10:18 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада Марказий Осиёдан келган муҳожирларга ёрдам кўрсатиш учун янги ташкилот тузилди

09.01.2007 12:26 msk

Н. Зотова

2006 йили Москвада “Центразия” нотижорат ҳамкорлиги тузилди. “Центразия” дастурий ҳужжатида билдирилишича, ҳамкорликнинг асосий мақсади Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан маданий ва корчалонлик алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда минтақа мамлакатларидан келган муҳожирларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари, нотижорат ҳамкорлиги мамлакатлар ўртасида меҳнат ресурслари, мутахассислар ва талабалар айирбошлаш; Марказий Осиё мамлакатларидан келган муҳожирларни ишга жойлаштириш дастурларини амалга оширишга кўмаклашади.

Ҳужжатда қайд этилишича, “Центразия” НҲ “Сизга аниқ мўлжал олишга, Сизнинг касбий малакангизга мувофиқ иш топишга ёрдам беради, қонуний асосларда меҳнат фаолиятини олиб боришга кўмаклашади. Ишчиларни ёллаш ва ишга жойлаштириш РФнинг меҳнат ва фуқаро ҳуқуқий муносабатларини тартибга солувчи қонунчилиги талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. “Центразия” НҲ иш берувчилар томондан бўладиган асоссиз эътирозларга, алдовларга ва иш ҳақини бермай қўйиш ҳолларига йўлиқмасликда Сизга ва Сизнинг яқинларингизга ёрдам беришга тайёр, шунингдек, ташкилот қонун доирасида Сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингиз бузилган тақдирда консультациялар беради”.

“Фарғона.Ру” АА журналисти Наталья Зотова саволларига “Центразия” юристи Абдиш Қўўмбаев жавоб беради.

Фарғона.Ру: - “Центразия” нотижорат ҳамкорлиги 2006 йилга келиб тузилибди. Унинг ташкил этилишига нима туртки бўлди?

Абдиш Қўўмбаев: - Аввал айнан Москвада қирғизистонликларнинг ҳеч қанақа жамоатчилик ташкилотлари йўқ эди. Санкт-Петербургда “Қирғиз-Тўў” ҳуқуқий маркази бор, дастлабки икки йилда у жуда самарали фаолият кўрсатган. Свердловск вилоятида ҳам ҳуқуқий марказлар бор. Нима учун Москвада ташкилот тузилмагани менга номаълум. Биз муҳожирлар учун ахборот ва ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказини ташкил этишни истадик. Бундан ташқари, бизнинг вазифамизга фақат қирғизистонликлар билангина эмас, бутун Марказий Осиёдан келганлар билан ишлаш ҳам киради.

Фарғона.Ру: - “Центразия” НҲнинг режалари қандай?

Абдыш Коомбаев: - Янги 2007 йилдан бошлаб биз актив фаолият бошлаймиз. Биз учун устивор бўлган йўналишлар ҳуқуқий ва ахборот кўмаги кўрсатиш, ҳуқуқий консультациялар бериш бўлиб ҳисобланади. Биз муҳтамал муҳожирларни Россиядаги турмуш жиҳатлари, Қирғизистондан чиқишдан олдинги муҳтамал қийинчиликлар ҳақида хабардор қиламиз. Муҳожирлар учун махсус эслатма ишлаб чиқилган бўлиб, у Қирғизистондаёқ уларга тарқатилади. Китобчага Россия Федерациясига кириш қоидаларига, муҳожирлик варақасини тўлдиришга, рўйхатдан ўтишга, Россияда ишга жойлашиш тартибига, хусусий тадбиркорликни амалга ошириш тартибига, иш учун рухсатнома расмийлаштиришга, иш қидиришга, уйга пул жўнатишга, кириш, рўйхатдан ўтиш, Россияда юриш ва меҳнат фаолиятини юритиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка дахлдор бандлар, фойдали маслаҳатлар ва алоқа учун маълумотлар киритилган.

Фарғона.Ру: - Ҳозирги пайтда меҳнат муҳожирлари учун рус тилини ўрганиш бўйича қанақадир курслар борми?

Абдиш Қўўмбаев: - Ҳозирча йўқ. Аксинча, маданий марказда қирғиз тилини ўрганиш бўйича махсус курслар бор.

Фарғона.Ру: - Қирғизистонликларнинг келажакдаги режалари қанақа: бу ерда пул ишлаб топиб, кейин уйга қайтишми ёки улар шу ерда яшаб қолмоқчимилар?

Абдиш Қўўмбаев: - Россия фуқаролигини олиш бўйича осонлаштирилган тартиб одамларнинг бу ерда қолишларига сабаб бўлаяпти. Мавжуд тартибни яна бир йилга чўзмоқчилар. Қабул кунлари Москвадаги консулхонада 100-120 киши фуқаролик олиш учун ҳужжат топширмоқдалар; охирги икки йилда бу ерда қолишни истаганлар оқими сезиларли даражада ошди. Демак, Қирғизистонда меҳнат муҳожирларининг мамлакатдан чиқиб кетиши эмас, кўчиш жараёни бораётган экан. Қирғизистон давлат тузилмалари вакиллари бу саволни ҳам ўртага қўйдилар. Бу Қирғизистоннинг ўзида демографик жараёнларнинг ёмонлашувига олиб кетаяпти. Мана бир оддий мисол: ҳозир айрим қишлоқларда марҳумларни дафн этиш учун ёш йигитларни топиш қийин бўлиб қолган, улар қўшни қишлоқларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдалар. Бунақада давлатимиз келажаги нима бўлади? Ҳозир Екатеринбургда Москвадагидан икки баробар кўп одам Россия фуқаролигини олаяпти. Қишлоқ жойлардан, асосан, йигитлар, шаҳарлардан кўпроқ қизлар келаяптилар. Улар Россияда яхши ўрнашиб олаяптилар.

Фарғона.Ру: - Сиз ишни қирғизистонликлар билан бошлабсиз. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан ҳам яқин келажакда ишлаш ниятингиз борми? Айтиш жоизки, Россияда тожикистонликларнинг анчагина жамоатчилик ташкилотлари бор, аммо ўзбекистонликларники жуда кам, улар қарийб ҳимояланмаганлар.

Абдиш Қўўмбаев: - Албатта, яқин орада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан ҳам ишлаш, уларга ахборот-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш режамиз бор.