17:31 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Петр Своик: “Қозоғистон ҳукуматининг фаолияти ички ривожланишга қаратилиши керак”

10.01.2007 11:28 msk

Феруза Жоний ёзиб олди

Бош вазир Даниал Ахметов бошчилигидаги Қозоғистон ҳукумати истеъфосини қозоғистонлик экспертлар шарҳлайдилар.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги саволларига сиёсатшунос Петр Своик жавоб беради.

Фарғона.Ру: - Петр Владимирович, марҳамат қилиб, Қозоғистон ҳукуматининг кечаги истеъфосини шарҳлаб берсангиз.

Петр Своик. Фото Фергана.Ру
Петр Своик – мухолифатчи, Олмаота монополияга қарши жамоатчилик комиссияси раиси... “Фарғона.Ру” АА фотоси (2005 йил)
Петр Своик: - Бу ерда ушбу истеъфонинг сабабларини эмас, унинг нима учун бу қадар чўзилиб кетгани сабабларини шарҳлаш жоиз. Бу ҳукумат ўтган йил бошидаёқ истеъфога кетиши керак эди. Унинг бир йил ортиқ ишлашининг сабаби ҳам тушунарли бўлиб, у Қозоғистондаги ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий вазиятнинг боши берк кўчага кириб қолганида акс этади. Гап шундаки, охирги йилларда Қозоғистон иқтисодиёти ИЯМ хом ашё экспорти ҳисобига, шунда ҳам нефть ва металл кўпроқ экспорт қилинаётгани ҳисобига эмас, жаҳон биржаларида нефть ва металл нархининг ошиши ҳисобига ўсарди. Адашмасам, 1998 йилдан бери фаолият юритаётган Ахметов ҳукумати нималарнидир тузатишга ваъда қилиб, ана шу иқтисод қабатида шунчаки ҳозир бўлиб турарди, холос. Ахметов ҳукумати аслида сиёсий вазифани бажарарди. У президент Назарбаевнинг навбатдаги сайловлари олдидан иқтисодий ва сиёсий вазиятни ушлаб турарди. Умуман олганда, у ўзининг ана шу вазифасини бажарди ва Даниал Ахметов Назарбаевнинг 91 фоиз овоз билан қайта сайлангунича қўлидан келган барча ишни қилди (гап орамизда қолсин-у, бу 91 фоизда Даниал Ахметовнинг катта ҳиссаси бор). У ҳолда, нима учун уни зудлик билан ишдан четлаштирмадилар? Ҳамма гап шундаки, Назарбаев командасида дастурий нисбатда ундан кўра ишга яроқлироқ ҳеч ким йўқ эди.

Фарғона.Ру: - Сизнингча, вазият ривожи қандай бўлиши мумкин?

Петр Своик: - Вазият ҳозир қандай бўлса, шу маромда кетаверади. Хом ашё сотиш ҳисобига четдан улкан валюта пуллари келаяпти. Бу ҳол хом ашё нархи ошишдан тўхтагунича давом этади. Ундан кейин мамлакат жиддий бўҳронга йўлиқади. Ҳатто агар сиёсатни ҳам бир четга қўйиб туриб, мамлакат иқтисодий тараққиёти мафкураси, иқтисодий стратегияси ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда концептуал боши берк кўчага дуч келамиз. Моҳиятан, жаноб Ахметов ўз вазирлари билан шу боши берк кўчада наридан-бери юрди, ҳойнаҳой, унинг ўрнига келадиган ҳар қандай одам ҳам ана шу боши берк кўча ичра қолса керак.

Фарғона.Ру: - Мухолифатчи сифатида позициянгиз қандай?

Петр Своик: - Агар сиёсий томонни оладиган бўлсак, Қозоғистонда а) парламент ислоҳотини ўтказиш, б) ҳақиқий иш билан шуғулланадиган маҳаллий ўз-ўзини бошқариш тизимини яратиш вақти аллақачон келди. Иқтисодиётга келсак, Қозоғистон хом ашёни жадал суръатлар билан сотаётгани ёмон эмас, балки бу ҳатто яхшидир. Аммо бу савдо-сотиқ ташқарига ориентир олаётгани жуда ёмон. Яъни ҳатто Қозоғистон ҳукумати ҳам, унинг асосий корчалонлик тузилмалари ҳам ўз манфаатига кўра ички эмас, ташқидир. Хом ашё пуллари мамлакатдан ташқарига чиқиб кетаяпти. Мамлакатда қолаётган хом ашё пуллари фақат носаноат ҳаражатларига сарфланаяпти. Инфратузилма, ижтимоий масалалар, ижтимоий ишлаб чиқаришни ривожлантириш каби масалалар қарийб ҳал этилмаяпти. Албатта, бу муаммоларнинг аслида сиёсий сабаби бор. Аммо агар сиёсатни бир четга қўйиб, фақат иқтисод ҳақида гапирадиган бўлсак, хом ашёнинг бу қадар интенсив сотиш қабатида ҳукумат фаолиятини кардинал равишда ички ривожланишга қаратиш лозим бўлади.

