12:43 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Депутат Қодиржон Ботиров: “Мамлакатдаги жипслаштирувчи ягона куч ислоҳотлардир”

11.01.2007 23:56 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

К.Батыров
Қ. Ботиров. “Фарғона.Ру АА” фотоси
“Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, Қирғизистонда парламент бошқарувини ёқлаб чиқаётган ўзбек жамоатчилиги лидерлари яқинда ўз позицияларини ўзгартиришиб, мамлакатда президент ва парламент ўртасидаги ваколатлар мувозанатининг сақлаб қолинишига имкон берувчи аралаш бошқарув шакли жорий этилишини қўллаб чиққан эдилар. Ўз позицияларининг ўзгаришини улар мамлакатда парламентнинг кетма-кетига Конституция икки таҳририни қабул қилиши билан изоҳламоқдалар. Ўзбек жамоатчилигининг фаол ва расмийлар томонидан ёқтирилмаган лидерларидан бири, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Қодиржон Ботиров бу юзасидан ўз фикри билан ўртоқлашишга ҳамда бошқа саволларга жавоб беришга рози бўлди.

Фарғона.Ру: - Қодиржон Олимжонович, амалдаги расмийларнинг тарафдорлари сизни мухолифатни қўллаганликда айбламоқдалар. Мухолифат эса ҳар доим, айниқса, ўтган йилги март воқеалари пайтида Сизни ва ўзбек жамоатчилигини расмийларни қўллаганликда айблаганди. Сиз аслида ким томонидасиз?

Қ. Ботиров: - Агар гап фақат шахсан мен ҳақимда бораётган бўлса, мамлакат мустақил бўлганидан бери ўтган ўн беш йил мобайнида юқори лавозимли амалдорларнинг ҳатти-ҳаракатига нисбатан ҳар доим ўз фикримни очиқ билдириб келганман. Собиқ президент Ақаев даврида ҳам шундай бўлган. Бундан ташқари, бу йиллар мобайнида мен раҳбарлик қилган Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини талаб қилиб, турли норозилик намойишлари ўтказиб келганди. Агар расмийлар яхши ишласалар, оддий халқ муаммоларини ҳал қилсалар, ўз вазифаларини виждонан бажарсалар эди, ҳозирги расмийларни ҳам аввалгилари каби қўллаган бўлардим. Аммо бундай эмас-ку.

“Фарғона.Ру АА” маълумотномаси: Қодиржон Олимжонович Ботиров 1955 йилнинг 9 мартида Жалолобод шаҳрида туғилган. Жўғурқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) ҳозирги чақириғи депутати. Республика Ўзбек миллий-маданий марказининг вице-президенти, Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази президенти. “Ватан” партияси сиёсий кенгаши аъзоси. Олимжон Ботиров номидаги Халқлар дўстлиги хусусий университетининг президенти. 2-даражали давлат маслаҳатчиси. “Данқ” медали билан мукофотланган. У томонидан МДҲ ва узоқ хориждаги мамлакатларда ташкил этилган корхоналарда икки ярим мингдан зиёд одам ишлайди. Уйланган, икки ўғли ва уч қизи бор.
Ҳозирги пайтда расмийлар депутат Ботировнинг жалолободлик бўла туриб [мамлакат президентининг ҳам шу ерлик эканини назарда тутган ҳолда – таҳр.] ҳозирги расмийларга ҳалақит бераётганини эълон қилиш қулайроқ. Бу жамиятда юзага келган муаммоларни ҳал қилишдан кўра осонроқ. Шунинг учун ҳам ҳудуддаги бутун халқ уни қўллаб-қувватлагани ва мухолифатга қарши чиқаётгани ҳолда, фақат депутат Ботировгина расмийларга қарши чиқаётгандек кўрсатиб, ҳамма айбни менга тўнкаяптилар. Бу бемаъниликдир.

Фарғона.Ру: - Шу кунларда сиз сиёсий кенгаши аъзоси бўлган Халқ бирлиги ва бирдамлиги партияси мамлакатда аралаш бошқарув шаклини қўллашини эълон қилди. Бунгача эса Сиз ва мамлакатнинг ўзбек жамоатчилиги парламент бошқаруви шаклини ёқлаб чиққанди. Қанақадир ўзгариш бўлдими?

