19:45 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент валийлари. III қисм. Қаффол аш-Шоший ва Мусҳафи Усмоний

08.01.2007 08:48 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

Мавзолей Каффаля Аш-Шаши. Фото Фергана.Ру
Қаффол аш-Шоший мақбараси. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Тошкентнинг Эски Жўва майдони ва Чорсу бозори ўртасидаги тарихий марказ бугунги кунда “Эски шаҳар” деб аталади. Бироқ тарихнинг бурилиш вақтида бу ерда янги шаҳар барпо этилиб, у ислом динини кўчманчи қабилалар орасида қурол кучи билан эмас, маданий таъсир натижасида ёйган мусулмон ҳазораси таянчига айланганди.

819 йилда Чирчиқ ва Оҳангарон дарёлари водийсидаги Чоч ва Илоқ вилоятларини бошқариш учун ёрлиқ олган амир Яҳё ибн Асад ўз вақтида Искандарнинг соғайишига сабаб бўлган муқаддас булоққа яқин текис тепаликдан янги пойтахт учун жой танлаган.

Эски Джува. Фото Фергана.Ру
Эски Жўва. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Бу ерда қўриқчилик миноралари - жўва билан қалъа ҳамда Жомеъ масжиди бунёд этилган. Тепалик этагида тўрт карвон йўли туташган чорраҳада бозор пайдо бўлган, унинг атрофида эса савдогарлар, қассоблар ва ҳунармандлар маҳаллалари пайдо бўла бошлаган. Асрлар қаърига кетган Чоч тарихи ана шундай якун топган ва даставвал Мадинатуш-Шош ёки Бинкет деб ном олган, икки юз йил кейин эса ҳозиргидай Тошкент деб номланган янги шаҳар солномаси бошланган. Ўша пайтлардан ҳозирги кунгача Эски шаҳарда қадимги номлар ҳамда мусулмон салафлар ва дин устозлари номи билан боғланган зиёратгоҳлардан ташқари ҳеч нарса сақланиб қолмаган.

Ривоятларга кўра, Абу Бакр Исмоил Қаффол аш-Шоший Х аср бошларида Бинкетда оддий фуқаро оиласида таваллуд топган. Унинг ҳаёти ҳақида унча кўп тафсилотлар маълум эмас. Айтишларича, Тошкентнинг дастлабки валийларидан бўлган бу зот ёшлигидан динга рағбати ва дунёни билишга интилуви билан ажралиб турган. Аммо мусулмон кишининг энг асосий савобли ишларидан бири бўлмиш ота-онага ғамхўрлик қилиш уни ўз уйида узоқ муддат ушланиб қолинишига сабаб бўлган. Фақат қирқ ёшига етганидан кейингина у ёшликдаги орзуси – Бағдодда жойлашган ислом дунёсидаги машҳур академия бўлмиш Байтул-Ҳикматга ўқишга кетишга муваффақ бўлган. Аммо Абу Бакр Исмоил Қаффол аш-Шошийни фалакиёт ва математика эмас, ўша пайтда фикҳ билан бирга ўргатилган ислом илоҳиёти қизиқтирган.

Ўқишдан сўнг Абу Бакр Бинкетга қайтади. Кўплаб салафларнинг анъаналарига кўра у ўша пайтда шаҳарнинг шимолий чеккасига келиб ўрнашади. Аммо у зоҳидона машғулотларга берилмайди. Унинг тимсолида шаҳарликлар эътиборли олим ва фақиҳ бўлган очиқ чеҳрали, оқил маслаҳатчини кашф этадилар. Турмушининг оддий кечганига қарамасдан, Абу Бакр ўз замондошлари пайтидаёқ Қаффол - ҳимоячи лақабини олади, авлодлар эса уни Ҳазрати Имом деб атаганлар.

