Ўтган йил охирида Бухоро вилояти аҳолиси бир неча норозилик намойишларини ўтказганлар
Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти аҳолиси мамлакатдаги турмуш даражасининг тушиб кетганига қарши норозилик ўлароқ намойишлар ўтказишда давом этаяптилар. Бироқ кўпинча бу ҳақдаги ахборот ёпиқлигича қолмоқда ёки кейинроқ маълум бўлаяпти.
Шу кунларда “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги штатсиз мухбири 2006 йилнинг 6 декабрь куни Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан бўлган тадбиркорларнинг Бухоро-Тошкент марказий автойўлини тўсиб қўйганлари ҳақида маълумот олган. Бу қадар кескин норозиликка Ғиждувон шаҳридаги катта бозорда савдо нуқталарининг нотўғри тақсимлангани сабаб бўлган. Тадбиркорларга кўра, Ғиждувон туман ҳокими Толиб Қудратов битта савдо нуқтасини бирданига бир неча харидорга, бунинг устига, маҳаллий кишиларга эмас, Бухородан келганларга сотиб юборган экан.
Аснода ғиждувонлик тадбиркорлар тўсиб қўйган автойўл Бухоро, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон республикасини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғлаб туради. Ҳар куни бу йўлдан Эрондан Туркманистонга транзит билан юк машиналар ўтадилар. Автойўл бир неча соат мобайнида тўсиб қўйилгани сабабли унда автомашиналарнинг катта тиқилинчи ҳосил бўлган. Аччиқланган ҳайдовчилар норозилик намойиши ташкилотчиларини автомашиналарни ўтказиб юборишга кўндиришга уринганлар, улар орасида жанжал кўтарилган. Бироқ тадбиркорлар ҳеч қаёққа тарқалиши истамаганлар ва алалоқибат Бухоро вилояти ҳокими Самойиддин Ҳусеновнинг келишига эришганлар.
|
Бухоро вилояти ҳокимини бошқа норозилик намойиши бўлиб ўтаётган жойга зудлик билан етиб келишга мажбур қилган яна бир воқеа Жондор туманида содир бўлган. У ер ҳам Ўзбекистонни қўшни Туркманистон билан боғлаб турувчи автойўлда жойлашган.
Ўзбекистон табиий газ экспорт қилувчи давлат бўлиб ҳисобланишига қарамай, мамлакатнинг айрим ҳудудларида, айниқса, қиш пайтида табиий газ танқислиги ўта сезилади. Бухоро вилояти ҳам шулар жумласидандир. Табиий газ йўқлигидан асабийлашган Жондор тумани аҳолиси автойўлни тўсиб қўйишга қарор қилган. Улар вилоят ҳокими Самойиддин Ҳусенов келганидан ярим соат кейингина тарқалиб кетганлар. Ҳоким жондорликларнинг уйига зудлик билан газ етказилишини қайта тиклашга сўз берган ва ваъдасининг устидан чиққан. Бироқ одамлари митингга чиққан маҳалланинг оқсоқоллардан бири ҳибсга олинган. Гарчи бугунги кунда ҳам Жондор туманида яна табиий газ йўқ бўлишига қарамай, одамлар эндиликда норозилик митингига чиқишга шошилмаяптилар.
Чет эллик муштарий учун бу икки норозилик намойиши эътибор беришга арзимайдиган ҳодиса бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ бу ерда 2005 йилнинг май ойида Андижонда бўлиб ўтган қонли воқеалардан кейин одамлар бунақа митингга чиқиш у ёқда турсин, ҳукмрон режимни ҳатто оила даврасида ҳам танқид қилишга қўрқиб қолганликларини ҳисобга олиш зарур. Шуларга қарамай, Бухоро вилояти аҳолисининг бундай намойишларда иштирок этаётганлиги кишида “Ўзбекистонда ўз норозилигини изҳор қилиш ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилишга қодир одамлар ҳали бор экан”, деган умид уйғотади.