02:46 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон диний турмушида ҳам сиёсий ҳаётдагидек тартибсизлик ҳукм сурмоқда

06.01.2007 17:07 msk

Абдумўмин Мамараимов (“Фарғона.Ру”

Суратда: Қирғизистон жанубида жойлашган масжидлардан биридаги намоз. © Фарғона.Ру фотоси

2006 йилнинг сўнгги кунлари икки воқеа билан қирғизистонликларнинг ёдларида қолса керак. Биринчиси, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) томонидан конституциянинг “энг янги” таҳрири қабул қилиниши бўлиб, охирги икки ой ичида у иккинчи марта қабул қилинаяпти. Икки воқеа сифатида Қурбон ҳайитини мамлакат мусулмонларининг диний бошқармаси эълон қилган санадан бир кун олдин байрам қилишни талаб қилган мусулмонлар ўртасида пайдо бўлган бесаранжомликни айтиш мумкин.

Агар парламент аъзоларининг қарори ҳукуматга мухолифатда бўлган кучлар томонидан “ноябрь ғояларини сотиш” ва депутатларнинг, нима қилиб бўлса ҳам, ўз мандатларини сақлаб қолиш истаги ўлароқ баҳоланган бўлса, муқаддас байрам арафасида минглаб мусулмонларнинг норозилигини моҳиятан ҳеч ким астойдилроқ ўргангани ҳам йўқ. Бунинг устига, мамлакат ҳукуматининг дафъатан истеъфога чиқиши қабатида бу воқеа қарийб сезиларсиз қолиб кетди.

Аслида диний жабҳадаги зиддиятлар ҳам жамиятни мамлакатнинг сиёсий истеблишменти учун меъёрга айланган тартибсизликлардан кам хавотирлантираётгани йўқ. Бироқ Қирғизистон мусулмонларининг муаммолари бугунги кунда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш билан андармон бўлган мамлакат раҳбариятидан кўра халқаро ташкилотларни кўпроқ ташвишлантираяпти, деган тасаввур уйғонади.

Мамлакат муфтийси атрофида вужудга келган эҳтирослар музтоғнинг учи, холос

Қирғизистон мусулмонларининг 2006 йил 29 декабридаги бўлиб ўтган жумъа намози оммавий норозилик намойишларига айланиб кетди. Бу норозилик намойишлари бир пайтнинг ўзида пойтахтда ҳам, республиканинг қатор шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди. Маҳаллий ОАВнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб маълумот беришларича, уларда умумий ҳисобда беш юзга яқин фаоллар иштирок этганлар. Улар орасида куч ишлатар тузилмалар ходимлари таъқиқланган “Ҳизбут-таҳрир” партиясининг ўзлари таниган тарафдорлари бўлганларини кўрганлар. Норозилик билдирувчилар гўё шариат аҳкомларини бузган ва Қурбон ҳайити санасини ўттизинчи декабрга белгилаш ўрнига ўттиз биринчига белгилаган муфтий Муратали Жумановнинг истеъфосини талаб қилганлар.

Шу куни Қирғизистон жанубида жойлашган Жалолобод шаҳрида одатдаги жумъа намозидан кейин уч юзга яқин одам мамлакат муфтийси эълон қилганидай 31 декабрь куни эмас, 30 декабрь куни намоз ўқишга рухсат беришни талаб талаб қилишиб, вилоят маъмурияти биносини пикет қилдилар. Вилоятнинг бош масжиди олдига қарши чора сифатида милиция нарядини қўйган расмийларнинг таҳдидлари ва кўндиришлари норозилик билдирувчиларга таъсир қилмади. 30 декабрь куни мингга яқин мусулмонлар Жалолобод вилоятининг бош масжидида ҳайит намозини ўқидилар. Гувоҳларга кўра, диндорлар аввалда масжид эшигига ҳечам осилмаган қулфни бузиб киришларига тўғри келган.

Ўз навбатида, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (МДБ) Бишкек мусулмонлар жамоатининг юриши ва мамлакат жанубидаги чиқишлар таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси томонидан ташкил этилганини билдирди.

