12:29 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Исмоил Дадажонов: “Ўзбекистон қамоқхонасида ўтириш истиқболи менга жозибали кўринмайди”

08.01.2007 17:41 msk

Ф. Жоний (Фарғона.Ру)

Ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар ва қочоқлар хорижда оғир қийинчиликларни бошдан кечираяптилар, уларнинг истиқболлари ҳам туманлидир. Уларнинг айримлари бегона муҳитга мослашолмай ва расмий Тошкент томонидан фаол олиб борилаётган ташвиқотларга учиб Ўзбекистонга қайтмоқдалар.

Андижонлик қочоқлар тақдирида фаол иштирок этган украиналик жамоат арбоби Алексей Толкачев маълумотларига кўра, 2005 йил майидаги маълум воқеалардан кейин Ўзбекистондан Киевга тўрт юзга яқин қочоқ келган. Келганларидан кейиноқ ўзбекистонликлар муаммоларга дуч кела бошлаганлар. “Украина давлати жаҳон ҳамжамиятининг умидларини оқлай олмади, - дейди А. Толкачев “Америка овози” радиостанциясига берган интервьюсида. – Улар ўзбекларнинг ҳам умидларини оқлай олмади. Қочоқлар зарур ёрдам ололмадилар”.

Ўзбекистонликлар БМТ ҚИОКБ уларга қочоқ мақомини бериш ва учинчи мамлакатга кўчириш ҳақидаги илтимосини кўриб чиққунига қадар йиллаб кутишларига тўғри келади. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра эса, мамлакатда ҳалигача қочоқлар учун махсус марказлар ташкил этилмаган. Андижонликлар ноқулай шароитларда яшашга мажбур бўлмоқдалар ва мунтазам равишда депортация тўғрисидаги таҳдидларга дучор қилинмоқдалар. 2006 йилнинг февраль ойида Украина расмийлари Ўзбекистонга ўн бир кишини бериб юборганлар.

Фақат андижонлик қочоқларгина эмас, аввалроқ Украинага келиб қолган ўзбекистонлик сиёсий диссидентлар ҳам жиддий муаммоларга дуч келганлар.

2005 йилнинг декабрь ойи охиридаёқ Украинадаги БМТ ваколатхонаси биноси олдида ўзбекистонлик иммигрантларнинг биринчи норозилик намойиши бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Демократик форумининг раҳбари Исмоил Дадажонов ўша пайтда у ва унинг ҳамюртлари Украинада етарли пул топиш ва икки йилдан буён тегишли мақом олиш имкониятининг йўқлиги сабабли ўзларини бу ерда Ўзбекистондагидан ҳам ёмонроқ ҳис қилаётганларини билдирганди. И. Дадажоновга кўра, муҳожирларнинг ҳафсалалари шу қадар пир бўлганки, улар “ҳатто Ўзбекистонга депортация қилинишларига ҳам рози” бўлганлар.

Аввалда қочоқ мандатларини олган ва учинчи мамлакатларга кўчирилган ўнлаб ўзбекистонликларнинг Ўзбекистонга қайтганлари ҳақида аввал хабар қилгандик. Қочоқларнинг ватанга “ихтиёрий-мажбурий” қайтиши мавзуси юзасидан “Фарғона.Ру” таҳририятининг журналистик текширув бўлими аллақачон иш бошлаган. Биз келажакда бу масалалар юзасидан бир неча мақола чоп қилмоқчимиз. Ҳозирча эса ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, Украинада бир ярим йил яшаб, ҳозирда Швецияда умргузаронлик қилаётган Исмоил Дадажоновдан олинган интервьюни муштарийлар эътиборига ҳавола этамиз.

Эслатиб ўтамиз, И. Дадажонов номи бир неча кун аввал яна ахборот агентликларининг янгиликлар тасмасида кўрина бошлаганди. Uzmetronom веб-нашри “чет эллик манбалар”га таянган ҳолда “қўқонлик Исмоил Дадажоновнинг оиласи ҳамда андижонлик Пўлат Охуновнинг оиласи тез орада Ўзбекистонга қайтиш эҳтимолини кўриб чиқаётгани”ни хабар қилганди.

* * *

Фарғона.Ру: - Ҳурматли жаноб Дадажонов, Сиз қайси давлат фуқароси бўлиб ҳисобланасиз?

И. Дадажонов: - Мен Ўзбекистон фуқаросиман, ўша давлат фуқароси бўлганман ва бундан буён ҳам унинг фуқароси бўлиб қоламан.