Қ. Ботиров: - Ўтган йилнинг май ойида вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази митинг ўтказган, унда талаблардан бири сифатида мамлакатда парламент бошқаруви жорий этилишини талаб қилиб чиққанди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида юзага келган бўҳрон чоғида мен Жўғўрқу Кенеш минбаридан туриб парламент бошқаруви ғоясини қўллаб чиққандим. Аммо конституциянинг янги таҳрири қабул қилиниши жараёнида на “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати, на бошқа кучлар мамлакатда асосий миллатдан ташқари яна саксонта миллат ва элат вакиллари ҳам яшаётганини тан олишни истамасликларига амин бўлдим. Улар конституцияда бу халқлар учун жой топмадилар. Яъни асосий бўлмаган миллатлар манфаатларига жавоб берувчи таклифларимиз қабул қилинмай қолди.

Хусусан, биз мамлакат конституциясига миллий озчиликларга улар жам бўлиб яшаган жойларда она тилидан фойдаланишга имкон берувчи модда киритишни таклиф қилгандик. Депутатларнинг кўпчилиги бу таклиф остига ўз имзоларини қўйгандилар, аммо шундай бўлса-да, конституцияга киритилмай қолиб кетаверди. Ўшанда мен ислоҳотлар ҳамма учун ҳам эмас, фақат депутатларнинг ўзлари учун амалга оширилаётганини тушундим. Шундан сўнг мамлакат тақдирини “Ислоҳотлар учун!” ҳаракатига ҳам, бошқа “ислоҳотчилар”га ҳам ишониб бўлмас экан, деган хулосага келдим. Эндиликда “Ватан” деб аталаётган Халқ бирлиги ва бирдамлиги партияси қурултойида ҳам ана шундай умумий қарорга келдик. Ҳозирги пайтда бизга мамлакат парламенти ва президенти ўртасида ваколатлар мувозанати сақлаб қолинган бошқарувнинг аралаш шакли кўпроқ тўғри келади.

Фарғона.Ру: - Мамлакат президенти билан охирги пайтларгача анча мураккаблигича қолиб келаётган шахсий муносабатингиз ҳақида нима дейсиз?

Қ. Ботиров: - Бизнинг муносабатларимизга Жалолободда менга ва менинг мол-мулкимга нисбатан юзага келган қонунсизлик кучли таъсир кўрсатди. Менинг депутатлик фаолиятим билан, айрим масалаларга нисбатан қарашларимиздаги фарқ билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳам бор. Аммо, ўзбек жамоатчилиги лидерлари бирлашишиб, президентга конституция кафили бўлган шахс сифатида менинг мол-мулким эгаллаб олиниши ва таъқиб қилинаётганим масалалари юзасидан чора кўришни сўраб мурожаат қилганларидан кейин вазият яхши томонга ўзгара бошлади, шекилли. Эшитишимча, президентнинг Жалолободда бўлиб ўтган учрашувларидан бирида мол-мулк эгаллаб олганларнинг лидерларидан бири бўлмиш аёл давлат раҳбарига мен тўғримда савол берибди, у эса эгаллаб олувчилардан бу бемаъниликка чек қўйишни талаб қилибди. Бу ҳақда президент бошқа бир неча жойларда ҳам айтибди. Ўйлайманки, воқеалар бундан кейин қандай ривожланишини вақт кўрсатади.

Фарғона.Ру: - Объектларингизга нима бўлди?

Қ. Ботиров: - Биринчи ижобий силжишни мен масалалар ҳуқуқий доирада ҳал қилина бошлаганида кўраман. Биз суд орқали айрим натижаларга эришишга муваффақ бўлдик. Шаҳар ва вилоят судлари бизнинг фойдамизга ҳукм чиқардилар. Энди иш Олий судда кўрилади. Шунга қарамай, маҳаллий расмийлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўғирлик, эгаллаб олган объектларни талаш, бинолар тархини ўзгартириб, ўзи учун турар-жойга айлантириб олиш билан шуғулланаётганларга нисбатан қонуний чора кўрмаётгани менда шубҳа уйғотаяпти. Улардан кўпчилиги эгаллаб олинган жойларда пойдеворлар қуришга, уй қурилишини бошлашга улгурдилар. Улар туман прокурорини калтаклаган пайт ҳам бўлди. Бироқ тегишли идоралар, гарчи бу бошбошдоқлик ташкилотчилари ва ижрочиларини жуда яхши билсалар-да, чора кўрмаяптилар.

