15:58 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: чет эллик савдогарлар учун чиқарилган янги қоидалар “фавқулодда ҳолатлар” сифатида

16.01.2007 17:53 msk

Феруза Жоний

Фарғона.Ру 2007 йилнинг 15 январидан бошлаб Россия Федерациясида чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни муҳожир сифатида қайд этиш тўғрисидаги қонун кучга кирди. Энди Россияда чет элликларнинг рўйхатдан ўтиши ҳам, расман ишга жойлашиши ҳам анча осон бўлиб қолди. Бироқ айнан кечаги кундан бошлаб Россияда яшаётган ва савдо соҳасида ишлаётган муҳожирлар учун қийин даврлар бошланди. Расмийларнинг савдо соҳасида ишлаётган чет элликлардан апрелгача тўла қутулиш қарори билан боғлиқ равишда уларнинг кўпчилиги ишсиз қолдилар.

Сайёра С. бундан буён кассир бўлиб ишлай олмаслигини бор-йўғи бир ҳафта олдин билди. Ўшанда қизга, янги қоидаларга кўра, кассаларда ва колбаса бўлимларида ишловчи барча чет элликлар ишдан бўшатилишлари ёки бошқа ишга ўтказилишларини маълум қилдилар. Сайёранинг узоқ ўйлаб ўтиришга имкон бўлмади: Ўзбекистондаги уйидан қайнотасининг ўлим тўшагида ётгани ҳақида хабар келди ва Сайёра бутун оиласи билан ватанга қайтишга қарор қилди. Бунинг устига эрининг Россиядаги ишлари ҳам орқага кетган: тўрт йилдан бери ишлаётган бозордаги савдо нуқтасини ёпгандилар ва у ишсиз сарсон бўлиб юрганди.

- Ўн тўртинчи январь куни бўлиб ўтган йиғилишда бизга ишимиз учун ташаккур билдирдилар ва бугун охирги иш кунимиз эканини маълум қилдилар, - дейди Сайёра. – Бир ҳафта аввал бошқарувчи аёл ўзига четдан келганларнинг ҳаммасини кассадан олиб ташлаш ҳақида буйруқ берилгани ҳақида айтганида, бизда ваҳима уйғонганди, биз саросимага тушдик ва ҳафа бўлдик. Ахир биз эндигина тайёргарликдан ўтиб, ишни ўзлаштириб олгандик-да. Янги жойга кўникиш қийин-ку ахир. Дўконда энди навбатма-навбат ишлайдиган кассирларнинг тўла комплекти йиғилганди, бу ёқда эса...

Сайёра С. ишлаган дўкон аввал четдан келганларнинг меҳнатидан фаол фойдаланадиган Россиядаги машҳур супермаркетлар тармоғига киради. Дейлик, бу ердаги барча ҳаммоллар ва фаррош ҳам четдан келган кишилар; савдо залидаги тўрт операторнинг фақат биттаси россиялик эди, аммо ишчилар етишмаганлиги учун уни кассир қилиб олишди. Ўн икки кассирдан ярми ҳам чет эллик фуқаролар эди. Лекин бу ерда қўриқчи бўлиб фақат Россия фуқаролари ишлайдилар.

Россияда 700 мингдан зиёд чет эллик меҳнат фаолияти учун бериладиган рухсатномага эга. Шу билан бирга, турли баҳоларга кўра, Россияда 8 миллиондан 12 миллионгача муҳожир юрибди.
- Кассир бўлиб бизда Украина, Молдавия, Қирғизистон ва Ўзбекистондан келган қизлар ишлардилар, - санайди Сайёра. – Энди эса мен билан бир қирғиз қиз уйга кетаяпмиз, бошқа бир қирғиз қизни савдо залига операторликка ўтказишди, қолганларни эса ишдан бўшатишди. Аммо ҳозирча ҳеч ким Россиядан кетмоқчи эмас, балки улар бир ҳафта давомида ўзларига иш ҳам топгандирлар…

Дўкон бошқарувчиси билан гаплашишнинг имкони бўлмади – у ўз жойида эмас экан, аммо дўкон хизматчиларининг мулоҳазаларига қараганда, янги қонунлар унда ижобий кайфият уйғотмаган.

- Албатта, у одамларга ачинади, - дейди Шура (савдо залида оператор бўлиб ишлайдиган Шаҳодат исмли тожик аёлни бу ерда шундай исм билан чақирадилар). – Ахир иш оғир, дўкон катта, харидор кўп, тиғиз пайтда ҳатто олти касса ишлаб турган бўлса-да, касса ёнида навбат қаторлари пайдо бўлади. Бу ерда эса бирданига қисқартириш бошланиб қолди. Бошқарувчи ҳам “кўрсатмани бажараяпти”, “вазиятдан чиқиш учун россияликларни жалб қилишга тўғри келади”, дейди. Энди у яна одам қидириши, уларга иш ўргатиши зарур бўлади. Россияликларни қандай жалб қилар эканлар – билмайман, балки ойликни оширишар...

Россия Федерациясининг 2006 йилнинг 18 июлида чиққан “Россия Федерациясида чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар муҳожирлик қайди тўғрисида”ги 109-ФЗ рақамли Федерал қонуни

2006 йилнинг 30 июнида Давлат Думаси томонидан қабул қилинган
2006 йилнинг 7 июлида Федерация Кенгаши томонидан маъқулланган
2006 йилнинг 20 июлида чоп қилинган
2007 йилнинг 15 январидан кучга киради
Фарғона.Ру: - Дўкон хизматчиларининг ойлик маоши қанча ҳозир?