Фарғона.Ру: - Доимий яшаш жойингиз?

И. Дадажонов: - Ҳозир Швециянинг Хельсингборг шаҳрида яшаяпман. Фарғона.Ру: - Украинадан Ўзбекистонга ўн уч қочоқ қайтгани ҳақидаги хабарни тасдиқлайсизми?

И. Дадажонов: - ОАВда бу хабар пайдо бўлганидан кейин биз Украинадаги “Бирлик” партияси бўлими фаоллари билан, шунингдек, ўзбекистонлик қочоқлар ва мажбурий муҳожирлар жамиятининг раҳбарлари билан дарҳол боғландик. Улардан ҳеч ким Украинадан Ўзбекистонга қочоқлар кетганини тасдиқламади. Бунда Украинада машруъ ва номашруъ тарзда ишлаётган, оддий меҳнат муҳожирлари бўлган ўзбеклар жуда кўплигини ҳам ҳисобга олиш зарур... Балки ана шундай ўзбекистонликлар гуруҳи кетгандир ватанга. Аммо, Украинадаги менинг манбаларимга кўра, сиёсий қочоқлардан ҳеч ким Украинадан кетган эмас.

Фарғона.Ру: - Интернет-сайтлардан бирининг хабар қилишича, Украинадаги БМТ қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссариат бошқармаси вакили Наталья Прокопчукка кўра, 2006 йилнинг август ойидаёқ Андижон воқеаларидан кейин Украинага келиб қолган ўн уч қочоқдан иборат гуруҳ Ўзбекистонга қайтиб кетган. Шу тўғрими?

И. Дадажонов: - Ҳа, ҳақиқатан ҳам 2006 йилнинг август ойида Швеция ҳукумати ва муҳожирлик хизматлари қочоқ мақомини берган “Акромийлик” таълимоти издошлари Ўзбекистонга қайтгандилар. Очиғи, уларнинг ҳаммасининг фамилияларини айта олмайман, мен уларнинг исмларини биламан, холос. Нечталигини ҳам аниқ билмайман, аммо ўн учта бўлган бўлиши мумкин. Улар Киевда ва Днепропетровск вилоятида яшардилар.

Фарғона.Ру: - Уларнинг ҳаммаси Андижон воқеаларига алоқадор кишилармиди?

И. Дадажонов: - Айримлари алоқадор эди, бошқалари эса “Андижон воқеалари” бўлмасдан аввалроқ Россия Федерациясига келгандилар. Кейин улар Украинага келишиб, БМТ ҚИОКБга мурожаат қилганлар, у ерда эса бу одамларга Швециядан қочоқлик мақомини олишга ёрдам бергандилар. Аммо кейин улар Ўзбекистонга жўнаб кетдилар.

Фарғона.Ру: - Нима деб ўйлайсиз, нима учун ўзбекистонлик сиёсий қочоқлар уйга қайтишга қарор қилдилар экан?

И. Дадажонов: - Мен сиёсий қочоқлар қайтаяпти, деб айтмаган бўлардим. Фақат Андижон воқеаларига алоқадор бўлган қочоқлар ичидаги кишилар қайтаяптилар, қайтишга эса уларнинг бошлиқлари ёки айромийларда бўлганидек, диний раҳбарлари амр қилган бўлиши мумкин. Сиёсий қочоқлардан эса Ўзбекистонга ҳеч ким қайтаётгани йўқ.

Фарғона.Ру: - Лекин яқинда АҚШдан қочоқлар қайтгани ҳақида хабарлар тарқатилди-ку...

И. Дадажонов: - Тўғри, лекин бу одамлар ҳеч қанақа сиёсий ташкилот аъзолари эмасдилар, балки “Акромийлик” диний оқими аъзолари эдилар.

Фарғона.Ру: - Швециядан ўзбекистонлик қочоқлар қайтгани ҳақида бирор воқеани биласизми?

И. Дадажонов: - Йўқ. Агар шведлар бирор-бир кишини депортация қилмаган бўлсалар, албатта... Масалан, мен бурноғи йили Швециядан икки тошкентликни депортация қилганларини биламан – уларнинг ҳужжатлари жойида эмас экан. Улар ноқонуний йўл билан Швеция ҳудудига кириб олганлар ва Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам таъқиб қилинаётганларини исботлай олмаганлар. Ихтиёрий равишда эса Швециядан ҳеч ким кетгани йўқ ва кетмоқчи ҳам эмас. Мен “Эрк”, “Бирлик” ёки бошқа партияларга аъзо бўлган қочоқлар билан гаплашдим, “Акромийлик” оқимига мансуб одамлар билан ҳам суҳбатлашдим: улардан ҳеч ким ҳозирча Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас.

