01:18 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бухородаги тилла буюмлари бозори номашруъ равишда бўлса-да, муваффақият билан фаолият юритмоқда

17.01.2007 15:11 msk

Ўз ахб.

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
Олтин Шарқда азалдан қадрланиб келган. Айниқса аёллар орасида: бу ерда аёлларнинг тилла тақинчоқлари қанча кўп бўлса, улар шунча эътиборли ҳисобланганлар. Бундай қараш ҳозирги кунларда ҳам долзарблиги йўқотгани йўқ, шунинг учун ҳам тилла тақинчоқларга талаб анча барқарор, ҳатто буюмларнинг қимматлигига ҳам қарамай, кундан-кунга уларга бўлган талаб ортиб бораётибди.

Ўзбекистонда тилла буюмларни фақат олтиндан ясалган буюмлар билан савдо қилиш учун махсус лицензияга эга бўлган заргарлик дўконларидагина сотишга рухсат этилган. Бироқ айрим харидорлар сирға ва узукларни хусусий заргарлар ёки номашруъ тарзда фаолият кўрсатаётган хос бозорлардан сотиб олишни маъқул кўрадилар. Бунақа бозорлар фақат Бухоро ва Қаршидагина бор.

Мана, бир неча йилдирки, Бухоронинг эски шаҳаридаги Шаҳристон марказида жойлашган тилла буюмлари бозори фаолият юритиб келаяпти. Савдо пештахтасининг бир метри учун ҳар бир сотувчи ойига Шаҳристон бозори маъмуриятига беш минг сўмдан (тақрибан 3,5 АҚШ доллари) тўлайди. Савдогарларнинг аксариятини аёллар ташкил қиладилар. Эркаклар бу ерда бир-иккитагина, улар ҳам савдо билан эмас, мол сифатини баҳолаш билан шуғулланадилар.

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
Тилла харидорлари ҳам асосан аёллардир. “Аёл сотувчи билан келишиш, умумий тил топиш улар учун осонроқ, - бозордаги бу “жинсий нотенглик” сабабини ана шундай изоҳлайдилар. – Иккинчи сабаб эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказиладиган кутилмаган рейдлар бўлиб, улар асосан йирик миқдорда тилла буюмлари ўғирланган пайтларда содир бўлади. Ахир ўғирланган молнинг бозорга чиқиш эҳтимоли бор-да”. “Бизнинг милициямиз аёлларимизни муҳофаза қилади”, - дейдилар киноя билан савдогарлар. – Бу бозорда ўз тили билан ўзларини ҳимоя қила оладиган аёллар савдо қиладилар. Сирға, билаузук, узук, занжир каби тилла буюмлар Бухоро бозорига асосан Тошкентдан келади. Мол сотиб олишнинг иккинчи йўли уни аҳолидан сотиб олишдир. Сўнгги пайтларда бу бозорда иқтисодий қийинчилик туфайли ўзларининг қимматбаҳо буюмларини сотишга мажбур бўлаётган одамлар тез-тез пайдо бўла бошлади. Ана ўша молларни маҳаллий савдогарлар арзон-гаров баҳода сотиб оладилар. Бу ерда харидор камлигидан шикоят қилишмайди: тиллага талаб доим бўлган. Олинган маълумотларга кўра, охирги пайтларда Бухороларда тилла буюмларини сотиб олаётган ёшлар сони ортган.

Фото Фергана.Ру
“Фарғона.Ру” АА фотоси
- Аҳоли тақинчоқларни айнан шунақа бозордан сотиб олишдан манфаатдор, - дея таъкидлайди маҳаллий заргарлардан бири. – Бу ерда мол ҳатто сифатсизроқ бўлса ҳам, уни арзонроқ сотиб олиш имкони бор. Дўконда эса заргарлик буюмлари анча қиммат туради. Ўзингиз тушунасиз, ҳозир одамларда катта пул йўқ. Бироқ уларнинг тилла тақинчоқ таққиси келади. Бухоро “тилла” бозоридаги савдогарлар эса дўкон очишни хоҳламайдилар. Биринчидан, харидор молнинг сифатсизлигига эътироз билдириш имкониятига эга бўлади. Иккинчидан эса бунинг ҳаражати жуда кўп: лицензия олиш, бино ижарага олиш ёки дўкон сотиб олиш керак... Шундай экан, савдогарларнинг бозорда ишлашлари фойдалироқ ва тинчроқдир.