20:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон Россиянинг стратегик ҳамкори сифатида

18.01.2007 11:45 msk

Виктор Дубовицкий

Қадимги хитой фалсафасида файлусуф фойдаланаётган категориялар маъносига аниқлик киритувчи “исмларни тузатиш” тушунчаси мавжуд эди. Охирги ўн беш йил ичида юзага келган Россия-Тожикистон муносабатлари ҳамда миграцион қонунчилик бўйича ҳужжатларда ҳам зудлик билан аниқлик киритилишини талаб қилувчи кўплаб таъриф ва тушунчалар тўлиб ётибди. Улардан фақат иккитасига – “стратегик ҳамкорлик” ва “ҳамюрт” тушунчаларига тўхталаман.

Ҳар иккала тушунчага аниқлик киритиш шу йилнинг бошидан амалга оширила бошланган икки муҳим ҳужжат – “Хорижда яшаётган ҳамюртларнинг Россия Федерациясига ихтиёрий равишда кўчиришга кўмаклашиш бўйича Давлат дастури” ҳамда (2007 йилнинг 15 январидан бошлаб) “РФда чет эллик фуқароларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Федерал қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида” ҳамда “РФда чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар муҳожирлик қайди тўғрисида”ги қонунлар билан боғлиқ равишда заруратга айланди.

Тожикистонда яшаётган этник руслар учун аҳолини ихтиёрий равишда кўчириш бўйича мазкур дастур анча гизли ҳужжат: Россияга кимни кўчирмоқчилар?! Ҳужжатнинг номланишига қараганда, улар Россия ташқарисида яшаётган россиялик ҳамюртларни, бошқача қилиб айтганда, Россия диаспораси вакилларини кўчирмоқчилар. Бутун дунёда ҳар қандай диаспора миллатга дохил тушунчадир. СССР тарқатилганидан кейин МДҲ кенгликларида ҳамда узоқ хорижда собиқ буюк давлат халқларидан ташкил топган кўплаб диаспоралар пайдо бўлди.

Тожикистонда яшовчи бир неча минг этник руслар, татарлар, бошқирдлар, мордвалар, осетинлар ва бошқалар учун “россиялик ҳамюртлар” ҳозирги Россия Федерацияси ҳудудида ўз этник ядросига ёки миллий-ҳудудий бирликка (республика, вилоят, туман, округ) эга бўлган халқлар вакилларидир. Бироқ дастурда зикр этилган “ҳамюрт” тушунчаси этник тушунча эмасга ўхшайди: “Россия маданияти анъаналари асосида тарбияланган, рус тилини билган ва Россия билан алоқани узишни истамаган” – бори тавсиф шу!

Биринчи кўрсаткич, яъни “Россия маданияти анъаналари асосида тарбияланиш” нисбатида аниқ бир нарса деёлмайман. Чунки бу ерда қайси кўрсаткичлардан фойдаланиш лозимлигини билмайман. “Россия маданияти” нима экани ҳақидаги саволга ҳатто академик С. Лихачев ҳам жавоб бера олмаса керак эди.

Энди қолган икки кўрсаткич ҳақида айтсак. МДҲ мамлакатларида яшаётган этник россияликлар “русийзабон” атамасидан фойдаланмасликка ҳаракат қиладилар, чунки бу атама рус тилидан ахборот алмашиш воситаси сифатида фойдаланишни англатиб, кишининг рус маданиятига яқинлигини ва Россия миллий манфаатларига хайрихоҳлигини мутлақо назарда тутмайди! Русийзабонларнинг кўпчилиги ўз миллий давлатларига эга ва ўз халқи тилини рус тиличалик билмайдиган кишилардир, бироқ улар ўзларини ҳеч қачон рус деб ҳисобламаганлар ва бундан буён ҳам ҳисобламайдилар.

“Россия билан алоқани йўқотишни истамаслик”ка келсак, бу ҳис Россия Федерациясига пул топиш учун чиқиб миллионлаб украинлар, молдаванлар, тожиклар, озарбайжонлар ва гурзиларда ҳаммадан кўра кучлироқ!

Бу масалага ойдинлик киритолмаган ҳолда Тожикистон Республикасида бўлган россиялик ҳамюртлар миграцион потенциалига юз бурамиз.

1991 йилнинг сентябрида Тожикистон мустақил бўлган пайтда Тожикистондаги этник россияликларнинг 90 фоизи шаҳарларда, энг аввало пойтахт Душанбеда, шунингдек, Хўжанд, Қўрғонтепа, Кўлоб, Ўратепа, Нурек, Рогун, Турсунзода ва бошқа йирик аҳоли пунктларида истиқомат қиларди. Ҳозирги пайтда аҳолининг жойлашиш пропорцияси ва жўғрофияси ҳали ҳам аввалгидек турибди, бироқ 1991 йилдаги қарийб ярим миллион одамдан ҳозир 45-50 минг рус, 8-9 минг татар ва бошқирд, мингга яқин осетин қолган, холос. Россиянинг бошқа этнослари вакилларидан ҳозир мамлакатда бир неча юздан бир-иккитагача (масалан, мордва, чувашлар) топа оласиз. Тожикистоннинг умумий демографик манзарасида (7 млн. киши) бу 1 фоиздан ҳам оздир...

