08:28 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон расмийлари томонидан икки йил аввал ёпилган Ангрендаги “ТВ-Орбита” мустақил телестудияси ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашмоқчи

15.01.2007 16:03 msk

Ўз ахб. (Тошкент-Ангрен)

Фото Фергана.Ру
2007 йилдан бошлаб Тошкент вилоятининг жанубида жойлашган Ангрен шаҳри аҳолиси Россия телевидениесининг Биринчи канали кўрсатувларини сунъий йўлдош антенналари ёрдамисиз кўра олиш имкониятига эга бўлдилар. Бу канал кўрсатувлари янги йил байрамлари арафасида давлат транслятори орқали кўрсатила бошлади. СССР пайтидан бошлаб ўн минглаб русийзабон кишилар яшаган ва ишлаб чиқаришдаги қисқаришлар туфайли турмуш даражаси жуда пасайиб кетган шаҳарда бу янгилик одамларнинг кундалик турмушини сезиларли даражада бойитди. Аммо бу шаҳарда истиқомат қилувчи руслар ҳам, ўзбеклар ҳам аввал “ОРТ”ни трансляция қилган, ўзининг маҳаллий янгиликлари ва долзарб мавзудаги репортажларни намойиш этиб турган “ТВ-Орбита” телестудиясининг ёпилганидан ҳали ҳам афсус чекаяптилар.

Аснода икки йил аввал мустақил тележурналистлар ва давлат назорат идоралари ўртасида юзага келган қарама-қаршилик журналистлар фойдасига ҳал бўлмаган. “ТВ-Орбита” нодавлат телекомпаниясининг директори Тамара Прокопьевага кўра, Ўзбекистонда ўз фаолиятларини тўхтатган халқаро ноҳукумат ташкилотлари ўзларининг васийлиги остида бўлган ташкилотларни тақдир ҳукмига топшириб қўйганлар, уларга эса сиёсий жиҳатдан ишончсиз фуқаролар “тамға”си осилиб, ишсиз қолганлар.

2004 йил кузида Ўзбекистоннинг икки палатали парламентига сайловлар бошланишидан аввал мамлакатда нодавлат телекомпаниялари ривожланишига кўмаклашувчи Internews Network халқаро жамоатчилик ташкилоти ваколатхонаси ҳамда яқинда ташкил этилган электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) ўртасида зиддият юзага келган. Замонавий юқори сифатли тўлқин узатгичлар сотиб олиш учун USAID грантини олган Internews ўнлаб ҳудудий студияларнинг нодавлат телетармоғи ташкил этиш бўйича ташаббусини қўллаб чиққан. Аммо самарқандлик тадбиркор Фирдавс Абдухолиқов бошчилик қилувчи ЭОАВМА бунга қарши чиқиб, ўзи раҳбарлиги остида ҳудудий студиялар тармоғини яратишни таклиф қилган. Тез орада ҳудудий телестудияларнинг кўпчилиги ретрасляция қилиш учун Абдухолиқов томонидан тузилган дастурларнинг ягона пакетини олишиб, ЭОАВМА тармоғига кирганлар. Бошқа студиялар эса Ўзбекистонда одатда қилингани каби юридик эътирозлар шаклидаги турли баҳоналар билан расмийлар томонидан йил охиригача ёпилган.

ЭОАВМА таклифига кўнмаганлар орасида Ангрендаги “ТВ-Орбита” телестудияси ҳам бор эди. Телекомпания директори Тамара Прокопьеванинг ЭОАВМА таклифини рад этишига сабаб Ассоциация томонидан ҳудудий студияларга таклиф қилинган дастурлар пакетида рус тилидаги кўрсатувлар камлиги бўлган. Бу Ангрендаги томошабинлар аудиториясига унча мос келмасди.

Шаҳар маъмурияти билан яхши алоқада бўлганига қарамай, “ТВ-Орбита” телекомпанияси ҳам Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги унинг лицензиясини узайтириб бермаганидан кейин ўз кўрсатувларини эфирга узатишни тўхтатишга мажбур бўлган. 2004 йилнинг 9 декабрь куни парламент сайловларига икки ҳафта қолганида давлат назоратчилари тўлқин узатгични муҳрлаб, “ТВ-Орбита” аппаратхонаси эшигини михлаб кетганлар.

2005 йилнинг март ойида назорат қилувчи идоралар лизенциясиз эфирга чиққанлиги учун Тамара Прокопьевани “ТВ-Орбита” телекомпаниясининг директори сифатида жиноий жавобгарликка тортиш илтимоси билан прокуратурага хат ёзганлар. Аммо тергов текшируви натижасида прокуратура жиноий иш очишдан бош тортган ва Прокопьеванинг ҳатти-ҳаракатларида жиноий унсур йўқлиги тўғрисида қарор чиқарган, чунки лицензия тўхтатилгани ва эфирга чиқиш маън қилингани ҳақида ҳеч қанақа расмий қарор унинг қўлига топширилмаган. Бошқа томондан эса бу ҳужжатларнинг йўқлиги узоқ муддат журналистларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш ҳамда кўрилган зарарни қоплаш юзасидан судга даъво аризаси бериш имкониятини бермаган. Узоқ вақт давом этган оворагарчиликлар натижасида хўжалик суди “ТВ-Орбита” телекомпаниясининг расмийлар ҳатти-ҳаракатларига нисбатан барча даъволарини асоссиз деб топган.