Фарғона.Ру: - Ўз объектларингизни эгаллаб олувчилардан озод қилишга эришолдингизми?

Қ. Ботиров: - Афсуски, бу борада ҳеч бир ўзгариш бўлгани йўқ. Мен шаҳар мэри салоҳиятли одам сифатида адолатни тиклаш учун барча чораларни кўради, деб умид қилгандим. Аммо у ўз ваъдаларини бажармади. Узоқ кутишлардан кейин эгаллаб олинган объектларнинг жамоалари мулк эгаллаб олувчиларни ўз кучлари билан ҳайдаб чиқармоқчи бўлганларида, шаҳар мэри Мамасалиев ўзининг қирқ кишилик фаоллари билан олдимизга келди. Улар бизга халқнинг тинчини бузаётганимизни таъна қилиш учун келгандилар. Нима учун улар бу ҳақда мол-мулкни эгаллаб олганлар билан гаплашишни истамаётган эканлар? Бу расмийлар томонидан қилинган ғирромлик, ҳатто жиноятдир.

Ўшанда шаҳар мэри беш кун ичида эгаллаб олувчиларни ҳайдаб чиқариш ва у ерда тартиб ўрнатишга шахсан ваъда қилганди. Аммо бунинг ўрнига у Олий судга эгаллаб олинган объектларга нисбатан менинг қонуний ҳуқуқимни тан олган икки инстанция судлари қарорини қайта кўриб чиқиш юзасидан даъво аризасини берди. Қизиқ, у ўз ишлари ҳақида шаҳарлик олдида ҳисобот бераётган пайтда бу хусусда нима дер экан?

Фарғона.Ру: - 2005 йилда мамлакат парламентига етти ўзбек сайланганида республика оммавий ахборот воситаларидан бири захарханда билан мамлакатда “етти бошли аждар” туғилгани тўғрисида ёзганди. Ўзбек жамоатчилиги лидерларини улар фақат ўзлари ҳақида ўйлашлари, фақат битта этник гуруҳ ҳуқуқларига риоя қилинишини талаб қилаётганларида айблайдилар...

Қ. Ботиров: - Миллий-маданий марказларнинг мақсади айнан ўз миллий гуруҳлари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. Агар давлат бизнинг муаммоларимизни ҳал қилганда эди, бу марказларни ташкил этишга ҳожат қолмасди. Бугунги кунда давлатни қайси миллий гуруҳ бошқараяпти? Энг асосий ҳужжатларда “бошқа” миллатлар ҳақида унутиб қўймоқдалар. Рус тилига конституцион йўл билан расмий мақом берилиши мамлакатимиз тараққиётида ижобий жиҳат бўлди. Аммо, шу билан бирга, ўшанда [2003 йилдаги референдумда] конституциядан миллий озчиликларга улар жам бўлиб яшайдиган жойларда ўз она тилларидан фойдаланишга рухсат берувчи моддани чиқариб ташлагандилар.

Нима учун парламентда вакилларимиз бўлмаган пайтда бу танқидчилар бизнинг муаммоларимизни кўтариб чиқмадилар? Ахир ҳаммаси аксинча бўлганди-ку. Асосий бўлмаган миллатлар ҳақ-ҳуқуқлари топталган пайтда, бу кўпчиликни хурсанд қиладиган бўлди, ҳатто баъзан бу каби ҳаракатлар рағбатлантирилмоқда. Ўз вақтида Жалолобод вилоятининг собиқ губернатори Жумалиев парламентга бирорта ҳам ўзбекни ўтказмаганини айтиб, кўкрагига муштлаганди. Шундай экан, биз кимнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳақида гапиришимиз керак? Бизнинг позициямиз доим бир хил бўлган – биз тенглар ичра тенг бўлишни истаймиз. Фақат ҳамма учун тенг ҳақ-ҳуқуқлар ва имкониятларни таъмин этш билангина биз мамлакатни чўзилиб кетган бўҳрондан олиб чиқиб кета оламиз.