Қаффол аш-Шошийнинг асосий хизмати Чоч чеккаларида яшаган кўчманчи туркларни исломга киритиш бўлган. Ундан сабоқ олиб илҳомланган кўплаб даъватчилар даштнинг турли бурчакларига кетиб, қабила бошлиқлари ва оддий халқни динга даъват қилиш билан шуғулланганлар, бу эса Марказий Осиё тарихида улкан роль ўйнаган.

Х аср ўрталарида Чу дарёси шарқидаги қорлиқ, чигил, яғмо ва бошқа туркий қабилаларни бирлаштирган Қорахонийлар сулоласининг дастлабки ҳукмдорлари ўз ихтиёрлари билан исломни қабул қилганлар. Шундан сўнг тез орада улар жанубий-ғарбга томон фотиҳлик юришларини бошлаганлар ва тез орада Маворауннаҳрни забт этганлар.

992 йилда Ҳорун Буғрохон Қорахоний томонидан забт этилган Чоч вилояти ва тақрибан ўша пайтлардан бошлаб унинг пойтахти бўлмиш Мадинатуш-Шош ёки Бинкет туркона лафз билан Тошкент дея атала бошлаган. Бу кўпроқ оҳангдошлик нисбатида ана шундай аталган бўлса керак, чунки тошдан қурилган ёки ҳеч бўлмаганда пишиқ ғиштдан қурилган бинолар “тош шаҳар”да ўша пайтда деярли бўлмаган.

Хаст Имам. Фото Фергана.Ру
Ҳаст Имом. “Фарғона.Ру” АА фотоси
976 йилда оламдан ўтган Қаффол аш-Шошийнинг биринчи мақбараси ҳам шу сабабга кўра сақланиб қолмаган бўлса керак. Иккинчиси ҳам вақт синовига дош беролмаган. Аммо валийнинг қабри кейинги асрларда тўхтовсиз давом этиб турган урушлар, босқинлар ва ҳокимият алмашувларига қарамай, мўътабар жойлигича қолаверган. Ҳонақо шаклида қурилган охирги мақбара эса XVI асрда қурилган ва ҳозир ҳам деярли дастлабки кўринишда сақланиб келмоқда. Ҳозирги пайтда у Ҳаст Имом майдонидаги меъморий мажмуа билан бирга таъмирланаяпти.

Халқ орасидаги ривоятлар Қаффол аш-Шоший номини бугунги кунда муфтиёт кутубхонасидаги зирҳли темир сандиқда сақланаётган бебаҳо асар – Мусҳафи Усмонийнинг Моварауннаҳрга келиши билан ҳам боғлайдилар.

Ислом анаъанасига кўра даставвал Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом воситасида нозил қилинган. Муҳаммад алайҳиссалом ҳаёт бўлган пайтда Қуръон матнини ёзишга эҳтиёж бўлмаган, чунки мусулмонлар ҳар қандай масала юзасидан Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзидан жавоб олишлари мумкин эди. Аммо ҳулафои рошидийн даврига келиб Қуръон матнига эҳтиёж сезила бошлаган.

650 йилда учинчи ҳалифа Усмон (р.а.) Муҳаммад алайҳиссаломнинг асранди ўғли ва шахсий котиби Зайд ибн Собитга Пайғамбар (САВ)дан ёзиб олинган барча ёзувларни бир жойга йиғиб, уларни ягона китобга жамлашни топширади. Бу иш билан яна унинг тўрт ёрдамчиси шуғулланган, улар ҳам ёзувларни йиққанлар. Шундан сўнг матнлар диққат билан солиштирилиб, улардан биттаси олиб қолинган. Ундан бир неча нусха кўчирилган, қолган қораламалар эса ёқиб юборилган.

Қуръон матнини тиклаш муддатидан илгари якунланган. 656 йилда Мадинада йиғилган исёнчилар ҳалифа саройига бостириб кирганлар ва уни қилич билан чопиб ташлаганлар. Ривоятларга кўра, Усмон (р.а.) ўлар чоғида ҳам Қуръон ўқиб ўтирган бўлган ва унинг қони китоб саҳифаларига тўкилган.