- Кассирларники, агар “икки кундан кейин икки кун” тизими бўйича ишласа, 11-12 минг рубл: бунда икки кун ишлаб, икки кун дам олади. Зал операторлариники, агар дўконга кираверишда осилган эълонга қаралса, 8500 рубл. Четдан келганлар эса 6500 оламиз. Агар “икки кундан кейин икки кун” ишланса. Бу кам, албатта, биз ахир ижара ҳақини ҳам тўлашимиз керак-да, шунинг учун ҳам кўпчилик икки смена ишлайди. Бу жуда оғир: суткасига ўн беш соат тик оёқда туришга тўғри келади, агар бошқарувчи бирор жойга ўтириб олганингизни кўриб қолгудек бўлса, дарров аччиқлана бошлайди... Ҳаммоллар операторлардан кўпроқ оладилар: агар биз бир кунда 435 рубл топсак, юк ташувчилар 530 рублга ишлайдилар.

Фарғона.Ру: - Операторларни ишдан бўшатиш ҳақида ҳеч нима демадиларми ҳали?

- Ҳозирча бу фақат кассирларга дахлдор бўлди. Аммо икки кундан кейин бизга ҳам ишдан бўшаганимизни маълум қилишлари мумкин, ахир биз ҳеч нарсани олдиндан била олмаймиз. Агар бизга янги қоидаларни, тегишли низомни, фармонни ўқиб берганларида эди, биз нимага тайёргарлик кўришимиз кераклиги билган бўлардик. Лекин бизга ҳеч нарса айтмайдилар ахир. Биз фақат бир-биримиздан ёки агар улгурсак, телевизордан эшитиб қолишимиз мумкин. Уйга тунаб келиш учун тунги соат ўн иккида қайтамиз ва тонг саҳарда яна ишга кетамиз. Яхшиямки, дўконда кун бўйи радио ишлаб туради, ундан ҳам у-бу хабарни эшитиб қоламиз.

Фарғона.Ру: - Алкоголли ичимликлар сотиладиган бўлимда ишлар қанақа? Ахир чет эллик фуқароларга спиртли ичимликлар сотиш таъқиқланди-ку.

- Алкоголли ичимликлар бўлимида оператор фақат товар териш билан шуғулланади, у бевосита ароқ ёки шароб сотмайди.

Фарғона.Ру: - Ишга рухсатнома олиш ҳақида нима дейсиз? Дўконда ишлаётган бирор кишида рухсатнома борми?

Эндиликда чет эллик фуқаро Россияда ишлаш учун рухсатномани мустақил равишда расмийлаштиради. Ишга рухсатнома расмийлаштириш учун давлатга тўланадиган пулбор-йўғи 1 минг рублни ташкил қилади.
- Ҳаммада ҳам эмас. Масалан, менда бор, яна бир неча кишида рухсатнома бор (паспорт маълумотлари, иш берувчи фирма номи ва лавозими кўрсатилган пластик карточкани олиб кўрсатади). Москвага келиб, ишга жойлашишим биланоқ рухсатнома олиш ғамини еганман. Мен муаммоларни ёқтирмайман. Аммо ўшанда менга аввал икки ой ишлаб беришим кераклигини, агар фирма мени ишда олиб қолишга рози бўлсагина, меҳнат фаолияти учун рухсатнома расмийлаштирилиши мумкинлигини айтгандилар. Бу куз фасли бошида бўлганди ва менга рухсатномани бепул расмийлаштириб беришларини айтгандилар. Аммо “аксилмуҳожирлик” кампанияси бошланганидан кейин ҳаммада албатта рухсатнома бўлиши кераклигини, аксинча эса ишдан бўшатиб юборишларини айтдилар. Аммо энди рухсатнома расмийлаштириш пулли бўлиб қолди. Бизга рухсатнома расмийлаштириш тўққиз мингга тушишини айтдилар, ундан тўрт ярим мингини гўё ишга қабул қилувчи фирма, қолган ярмини эса рухсатнома олаётган киши тўлар экан. Рози бўлишга тўғри келди, албатта. Лекин мен рухсатнома олиш учун 12 минггача бўлган турли баҳоларни эшитдим.

Фарғона.Ру: - Ишдан бўшатилган кассирларнинг ишга рухсатномаси бормиди?

- Йўқ, улар ҳам бизга яқинда келган эдилар, ҳали расмийлаштиришга улгурмаган эдилар. Лекин биттасига рухсатнома расмийлаштириб улгургандилар шекилли… Аммо рухсатнома ҳам тўсатдан ишдан бўшатилишдан сақлаб қолиши номаълум. Ўзим ҳам йил бўйи ишлай оламанми-йўқми - билмайман…

Бу нарса бугунги кунда ўзлари ишлаган айрим соҳаларда туйқусдан керак бўлмай қолган қонунга бўйсунувчи кўплаб чет эллик фуқароларни хавотирлантираяпти. Уларнинг хавотирлари ўринсиз эмас: Россия Федерал Муҳожирлик хизмати (ФМХ) бошлиқ ўринбосари Вячаслав Поставниннинг кеча “Маяк” радиосига берган интервьюсида билдиришича, “ҳукумат мамлакатда қонун бузилмаслигининг чорасини кўрди. Шунинг учун ҳам Меҳнат кодексига ўзгартишлар қабул қилинди ва унга на иш берувчи, на ишчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра меҳнат муносабатларини тўхтатиш мумкин бўлган модда киритилди. Давлатимиз улуш бўлиши кераклигини кўзда тутувчи қарор қабул қилди. Форс-мажорга ўхшаш. Шу асосда шартномалар бузилиши мумкин”.

Демак, Россияда янги миграцион қоидаларнинг жорий қилинишини ўзини ҳурмат қиладиган давлатнинг жиддий қонуни каби яхшилаб ўйланган ҳодиса сифатида эмас, форс-мажор (фавқулодда ҳолат) ўлароқ баҳолаш мумкин экан.