12:50 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хоразмда миллион йиллик дарахт топилди

18.01.2007 14:36 msk

Дамир Панаев (Урганч)

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
Хоразм вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Урганчдаги “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси бўлимининг музейи яқинда уникал ёки, маҳаллий мутахассисларнинг фикрича, сенсацион экспонат билан бойиди. Бу топилдиқ тошга айланган дарахтнинг йирик бўлаги бўлиб, мутахассисларнинг дастлабки баҳоларига кўра, унинг ёши юз минг йилдан миллион йилгача бўлиши мумкин.

Расман бу топилдиқ ўтган йилнинг ноябрь ойида ЮНЕСКО ҳомийлигида Маъмун академиясининг 1000 йиллигига бағишланиб “Олтин мерос” томонидан уюштирилган экспедиция чоғида Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани ҳудудидаги қадимий Чилпиққалъа чеккасида топилган. Аммо, Урганч давлат университети кимё-технология факультети лаборанти Султонбон Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, тошга айланган ғўла тасодифан ва анча олдин топилган.

Университетда ва ўн йил олдин президент Ислом Каримов буйруғи билан таъсис қилинган Маъмун академиясида сенсацион топилдиқ ҳақидаги хабарлар кинояли табассумларга сабаб бўлди, холос. Лекин юбилей барибир тадқиқотчиларга қўл келди: вилоятдаги йирик корхоналардан бири “жаҳон аҳамиятига молик” воқеага дахлдор бўлишни истади ва у “Олтин мерос” жамғармасига “тош дарахт”ни Урганчга олиб келиб беришда кўмаклашди, бу ерда эса дастлабки тадқиқотлар ўтказилди.

“Олтин мерос” бўлими директори, таниқли ўлкашунос Комил Нуржоновнинг фикрича, топилдиқ яхши сақланган қарийб бир ярим метрлик тошга айланган дарахт қисмидан иборат.

- Фанда бу қазилувчи дарахт қолдиқлари деб аталиб, улардаги органик моддалар тўлалигича минерал моддаларга айланган, бу унинг ёши улуғлиги ҳақида гувоҳлик бериши мумкин, - дея изоҳ берди Нуржонов. – Албатта, дарахтнинг келиб чиқишию аниқ ёшини фақат диққат билан олиб борилган лаборатория экспертизаси аниқлаб бериши мумкин, холос. Геологик маълумотномаларга қараганда, бу каби топилдиқлар бутун дунёда жуда кам топилади. Бунақа осори атиқалардан бир нечтаси Тошкентда, Санкт-Петербургда ва АҚШдаги Аризона штати университети коллекциясида сақланади.

Уникал топилдиқнинг келажаги қандай бўлиши ҳозирча номаълум. Урганчдаги “Олтин мерос” музейи экспозицияси 2001 йилда қурилган “Авесто” ёдгорлик-боғ комплекси амфитеатри тагидаги шароити унча яхши бўлмаган жойда жойлашган.

Ўлкашунослар Чилпиқ қалъаси яқинидаги чўлда топилган артефактни тадқиқ қилиш Орол денгизи атрофида қадим замонлардан бери қайталаниб келаётган табиий офатлар механизмини очиқлаши мумкин эди, деб ҳисоблайдилар. Аммо Маъмун академиясидаги олимларда уникал топилдиқ ҳали қизиқиш уйғотгани йўқ. Ҳойнаҳой, бу уларнинг юбилей тантаналаридан кейин ҳали ўзларига кела олмаганликлари билан боғлиқ бўлса керак.