02:04 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонда мактаб ўқувчилари жамоат транспортлари учун «дардисар» йўловчиларга айландилар...ми?

08.01.2007 13:11 msk

Ўз ахб.

Ҳар куни кечқурун ишдан қайтаётиб, йўл четида 100 сўм пул ушлаган қўлини силкитганча машина тўхтатаётган болаларга кўзим тушади. Қиш чилласида, айниқса, уйидан узоқдаги мактабларга қатнайдиган ўқувчилар қийналади. Сабаби, улар транспорт тўхтата олмай йўл бўйида узоқ қолиб кетадилар. Шаҳар транспортлари ёш болаларга ҳар доим ҳам тўхтайвермайди.

- Баъзан пул бераман, баъзида пул бўлмай қолади-да, - дейди 1-гимназия ўқувчиси Собир Аҳмедов. - Пулим бор кунлари қўлимдаги пулни кўрсатиб автобус ёки маршрут такси тўхтатаман. Пулим йўқ кунлари дарсга доим кеч қолиб боряпман. Ҳатто автобус ҳам тўхтамаяпти.

Маълумотларга кўра, Андижон вилоятида жамоат транспорти учун тўқсонта автобус йўналишга қўйилган. Ҳар бир автобусда 7 ёшгача бўлган болалар бепул юришлари мумкин деган ёзув бор. Одамларнинг айтишларича, автобус ҳайдовчилари айнан ўша, пул бермайдиган болаларга тўхтамайди.

Собиқ Иттифоқ даврида шаҳар йўловчи ташиш транспортларида айрим йўловчилар учун бепул юриш ҳуқуқини берадиган имтиёзлар бор эди. Улар орасида фахрийлар, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, ички ишлар ходимлари, шунингдек, мактаб ўқувчилари ва ҳоказолар бўлган. Бугунги шароитда бу имтиёзлар бекор қилинган бўлсада, 7 ёшгача бўлган болаларнинг бепул юриши сақланиб колган. Аммо бу имтиёздан 7 ёшдан катта мактаб ўқувчилари ҳам фойдаланадилар. Ҳайдовчиларга мана шуниси ёқмайди.

- Ота-оналари ҳаммасига пул беради, - дейди Андижон шаҳридаги 8-йўналишдаги автобус ҳайдовчиси. - Лекин автобусга пул тўлаш ўрнига бир нарсалар олиб еб қўйишади. Йўлкира сўрасанг, мен ўқувчиман-ку дейишади. Пули бўлгандан кейин тўласин. Ёқилгини текинга қуймайман-ку!

Йўловчиларнинг фикрича эса, ҳайдовчиларнинг аксарияти инсофсиз, ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб кетган. Мактаб ўқувчиларини текинга олиб кетиш уларга малол келади. Шу сабабли айрим ота-оналар фарзандларини уйи атрофидаги мактабларга бериб қўяқолишяпти. Уйидан олисда, транспорт билан бориладиган мактабларда ўқитишга тўғри келса, ўзлари кузатиб қўйишларига тўғри келади.

- Ўғлимнинг иқтидори яхши, шу сабаб гимназияга берганмиз, уйимиз эса шаҳар чеккасида. - дейди Собирнинг онаси. - Кўпинча мактабдан қайтишда кеч қолиб кетади. Айниқса қиш кунларида тез қоронғи тушади, ҳаво совуқ. Уйга келганида бечора совуқдан юз-қўллари музлаб қолган бўлади. Битта ёш бола ҳеч қанча жой эгалламайди-ку. Ўша ҳайдовчиларнинг ҳаммасида ҳам бола-чақа бордир.

Айрим ҳайдовчиларнинг фикрича, беш қўл баробар эмас. Уларнинг барчасини ҳам мактаб болаларига тўхтамайди деб бўлмайди. Ҳайдовчи А. Солиев 30 йилдан буён автобус ҳайдайди. Унинг айтишича, ҳеч қачон қўл кўтарган болаларни йўлда қолдириб кетмаган.

- Биз автобуслар кўпинча тўхтаймиз. Бу давлат транспорти. Лекин хусусий йўловчи ташиш транспортлари бор – “Дамас”лар. Ана ўшалар тўхтамайди. Қўлидаги пулни кўрсатса тўхтайди, бўлмаса йўқ.

Хусусий йўловчи ташиш транспортлари ҳайдовчилари эса бу ҳолни бозор иқтисоди, ёқилги нархининг кундан-кунга қимматлаётгани билан изоҳлашмоқдалар.

- Ҳайдовчиларнинг кўпчилиги машинани ижарага минади, - дейди 33-йуналишдаги "Дамас" ҳайдовчиси Р. Қорабоев. - Ижара ва ёқилги нархидан ортгани ҳеч қанча пул бўлмайди. Агар ҳар битта тўхтатган ёш болани олиб кетаверсак, харажатимизни қопламайди-да. Буни тўғри тушуниш керак. Болалар учун бепул давлат транспорти бор.

Шу кунларда фарзандлари транспортда мактаб, лицей, гимназияга қатнайдиган бир гуруҳ андижонлик ота-оналар ўқувчиларни ташийдиган мактаб автобуслари ташкил қилиш кераклиги тўғрисида таклиф билан қаерга мурожаат қилиш мумкинлигини билмай туришибди.