Норозилик билдирувчилар эса мамлакат муфтийсини кўп гуноҳларни содир этганликда, жумладан, коррупцияда айблаганлар. Улар Муратали Жумановнинг 2005 йилда Ҳаж сафарига бора олмай қолган икки ярим мингдан зиёд мусулмонлар қисматини эсдан чиқаришига йўл қўймаяптилар. Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони томонидан Қирғизистонга 4,5 мингта ўрин ажратилганига қарамасдан, етти минг кишига ҳужжат расмийлаштириб олган сафар ташкилотчиларининг айби билан бу мусулмонлар Маккага Ҳаж зиёратига бора олмай қолгандилар. Аммо айбдорлар жазоланмай қолавергандилар.

Ўшанда муфтиёт ҳам, Диний ишлар бўйича агентлик раҳбарлари ҳам бу йил сафарга боролмай қолган зиёратчиларни кейинги мавсумда ёрдам беришга ишонтиргандилар. Бироқ 2006 йилда қирғизистонликларни Ҳажга фақат учоқларда юборишга қарор қилинган. Шу сабабдан учоқ чиптасига пули етмаган кўпчилик мусулмонлар “борт ортида” қолавердилар. Ҳозирги пайтда мамлакат жанубида ва пойтахтда муфтий Муратали Жумановнинг истеъфосини талаб қилаётган мусулмонларнинг бир неча гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида кўрилган зарарни муфтиёт раҳбарлари ҳисобидан ундириш ниятидан қайтмаган ўтган йили Ҳажга боролмаганлар ва уларнинг раҳбарлари ҳам бор.

Расмийлар мусулмонларнинг норозилигига сабаб бўлаётган ва уларни кўчага чиқишга мажбур қилаётган бу масалаларга хотиржамлик билан ёндошмоқдалар: юқори лавозимли амалдорлар, асосан, диннинг қонунан давлатдан ажратилганини ва ўзларининг дин ишларига аралашишларига ҳақлари йўқлигини баҳона қилиш билан чекланмоқдалар. Аснода мамлакат аҳолисининг номусулмон ва “дунёвий” қисми 2006 йилнинг 9 ноябрида президент томонидан имзоланган Конституциянинг янги таҳририда Қирғизистоннинг дунёвий давлат сифатидаги таърифи йўқлигидан ташвишга тушган.

Эҳтимол, бу хавотирлар айрим юқори лавозимли ва маҳаллий раҳбарларнинг “аҳолининг саксон фоизи мусулмон бўлган мамлакатда давлат диндан ажратилган бўлиши мумкин эмас”, деган баёнотлари билан ҳам юзага келган бўлиши мумкин. Аммо бу давлат қай даражада ва шаклда диндан ажратилмаган ёки ажратилган бўлиши – бошқа масала. Мамлакат муфтийси атрофида юзага келган эҳтирослар диний муаммоларни юзага келтирган даҳшатли музтоғнинг устки қисми, холос.

Динни миллат ва ёшга қараб танлайдиларми?

Сўнгги пайтларда Қирғизистон интернет-нашрлари турли диний оқимлар ўртасида юзага келаётган зиддиятлар ҳақида тез-тез ёзадиган бўлдилар. Бу нохуш воқеалар, асосан, анъанавий ислом вакиллари жам бўлиб яшайдиган жойларда “онг учун” курашаётган насроний миссионерлари фаоллиги туфайли вужудга келмоқда. Қирғизистон расмийларининг бош оғриғига айланган таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси фаоллари ҳам мудраб ўтирмаяптилар.

Турли маълумотларга кўра, ўз анъанавий динини насронийлик ва бошқа турли оқимларга алмаштирган Қирғизистон собиқ мусулмонлари бўлмиш прозелитларнинг қарийб тўқсон фоизини қирғизлар ташкил этадилар. Айни пайтда “Ҳизбут-Таҳрир” партияси ва мамлакатда экстремистик ташкилот сифатида фаолияти таъқиқланган бошқа оқимлар сафларидаги ўзбек ёшлари ҳам қарийб шунча фоизни ташкил қилади. Лекин кейинги пайтларда “ҳизбчилар” ўз фаолиятларини мамлакат шимолида ҳам фаоллаштирдилар, у ерда эса қирғизлар кўпчиликни ташкил этадилар.

