06:02 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳалокатга учраган қирғизистонлик ҳожилар шаҳид деб эълон қилинди ва Арабистонда дафн этиладилар

15.01.2007 00:10 msk

Абдумўмин Мамараимов (Фарғона.Ру)

Ўтган ҳафта ҳаж сафаридан қайтаётиб, автоҳалокат натижасида ҳалок бўлган йигирма икки нафар қирғизистонлик зиёратчи шаҳид деб эълон қилниб, уларни Саудия Арабистонида дафн этишга қарор қилинган. Бу ҳақда кеча, 14 январь куни Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси бошлиғи (муфтийи) Муратали Жуманов маҳаллий “ЎшТВ” телевидениеси орқали чиқишида маълум қилди.

Муратали Жумановнинг айтишича, бахтсизлик тўғрисида хабар келгач, муфтият ва Диний ишлар бўйича агентлик раҳбарлари ҳалок бўлган ҳожилар яшаган Ўш вилоятига етиб келдилар. Бу ерда таркибига аталган икки маҳкама ҳамда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари кирган тўрт гуруҳ тузилиб, улар мусибатга дучор бўлган оилаларнинг барчасига бориб, бу оилалар аъзоларига ўзларининг ҳамдардлигини билдирганлар.

Бундан ташқари ҳалок бўлганларнинг яқинларига Саудия Арабистонининг қурбонларни шаҳид деб эълон қилиш ҳақидаги қарори ва уларнинг араб ерларида дафн қилиш зарурати ҳақида ҳам маълум қилганлар.

“Саудия Арабистони ҳукумати ва Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси қарори билан ҳалок бўлган юртдошларимиз шаҳид деб эълон қилиндилар, - деди Муратали Жуманов. – Бундан ташқари Саудия Арабистони қонунларига кўра, ҳаж пайтида ҳалок бўлган мусулмонлар ўша жойда дафн қилинишлари лозим. Аллоҳнинг иродаси шу экан, барчангизга сабр тилаймиз”.

Муфтийнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг қариндошлари бу қарорга рози бўлишган. Уларнинг айримлари ўз қариндошларини Маккага олиб бориб дафн этиш истагини маълум қилдилар. Бу масала икки давлат вакиллари томонидан қараб чиқилмоқда. Шунингдек Арабистон ҳукумати ҳалок бўлганлар қабрларини уларнинг яқинлари томонидан зиёрат қилиниши учун шароит тузиш масаласини ҳам қараб чиқмоқда.

Муратали Жуманов шуни ҳам тушунтирдики, шариат қоидаларига кўра, шаҳид тупроққа топширилгани тўғрисида Арабистондан хабар келгач, фотиҳа маросимларини бошлаш мумкин бўлади.

“Ҳозир Саудия Арабистони ҳукумати бизнинг ҳукуматимиздан фуқароларимизнинг ўша жойда дафн қилиниши бўйича расмий розилик кутмоқда. Биз Ташқи ишлар вазирлиги орқали ана шундай розилигимизни маълум қиламиз ва ҳалок бўлганлар ерга қўйилади”, - дея қўшимча қилди муфтий.

“Фарғона.Ру” агентлиги аввал хабар қилганидек, 2007 йилнинг 12 январь куни қирғизистонлик ҳожилар уйларига қайтаётган автобус ҳалокатга учраб, унда Қирғизистон ҳукуматидан олинган дастлабки рўйхатга кўра 23 нафар ҳожи ҳалок бўлган эди. Кейинроқ ҳалок бўлганлар сони йигирма икки нафар экани маълум бўлди. “ЎшТВ” томонидан эълон қилинган, аниқланган рўйхатга кўра, аввал ҳалок бўлганлар қаторига киритилган зиёратчилардан бири, 1941 йилда туғилган Усмонжон Саидҳосилов тирик экан ва ҳозир шифохонада даволанмоқда. Шунингдек турли даражада тан жароҳатлари олган йигирма нафардан кўпроқ одамга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, автоҳалокат Дубай шаҳри йўлида содир бўлиб, бу шаҳардан ҳожилар уйларига самолётда кетишлари керак эди. Дастлабки маълумотларга кўра, қуюқ туман ана шу ҳалокатга сабаб бўлган. Махсус комиссия ҳалокат сабаби тафсилотларини ўрганмоқда.