари номзоди.

Самарқанд шаҳри ҳокими.

2005 йилда Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси – Сенатига аъзо этиб сайланган.

Фуқароларни қабул қилиш кунлари – ҳар ойнинг иккинчи ва тўртинчи жума кунлари соат 16:00 дан 18:00 гача

Қабулхона телефони: +998-662 310091

Шаҳар ҳокимиятининг фуқаролар мурожаати бўйича бўлими телефони: +998-662 353213



 

Реклама