Жамоатчилик бонг ураётган бу муаммолар ҳақида Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган “Ёшлар, дин ва диний оқимлар” давра суҳбатида ҳам айтилди. Анъанавий дин вакилларининг сектачиларни хушламаслиги ушбу тадбир чоғида ҳам намоён бўлди. Учрашув “Мекен биримдиги” партияси ташаббуси билан вилоят маъмурияти кўмагида турли дин вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Касби физик бўлган Қадирбек Суленов Жалолобод шаҳри мэриясида диний ишлар бўйича мутахассис бўлиб ишлайди ва шу билан бирга қишлоқ масжидларидан бирида имомлик қилади. Унга кўра, турли секталар асосий миллат вакиллари, яъни қирғизлар билан атай ишламоқдалар. “Чунки қирғиз ёшлари кучли эътиқодга эга эмаслар, - деб ҳисоблайди Қ. Суленов. – Сектачилар ўзбекларнинг олдига бормайдилар, чунки улар ўз эътиқодларида қаттиқ туриб, уларни тан олмайдилар”. Шунингдек, у катталар томонидан назоратнинг йўқлиги ва исломга ҳаддан зиёд берилиш ўзбек ёшлари орасида “Ҳизбут-Таҳрир” партияси ғояларини оммалашишига сабаб бўлганини ҳам қайд қилди.

Миллати қирғиз бўлган, “Худо биз билан” протестант жамоати лидери Абдиқапар Сатибалдиевнинг фикрича, қирғизлар ҳеч қачон эътиқодли мусулмон бўлмаганлар ва уларнинг Худони Исо орқали танишларида ҳеч бир ёмонлик йўқ. “Дунёда минглаб динлар мавжуд, - деди у “Фарғона.Ру” мухбирига. – Биз қирғизларнинг бошқа динга ўтаётганидан қўрқмаслигимиз керак. Ёшларимиз гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва қамоққа тушиш ўрнига динни танласалар, бунинг нимаси ёмон?” “Кўпчилик мени “динини сотган” дейди, лекин дин сотилмайди. Худо битта, аммо уни ҳамма ҳар хил атайди. Ниҳоят, мамлакат конституциясига кўра, ҳар бир киши дин ва эътиқод эркинлигига эга”, - дейди у.

Диний оқимларга нисбатан либерал муносабатда бўлишга қарши бўлганларнинг асосий далили диний турфалик диний жабҳада зиддиятлар келтириб чиқариши мумкинлигидир. Шунингдек, улар ҳар қандай одам ўз танловини онгли равишда амалга ошириши кераклигини, ноанъанавий диний оқимлар вакиллари эса маҳаллий ёшларнинг тажрибасизлиги ва саводсизлигидан фойдаланган ҳолда ўз сафларини тўлдираётганларини таъкидлайдилар. Жамиятда одамларнинг кўпчилиги ўз эътиқодларини “пул эвазига” ўзгартираётганлари ҳақида ҳам қатъий ишонч пайдо бўлган.

Вилоят қозиси Абибулла Бапановнинг “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига маълум қилишича, бугунги кунда республикада элликка яқин турли секталар ва диний оқимлар фаолият юритяптилар. Қози диний оқимлар вакилларини миллий мансубиятга қараб бўлиш тарафдори эмас. Унинг фикрича, турли секталар ва оқимларга кириб қолганлар аввал ҳам ҳеч қачон мусулмон бўлмаганлар. “Бу одамлар, гарчи мусулмон ҳисоблансалар-да, аввал ҳам ҳеч қанақа эътиқодга эга бўлмаганлар. Бу уларнинг адашганлар орасига тушиб қолганлардан кейингина маълум бўлаяпти. Чинакам диндорлар ўз динларини ҳеч нарсага алмашмайдилар”, - деб ҳисоблайди у.

Қайд этиш жоизки, фуқароларнинг диний эркинликларини ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам пул эвазига турли эътиқодларни қабул қилаётган ёшларнинг келажагидан хавотирдалар. “Ҳар бир одам диний эътиқод танлаш ҳуқуқига эга, албатта, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов. – Аммо аввал одамларга бу динларнинг моҳиятини тушунтириш керак”.

“Янги ҳаёт” черковига аъзо бўлган Бермет Султанова фақат “ўқимаган ёшлар”гина прозелитга айланмаётганига мисол бўла олади. У “бошқа” динни ёши анчага борганда, давлатга қарашли газетанинг бош муҳаррири бўлиб ишлаб турган пайтида қабул қилган. “Фарғона.Ру” мухбирининг уни дин алмаштиришга нима мажбур қилгани ҳақидаги саволига у қуйидагича жавоб берди: “Менинг ота-онам мусулмон бўлгани учунгина мусулмон ҳисобланардим. Бир куни аҳволим жуда ёмонлашганда масжидга боришга қарор қилдим. Аммо аёлларни у ёққа киритмас эканлар. Мен аччиқландим, кейин эса черковда ўз ўрнимни топдим, у ерда мен руҳий ва жисмоний сиҳатга эга бўлдим”.

Жаҳолат нимадир ва у билан қандай курашмоқ лозим?

Қадирбек Суленовга кўра, жаҳолат илдизи фақат турли секта ва оқимлар таъсири остида “зомбига ва ҳатто руҳоний мутантларга айланаётган” мусулмон ёшларидагина эмас, одамларнинг қалбларига нур ва эзгулик улашишлари керак бўлган имомлар ва муллаларда ҳам яшириниб ётибди.

“Муллаларимизнинг кўпчилиги дин ишларида ҳам, дунёвий фанларда ҳам қолоқ, - деб ҳисоблайди Қадирбек Суленов, - улар Қуръондан турмушда керак бўладиган бир неча сураларни ва дуоларни ўрганиб оладилар-да, одамларни динга даъват қила бошлайдилар”. Унга кўра, дин хизматчилари ҳар жиҳатдан маърифатли бўлишлари керак. “Жоҳилнинг диндорлигидан ва диндорнинг жоҳиллигидан қўрқ, зеро уларнинг ҳар иккиси ҳам офат келтиради”, - дея эслатади Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисини Қ. Суленов. Бироқ, афтидан, давлатда бу муаммога нисбатан бошқача ёндошув борга ўхшайди.

Қирғизистон ОАВ тарқатган хабарлардан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиш мумкинки, охирги пайтларда мамлакат расмийлари минтақада Ислом давлати барпо қилиш тарафдорларига қарши анча радикал чоралар кўра бошлаганлар. Охирги ярим йил ичида мамлакат ОАВ мамлакат жанубида экстремистик оқимларга дохил гуруҳларни йўқ қилиш юзасидан бир неча ҳодисалар ҳақида хабар қилганлар. Интерпол йўналиши бўйича анчадан буён қидирилаётган экстремистлар лидерларидан ташқари йўқ қилинган экстремистлар орасига ўз машинасида муҳтамал икки жангари билан бирга отиб ташланган эътиборли уламо, Қорасув масжидининг имоми Муҳаммадрафиқ Камолов ҳам тушган.

“Озодлик” радиоси қирғиз хизматининг хабар қилишича, ўтган йили фақат Жалолобод вилоятининг ўзидаёқ таъқиқланган ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг 19 фаолига қарши 39 та жиноий иш қўзғатилган. Уларнинг ҳаммаси диний низо қўзғаганликда айбланганлар. Қўлга олинганлардан экспертлар экстремистик ўлароқ баҳоланган кўплаб варақалар ва китоблар тортиб олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари саккиз юздан ортиқ жалолободликларни “ушбу ташкилот таъсирига тушган шахслар” ўлароқ таснифлаганлар.

Шундай қилиб, айтиш мумкинки, расмийлар ўзларини чин мусулмон деб атаётган радикаллар билан курашда ўз позициясини қай бир даражада аниқлаб олганлар. Бироқ, таъкидлаш жоизки, диний экстремистларга қарши эълон қилинган кураш кўпчилик мўъмин мусулмонлар томонидан умуман динга қарши кураш сифатида қабул қилинмоқда. Бу нуқтаи назарни ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам бир қадар асосли, деб биладилар.

“Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг матбуот котиби Абдумалик Шарипов “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида ҳуқуқ-тартибот идораларининг экстремистик оқимларга қарши кураши кўпинча “исломга қарши курашга ўхшаб кетаяпти”, дея билдирди. А. Шарипов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари террорчиликка қарши кураш ниқоби остида кўп ҳолларда оддий мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузаётганларини қайд этди. Шариповга кўра, айни пайтда давлат “мамлакат хавфсизлигига ҳақиқатан ҳам хавф солаётган турли хил шубҳали насоро оқимлари ва бошқа секталар фаолиятига етарлича эътибор бермай келмоқда”. “Уларнинг кўпчилиги ўз ватанларида таъқиқланган, аммо бизда улар бемалол фаолият юритаётибдилар. Агар улар қонунларимизга мувофиқ ишлаётган ва жамиятимизга хавф солмаётган бўлса, ишлайверсинлар”, - дея қўшимча қилди у.

Азалий савол: Нима қилмоқ керак?

Айтиш жоизки, шаклан жўн, мазмунан мураккаб бу савол юзасидан мамлакат расмийлари ва руҳонийлари ягона позицияга эга эмаслар. Расмийлар муаммо анъанавий дин лидерларининг саводсизлиги ва салоҳиятсизлиги туфайли юзага келган, деб ҳисобласалар, дин пешволари ўз навбатида “ушбу муаммоларга етарлича эътибор бермаётган” юқори лавозимли амалдорларга ишора қиладилар. Шу билан бирга, ҳар иккала томон ҳам мамлакатнинг диний жабҳадаги қонунчилиги “ҳаддан зиёд юмшоқ” экани юзасидан бир хил фикрдалар.

Жалолобод православ черкови иерейи Сергий ҳам диний соҳани тартибга солиш учун давлат қонунларни кучайтириши лозим, деб ҳисоблайди. Анъанавий дин хизматчиларининг бу соҳадаги муаммоларни ҳал қилишда роли муҳимлигини тан олган ҳолда, у давлатнинг бу масалада позицияси заифлигидан нолиди.

Жалолобод вилояти губернатори Искендербек Айдаралиев диний жабҳадаги муаммоларни ҳал қилишдаги асосий роль дин ходимларига тегишли, “аммо биз биргаликда ишлашимиз лозим”, деб ҳисоблайди. “Муллаларимизнинг билим савияси, дейлик, “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолариникидан анча паст, - деди губернатор “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги журналистига, - улар ўз ғояларининг тўғрилигига ёшларни ишонтириб, уларни ўз ортларидан эргаштирмоқдалар, бу эса расмий дин ходимларида етишмайди”.

И. Айдаралиевга кўра, агар дин жабҳасидаги муаммолар шу суръат билан ривожланадиган бўлса, “бир-икки йилдан кейин давлатимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин”. Шунингдек, вилоят губернатори дин соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун давлат мафкурасини кучайтириш, “ёшлар учун руҳоний ва аҳлоқий йўналишлар” яратиш лозим, деб ҳисоблайди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам муаммони ҳал қилиш юзасидан ўз фикрларига эга. Масалан, “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси Абдумалик Шарипов, биринчи галда, давлат бу масала юзасидан инвентаризация ўтказиши керак, деб ўйлайди. “Барча диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтгани ҳамда уларнинг низомда кўрсатилган вазифаларига юритаётган фаолиятларининг нақадар мувофиқ келаётганларини текшириб чиқиш зарур, - дейди у. – Кейин эса бу ташкилотлар билан чет эл тажрибасини эътиборга олган ҳолда ишлаш керак”.

“Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раисаси Валентина Гриценко ҳам мазкур муаммо ҳал этишда мамлакатдаги дин пешволари асосий роль ўйнашлари керак, деб ҳисоблайди. “Менимча, улар ўз диний жамоатларидаги аъзоларнинг турли оқимларга кириб кетмаслиги учун иш олиб боришлари керакка ўхшайди, - деди у “Фарғона.Ру” АА мухбирига. – Фуқароларнинг дин ва эътиқод эркинликлари билан боғлиқ ҳуқуқларига келсак, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг онгли танлов амалга оширишлари учун шароит яратиш керак”. Мамлакатнинг дин соҳасидаги қонунчилигини ҳаммага ҳамма нарса учун, “жумладан, ўз ҳатти-ҳаракатлари билан одамларни ўзини ўлдиришга чорловчи секталар ва оқимлар тарафдорларининг фаолияти” учун ҳам рухсат берувчи “ҳайрихоҳона” қонунчилик ўлароқ баҳолади.

Жалолобод вилояти қозисининг ўринбосари Абдрахман ҳожи мактаб дастурларига дин бўйича фан киритишни таклиф қилади. “Агар биз мактабдан бошлаб болаларимизга дин ўргатмасак, кейин ёшларимизга ҳеч нарса ўргатолмаймиз, - деб ҳисоблайди Абдрахман ҳожи. – Бугунги кунда болаларимиз ҳорижда ўқияптилар, улар орасида дипломли мутахассислар бор. Уларга мактаблардан соат бериш керак”. Маҳаллий университетда бошқа фанлардан сабоқ бераётган дин бўйича мутахассис Қадирбек Суленов ҳам олийгоҳларда диншунослик бўйича фан киритилишига ҳаракат қилаяпти.

Давлат амалдорлари сиёсий бўҳронни ҳал қилиш билан банд бўлиб турган бир пайтда, турли дин ва оқим вакиллари муаммони ҳал этиш юзасидан ўз фикрларини билдирмоқдалар. Аммо, таҳлилчиларга кўра, айнан шу нарсанинг ўзи муҳтамал зиддиятни вужудга келтирувчи асосий омил бўлиб ҳисобланади. Масалан, Бермет Султановага кўра, агар минтақадаги барча одамлар насронийликни қабул қилсалар, бу ерда “исёнлар ҳам, инқилобу урушлар ҳам, динлараро ва миллатлараро зиддиятлар ҳам бўлмайди. Ёшлар меҳрибон, меҳнатсевар ва тарбияли бўлади”.

Маҳаллий аҳоли орасида фақат мусулмонларни кўришни истаган мусулмон руҳонийларининг позицияси ҳам қатъий. Вилоят қозиси Абибулло Бапанов “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига “ислом энг тўғри ва мақбул дин, бошқа динлар эса нотўғри”, дея билдирди. Шу билан бирга, у “Қуръонга кўра исломни куч билан ёйиш мумкин эмас”, дея қайд этди. “Ҳар бир киши Парвардигор томонидан ато этилган ақл билан ўзига йўл танлаши керак”, - дейди у “бугунги кунда бутун дунёдаги таниқли олимлар, бошқа динга мансуб, ҳатто Рим папаси атрофидаги уламолар” исломни қабул қилаётганларини қайд этаркан.

Маҳаллий ёшлар орасида “динни пок ҳолда сақлаб қолиш” учун “Мекен биримдиги” партиясининг ёш аъзоси Рустам Алимбаев ҳатто демократик қадриятларни қурбон қилишга ҳам тайёр. “Менимча, демократия ҳар бир секта ўз сиёсатини олиб боришига ёрдам бераяпти, - дейди Алимбаев. – Давлат уларнинг фаолиятини маън қилсин ёки чекласин”.

Бошқарув ва сиёсий таҳлил масалалари бўйича эксперт Суюнбек Сирдибаевнинг “Tazar.kg” интернет-газетасига берган интервьюсида айтган фикрига қўшилмай бўлмайди: “Холисона айтганда, бугунги кунда Қирғизистондаги давлатнинг роли кўпроқ тараққиёт жараёнларини секинлаштиришга қаратилган. Эҳтимол, бугунги кунда давлатнинг роли ҳаммамиз риоя қилишимиз лозим бўлган реалроқ стандартларни аниқлаб беришдан иборат бўлиши керакдир, ўшанда давлат кўпроқ интизом жорий бўлишини кутса бўларди”.

Бу сўзларни диний соҳага ҳам нисбат бериб айтиш мумкин.