05:43 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Иркутск вилоятидаги тожик диаспораси сиёсий ва иқтисодий нуфузга эга бўлиб бормоқда

10.01.2007 19:20 msk

Галина Калугина (Гедвило), Иркутск

Тожик. Россия Этнографик музейи сайтидан олинган фото.

Тожиклар кўп миллатли Иркутск ҳамжамиятининг ташкил қилган халқлардан бири бўлиб ҳисобланадилар. Мазкур этник гуруҳни охирги ўн йиллик мобайнида мезбон жамиятнинг шундоқ кўз ўнгида шаклланган “янги диаспоралар”дан бири сифатида кўрсатадилар. Диаспора шаклланиши давомида унинг миқдори ва ижтимоий-иқтисодий тавсифоти бир неча бор ўзгарган. Дейлик, совет давридаги (1989 йилдаги аҳолини рўйхатга олишга оид) статистик маълумотлар ўша пайтда Иркутск вилоятида тожиклар сони унча кўп бўлмаганини (852 киши) кўрсатади. 1990 йилларнинг биринчи ярмида тожикистонлик лидерлар ўз ҳамюртлари сонини икки-уч минг дея баҳолардилар, 2000 йилда қирқ минг деган рақам айтилганди. Бугунги кунда уларнинг сони ўн беш мингдан йигирма минггача, деб айтаяптилар.

Тожикларнинг дастлабки оммавий кўча бошлашлари фуқаролик уруши даврида бошланган. Булар кўп сонли қочоқлар бўлиб, Иркутск вилоятидан ташқари, Россиянинг бошқа ҳудудларига ҳам келиб қолгандилар. Қочоқ тожик тимсоли иркутскликлар ботиний шуурида қаттиқ ўрнашиб қолганди. Вақт ўтиши билан бу тимсол ўзгаришларга учради. Тожикларнинг кўпчилиги бу ерга пул топиш учун келгани учун бугунги кунда Иркутск жамиятида қурувчи тожик стереотипи барқарорлашган. Тожикларнинг жуда кўпчилиги айнан шу соҳада ишлайдилар. Улар орасида мавсумий муҳожирлар ҳам, бу ерда доимий яшайдиган одамлар ҳам бор.

Аввал-бошда Иркутскка келаётганлар орасида Тожикистондаги урушдан кейин керак бўлмай қолган олий маълумотли ва малакали мутахассислар кўп эди. Бугунги кундаги тожикистонлик муҳожир рус тилида яхши гапиролмайдиган қишлоқ кишисидир. Гарчанд улар орасида Иркутскка ўқиш учун келган талаба ёшлар бўлса ҳам.

1999 йили Иркутск вилоятида Тожикистон савдо ваколатхонаси иш бошлаши билан “Сомонийлар” миллий-маданий жамияти тузилган эди. Юридик ташкилот тузиш ғояси Тожикистон республикасининг Иркутск вилоятидаги савдо вакили Муравит Маликшоевга тегишли. Бирлашманинг ташкил этилишига Россияга келгандан кейин Тожикистон фуқароларида пайдо бўладиган кўплаб ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш зарурати сабаб бўлган.

М. Маликшоев: “Иркутскка келаётган тожиклар кўплаб муаммоларга дуч келмоқдалар. Биринчи навбатда, бу Тожикистонда ҳеч ким уларнинг қаердан келганию нима учун келгани, бу ерда қанча бўлиши тўғрисида ҳеч нима сўрамаганига ўрганиб қолганлари билан боғлиқ. Кўпчилик учун рўйхатдан ўтиш ва қайд қилдириш зарурати тушунарли эмас; шу сабабли кўп қийинчиликлар юзага келмоқда”. Маликшоевга кўра, жамият муҳожирларнинг кўп муаммоларини ҳал қилиши зарур. У фақат тожикларгагина эмас, қабул қилувчи томон учун ҳам фойдали бўлади.

Тожик диаспораси бу ерда кенгайиб бормоқда. Йилдан йилга тобора кўп тожиклар Иркутскда қолишиб, Россия фуқаролиги олмоқдалар. Миграцион жараёнларда Тожикистон Республикасининг ҳам сезиларли роли борлигини қайд этиб ўтиш жоиз. Бунга тожикларнинг Россия Федерациясидаги миллий-маданий жамиятлари каби институтдан актив фойдаланиш бир мисол бўла олади. Бу ташкилотлар орқали фақат бирор ахборот олишгина эмас, ҳам молиявий, ҳам ижтимоий-сиёсий ёрдам-да олиш мумкин.

Иркутск вилоятидаги тожик диаспораси ўзига тобора кўпроқ эътибор жалб этароқ сиёсий ва иқтисодий нуфузга эга бўлиб бормоқда. Бу жиҳатдан Иркутск вилоятида ўтган йилнинг олтинчи ноябрида Тожикистон президенти сайловларидаги муддатидан аввал овоз беришнинг ўтказилиш тажрибаси жуда қизиқарлидир. Сайловолди кампанияси ҳам, сайловларнинг ўзи ҳам вилоятда анча актив ўтган.

Бу ҳақда М. Маликшоевдан олинган интервьюнинг русча матни билан бу ерда таниша оласиз.