16:13 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманча сценарий: воқеалар ривожи юзасидан тахминлар

15.01.2007 21:33 msk

Никита Николаев (Фарғона.Ру)

11 февралга белгиланган Туркманистондаги президентлик сайловлари куни яқинлашгани сайин бу кундан кейин воқеалар қандай ривожланиши юзасидан экспертлар ва сиёсий шарҳловчилар томонидан турли тахминлар айтилмоқда. Таҳлилчилар тахмини кун тартибида турган асосий масала битта: “Ашхободнинг ички ва ташқи сиёсати қандай бўлади?” Муаммонинг бу тариқа қўйилиши кўпроқ Туркманистондан келаётган хабарларнинг қарама-қаршилиги ва 2006 йилнинг 20 декабридан кейин мамлакат ҳокимиятининг юқори эшелонларида ҳамда Туркманистоннинг айрим вилоятларида кучларнинг тақсимланишида юзага келган вазиятнинг мубҳамлиги билан боғлиқдир. Айни пайтда келажакдаги воқеаларнинг якуний сценарийси, нақадар ғалати эшитилмасин, айнан ўтган йилнинг декабрь кунлари ёзилган ва муайян схеманинг “босқичма-босқич” амалга оширилиши унинг муаллифлари ўйича мутлақо конкрет натижа бериши керак. Шартли равишда “бизнес-режа” деб аташ мумкин бўлган бу схема қуйидагичадир.

Дастлабки босқичда қонунчиликка муайян тузатишлар киритароқ, ҳокимият тепасига келган шахслар гуруҳи вакиллари орасида ваколатларни қайта тақсимлаш ва шу тариқа мамлакат ташқарисида бўлган “персонал мухолифат” таркибидаги сиёсий фигураларнинг жараёнда иштирок этишини таъминловчи ҳар қандай имкониятни истисно қилиш билан бирга ҳокимиятнинг бир киши қўлида жамланиши олдини олиш кўзда тутилганди.

Шиддат билан ўтказилган конституцияга ўзгартиш киритиш Асосий қонунни бундан буён таҳрир қилиш учун замин ҳозирлади. Ижроия ва қонун чиқариш, қисман эса суд ҳокимияти устида турувчи Давлат Хавфсизлик кенгашини машруъ органга айлантириш билан бир қаторда ҳокимиятни қонунийлаштиришнинг барча тизими қарам бўлган Халқ Маслаҳатининг қисман делигитимизация қилиш иши ҳам амалга оширилди. Шу билан бирга, ҳозирча жиддий ўзгартиришларсиз қолдирилган Халқ Маслаҳати ва Межлис (парламент) трансформацияси учун замин ҳозирланмоқда, аммо 2007 йилнинг 11 февралидан кейин улар ўз мазмунини жиддий ўзгартиришлари керак бўлади.

Биринчи босқичда бош вазир институти ҳам “таҳрир”га учради, айнан эса президент вазифасини бажариб турган Ғ. Бердимухаммедов ҳозирги пайтда вазирлар маҳкамасини ҳам вақтинча бошқариб турибди. Бу муаммонинг ҳамда Халқ Маслаҳати лавозимига номзодлар ёш цензини ўзгартириш муаммосининг ҳал қилинмагани ҳукмрон гуруҳнинг 11 февралгача ҳокимиятни тақсимлашни истамаганлиги билан белгиланади. Шу важдан сценарийнинг иккинчи босқичи муҳим бўлиб қолади.

Бу босқич амалга оширилиши мобайнида бир қатор қадамлар кўзда тутилган. Биринчидан, ҳозирги давлат раҳбари в. б. Ғ. Бердимухаммедов ҳокимияти охиригача машруълаштирилмоғи керак. Иккинчидан, ҳукумат раиси лавозимини жорий қилароқ вазирлар маҳкамаси структурасини “оптималлаштириш” лозим. Учинчидан, икки палатали парламентга ўтароқ ва Халқ Маслаҳатининг ҳозирги аъзоларини “ҳафа қилмаслик” мақсадида уни вақтинча сақлаб қолароқ, қонун чиқариш ҳокимиятини ислоҳ қилиш керак. Бир қарашда бюрократик характерга эгадек кўринган бу тадбирларнинг ҳаммаси аслида янги сиёсий реалликни пайдо қилишга қаратилган.

