16:32 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғонада риштонлик машҳур кулолнинг кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

10.01.2007 20:43 msk

Фарғона.Ру

Кеча Фарғонадаги “Браво” арт-кафесида Риштон кулолчилиги кўргазмаси очилди. Кўргазмага риштонлик энг иқтидорли усталардан бири Рустам Усмонов устахонасининг 34 лагани қўйилган. Кўргазма “Мовий осмон ва сариқ тупроқ” дея ном олди. Бу сўзлар риштонлик усталарнинг яқин дўсти, россиялик фотосуратчи Ляля Кузнецованинг “Риштон кулолчилиги” китобидан олинган.

Риштонлик Рустам Усмонов биринчи авлод кулолларига мансуб. У риштонлик усталар ичида профессионал санъат таълимини олган ягона устадир. Р. Усмонов 1980 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтини (саноат графикаси бўлими) тамомлаган. Кейин Риштонга қайтиб, кулолчилик билан астойдил шуғуллана бошлаган, Риштоннинг энг яхши усталари Ҳакимжон Сатторов ва Иброҳим Комиловдан ҳунар сирларини ўрганган. 1981-1988 йиллар ҳамда 1996-1997 йилларда Риштон кулолчилик заводида бош рассом бўлиб ишлаган ҳамда ижодкор ҳамкасблари орасида катта ҳурмат-эътибор қозонган.

Выставка Рустама Усманова. Фото Фергана.Ру
Уста наққош Рустам Усмонов нақш чизиш санъатини маҳорат билан эгаллаган, у сир беришнинг турли технологияларини жуда яхши билади. У қадимги усталар меросини, археологик экспедициялар материалларини тадқиқ этиб, йўқолиб кетган нақшларни қайта тиклаш билан шуғулланади. Унинг ижодида халқ анъаналари ва юқори даражадаги профессионализм уйғунлашиб кетган. Уста нозик дид эгаси – у ясаган буюмлар нафислиги ва мумтоз шаклдаги тугалланган композицияси билан ажралиб туради. Рустам Усмонов буюмлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилган ва кўплаб музейларда сақланади.

Р. Усмонов кўп ишлар ташаббускоридир. 1997 йилда у Риштонда биринчилардан бўлиб ўз уйида очиқ устахона-музей ташкил қилган, унда уста буюмлари билан бир қаторда Риштоннинг қадим кулолчилик намуналари коллекцияси ҳам қўйилган. Бу ерда унинг аҳил оиласи, шогирдлари меҳнат қиладилар.

1980 йиллардан бошлаб Р. Усмонов Ўзбекистонда ва хорижда ўтказилувчи кўргазмаларда мунтазам равишда иштирок этиб келади. 1994 йилда Тошкентдаги амалий санъат музейида унинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган. 1996 йилда Японияга ижодий сафарга борган. 1997 йилда Рустам Комацу (Япония) шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кулолчилик кўргазмасида, Ҳанновердаги ЭКСПО-2000да иштирок этган. 2000-2005 йилларда Олмаота, Қозон, Новосибирск, Екатеринбургда кўргазмалар ўтказган. 2004 йилда Самарқанддаги “Альфия” галереяси кўмагида Москвада унинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган. 2005 йилда Р. Усмонов Ўзбекистон Бадиий академиясининг Замонавий санъат марказида бўлиб ўтган афғонистонлик ва ўзбекистонлик кулоллар кўргазма-учрашувида иштирок этади. 2005-2006 йилларда у икки марта Санта-Фе шаҳридаги (АҚШ) ҳунармандларнинг халқаро ярмаркасида иштирок этиб қайтади.

Выставка Рустама Усманова. Фото Фергана.Ру
Уста Рустам Усмонов асарлари Ўзбекистон Давлат санъат музейи, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Фарғона вилояти ўлкашунослик музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейи, Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи ва Этнография музейи, Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейи, Қозондаги тасвирий санъат музейи коллекцияларидан ҳамда хориждаги хусусий санъат ихлосмандлари коллекцияларидан ўрин олган.

Кўргазма машҳур “Браво” арт-кафесида ўтаётган бўлиб, унинг манзили қуйидагича: Хўжанд (собиқ Карл Либкнехт) кўчаси, 12-уй, телефон - 24-66-88. Мўлжал – Бадиий жамғарма биноси.