Улицы старого города. Фото Фергана.Ру
Эски шаҳар кўчалари. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Ўша даврлардан бошлаб Мусҳафи Усмоний муқаддас ашё ҳисобланиб, доим кейинги ҳалифалар саройида аввал Мадинада, кейин эса Дамашқ ва Бағдодда сақланган. Тарихчиларга мўғул Хулогу Бағдодни босиб олиб, ҳалифа Мустасимни қатл этганидан кейин қўлёзмалар тақдири қандай кечгани маълум эмас. Аммо XV асрда қон доғлари бўлган Қуръон Самарқандда пайдо бўлган. Аввал у Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек саройида сақланган, унинг учун султон мармардан махсус лавҳ ясаттирган, кейин у тошкентлик шайх Хожа Аҳрор валий масжидида пайдо бўлган.

1868 йилда Самарқанд Россия Империяси қўшинлари томонидан босиб олиниб, Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига киритилганидан кейин Зарафшон округи бошлиғи генерал-майор Абрамов ноёб қўлёзма борлигидан хабар топиб, 100 олтин рубль товон тўлаб, уни масжиддан олиб кетади. Қуръон Абрамов томонидан Тошкентга генерал-губернатор фон Кауфманга юборилади, у эса бир йилдан сўнг китобни Санкт-Петербургдаги Император кутубхонасига совға қилади.

Мусҳафи Усмонийнинг ҳақиқийлигига қанча шубҳа қилмасинлар, бу китобни текшириб кўрган россиялик олимлар китоб ҳақиқатан ҳам VII ёки VIII асрда ҳозирги Ироқ ҳудудида тайёрлаган бўлиши мумкин, деган хулосага келганлар.

1917 йил декабрида Петроград миллий округининг Ўлка мусулмонлари қурултойи Миллий ишлар бўйича халқ комиссариатига китобни мусулмонларга қайтариб бериш илтимоси билан мурожаат қилади. Маориф халқ комиссари Луначарскийдан “Зудлик билан қайтариб берилсин” шаклидаги резолюцияни олингач, Мусҳафи Усмоний ўша пайтда Уфада жойлашган Бутунроссия мусулмонлар кенгаши ихтиёрига топширилади. У ердан китоб 1924 йилда Тошкентга бериб юборилади, кейин эса Самарқанддаги Хожа Аҳрор масжидига қайтарилади. 1941 йилда китоб Тошкентдаги Ўзбекистон халқлари тарихи музейига сақлаш учун олиб келинади. 90-йиллар бошларида Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан кейин Ҳаст Имом майдонида йиғилган минглаб одамларнинг кўз ўнгида китоб Ислом Каримов томонидан муфтийга топширилади.

Эски Джува. Фото Фергана.Ру
Эски Жўва. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Мусҳафи Усмонийнинг Мовароуннаҳрга қандай келиб қолгани ҳозиргача сир бўлиб қолмоқда. Энг кўп тарқалган тахминга кўра китоб 1393 йилдаги юриш чоғида Амир Темур қўшинлари томонидан топилган. Нақшбандия тариқати сўфийлари ичида китобнинг мўғул истилосидан кейинги талотумда жасур ва тадбирли дарвишлар томонидан келтирилганлиги ҳақида афсона юради. Аммо Қаффол Шошийни ўзларининг дастлабки ҳомийси ҳисоблайдиган тошкентликлар орасида китобни қандайдир хизмати учун ҳалифадан совға ўлароқ олган валий (Қаффол Шоший) Бағдоддан олиб келгани ҳақидаги ривоят машҳурроқ. Бу тахмин ишончсизроқдай кўринади. Бошқа томондан эса бу тошкентликларнинг Абу Бакр Исмоил Қаффол аш-Шошийга нисбатан муҳаббат ва эҳтиромини акс эттиради.