Ўша хабарда номи зикр этилган Пўлат Охуновга келсак, агар у шу кунларда Ўзбекистонга қайтадиган бўлса, бундан ажабланмайман, чунки бу ерда унинг оиласи бўлса, у ерда онаси, қариндош-уруғлари қолган, у тез-тез уларнинг олдига бориб туради, у ерда бир муддат туриб, кейин бу ёққа қайтади.

Пўлат Охунов – рўйхатга олинмаган “Бирлик” партиясининг раис ўринбосари, сиёсий муҳожир, Швецияда яшайди.
Фарғона.Ру: - Украинадаги ва Швециядаги маҳаллий расмийлар қочоқларга қандай муносабатдалар?

И. Дадажонов: - Биз Украинада бир ярим йил яшадик, ҳатто ўша ерда қолиш ниятимиз ҳам бор эди. Бироқ ўша ерда ҳам бизни таъқиб қила бошлаганларидан кейин БМТ ҚИОКБ менинг оиламни учинчи мамлакатга кўчиришга қарор қилди. Бизга Америка ёки Швециядан бирини танлашни таклиф қилишди, биз иккинчисини танладик, чунки Швеция ватанга яқинроқ. Бу ерда қарийб ярим йилдан бери яшаяпмиз. Украинада қочоқларга Швециядагидан минг карра ёмонроқ муносабатда бўладилар. Айниқса, жаноб Янукович Украинага бош вазир бўлганидан кейин вазият янада оғирлашди. Қочоқларга ҳеч қандай – на маънавий, на моддий қўллов кўрсатилмайди. Улар ўзлари турар-жой топадилар, уларнинг номашруъ тарзда ишлашларига тўғри келади, уларнинг пулларини тортиб оладилар. Ҳозир биз партиямиз фаолларини Украинадан бошқа жойга қандай қилиб кўчириш мумкинлиги ҳақида ўйлаяпмиз, чунки у ерда шароит жуда оғир. Бу ерда - Швецияда эса биз шведлар эга бўлган деярли барча ҳақ-ҳуқуқларга эгамиз, бирдан-бир чеклов шуки, биз риксдаг (Швеция парламенти – таҳр. изоҳи) сайловларида иштирок этолмаймиз, аммо маҳаллий сайловларда иштирок эта оламиз.

2006 йилнинг ноябрь ойига келиб Швецияда яшаётган деярли барча қочоқларни машруълаштирдилар. Аммо Украинада бундан ҳам кўпроқ қочоқ қолган ва улар 2006 йилнинг февраль ойида бир неча киши депортация қилинганидан, ҳибсга олинганидан, калтакланганидан кейин БМТ ҚИОКБга мурожаат қилишдан қўрқаяптилар. Шунинг учун ҳам Украинадаги ўзбекларнинг тўқсон саккиз фоизи БМТ ҚИОКБга мурожаат қилишни истамайди. Ахир у ерда муҳожирлик хизматида рўйхатдан ўтишга мажбур қиладилар-да. Муҳожирлик хизмати эса бу қочоқларнинг манзилларини милицияга беради, милиция бўлса улар билан ўзи хоҳлагандай иш кўради.

Фарғона.Ру: - Сизни Ўзбекистонга қайтишга ҳеч ким кўндирмоқчи бўлмадими?

И. Дадажонов: - Ким ҳам кўндирмоқчи бўларди? Биз ҳар қанақа гапга ҳам ишониб кетаверадиган одамлар эмасмиз...

Фарғона.Ру: - Миш-мишларга қараганда, АҚШда одамларни қайтишга кўндираётган эканлар. Натижасини кўриб турибсиз – одамлар қайтаяптилар...

И. Дадажонов: - Тўғри, Америкада яшаётган ўртоқлар у ерда одамларни Ўзбекистонга қайтариш билан шуғулланаётган қанақадир гуруҳ борлигини гапиргандилар. Аммо Швецияда бунақа гуруҳ йўқ.

Фарғона.Ру: - Қочоқларни қайтишга қандай кўндираяптилар, нима билан қизиқтираяптилар?

