19:56 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқанддаги ёш журналистлар мактабининг собиқ тингловчилари махсус хизматлар тазйиғига дучор қилинмоқдалар

05.01.2007 17:58 msk

Ўз ахб. (Самарқанд)

Яқиндан бери журналист бўлишни истаган, аммо қадрдон шаҳарларида журналистика факультетлари бўлмагани учун бу касбга эга бўла олмаётган самарқандликларда журналистика бўйича ҳеч бўлмаганда бошланғич маълумот олиш имконияти пайдо бўлганди: шаҳарда ёш журналистлар мактаби (ЁЖМ) ташкил этилганди. У бир неча маҳаллий журналист ташаббуси билан “Ўзбекистон Миллий матбуот маркази” ноҳукумат нотижорат ташкилотининг ҳозирда тугатилган Самарқанддаги филиали базасида Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси кўмагида очилганди. Мазкур лойиҳадан мақсад журналистика билан қизиқувчи талабалар ва ўқувчилар учун қатор тренинглар ўтказиш бўлган.

Мактаб бир йил фаолият юритган. Якшанба кунлари мактабда тингловчиларни журналистика асослари билан таништирувчи тренинглар ва мастер-класслар ўтказиб турилган. Самарқанддаги амалиётчи журналистлар машғулотлар чоғида телевидениедаги жанрларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида, радиожурналистика хусусида ва матбуотдаги иш тўғрисида гапириб бергандилар. Бу ерда бўлажак мутахассислар ва иш берувчилар бир-бировларини кўриб, келажак учун режалар тузардилар.

Бироқ мактаб ёпилганидан бироз ўтгач, олдин чет эл ахборот агентликларида ишлаган журналистлардан таълим олиш нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлиги маълум бўлди.

Самарқанддаги олийгоҳларда бирида ўқийдиган ЁЖМ собиқ тингловчиларидан бири яқинда уни ректоратга чақиришиб, мактабда “амалдорларнинг ичидан маълумотни суғириб олиш ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган турли нарсаларни ёзиш”га ўргатганларини таъкидланган аризага имзо чекиб беришни талаб қилганларини айтади. Талаба аризанинг тагига имзо чекишдан бош тортган, аммо уни бу мактабларнинг қанақалигию унда нима ўргатилиши ҳақида хат ёзиб беришга мажбур қилганлар.

- Мен ўзим учун бир нарсани кашф қилдим! Маълум бўлишича, олийгоҳимиздаги жуда кўп ўқитувчилар МХХга (миллий хавфсизлик хизмати – таҳр.) ишлар эканлар! – дейди истеҳзо билан талаба. – Энди мен улар билан эҳтиёт бўлиб муомала қиламан. Мен уларни тузуккина ўқитувчилар деб ўйлардим, улар эса чақимчилик билан шуғулланар эканлар... Мен сизлардан ҳатто исм-фамилиямнинг бош ҳарфларини ҳам кўрсатмасликни илтимос қиламан: чунки ҳали бу ерда ўқишим керак. Келажакда магистратурага кирмоқчиман, лекин Ўзбекистонда ўқимайман. Аммо барибир қачонлардир бу кунлардан бошимдан кечирганларим ҳақида албатта ёзаман.

Бу ёш йигит юзага келган вазият ҳақида гапириб беришни истаган ягона талаба бўлди, десак муболаға бўлмайди. Қолганлар қўрқишиб, бу мавзу ҳақида бегона одам билан гаплашишни истамайдилар. Самарқанд олийгоҳлари бошқа талабаларининг ЁЖМ тренингларига қатнашгани учун таъқиб қилингани ҳақида мен бир талабанинг отасидан эшитдим. Унга кўра, фақат унинг ўғлинигина эмас, олийгоҳнинг бошқа талабалари ҳам майдонга чорланган.

- Уларни [олийгоҳ раҳбариятини] қуйидаги саволларга жавоблар қизиқтирган: сен ёш журналистлар мактабига борганмисан? бизнинг талабаларимиздан мактабга кимлар борган? ундаги машғулотлар қай тарзда ўтган ва қандай машғулотлар ўтиларди? уларни ким ўтказарди? қайси сайтларга мақола тайёрлар эдингиз? Трибун.уз сайтига эмасми? – дейди ота. – Ўғлимга тайёр тушунтириш хати ёзилган “шпаргалка” беришибди, унда юқоридаги савол-жавоблар ёзилган экан. Энг асосийси “Сиз сертифат олганмисиз?” деган савол экан. Лекин улар ҳеч қанақа сертификат олмаганлар.

- Мазкур Мактаб собиқ тингловчиларини таъқиб қилинишига сабаб лойиҳанинг Америка жамғармалари томонидан молиялаштирилганию АҚШ элчихонаси томонидан қўллаб-қувватлангани бўлса керак, - деб ҳисоблайди Мактабда журналистика асослари бўйича тренинг ўтказган журналист.