Тожикистондаги этник россияликларнинг ярмидан кўпини пенсия ёшидаги кишилар, аниқроғи эса ёлғиз ва ташлаб кетилган қариялар ташкил этадилар. Бошқасини билмадиму, лекин Тожикистонда яшаётган россиялик ҳамюртлар Россиядаги қариялар уйини тўлдириб беришлари аниқ. Фақат ачинарлиси шундаки, бир пайтлар Вахш водийсидаги тўқайларни битириб, мамлакат “пахта мустақиллиги”ни таъминлаган, ўз ҳаёти ва фаолияти билан бошқа маданият ва бошқа дин муҳитида русийзабон майдон яратган бу кишиларнинг ҳаммаси ҳозирда ўз этник ватанига керак бўлмай қолганлар: улар, агар ишга яроқли ёшларнинг ота-онаси бўлсаларгина, мазкур дастур асосида Россияга кўчиб боришлари мумкин.

Энди Россияга доимий яшаш учун кетишга қодир ва тайёр ёшларга тўхталсак. Улар ҳаддан зиёд оз. Ташкилотимизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, муҳтамал муҳожирлар энг кўп бўлган шаҳарлар Турсунзода (60 оила), Қўрғонтепа (1000 га яқин киши), шунингдек, мамлакат шимолидаги Хўжанд, Қайроққум, Чкаловскдир (2 мингдан 3 минггача киши). Бу ерда уларнинг кўпчилиги Россиянинг марказий ва ғарбий вилоятларига (кўпроқ Калининград вилоятига) кўчиб боришга тайёр эканларини ҳисобга олмоқ зарур. Сибирга эса “ўз ихтиёри билан” деярли ҳеч ким кўчиб боришни истамайди.

Энди “стратегик ҳамкорлик” тўғрисида. Икки мамлакат ўртасидаги бунақа ҳамкорликни англашдаги энг муҳим давр 1992-1997 йилларда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши даври бўлди. Бу ҳамкорликни юридик жиҳатдан расмийлаштириш эса 2003-2004 йилларда Сочи ва Душанбеда имзоланган қатор ҳужжатлар орқали амалга оширилди.

Мамлакатларимиз ўртасида охирги ўн йил ичидаги иккитомонлама алоқаларнинг муҳим унсури Тожикистондан меҳнат муҳожирларининг Россияга жўнаши бўлди. Расмий инстанциялар, ижтимоий хизматлар ва кўплаб ноҳукумат ташкилотлари (НҲТ) Россиядаги тожикларнинг ҳаммасини (вақтинча яшаб турганларни ва доимий яшаш учун кетганларни) ҳисоблаб чиқишга уринишиб, ҳисобдан ҳам адашиб кетдилар. НҲТ баҳоларида 1,5 миллион рақами кўпроқ учрайди. Бу рақам Тожикистон расмийлари томонидан ўжарлик билан рад этиб келинади, бироқ, маълумки, номашруъ мужоҳирларни ҳисоблаб чиқиш иши доим ишончсиз бўлган ва бу каби мустақил статистика ҳам мавжуд бўлишга ҳақли. Россиядаги тожиклар томонидан ишлаб топилган ва ватанга юборилаётган маблағларни баҳолашда ҳам анча фарқлар бор: уларнинг миқдори 400 миллион доллардан 3,3 миллиард (!) долларгачадир. Фақат бир нарса аниқ: Тожикистон кўпроқ муҳожирларнинг меҳнати ҳисобига кун кўрмоқда.

Шу йилнинг 15 январидан бошлаб Россияда кучга кирган янги миграцион қонунларга кўра, Тожикистонга 2007 йилда 600 минг меҳнат муҳожири учун квота ажратилган, бу мамлакатнинг ўз фуқароларини иш билан таъминлашдаги эҳтиёжлари ярмини ҳам қоплай олмайди. Буларнинг ҳаммасига ҳар бир муҳожир расмийлаштириши лозим бўлган, кўп вақт ва маблағ талаб қилувчи янги ҳужжатлар пакети ҳам қўшилди. Тожикистонга нисбатан буларнинг ҳаммасини қилиш шартмикан? Мен тожик муҳожирларининг кўпчилиги шуғулланаётган ер ковловчилик, ғишт терувчилик ва ҳаммоллик каби махсус малака талаб қилмайдиган ишларда россияликлар жон деб ишлай бошлашларига қаттиқ шубҳа қиламан. Россиядаги қиморхоналар, ресторанлар ва миллий жиноий гуруҳларни тожиклар эмас, “стратегик ҳамкор” бўлиб ҳисобланмайдиган мамлакатлардан келган муҳожирлар ташкил қилаяптилар.

Менимча, айнан тожикистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан қатор имтиёзлар берилиши зарур: Россияга бу қиммат тушмайди, бундан кўриладиган фойда эса эса юз баробар кўпроқ бўлади!

Виктор Дубовицкий. Фото Фергана.Ру
Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий, Тожикистондаги россиялик ҳамюртлар кенгаши раёсатининг раиси (Душанбе, Тожикистон). “Фарғона.Ру” АА эксперти.