21:18 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нигора Ҳидоятова: “Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалигини ҳалокатли йиллар кутмоқда”

14.01.2007 15:30 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги бугунги кунда туб ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Собиқ колхоз ва совхозлар ўрнида ташкил этилган йирик ўртоқликлар мамлакат раҳбарлари ташаббусига кўра унча катта бўлмаган фермер хўжаликларга бўлинаяпти. Маъмурий аппаратнинг кучли босими остида бу жараён ўттизинчи йилларда бўлиб ўтган коллективлаштириш кампаниясидай шиддат билан амалга оширилаяпти. Республика оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг аксар ҳудудларида ўртоқликлар қолмагани – ҳамма ерлар фермерлар орасида тақсимлангани ҳақида хабар тарқатмоқдалар. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда уларнинг сони 200 мингга яқинлашиб қолган.

Ўзбекистон учун мутлақо янги бўлган бу ҳодиса турли саволларни пайдо қилмай қолмайди. Қишлоқ хўжалиги ўртоқликларини фермер хўжаликларига айлантириш мамлакат қишлоқ хўжалиги аҳволида қандай акс этиши мумкин? Бу прогрессив ҳодисами? Агар шундай бўлса, нақадар прогрессив? Бу ҳақда, шунингдек, Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалигининг умумий аҳволи ҳақда мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партиясининг ижрочи директори Нигора Ҳидоятова гапиради.

 Н.Хидоятова
Н. Ҳидоятова. “Фарғона.Ру АА” фотоси

“Фарғона.Ру” фотогалереясига ўтиш
- Президент Каримов ўзининг яқиндаги “Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига” табрик нутқида пахта йиғим-теримининг муваффақиятли якунлангани ҳақида гапира туриб, бу фермерлик ҳаракати тобора кўпроқ аҳамият касб этаётганини тасдиқлашини таъкидлаб ўтганди. Аммо Ўзбекистондаги фермерни Ғарбдаги капиталист фермер билан солиштириб бўлмайди. Ўзбекистон раҳбарияти фермерлик институтининг қишлоқ хўжалигида бозор ишлаб чиқарувига йўл очишини, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ишлаб чиқаришни оширишда қутқарувчи сеҳрли таёқ эканини таъкидлаб, уни сунъий равишда тиқиштираяпти. Аммо бу ёлғон. Бозор иқтисодиёти ўзининг объектив қонуниятларига эга бўлиб, бу қонуниятларнинг бузилиши бутун тизимнинг ишдан чиқишига олиб келади. Бу қонуниятлардан бири молларга баҳо белгилаш бўлиб, унга кўра мол баҳоси уни ишлаб чиқаришдаги сарф-ҳаражатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Чиқими кўплар ер ҳосилдорлигини, техникани яхшилашга, ўғит сифатини оширишга, касалликка чидамли уруғ сотиб олишга уринадилар. Аммо чиқими озроқ бўлганлар ҳам таназзулга юз тутмаслик ва олинаётган даромадни сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладилар ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун тер тўкадилар. XIX асрнинг бошларидаёқ Давид Рикардо томонидан очилган капиталистик қишлоқ хўжалигининг, рентанинг қонунияти ана шундай. Қишлоқ хўжалиги фойда келтирадиган бўлиши керак, аксинча эса қонуниятлар акс таъсир кўрсата бошлайди ва яратувчанлик инерциясидан бузувчи инерцияга айланади.

Ўзбекистонда фермерлик маъмурий йўл билан – 1998 йилнинг 30 апрелида чиққан тегишли қонун билан барпо қилинган. Бу қонунга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги товарларини етиштирадиган мустақил хўжалик субъектлари бўлмиш фермер хўжаликларини ташкил этиш ҳақида эълон қилинган. Бироқ ўша қонуннинг ўзида бу “мустақил хўжалик субъектлари” уларга ижарага берилган ер участкаларида ишлашлари керак бўлиши айтилган. “Фермер” тушунчаси ходимнинг мустақиллигини, унинг ерга нисбатан ҳуқуқини англатади. Ерни ижарага ижарагир олади. Менимча, тўла ҳуқуқли мулк эгаси ва қарийб ҳақ-ҳуқуқсиз бўлган ижарагир ўртасидаги фарқни билиб олиш лозим.

Фермерларимизга ер участкаси туман ҳокимлари томонидан берилиши керак. Гарчи қонунда уларнинг қарори танлов комиссияси қарорига асосланиши кераклиги айтилса-да, бу комиссия фақат кўргазма, холос. Ҳокимга ҳеч ким эътироз қилишга журъат қилолмайди. Ҳокимларимизнинг омади келди-да – уларга бундай даромад манбаини президент ҳадя қилган! Садоқатлари учун, сидқидилдан қилган хизматлари учун...

Ер участкасини ижарага олишда фермер хўжалиги ернинг кадастр баҳосидан паст бўлмаган ҳосилдорликни таъминлаш юзасидан мажбурият олади. Бу мажбурият ер участкаси ижараси тўғрисидаги шартнома билан мустаҳкамланади. Бу каби мажбурий маъмурий чора фермерни аввалгидек давлатга ишлашга мажбур қилади. Ғарблик фермерда эса “талаб-таклиф” деган бозор тамойили билан боғлиқ ягона мажбурият бор, холос.

Фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликда расман кўрсатилган. Аммо бизда қонунчилик йўқ бўлгани сабабли фермерга қарши исталган қонундан фойдаланишлари мумкин.

Ва ниҳоят, фермернинг ҳуқуқий ҳолатидаги охирги нуқта фермер хўжаликларига берилган ерлар “сўзсиз мақсадга мувофиқ” ишлатилиши кераклиги тўғрисидаги модда билан белгиланган. Яъни, фермерга қандай қилиб ер ҳайдаши керак, нима экиши керак, ҳосилни қачон, қанча йиғиб олиши керак ҳамда маҳсулотни кимга ва неча пулдан топшириши кераклиги кўрсатилади. Унга ижарага берилган участкалар хусусийлаштирилиши мумкин эмас ҳамда улар сотиш-харид қилиш, гаровга қўйиш, совға қилиш, алмаштириш объекти бўлолмайдилар ва фермер томонидан бошқа бировга ижарага берилиши мумкин эмас. Шундай қилиб, ўзбекистонлик фермер ҳозирги пайтда фақат мажбуриятларга эга бўлиб, ҳеч қанақа ҳуқуққа эмас. У давлат томонидан тўғридан-тўғри таланадиган объектга айланиб қолган. Ўз меҳнати меваларидан фойдаланишдан аввал у давлат буюртмасини бажариши, кейин ер солиғини тўлаши керак. Бу фермер даромадининг учдан бирини ўпириб кетади. Бунақа шартлар қишлоқ хўжалигининг ривожига ёрдам бермаслиги тушунарли, албатта. Муайян миқдордан ортиқроқ маҳсулотни тортиб олиб кўринг – прокуратура, милиция, ҳокимларнинг ерни тортиб олиш ҳақидаги таҳдидларига қарамай, уларни далаларга мажбуран олиб бориб, ишлашга мажбур қилиб бўлмайди. Ёшларнинг қишлоқдан Тошкентга, Қозоғистонга, Россияга қочишига сабаб шу эмасми, одамларнинг нон ва иш қидириб, бутун Ўзбекистон бўйлаб тўп-тўп бўлиб кўчиб юришларига сабаб шу эмасми?

Бироқ бу музтоғнинг учи, холос. Бензин нархи ижарагир фермер даромадининг деярли тўртдан бирини ўпириб кетаяпти. 8 ноябрдан бошлаб АИ-80 бензинининг бир литри учун нарх 585 сўмгача ($0,5) ошди, солярка ҳам шунча туради. Ўртача фермер хўжалиги бир йилда икки минг литргача бензин сарфлайди, яъни ярим миллион сўмга яқин пул ёқилғи учун сарфланади. Электр энергияси ҳам ҳаддан зиёд қиммат – бир киловатт учун 38 сўм. Ҳатто аҳолиси бой яшайдиган Европада ҳам электр баҳоси уч цент туради. Шу тариқа ўзбекистонлик фермер давлат ўлпонлари, нореал баҳолар ва расмийларнинг суиисътемоли ичра қолган.

Шуларга қарамай, ижарага ер олишга қарор қилган одамларни расмийлар олдида доимий қўрқув, ер тортиб олишларидан қўрқиш таъқиб қилади. Қишлоқ жойларда эса ҳокимият ўзига хос хусусиятларга эга – у ҳеч ким томонидан назорат қилинмайди ва давра кафолати билан мустаҳкам боғланган. Вилоят ва туман ҳокимлари коррупцияга чалинган, виждонсиз, ёғ бойлаган қишлоқ амалдорлари улкан армиясининг кичик бир қисми, холос. Бу амалдорлар фермерни талаш учун ҳамма имкониятларга эга. Қани, бирортаси шартнома бузилганидан ёки ўлпонлар кўплигидан шикоят қилиб кўрсин-чи - уни тезда қўлга олишиб, устидан жиноий иш қўзғатадилар. Бечора, энг осон қутилганда, ўз ер участкаларидан айрилиши мумкин.

Бугунги кунда қишлоқларда электроэнергия йўқлиги учун телевизор, компьютерлар, маиший техника жиҳозлари ишламайди. Яқинда Тошкентда қишлоқ хўжалиги учун ғарб техникаси кўргазмаси бўлиб ўтди, аммо бу ажойиб техника электр билан ишлагани учун уни бизнинг қишлоқларда қўллаб бўлмайди. Агар у ўтин ёки таппида ишлаганида бошқа гап эди...

Республиканинг реал иқтисодий аҳволи ҳақидаги барча материаллар маҳфий тутилади. Расмийлар фикрича, халқ фактларни билиши шарт эмас, у “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” шиорини ўқишни билса бўлди. Лекин “касални яширсанг, иситма ошкор қилар” деганларидек, одамларнинг ўзи ислоҳотлар бутунлай барбод бўлганинию ваъдаларнинг қуруқлигини кўриб турибдилар. Энди калтак остида ҳеч ким ишламайди, иқтисодиётни маъмурий-буйруқбозлик усули билан бошқариш ресурсларининг кўпи вазифасини ўтаб бўлди. Мен фақат фундаментал инсон ҳуқуқларини кафолатловчи демократик жамиятдагина халқимизнинг ижодий кучи, унинг яратувчанлик қуввати юз очади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам бугунги кунда сиёсий ҳаётдаги энг долзарб масала жамиятни демократлаштириш бўлиб ҳисобланади. Бу ўзбек халқи учун муносиб ҳаёт ҳамда муносиб келажакни таъмишлашнинг бош шартидир.