23:18 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистоннинг ўзбек жамоатчилиги лидерлари бошқарувнинг аралаш шаклини ёқламоқдалар

08.01.2007 12:19 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Қирғизистонда парламент бошқаруви шаклини жорий қилиш ҳозирги пайтда мақсадга мувофиқ эмас. 2007 йилнинг 6 январь куни Қирғизистон жанубидаги Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган Халқ бирлиги ва бирдамлиги партиясининг навбатдаги қурултойи делегатлари ана шундай қарорга келдилар. Партия аъзолари ташкилот номини ҳам ўзгартиришга қарор қилдилар.

Халқ бирлиги ва бирдамлиги партияси (ХББП) 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, ўша пайтда конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ мамлакат партия рўйхатлари бўйича биринчи марта парламент сайловларини ўтказишга тайёргарлик кўраётган эди. Бироқ, партия лидери Аъзамжон Акбаровга кўра, ўша пайтда расмийлар партияни сайловларга қўймаслик учун рўйхатга олиш ишини қарийб бир йил чўзган эдилар. Ўша даврдаги қонунчиликка кўра, сайловларда фақат сайлов эълон қилинишидан бир йил аввал рўйхатдан ўтган партияларгина иштирок эта олишлари мумкин эди. “Ўшанда расмийлар ўз мақсадларига эришгандилар ва партиямиз 2000 йилдаги сайловларга қўйилмаганди”, - дейди Акбаров.

Кейинги сайловларда ҳам партиянинг омади чопмаган – 2003 йилда мамлакат асосий қонунига навбатдаги ўзгартишлар киритилиб, уларга мувофиқ 2005 йилдаги парламент сайловлари бир мандатли округлар бўйича ўтказилганди. Ҳозирги пайтда, партия раҳбарлари маълумотларига кўра, ХББП сафларида саккиз мингдан зиёд киши бор.

Бўлиб ўтган қурултойда ҳар томонлама муҳокама қилинган асосий масалалардан бири партиянинг мамлакатдаги бошқарув шаклига муносабати бўлди. Эслатиб ўтамиз, Халқ бирлиги ва бирдамлиги партияси аъзоларининг аксар қисмини ташкил қилган мамлакат ўзбек жамоатчилиги охирги пайтларда мамлакатда парламент бошқаруви жорий қилинишини ёқлаётган эди. Бироқ, қурултой делегатлари чиқишларига қараб хулоса чиқарилса, мамлакатдаги охирги воқеалар уларни ўз позицияларини жиддиян қайта кўриб чиқишга мажбур қилган кўринади.

Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Иномжон Абдурасулов ўтган йилнинг охирги ойларида мамлакат парламенти конституциянинг икки таҳририни кетма-кет қабул қилганини эслатиб ўтди. “Конституциянинг биринчи вариантида ваколатларнинг етмиш фоизи мамлакат парламентига ўтиб, ўттиз фоизи президентда қолганди, - деди у. – Декабрь охирида эса парламент асосий қонуннинг бошқа таҳририни қабул қилди, унда ваколатлар тамоман тескарича тақсимланди”. “Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда бизга “кучли президент, кучли парламент” тамойилига мувофиқ бошқарувнинг аралаш шакли кўпроқ тўғри келади, деган хулосага келдим”, - дея сўзини якунлади парламент аъзоси.

Бошқарувнинг аралаш шакли ғоясини аввалда парламент бошқаруви шаклини ёқлаган депутат Қодиржон Ботиров ҳам қўллаб-қувватлади. [Бу депутатдан олинган интервьюни “Фарғона.Ру”да яқин кунларда ўқий оласиз]. “Сўнгги воқеалар мамлакатнинг парламент бошқарувига тайёр эмаслигини кўрсатди”, - дея изоҳлади ўз позициясини Қ. Ботиров мамлакатдаги ҳокимиятнинг қонун чиқариш ва ижроия бутоқлари ўртасида қарама-қаршиликларга олиб келган сиёсий бўҳронни назарда тутган ҳолда.