Бошқа бир суҳбатдошим эса ёш кадрларни таъқиб қилинишини уюштирган ташкилотчиларнинг ҳатти-ҳаракатларини бутун жамият учун ташвишли белги деб атади.

- Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирида профессионал ўқитувчилар ва ўқув материалларининг етишмаслиги баҳонаси билан бутун Ўзбекистонда журналистика факультетлари ёпилганди. Фақат пойтахтгина бундан мустасно қолди. Лекин агар етарли даражада кадр тайёрланмайдиган бўлса, профессионал журналистлар етишмаслиги муаммосини қандай ҳал қилиш керак? – дейди суҳбатдошим ҳайрон бўлиб. – Қатъийроқ қилиб айтганда, талабаларнинг дарсдан кейин нима билан шуғулланиши проректорга ҳам, олийгоҳ ректоратига ҳам мутлақо қизиқ эмас. Афтидан, буюртма махсус хизматлардан тушган бўлса керак, шунинг учун ҳам олийгоҳдагилар қўрққанларидан уларнинг топшириқларини бажармоқдалар. Даҳшатлиси шуки, ёшларни жасур ва масъулиятли қилиб тарбиялаш ўрнига, уларнинг ҳали шаклланиб улгурмаган онгига қўрқув сингдиришга ҳаракат қилаяптилар.

Ёш журналистлар мактаби тингловчиларидан бирининг фикрича, расмийлар бу ҳаракатлар билан жамият, мамлакат тақдирига ёшларнинг янгича ва холисона қараши қизиқ эмаслигини ҳамда манфаатли эмаслигини англатиб қўймоқчилар.

- Мен ҳозирда таъқиб қилинаётганларни яхши танийман. Улар ўз материалларида шаҳар ва жамиятдаги муаммолар ҳақида холисона ёзишга ҳаракат қилардилар, - дейди тингловчи. – Улар кўрган-билганлари ҳақида қўрқмасдан ёзардилар, ўйлаганларини чўчимасдан айтардилар. Шунинг учун ҳам уларни қўрқитиб қўймоқчилар. Мен бу болаларнинг феълини биламан, шунинг учун ҳам, агар улардан бири шунча таъқиб-тазйиқлардан кейин ҳам ҳақиқатни ёзишда давом этса, бунга ҳайрон бўлмайман.

Суҳбатни давом эттирар экан, бу қиз тазйиқларга қарамай, мактабда олган билим ва малакаларини такомиллаштиришда давом этаётганини қайд этди. “Мен Мактабда ўтган тренинглардан кейин баъзи тингловчилар яхшироқ ёза бошлаганларини биламан, бугунги кунда уларни таҳририятларда тан ола бошладилар, улар (журналист бўлиб) ишлаяптилар ва ўзлари севган ишни ташламоқчи эмаслар”, - дея таъкидлайди ҳамсуҳбатим.

Самарқанддаги ОАВдан бирининг муҳарририга кўра, шаҳарда профессионал мутахассислар етишмаслиги жуда билинаяпти. “Яқинда раҳбарият Самарқанд шаҳридаги машҳур кишилардан жўнгина интервью олиш ва эфирга тайёрлаш бўйича топшириқ берди, - дея ҳикоя қилади Самарқанд телевидениеси муҳаррирларидан бири. – Мен бу ишни ёш журналистларимиздан бирига топширдим, аммо у буни уддалаб бажара олмади. Кейин халқаро ташкилотларда тренингдан ўтган кишидан ёрдам сўраб мурожаат қилишга тўғри келди”.

- Мен эндиликда ёшларимизнинг бундай курсларга бора олиш имкони йўқлигидан таассуфдаман. Журналистика билан шуғулланишни истаганлар эса энди ўзларига алоҳида устоз қидиришларига тўғри келади, бошқа йўлни кўрмаяпман, - дейди Самарқанд вилоятидаги бир газета таҳририятида ишловчи журналист аёл ўкинч билан. – Вилоятлардаги оммавий ахборот воситаларига профессионал журналист етиштириб бериши мумкин бўлган Тошкент олийгоҳларининг журналистика факультетлари битирувчиларига келсак, мен уларнинг қайтишларига унча ишонмайман. Пойтахтдаги ҳаётни кўрган ёшлар вилоятларга қайтгиси келмаса керак.

Қайд этиш жоизки, ЁМЖ тингловчилари томонидан тренинг чоғида ва ундан кейин тайёрланган материаллар маҳаллий телевидение ва радио (СТВ), шунингдек, вилоят газеталари (“Самаркандский вестник” ва бошқалар) муҳаррирларида қизиқиш уйғотган. Айрим мақолалар Ўзбекистоннинг янгиликлар сайтларида (Трибун.уз, Самарқандинфо ва бошқалар) чоп қилинганди. Юқорида зикр этилган талабанинг отаси қайд этишича, айнан Интернетда чоп қилинган материаллар бу ёшларнинг унча ишончли эмаслиги юзасидан шубҳаю гумонлар туғилишига сабаб бўлган.