Фарғона.Ру: - Аммо сизнинг сўзларингиз тақсимлайдиган бирор нарсаси бўлмаган оддий одамларга тегишли эмас...

Қ. Ботиров: - Ҳа, албатта. Аммо, афсуски, кўпинча расмийлар ҳақиқатан ҳам бу ер фақат ўзларигагина тегишли, бошқа халқлар эса ўша одамлар хоҳлагандек яшашлари лозим, деб ҳисоблайдиган одамлардан фойдаланадилар. Улар бир-иккитагина, аммо кўпинча улар у ёки бу ишда об-ҳаво қилишга эриша оладилар. Шу билан бирга, асосий миллатнинг жуда кўп вакиллари бизларни тушунадилар, олдимизга таассуф изҳор қилиб келадилар. Бу одамлар, айрим сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, нарса-ҳодисаларга хушёр нигоҳ билан қарайдилар, улар томонидан қўйилаётган у ёки бу қадамларнинг оқибати ҳақида ўйлайдилар. Зеро, Худо кўрсатмасин, минтақада бирор зиддият чиқадиган бўлса, бунда ғолиб бўлмайди. Афсуски, мен маҳаллий расмийлар ва уларга қарам бўлган, бирёқлама ахборот тарқатаётган оммавий ахборот воситалар ҳақида бу гапни айтолмайман.

Фарғона.Ру: - Нима деб ўйлайсиз, мамлакатда яратувчанлик интилишларини жипслаштирадиган куч борми?

Қ. Ботиров: - Бунақа куч бор – бу ислоҳотлардир. Улар ҳақида биз кўп гапираяпмиз, аммо кам иш қилаяпмиз. Масалан, ҳокимият маҳаллий органларининг ислоҳ қилинишини олайлик. Март воқеаларидан кейинги дастлабки кунларда расмийлар бир йилдан кейин вилоят тузилмалари тарқатилишини эълон қилгандилар. Энди уларни сақлаб қолиш учун курашмоқдалар. Бу орада, жойларда бюжетни ўзлари истаганидай бошқармоқдалар: истаганча ўғирлик қилмоқдалар. Уларни ҳеч ким текширмайди, ҳаммаёқ алғов-далғов бўлиб ётибди! Бундан ташқари, жойларда расмийлар турли сиёсий интригалар билан шуғулланаяптилар, улар ўз қариндошларини яхшироқ лавозимларга жойлаштириш, бошқа ҳудудда ишлаётган пайтда туғилган юртларида уй қуриш ташвиши билангина бандлар. Коррупция айнан шу бўғинда ҳамда бошқарувнинг пастроқ бўғинларида гуллаб-яшнаяпти, бу ҳақда президент Қурмонбек Бакиев ҳам бир неча бор гапирганди. Бу тузилмалар халқ қонини сўраяптилар. Шунинг учун ҳам уларни тарқатиб юбориш керак.

Фарғона.Ру: - Марҳамат қилиб айтинг-чи, мамлакатнинг этник муаммолари ҳақида ўйлаганингизда, сизни кўпроқ нима ташвишга солади?