Ўзбек жамоатчилигининг бошқа бир лидери, Қирғизистон парламентига тўрт марта сайланган ва ҳар доим парламент бошқарувини ёқлаб келган депутат Даврон Собиров ўз фикрида қолган. Бироқ, у партия позициясининг яхлитлигини сақлаб қолиш ва “демократик централизм тамойили”га мувофиқ “кўпчиликнинг иродасига бўйсуниши”ни айтди. “Умуман олганда, бошқарувнинг ёмон шакллари бўлмайди, - қўшимча қилди Д. Собиров бошқарувнинг турли шакллари мавжуд бўлган дунёнинг етакчи мамлакатларини мисол келтирар экан, - муҳими, уларнинг ижобий жиҳатларидан фойдалана билишдир”.

Партия лидерларига кўра, ХББП аъзоларининг саксон фоиздан ортиқроғини этник ўзбеклар ташкил қиладилар. Партиядаги биринчи шахслар ҳам ўзбеклар. Бироқ улар ўзларининг сиёсий мухолифлари томонидан айтилаётган ХББПнинг фақат бир миллат вакилларидан тузилган партия экани ҳақидаги таъна-дашномларини мутлақо қабул қилмайдилар. Шунинг учун ҳам делегатлар партия низомига партиянинг мамлакатдаги барча миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чиқиши ифода этилган модда киритдилар. Партия сиёсий кенгаши аъзоси Улуғбек Абдусаломов партиядошларини қандай миллатга мансуб экани ҳақида эмас, ўзининг партиявий мансубияти ҳақидагина гапиришга чақирди. Иномжон Абдурасуловга кўра, ХББП миллатчи ва мономиллий партия эмас, балки центристик партиядир. У қурултой делегатлари ичида еттита миллатдан вакиллар ўтирганини қайд этди.

Қурултой делегатлари партия номини ҳам ўзгартиришга қарор қилдилар. Партия лидерларига кўра, унинг ҳозирги номи “жуда ҳам узун” ва “бирлик, бирдамлик” сўзлари бошқа партияларнинг номланишида ҳам кўп учрайди. Таклиф қилинган номлар ичида делегатларга “Ватан” номи кўпроқ маъқул бўлди. Партия сиёсий кенгаши аъзоси Муҳаммадрасул Абақжановнинг айтишича, туркий халқларнинг кўпчилигида “Ватан” сўзи бир хил жаранглайди ҳамда рус ва бошқа тилларга жуда оддий таржима қилинади.

Афтидан, партия лидерлари ўзларининг расмийларга нисбатан муносабатларини ҳам қайта кўриб чиқаётганга ўхшайдилар. Ўзбек жамоатчилиги лидери, партия сиёсий кенгаши аъзоси Улуғбек Абдусаломов делегатлар олдида нутқ сўзлар экан, мамлакатнинг олға силжиши учун “халқ аввал райкомга қандай ишонган бўлса, [ҳозирги] ҳокимиятга ҳам шундай ишониши керак”, дея қайд этди. “Биз расмийларни мунтазам танқид қилишга берилиб кетиб, уларнинг камчилик ва хатолари ҳақидагина гапирмасдан, унинг ижобий томонлари тўғрисида ҳам айтишимиз лозим, - деди у. – Биз расмийларга қарши ишлаётганимиз йўқ. Биз фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, барчамизнинг умумий ватанимиз гуллаб-яшнаши учун жой куйдираяпмиз”.

Қурултой ҳудудий мансубиятни ҳисобга олган ҳолда ўн етти кишидан иборат сиёсий кенгашнинг янги таркибини сайлади. Партия раҳбар органи таркибига мамлакат парламентининг икки депутати, жамоатчилик ташкилотлари ва корчалонлик тузилмаларининг лидерлари кирдилар.