Тамара Прокопьева, директор телекомпании «ТВ-Орбита». Фото Фергана.Ру
Тамара Прокопьева, “ТВ-Орбита” телекомпанияси директори. “Фарғона.Ру” АА фотоси
- Мен телекомпанияни ҳаётга қайтариш учун фақат суд орқалигина ҳаракат қилганим йўқ, - деди Прокопьева “Фарғона.Ру” АА мухбирларига. – 2005 йил баҳорида Ўзбекистон назорат идоралари Internews ваколатхонаси фаолиятини тўхтатиб қўйган пайтда менга Internews Networkнинг Европа бўлими раҳбари Эрик Жонсон мурожаат қилиб, Тошкентда мутлақо янги жамоатчилик ташкилоти тузишни таклиф қилди. Унга кўра, бу ташкилот Internews каби нодавлат телевидениеси ривожланишига кўмаклашиш ишини давом эттириши керак эди. Internews ташкилоти суд қарори билан ёпилганидан кейин мен Internews Networkнинг Қозоғистондаги ва Марказий Осиёдаги раҳбари Олег Кациев ҳамда Олмаотага кўчиб ўтган Internewsнинг Тошкентдаги идораси собиқ раҳбари Кэтрин Олдриж билан тез-тез хат ёзишиб турдим. Улар ҳар томонлама молиявий ва ҳуқуқий ёрдам беришга қарор қилишиб, менинг офис ижарага олиш ва ННТ рўйхатга олиш учун тайёрлаган ҳужжатларимни маъқуллашиб, Жонсоннинг таклифини тасдиқладилар.

Бироқ 2005 йилнинг декабрь ойида Тошкент ҳокимияти ННТ муассислари бўлмиш “ТВ-Орбита” собиқ ходимларининг кўпчилиги Тошкент вилоятида қайддан ўтганларини баҳона қилиб ташкилотни рўйхатдан ўтказмадилар. Бироқ бу амалдаги қонунларга мутлақо зид эмасди. 2006 йилнинг январь ойида мен Эрик Жонсон билан учрашдим ва у яна бир марта ўз таклифини тасдиқлади, Кэтрин Олдриж эса, агар юзага келган вазиятда ННТни рўйхатдан ўтказишга имкон бўлмаса, USAID ҳатто нодавлат телевидениеси жабҳасида ишловчи тижорат ташкилотига ҳам кўмаклашишга рози бўлишини маълум қилди. Мен Тарас Шевченко кўчасидан офис ижарага олдим ва кузда Тошкентда ҳисоб рақамини очдим. Айнан шу пайтда Кэтрин Олдриж унинг Internewsдаги иши тугаганини маълум қилди ва бундан буён Эрик Жонсонга мурожаат қилишим кераклигини айтди, аммо Э. Жонсон, унинг фикрича, бундан буён Ўзбекистонда ишлашнинг имкони йўқлигини билдириб хат ёзди.

2006 йилнинг сентябрь ойида Тошкентга келган Олег Кациев менга Internews бундан буён Ўзбекистонга бирор-бир ёрдам юборишдан фойдасиз деб билаётганини айтди, чунки мамлакат ҳукумати Американинг ҳар қандай ташкилотига ҳамда улар билан ҳамкорлик қилаётган шахсларга қарши бўлиб қолган эмиш. “ТВ-Орбита” ҳақ-ҳуқуқларини суд инстанцияларида тиклаш ҳаракатларида ҳам менга ҳуқуқий ёрдам беришдан бош тортдилар. Шу тариқа бир ярим йиллик меҳнат ва анчагина молиявий ҳаражатлар ҳавога кетди...

Ангрен шаҳар ҳокимияти телекомпания фаолиятини тиклаш юзасидан ёрдам беришга уриниб кўрган, аммо Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигидан Прокопьеванинг қанақадир “ишониб бўлмайдиган одамлар рўйхати”га киритилгани ҳақида аниқ ишорали жавоб олган.

- Менимча, “ТВ-Орбита” тажрибаси моҳиятан Ўзбекистонда ҳатто кичик бир шаҳарда ҳам нодавлат телевидениеси мустақил равишда фаолият юрита олишини мумкинлигини кўрсатди. Аммо давлатга ҳозирча бунақа намуна керак эмас экан. Мустақил оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа демократик институтлар ривожига кўмаклашишни ўзига вазифа билган, бунга кўп маблағ ва ғайрат сарфлаган Internews каби ғарб тузилмаларининг ҳам нодавлат телевидениеларига эҳтиёжи қолмади. Аммо “ТВ-Орбита” вазият олдида қўл кўтариб таслим бўлгани йўқ. Мен тажрибамиз ва профессионал малакамизни ҳозирги шароитда қўллаш имкониятларини қидириш ниятидаман, келажакда ҳам телекомпания жамоаси ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринавераман.