23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: мухолифатчи депутат Ў. Текебаев ва Жалолобод вилояти расмийлари бир-бирларини фактларни бузиб кўрсатганликда айбламоқдалар

12.01.2007 22:44 msk

А. Мамараимов (Жалолобод)

О.Текебаев
Ў. Текебаев. “Фарғона.Ру АА” фотоси
“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, 12 январь куни Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани раҳбарлари (Ўмирбек Текебаев шу жойдан парламент депутатлигига сайланган) матбуот анжумани ўтказишиб, унда “Ата-Мекен” партияси томонидан ўзларига нисбатан айтилган айбловларни рад этдилар. Ўз навбатида, маҳаллий амалдорлар депутат Текебаев ва унинг тарафдорларини ёлғон маълумот тарқатганликда, маҳаллий расмийларга нисбатан асоссиз таъна тошларини отганликда ва ўз сайловчиларини ҳақоратлаганликда айбладилар.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламентининг собиқ спикери, мухолифатчи депутат Ўмирбек Текебаев лидери бўлмиш “Ата-Мекен” партияси томонидан тарқатилган баёнотда “Ў. Текебаевнинг ўз округига келиши ҳақида эшитган Бозорқўрғон туман ҳокими Айтмамат Ўсмўнов халқ ноибини “муносиб” кутиб олишни ташкиллаштириш учун туман фаолларининг шошилинч кенгашини ўтказган”, дейилган эди. Шунингдек, партия депутат Текебаевнинг сайловчилар билан бўлган учрашуви “халқда ОБОН (махсус топшириқ бажарадиган аёллар – таҳр.) дея ном олган 20 га яқин” қўшни туманлик аёллар томонидан бузилганлигини билдирган. “Провокациядан кейин бу аёллар қўл ушлашиб, туман ҳокими уйига йўл олганлар, у ерда уларни ҳурматли меҳмондай кутиб олганлар”, - дея билдиргандилар “атамекенчилар”.

Ҳоким Айтмамат Ўсмўнов “Ата-мекен” партияси баёнотини шарҳлар экан, “депутат Текебаевни болалигидан биламан”, дея билдирди. “Ўзининг бутун сиёсий фаолияти мобайнида у расмийлар ҳақида бирор марта ҳам яхши гап айтган эмас, - дея қайд этди Ўсмўнов. – У ўз рейтингини ошириш учун доим раҳбарлардан камчилик қидиради. Бу нарса биринчи марта бўлаётгани йўқ. Мен ҳоким бўлиб ишлаётган икки йил мобайнида Текебаев ҳамда “Ата-Мекен” партияси аъзолари томонидан воқеаларни бузиб кўрсатиш ва нотўғри ахборот тарқатиш доимий ишга айланди”.

А. Ўсмўнов “Ата-мекен” партиясининг у Текебаевнинг сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувини барбод қилишни ташкил этгани, кейин эса “ОБОНчи” аёлларни ўз уйида меҳмон қилгани тўғрисидаги айбловларини рад этди. “Агар Текебаев менинг уйимни кузатиш учун жосус ёллаган бўлса, мен бу одамларни [“ОБОНчилар”ни] уйимда ёки иш жойимда айнан қайси пайтда қабул қилганимни аниқ айтиб берсин”, - дея билдирди Ўсмўнов. Шунингдек, у Бешикжон қишлоғида бўлиб ўтган, мингдан зиёд киши иштирок этган учрашувда маҳаллий аҳоли “провокаторларни четга суриб чиқарган ва учрашув самарали суҳбат билан якунланган”и ҳақидаги маълумотни ҳам рад этди. “Ўша кунлари қишлоқдаги икки кишининг уйида мотам маросими бўлаётганди. Депутат у ерга ўз одамлари билан бориб, бирпасдан сўнг қайтиб кетган”, - дея таъкидлайди туман ҳокими.

Мухолифатчи депутат билан нохуш ҳодисалар бўлиб ўтган Кенеш ва Бешикжон қишлоқ ҳукуматлари бошлиқлари Абдиқадир Жўлчуев ва Бўлўтбек Базарқулов сўзларига кўра, Текебаев билан бўлган учрашувга, “атамекенчилар” билдирганларидай, 500 киши эмас, 150-200 киши келган. Шу билан бирга, йиғилганлар орасидаги кишиларнинг 50-70 таси “йигирмата машинада турли жойлардан келган” Текебаевнинг партиядош тарафдорлари бўлган.

А. Жўлчуевнинг маълум қилишича, маҳаллий аҳоли орасидаги кишиларнинг 30 фоизга яқини депутатнинг тарафдорлари бўлганлар, қолганлар эса унга қарши бўлишиб, депутатдан расмийларни қоралашни бас қилиш ҳамда ўз мандатини топширишни талаб қилганлар. “Кенеш қишлоғида [Текебаевни хушламаслик] ўтган йилдан бери давом этиб келмоқда, ўшанда депутатимиз қўшни қишлоқлик ҳурматли оқсоқоллардан бирини арзимаган дашноми учун танбеҳ-маломатларга кўмиб ташлаганди, - деди Жўлчуев. – У уруш қатнашчиси бўлган бу одамни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганди. Шундан кейин одамларнинг Текебаевга нисбатан муносабати бирдан ўзгариб қолди ва энди учрашувларда уни гапиргани қўймаяптилар. Қишлоқликлар унга “кет!” дея қичқирдилар ва биз халқни зўрға тинчлантирдик”, - дея қайд этди Жўлчуев.

Абдиқадир Жўлчуевга кўра, учрашувлардан бирида депутат ўз сайловчиларига чўнтагидан тўппонча чиқариб, мамлакат президенти депутатларга қурол олиб юришга рухсат бермагани, бу тўппончани эса унга [бош вазир] Қулов берганини айтиб ҳайрон қолдирган. Шунингдек, Текебаев депутатларнинг эндиликда қўриқчиларсиз юриши хавфли бўлиб қолганидан нолиган ҳамда уни кузатиб келган автоматчиларга ишора қилган. Шу билан бирга, Жўлчуевга кўра, депутат у ҳуқуқ-тартибот идоралари қўриқчиларининг бошини оғритмаслиги учун кечаси автоматларни уйга олиб кетишини, эрталаб эса уйдан яна автоматлар билан чиқишини қайд этган.

Туман ҳокими Айтмамат Ўсмўнов ҳамда қишлоқ ҳукумати бошлиқларининг сўзларига кўра, расмийлар томонидан депутатнинг учрашувига тўсқинлик қилиш ёки уни қоралаш юзасидан чора кўрилмаган. “Депутат Ўмирбек Текебаевнинг сайловчилар билан бўлган учрашувлари ҳақида биз бир-икки соат олдин, унинг одамлари қишлоқ кўчалари бўйлаб овоз кучайтиргичлар билан бу ҳақда эълон қилганларидан кейин хабар топардик, - деди ҳоким. – У [Текебаев] расмийларни сайловчилар билан бўладиган учрашувлари ҳақида ҳеч қачон огоҳлантирган эмас. Бунақа учрашувлар дам олиш кунлари бўларди ва биз бу кунларда ишда бўлмасдик”. Юқорида номи зикр этилган қишлоқ ҳукумати бошлиқлари, шуларга қарамай, бу учрашувларни ўтказиш учун шарт-шароит яратишга уринганларини билдирдилар.

Матбуот анжуманида унча узоқ қатнашмаган Жалолобод вилоят губернатори Искендербек Айдаралиев ҳам ана шулар ҳақида билдирди. “Охирги пайтларда барча айбни расмийларга тўнкаш одатий ҳолга айланди, - деди вилоят губернатори. – Дейлик, бизни “Сентябрь” телестудиясига қуролли ҳужум уюштирганликда айбладилар. Аммо бизнинг одамларимиз бу ишни қилмайдилар, уларда қурол йўқ”. И. Айдаралиев айрим журналистларнинг нотўғри ахборот тарқатаётганларини айтиб таъна қилди ва бунақа журналистлар жазога тортилишлари кераклигини қайд этди. “Агар биз айбдор бўлсак, бу учун жавоб берамиз. Мен сизларни воқеаларни айбсиз одамларни қораламасдан ёритишга чақираман”, - дея қўшимча қилди вилоят губернатори.

Мазкур учрашувлар чоғида депутатга олма ва хурмо пўчоқлари отганлари ҳақидаги хабарни маҳаллий амалдорлар на тасдиқлай олдилар, на рад эта олдилар. “Мен у ерда эмасдим, буни кўрмадим”, - деди А. Ўсмўнов.

Бозорқўрғон тумани раҳбарлари сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувлар чоғида депутат Текебаев фақат бор-йўғи 10-15 дақиқагина гапиришга муваффақ бўлган, чунки одамлар гапиришга қўймасдилар, дея қайд этганлар.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили сайловчиларнинг бир қисми Ўмирбек Текебаевни чақириб олиш учун қонунда кўрсатилган зарур овоз миқдорини тўплашиб, Марказий сайлов комиссиясига топширган эдилар. Бироқ бу имзоларнинг кейинги тақдири депутатнинг мандати каби ҳозирча ноаниқ бўлиб турибди.



 

Реклама