Конкрет шахсларни тегишли лавозимларга тайинлаш масаласи ҳозирча “келишув предмети” бўлиб ҳисобланаяпти, яъни муҳокама қилинмаяпти. Аслида эса ҳокимият тепасига келган гуруҳ орасида бир неча “хоҳиш-истаклар” мавжуд. Дейлик, Давлат Хавфсизлик кенгаши котиби ролига унинг ҳозирги котиби – мудофаа вазири А. Мамедгелдиев эга бўлишни истаганидек, президентнинг қўриқчилик хизмати раҳбари А. Режепов ҳам эга бўлишни истайди. Қизиғи шундаки, Туркманистон ташқарисида рус тилида чиқаётган қатор оммавий ахборот воситаларида бу мамлакатдаги вазият тўғрисида берилган материалларнинг муаллифлари Режеповни бу лавозимга “тайинлаб” бўлганлар.

Сценарийнинг аввалги икки босқичидан кам аҳамиятли учинчи босқич мамлакат иқтисодий тизими асосини яратади. Ғ. Бердимухаммедовнинг сайловолди чиқишларида баён қилинган иқтисодий йўналишдаги муайян ислоҳотлар натижаларга эришиш йўлида жиддий ўзгаришларни талаб қилади. Ниёзов тизимини йўқ қилмасдан туриб ислоҳотлар ўтказиш ҳеч қанақа натижа бермайди. Бу босқичда мамлакат ичида ҳозирги режимдан норози бўлган сиёсий гуруҳлар пайдо бўлишига йўл қўймай, ярим-ёрти тадбир олиш ҳисобига ҳукмрон гуруҳ позициясини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Ислоҳотчилик риторикасидан фойдаланиш бир томондан жамиятни, бошқа томондан эса ташқи дунёни тинчлантиришга қаратилган. Ташқи сиёсий ҳамкорларнинг келажакда қайсилари билан ишлаш муайян маънода ҳозирнинг ўзида уларнинг Туркманистондаги ички сиёсий вазиятга қандай муносабатда бўлишларига боғлиқ.

Бироқ сценарийнинг учинчи босқичи абадий давом этиши мумкин эмас. “Ниёзовдан кейинги Туркманистон” шароитида ва ҳозирнинг ўзида шакллана бошлаган иқтисодий гуруҳларни ҳисобга олган ҳолда бу ҳодисага жиддий ҳужум қилмасдан рақобатчиликка асосланган иқтисодиёт барпо этишда натижага эришиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам олигархик молиявий-саноат бирлашмаларини ташкил қилиш реалликка айланади. Уларнинг ҳокимиятга таъсири муайян пайтда ҳал қилувчи омилга айланади ва буни ҳисобга олган Туркманистоннинг ҳозирги раҳбарлари унга “бошчилик” қилишга уринадилар. Шу билан бир пайтда, гуруҳларнинг ҳукмрон қатламда мавқеи мустаҳкамланиши баробарида улар орасидаги қарама-қаршиликлар юзага чиқади ва мамлакат ичидан ҳам, хориждан ҳам иттифоқчилар қидирилиши мутлақо мантиқий хоссага айланади. Буларнинг ҳаммаси Туркманистондаги вазиятга таъсир кўрсатади ва кун тартибига йўл танлаш масаласини олиб чиқади.

Замонавий Туркманистон жамиятининг ўзига хослиги, ташқи кучларнинг Туркманистон хом ашё бойликларига қизиқиши ҳамда мамлакат ҳозирги раҳбариятидаги қатор вакилларнинг чет элдаги юқори лавозимли айрим амалдорлар билан бўлган шахсий алоқалари ва норасмий муносабатлари ҳар қандай режага ўзгартириш киритиб юбориши мумкин. Шундай қилиб, тезкор тартибда тузилган ва дастлабки пайтларда муваффақиятли ишлаган “ҳокимиятни қўлга олиш” сценарийси стратегик жиҳатдан ҳали шакллантирилган эмас.