И. Дадажонов: - Энг таъсирли йўли – қочоқларга ватанда қолган қариндош-уруғлари ҳақида эслатиш. Ахир кўпчиликнинг у ерда болалари қолган. Масалан, Швецияда эр, хотин ва ёш боладан иборат оила яшайди, уларнинг тўрт боласи эса Ўзбекистонда қолган. Одамларни қайтишга кўндираётганлар уларни қайтиш ҳақида ўйлатадиган ҳисларига тегиб ўтадилар... Масалан, мен Швецияда яшайман, аммо ҳар куни уйқудан турар эканман, ўзимни Ўзбекистондаман, деб ҳис этаман, аммо бир зумдан кейин Швецияда эканимни англайман. Бу табиий: у ерда бизнинг ватанимиз, у ерда дўстларимиз, ўртоқларимиз, қариндошларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиз қолган... Менимча, бу ҳиссиёт қочоқларнинг ҳаммасида бўлса керак.

Фарғона.Ру: - Швецияда оилангиз билан бирга яшайсизми?

И. Дадажонов: - Ҳа, Ўзбекистонда яқин қариндошларимдан ҳеч ким қолмаган, уларнинг ҳаммаси шу ерда – олти болам, икки набирам, хотиним.

Фарғона.Ру: - Нима иш билан шуғулланаяпсиз у ерда?

И. Дадажонов: - Ҳозирча швед тилини ўрганаяпмиз. Кейин эса шуғулланиш учун бирор иш топармиз. Мен енгил саноат бўйича муҳандис-технологман ва бу ерда ўзимга иш топа олишимга аминман. Асосийси – тил тўсиғига дуч келмаслик учун швед тилини яхшилаб ўрганиб олиш.

Фарғона.Ру: - 2006 йилнинг декабрь ойида Халқаро инсон ҳуқуқлари жамиятининг шахс ҳуқуқларини муҳофаза қилиш комитети раиси Марат Зоҳидов сизнинг олдингизга борганмиди?

И. Дадажонов: - Ҳа. Аммо у кетиши биланоқ оммавий ахборот воситаларида менинг яқин орада Ўзбекистонга гўё қайтмоқчи бўлганим ҳақида провокацион хабар пайдо бўлганди. Аммо Марат Зоҳидов бизнинг олдимизга мутлақо бошқа мақсад билан келганди: ахир биз у билан қариндошмиз, у бизникида бир кун меҳмон бўлиб, кейин Ўзбекистонга қайтиб кетди. Мен таъқиблардан қочиб, ўз мамлакатимни тарк этганман. Аммо Ўзбекистонда мени ҳам, оиламни ҳам ҳеч ким таъқиб қилмаслигига имоним комил бўлганидан кейин у ёққа албатта қайтаман. Аммо ҳозирча бу ҳақда ўйлашга эрта.

Фарғона.Ру: - Яъни, шахсан Сиз ватанга қайтиш эҳтимоли ҳақида ўйлаяпсиз...

И. Дадажонов: - Биласизми, менимча, ватанга қайтиш имконияти ҳақида ўйламаган бирорта ҳам ўзбек бўлмаса керак. Чунки Ўзбекистон бизнинг тарихий ватанимиз ва биз у ерда жуда кўп ишларни қилишимиз керак. Бироқ яқин орада, яқин ойларда мен Ўзбекистонга қайтишни режалаштираётганим йўқ, чунки бу мамлакатда бўлишни ўзим учун хавфли, деб ҳисоблайман. Аммо қайтиш пайти келади ва бу вақт яқин қолди, балки кейинги йилга ҳаммамиз Ўзбекистонга қайтармиз. Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас.

“Ўзбекистонга қайтиш ёки хорижда қолиш” масаласини ҳар бир киши ўзи учун ўзи ҳал қилади. Аммо, менимча, биз ҳаммамиз у ерда, Ўзбекистонда кўпроқ керак бўламиз. Ҳамма ватанни тарк этиб кетиши мумкин эмас, бу билан мустабид учун қулай шароитлар яратилади ва у ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилади. Шунинг учун ҳам мен Ўзбекистондан кетиб қолганимга афсусланаман. Аммо ҳозир ватанга қайтолмайман, чунки менга қарши жиноий иш қўзғатилган. Ўзбекистон қамоқхонасида ўтириш истиқболи менга жозибали кўринмайди. Мен бу ерда, Швецияда яшаб туриб ўзбек жамиятига кўпроқ фойда келтиришим мумкин.

Интервьюни Феруза Жоний ёзиб олди (Фарғона.Ру)