* * *

“Фарғона.Ру” саволларига Қозоғистоннинг сиёсий ва иқтисодий модернизацияси муаммоларига бағишланган “Правила игри” мустақил ижтимоий-сиёсий журналининг бош муҳаррири Андрей Хан жавоб беради.

Андрей Хан: - Ҳукумат истеъфоси ўтган йилдаёқ кутилганди, гарчи кўрсаткичлар ҳамда ҳукумат иши, умуман олганда, муваффақиятлидай топилган бўлса-да, бу асоссиз кутилмаганди. Ниҳоят, бу иш содир бўлди ва ҳар доимгидек, кутилмаганда, йил бошида содир бўлди. Гап шундаки, Даниал Ахметов бу лавозимда охирги пайтларда энг кўп ишлаган бош вазир бўлиб, бу кўп жиҳатдан Қозоғистонда тараққиёт учун қулай шарт-шароит бўлганлиги, нефть ва бошқа хом ашё маҳсулотларининг нархи барқарор ва юқори бўлганлиги билан боғлиқдир. Аммо ўтган давр мобайнида Қозоғистон ана шундай иссиқхона шароитида ривожланди ҳамда давлатнинг ўзи ва бошқарув самарадорлиги рақобатбардошлигини ошириш учун зарурат юзага келди. Лекин бошқарув самарадорлигида узилишлар юзага кела бошлади: гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда турли муаммолар, ижтимоий зиддиятлар, коррупцион жанжаллар пайдо бўла бошлади. Шу сабабдан йўналишни самарадорроқ давлат ва самарадорроқ иқтисодиётга қараб буришга эҳтиёж долзарблик касб этиб, кун тартибига чиқди.

Ҳозирда нефть нархининг ўзгара бошлаганлиги ва хавф-хатар аввал кўрингандек унча узоқ эмаслиги расмийлар ичида қанақадир хавотирлар уйғота бошлади, деб ўйлайман. Бу уларнинг нималарнидир ўзгартиришга ҳаракат бошлашларигача етиб борди. Иқтисодий жабҳада ҳаммаси тушунарли бўлса, сиёсий жабҳада давлат комиссиясининг иши якунига етиб бормоқда, сиёсий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари пакетини қабул қилиш мўлжалланмоқда. Бу ерда ҳам ниманинг қайси ҳажмда ва қайси шаклда қабул қилиниши юзасидан ҳали ойдин бўлмаган жуда нарсалар бор... аммо бунинг амалга ошиши шубҳага ўрин қолдирмайди. Чунки ЕХҲТга раисликнинг кечиктирилиши доирасида қандайдир чоралар албатта амалга оширилади, парламент, вакиллик, ўз-ўзини бошқариш органларининг ваколатларини бундан буён кенгайтириш, қишлоқ хўжалик комиссияси бўйича кўзда тутилган зарур тадбирлар доирасида нимадир бўлади – умуман олганда, қанақадир жиддий ўзгаришлар бўлиши кўзда тутилмоқда, шу сабабли ҳам мамлакатни бошқаришда ниманидир ўзгартириш зарур эди. Бу Даниал Ахметовнинг истеъфосига дохил гаплар эди.

Бизда бу ерда унинг ўрнига ким бўлиши мумкинлиги борасида турли тахминлар юрибди. Асосий версия Карим Масимов. Кўпчилик айнан у бош вазир бўлади, деб ўйлашга мойил. Аммо президент маъмуриятининг ҳозирги раҳбари Адилбек Жаксибековнинг номзоди ҳам ундан кам эмас.

Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлиши ва парламентга бирор кишининг номзоди кўрсатиб қолиниши мумкин, буни жуда тез ҳал қилишга тўғри келиб қолади. Таклиф қанча кутилмаган бўлса, бош вазир номзоди шунча осон ўтиб кетади.

Фарғона.Ру: - Вазирлар маҳкамаси таркиби не қадар тубдан ўзгариши мумкин?

Андрей Хан: - Мен умуман бирор нарсанинг тубдан ўзгаришига скептикларча муносабатдаман, чунки ворислик тамойили, босқичма-босқич, аста-секин ўтиш тамойили барча тадбирларнинг марказида тураверади. Лекин, албатта, каттароқ ўзгаришлар бўлишини истардик, чунки ҳамма ерда, ҳамма йўналишларда давлатни жиддий ислоҳ қилиш зарур. Шунинг учун ҳукуматда туб ўзгаришлар бўлмаса керак. Аммо эллик фоизга ўзгариш бўлган тақдирда ҳам биз учун бу “туб” ўзгариш бўлади.