23:26 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентнинг Чилонзор тумани аҳолиси болалар боғчаси ва мактаб ёнида сил ва таносил касалликлари диспансери қурилишига норозилик билдирмоқдалар

10.01.2007 14:29 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Пикет на седьмом квартале Чиланзара. Ташкент, 2007 г. Фото Фергана.Ру
Чилонзорнинг еттинчи маҳалласидаги пикет, Тошкент, 2007 й. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталаридан бошлаб Тошкентдаги Чилонзор турар-жой мавзеси еттинчи маҳалласи аҳолиси сил ва тери-таносил касалликлари диспансери қурилишига тўсқинлик қилишга уринмоқдалар. Шаҳар расмийлари икки диспансер биносини уйлар ва болалар муассасалари орасида жойлашган салқин дарахтзор ўрнида барпо қилишни режалаган эканлар. Сил, ОИТС ва таносил касалликларига қарши кураш Ўзбекистон учун жуда муҳим, албатта. Аммо яқин-атрофдаги саккиз уйда яшовчи ёш болаларнинг ота-оналари нима учун бу қадар специфик ва хавфсиз бўлмаган йўналишдаги тиббий муассасаларни соғлом одамларнинг кундалик турмушлари ўтадиган жойда жойлаштириш зарур бўлиб қолганлигини англолмай ҳайронлар.

- Бўлажак сил касалликлари диспансеридан юз метр нарида иккита болалар боғчаси ва мактаб жойлашган, - дея маълум қилдилар “Фарғона.Ру” АА таҳририятига мурожаат қилган фуқаролар. – 1966 йилги зилзиладан кейин барпо этилган мавзеимиз қурилаётган пайтда бу жой болалар майдончаси сифатида режалаштирилганди. Ўшандан буён Чилонзорда болалар майдончалари деярли қолмади, аммо бу ерда яшовчи одамларнинг саъй-ҳаракатлари билан бизнинг иқлимда дам олиш ва соғлиқ учун зарур бўлган манзарали дарахтлар ўстирилганди. Биз замонавий Тошкентда янги қурилишлар учун жой етишмаётганини тушунамиз, албатта. Агар бу бўш жойда турар-жой биноси, дўкон ёки юқумли бўлмаган йўналишдаги тиббий муассаса қурилганида, бунга эътироз билдирмаган бўлардик. Аммо сил ва таносил касалликлари диспансери билан қўшничилик қилишга тоқат қилолмаймиз.

32-, 32-, 33-, 34-, 35-, 36-, 41-, 42- ва 43-уйларда яшовчи кишилар 246 имзо йиғишиб, мурожаат қилиш мумкин бўлган жамики ташкилотларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари сўраб мурожаат қилганлар. Улар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов девонига ҳам, шаҳар кенгаши депутати А. Н. Мелқумовга ҳам, Давлатэпидемназорат бош шифокори Б.Ж. Қурбоновга ҳам, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Бош прокуратурага ҳам ариза юборганлар. Парламент газетаси бўлган “Халқ сўзи”, “Народное слово” таҳририятига ҳам хат ёзганлар.

Аммо ҳозирча фақат Давлатэпидемназоратдангина жавоб келган:

“Чилонзор мавзеси 7-маҳалласи аҳолисига.

Тошкент шаҳар МДСЭН сизнинг Чилонзор-7 мавзесидаги сил касалликлари қурилиши тўғрисидаги хатингизни кўриб ва ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади. Сизлар томонингиздан кўрсатилган “Санитария нормалари ҳамда тиббий-соғломлаштириш муассасаларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш қоидалари”га мувофиқ санитария-муҳофаза масофаси 1000 метрни ташкил қилиши кераклиги сил касалликлари стационарига тегишлидир. У ерда стационарсиз сил касалликлари диспансери қурилаётгани ҳисобга олинадиган бўлса, санитария-муҳофаза масофаси “Бош режалар, соғлиқни сақлаш муассасаларини лойиҳалаштириш бўйича қўлланма”нинг 5-бўлимига мувофиқ турар-жой биноларидан 15 метрдан кам бўлмаган масофада қурилиши керак. Бош шифокор ўринбосари Алимухамедов Д.Ш.”

Кейин аҳоли билан учрашишга туман соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари келганлар ва расмийлар томонидан қабул қилинган қарорнинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилганлар. Уларнинг айтишларича, бўлажак диспансерга одамлар текширишдан ўтиш учун келарканлар. У ерга очиқ шаклда бўлмаган сил касалига чалинган беморлар амбулатор даволаниш учун қатнарканлар. Улар билан муомалада бўлиш қарийб хавфсиз экан, чунки бу босқичда сил касали ҳаво орқали юқмас экан. Захм (сифилис) ва сўзак касалликларига чалинган беморларга келинса, улар чор-атрофда тўлиб-тошиб ётган экан.

Бетон девор билан ўраб олиш ваъда қилинган бўлажак диспансерларнинг ҳудудидан уларга энг яқин бўлган 35-уй деразалари ва йўлакларигача тиббиётчилар ва қурувчилар 20 метр ўлчаганлар. Яъни бу уйда яшовчилар, уларнинг болалари ва қариялар ихтиёрида ҳаёт кечириш учун “бутун бошли” 5 метр майдон қолаяпти. Шу билан бирга, қурувчилар атроф-жавонибни кўркамлаштириш, ҳатто уйларда йўқ бўлган иссиқлик таъминотини йўлга қўйиб беришни ҳам ваъда қилганлар. Бунга хурсанд бўлсалар бўлмасмиди?..

Аммо аҳоли таскин топмади ва рози бўлмади. Ўтган йили расмий идоралардан ҳимоя тополмаган одамлар янги йилда ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилдилар, улар эса 2007 йилнинг 5 январь куни қурилиш бўлиши керак бўлган жойда шовқин-суронли пикет уюштирдилар.

- Мен ўзим Чилонзорнинг 7-маҳалласидаги 35-уйда яшайман, - дея билдирди ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Давлатова. – Чор-атрофимизда бирорта ҳам жиҳозланган болалар майдончаси йўқ, сил ва таносил касалликлари диспансерлари қуриш учун танланган ягона кўкаламзор майдонда эса ҳозирнинг ўзида йигирма битта дарахтни кесиб ташлашга тайёрланмоқдалар. Бунда Ўзбекистон матбуоти мадҳ этишни ёқтирганидек “фуқаролик жамиятини қуришда гўё фавқулодда роль ўйнаётган” маҳалла комитети ҳам аҳолига ҳеч қанақа қўллов кўрсата олмади. Пикетдан кейин расмийлар яна келишди, аммо улар далил сифатида СССР даврида қабул қилинган 1989 йилдаги меъёрий ҳужжатларни олиб келишибди. Улар яна одамларни силнинг хавфли эмаслигию захм эса ҳар ерда урчиётганига ишонтиришмоқчи бўлишиб, уларни гапга кўндирмоқчи бўлдилар.

Аснода 7-маҳалла ичида қурилиш ишлари бошлаб юборилди ва бўлажак диспансерлар атрофига шошилинч равишда девор устунлари қўйиб кетилмоқда.

- Биз судлашгунимизча, улар дарахтларни кесиб, сил касалликлари диспансерини қуриб битказадилар, - дейди уй эгалари. – Биз шаҳар расмийлари қурилаётган объект ёнида болалар боғчалари ва мактаб жойлашганидан ҳатто хабардор ҳам бўлмасалар керак, деб ўйлаймиз. Бизнинг фикримиз ва ҳуқуқларимизга нисбатан бундай бефарқликни бошқа қандай изоҳлаш мумкин ахир? Шунинг учун ҳам жамоатчилик фикри орқали расмийларни инсофга чақириш мақсадида бу қурилишга жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қарор қилдик. Наҳотки туман ва шаҳарга зарур бўлган, лекин одамлар истиқомат қиладиган уйлардан сал нарироқда жойлашиши мумкин бўлган тиббий муассасалар қуриш учун бошқа жой топишнинг имкони бўлмаса?