15:16 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда веб-юзерлар сони, расмий маълумотларга кўра, 1,7 миллион кишига етган. Уларнинг сони аслида қанча?

16.01.2007 15:06 msk

Қ. Нордонов (Фарғона.Ру)

Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар ўн олти одамдан биттаси Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга. Республика вазирлар маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари бўйича ўтказилган мажлисида эълон қилинган рақамларга мувофиқ Марказий Осиёнинг бу мамлакатидаги Интернетдан фойдаланувчилар сони 1,7 миллион кишига етган.

Бу кишини хурсанд қиладиган кўрсаткич эмаслигига қарамай, кўплаб маҳаллий ва чет эллик экспертлар расмий статистикага ишонмайдилар ва бу рақамлар ташвиқот мақсадида ошириб кўрсатилган, деб ҳисоблайдилар.

Интернетдан фойдаланувчиларни ҳисоблаш методикаси бир-биридан анча фарқ қилади. Ўзбекистондаги Интернетдан фойдаланувчилар сони 2002 йилда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан тасдиқланган методикага мувофиқ тармоқ операторлари ва провайдерлари маълумотлари асосида саналади. Мазкур методика операторларнинг (провайдерларнинг) фойдаланувчилар туридан келиб чиққан ҳолда жисмоний шахслар, хўжалик субъектлари, давлат идоралари ва ўқув юртлари бўйича мижозлар билан тузилган шартномалар сонини ҳисобга олади. Шунингдек, Интернетдан кўпчилик бўлиб фойдаланилган жойлардаги фойдаланувчилар сони ҳам ҳисобга олинади.
“Мен Ўзбекистонда бир ярим миллион одам “Интернет” деган сўзни эшитган эканига қўшилишим мумкин”, - дейди бу мавзуни очиқ шарҳлашдан бош тортган тошкентлик эътиборли IT-мутахассис. – “Интернет билан фақат пойтахт ёки каттароқ шаҳарларда яшовчи “олтин” ёшлар таниш, холос. Бошқаларнинг эса бу неъматдан фойдаланишга шунчаки пуллари йўқ. Тошкентнинг кўп Интернет-кафелари эса фақат шундай номланади, холос. Аслида бу жойлардан ўйин заллари ўлароқ фойдаланилади”.

Comnews Research маълумотига кўра, 2006 йилнинг сентябрига келиб Ўзбекистонда dial-up тизими бўйича тармоққа уланган 240 минг фойдаланувчи ва кенг тасмали интернетга уланиш бўйича эса 9500 фойдаланувчи (уларнинг 80% и Тошкентда) қайд этилганди.

“Икки юз эллик минг фойдаланувчи миқдори ҳақиқатга яқинроқ кўринади мен учун”, - дейди Тошкент марказида жойлашган йирик провайдерлик фирмасининг ходими. – “Шу рақамни базавий рақам деб ҳисобласа бўлади, ахир бунга ўз уйидан туриб интернетга уланадиганлар ҳам, офислар ҳам, Интернет-кафелар ҳам киради-да. Бу “аудиториянинг ядроси”, Тармоққа нисбатан мунтазам кириб турувчи кишилардир. Келинг, Интернетга уланган битта компьютердан ўртача уч-тўрт киши фойдаланади, дея тасаввур қилиб ҳам кўрайлик. Ўшанда ҳам, камдан-кам ҳолларда бўлса-да, Нетга кириб турувчи миллион кишига эга бўламиз – бу энг оптимистик баҳодир”.

Экспертларда фақат Тармоққа кирувчилар сонининг кўп-озлигигина ҳақидагина эмас, Ўзбекистонда бўлган веб-серфер Бутунжаҳон Ўргамчак тўрининг барча имкониятидан нақадар тўла фойдалана олиши тўғрисида ҳам савол пайдо бўлган. Линиялар ўтказиш имкониятининг пастлиги ҳамда веб-цензура ҳали ҳам ўзбекистонликларнинг кўплаб таъна-дашномларига сабаб бўлмоқда.

“Фарғона.Ру” АА таҳририятидан:

“Фарғона.Ру” охиригача “бўғиб қўйилгунига қадар (2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин) Ўзбекистондан сайтга мингга яқин уникал муштарий кирарди. Бугунги кунда уларнинг сони бир неча ўн кишига етади. Сайтимизга кириш учун фойдаланилаётган компьютерларнинг IP-манзилларига қараганда, булар асосан ТИВ ва Тошкентда жойлашган халқаро ташкилотлар ходимларидир. Аноним прокси орқали сайтимизга кираётган ўзбекистонликлар сонини аниқлашнинг эса имкони йўқ.
“Интернет-аудиториянинг миқдор жиҳатдан баҳолашдан ташқари уни сифат жиҳатдан ҳам баҳолаш лозим”, - дея ўринли қайд этади тошкентлик веб-дастурчи Аброр А. – “Мусиқани сифатли эшитолмайсиз, видео кўролмайсиз. Трафик қиммат, каналлар ҳам кучсиз. Кўпчилик фақат электрон хат олиб, янгиликлар ўқиш билангина шуғулланади, уларни ҳам фақат цензура рухсат берган сайтлардангина ўқиш мумкин. “Мухолифат ва аксилҳукумат” сайтларига эса, агар уқувлироқ фойдаланувчи бўлсангиз, прокси орқали киришингиз мумкин бўлади”.

Профессионал даражадаги ижтимоий сўровлар ва кенг кўламли онлайн-тадқиқотлар ўтказмасдан туриб, ўзбекистонлик Интернетдан фойдаланувчининг тахминий портретини чизиб бўлмаса керак. Ўзбекистонликларнинг қизиқишлари тўғрисидаги анча юзаки хулосани турли мамлакатларда жойлашган у ёки бу сайтларда мавжуд статистикага қараб чиқариш мумкин.

Масалан, МДҲдаги энг оммабоп ахборот ресурсларидан бири бўлган Lenta.Ruга ҳар куни қуёшли Ўзбекистондан бор-йўғи ўртача бир ярим минг одам киради. Қиёс учун қайд этиш жоизки, бу янгиликлар сайтига ҳар куни қарийб уч минг қозоғистонлик, тўрт мингдан зиёд белоруссиялик, етти минг украиналик ва юз мингдан зиёд россиялик киради (Lenta.Ruнинг статистикаси билан бу ерда танишиш мумкин).

Инсофан тахмин этиш мумкинки, ўзбекистонлик веб-серферлар рус тилидаги янгиликлар билан мутлақо қизиқмайдилар ва фақат маҳаллий кўнгилочар сайтлар билангина кифояланадилар. Бироқ, Arbuz.Com статистикасига мувофиқ, Ўзбекистондаги бирорта ҳам веб-ресурс, мавзу йўналишидан қатъий назар, уч мингдан ортиқ уникал ташрифга эга эмас, вақти-вақти билан янгиланиб турувчи ва барқарор аудиториясига эга бўлган, ҳақиқатан ҳам ишлаётган сайтлар сони эса бир неча ўн сайтни ташкил қилади, холос. Қиёслаш учун қайд этамизки, Рунетда (Россия Интернетида) кунига мингдан зиёд уникал ташрифга эга бўлган камида минг сайт бор.