Қ. Ботиров: - Этник озчиликларда, айниқса, ўзбекларда сиёсий фаолликнинг йўқлиги. Бу ҳам камлик қилганидек, орамизда халқимизни ортга тортаётган, жарликка судраётган турли даражадаги лидерлар бор. Биз сиёсий фаоллиги доим кучли бўлган қирғизлардан ибрат олишимиз керак. Бу халқ ўз ҳақ-ҳуқуқи учун, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш учун кураша олади. Бизникилар эса тайёрига ўрганганлар. Биз буни жойларда аҳоли билан учрашган пайтимизда кўрдик. Мен аввалроқ мамлакатдаги бошқа халқларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари борлигини энг ашаддий демократлар ҳам тан олишни истамаётганларини айтгандим. Улар фақат ўзлари ҳақида ўйлашиб, бизни фақат сайловлар чоғидагина эслаяптилар. Парламентдаги икки йиллик иш ва ўн беш йиллик кузатувлар кўп сиёсатчиларга фақат бизларнинг овозларимиз кераклигини кўрсатди. Ҳозир вазият шундайки, ҳар бир одам ўз ҳақ-ҳуқуқи учун ўзи курашиши керак. Шунинг учун сайловларга шундай тайёргарлик кўриш керакки, парламент ва бошқа давлат тузилмаларига ҳақиқий халқ лидерлари келишлари, улар орасида этник озчиликлар вакиллари ҳам бўлиши лозим.

Фарғона.Ру: - “Ватан” партияси ўз олдига қўйган асосий вазифалар қандай?

Қ. Ботиров: - Ҳуқуқий ва сиёсий онгни, аҳоли фаоллигини ошириш. Ҳозир нима бўлаяпти? Шаҳримиздаги жуда кўп ижобий нарсаларни биз салбий нарсага айлантираяпмиз. Масалан, ҳаж атрофидаги оворагарчиликларни олайлик. Ҳаж мусулмоннинг муқаддас бурчидир. Лекин атрофимизда бўлаётган ишларни кўринг: кузатиш, кутиб олиш, кейин у ер-бу ерда бўлаётган битмас-туганмас меҳмондорчиликлар. Худди ҳаётда бошқа муаммо йўқдай. Агар сен Худо олдидаги бурчингни бажарган бўлсанг, буни бутун бошли тузилмага айлантиришнинг нима ҳожати бор? Айни пайтда, агар уйда бировнинг боласи касал бўлиб қолса, одамлар эмлаш ёки яхши шифокор учун пул топа олмаяптилар. Қонун бўйича тегишли бўлган минимал миқдордаги тиббий ёрдамни талаб қилиб ола билмайдилар. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги юлғичликлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Жамиятдаги адолатга фақат ҳокимиятда миллати ва қариндошчилик алоқаларидан қатъий назар, муносиб одамлар ишлаган тақдирдагина эришиш мумкин бўлади.

Фарғона.Ру: - Сиз пассивлик ҳақида гапираяпсиз. Аснода эса ўзбек жамоатчилиги кейинги пайтларда ўз дастурларига эга бўлган бир неча маданий марказ ва жамиятлар ташкил этди...

Қ. Ботиров: - Бу ташкилотлар ўз-ўзидан тузилиб қолгани йўқ. “Бўлиб ол ва бошқар” тамойили янгилик эмас. Тарихда бундай ишлар бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Кўп марказлар “юқори”дан олинган буйруқ асосида тузилаяпти ва расмийларга алёр айтиш билан халқни етилиб қолган муаммоларимиздан чалғитмоқда. Бу орада эса биз бир-бировимиз билан баҳслашиб, вақтни бой бераяпмиз. Аммо яқинда бу ташкилотларнинг лидерлари йиғилишиб, ҳамма нарса ҳақида анча конкрет гапларни гаплашиб олдилар. Ўйлайманки, биз умумий муаммоларни ҳал қилиш учун кучларимизни бирлаштира оламиз.

Фарғона.Ру: - Ўзининг сиёсатга аралашмаслиги ҳар доим ажралиб турган ўзбеклардан бунақа фаоллик кутиб бўлармикан?

Қ. Ботиров: - Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. 1995 йилда биз биринчи марта ўз вакилларимизни парламентга ўтказгандик. Ахир одамларда ватанпарварлик туйғуси бор, улар ўз ватанларидаги турмушнинг яхши бўлишини истайдилар ва буни муносиб кишилар таъминлай ола билишларини тушунадилар. Ҳар бир партиянинг электоратни жалб қиладиган ўз дастури бор. Аммо бу кўпинча ниқоб вазифасини ўтайди: улар парламентга ўтишлари билан бизни унутадилар. Одамлар буни аллақачон тушуниб етдилар, шунинг учун ҳам улар бирор-бир партияга эргашишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўрадилар.