21:57 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мила Асанова: “Агар ногирон одамларга ўз ҳаётини ўзгартиришга имкон берилса, жамиятда кераксиз ва камситилган фуқаролар сони камаяди”

01.01.2007 09:43 msk

Дилдора Аҳмаджонова

Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида Ногирон аёлларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси очилишига тайёргарлик кўрилаяпти. Жамғарманинг асосий мақсади ногирон аёллар ва уларнинг оилалари иқтисодий мустақиллигини таъминлаш учун шарт-шароит яратишдир. Жамғарма ташкилотчиларидан бири - Мелия (Мила) Асанова ўзига хос тақдир эгаси бўлган аёлдир. Ёшлигида умуртқаси қаттиқ шикастланган Мила руҳини туширмай, ўзини қўлга олган. У бугунги кунда тўлақонли турмуш кечирибгина қолмай, бошқа одамларга ҳам ёрдам бермоқда.

Мила ногиронларга ёрдам бериш билан шуғулланувчи “Ҳаёт” маркази ташаббускори ва раисаси, 2006 йилнинг октябрида тузилган Ижтимоий ташаббуслар жамғармаси директорларидан биридир. У “ногиронлар яхши оила ҳам қуролмайдилар, мустақил пул ҳам тополмайдилар, ростмана шахсга ҳам айланолмайдилар” каби одамлар кўникиб қолган фикрларни бир умр инкор қилиб келган аёллардан. Мила олийгоҳни битирган, турмушга чиққан, қизли бўлган, ўзининг жамоатчилик ташкилотини очган, халқаро семинарлар ва анжуманларда иштирок этиб келмоқда – бир сўз билан айтганда тўрт мучаси соғ одамлар ҳавас қилса арзигулик ҳаёт кечирмоқда.

- Автоҳалокатда жароҳат олганимдан кейин ўтган давр ичида мен ўз устимда тўхтовсиз ишладим, - дейди Мила. – Кўп ўқидим. Ахир одам ўсиши керак. Чунки олға юрмасанг, ортга кетасан, ўртада қолиш имконсиз. Миям моғорлаб кетмаслиги учун майда маиший ташвишларга шўнғиб кетмадим. Шу нарса мени қутқарди.

Ишга киришга ҳаракат қилдим. Газетада берилган эълонлар бўйича қўнғироқ қилдим, мутахассис сифатидаги фазилатларимни санаб бердим. Улар менга “келиб кўринг” дейишарди. Аммо мен биринчи гуруҳ ногирони эканимни айтганимдан кейин, “узр, бизга тўғри келмас экансиз”, дея жавоб қилишарди. Улар мени профессионал жиҳатдан яроқсиз бўлганим учун эмас, касал одам билан алоқа қилишни истамаганлари учун ишга олишни хоҳламас эдилар. Ахир бизда, таассуфки, “ногиронми, демак, касал” деган қатъий ишонч мавжуд. Аммо мен ўзимни касал одам деб билмайман! Ҳатто соғлом аёлдан кўра кўпроқ иш қилишим мумкин. Бунақа аёллар кўп. Биз ногиронлик касаллик эмас, турмуш тарзи эканига барчани ишонтиришга уриниб, бу стереотип билан фаол курашмоқдамиз. Агар ҳаракат қилувчи қайсидир аъзолар имконияти чекланган бўлса, бу ақлий ёки жисмоний имкониятлар ҳам чекланган дегани эмас-ку. Бунақа қараш тубдан хатодир. Масалан, мен юришни талаб қилмайдиган, ўтириб қилинадиган бирор-бир ишни бемалол бажаролган бўлардим – кадрлар бўлимидами, бухгалтериядами...

Мен бу муаммо бўйича жам бўлиб қийин аҳволдан чиқишга ҳаракат қилаётган одамлар бирлашмалари, жамоатчилик ташкилотлари ҳақида тасодифан эшитиб қолдим. Мен бизнинг уйда ўзимдан ташқари ўз қаватидан пастга тушолмайдиган яна иккита ногирон борлигини билардим. Менинг ўзим эса октябрь ойида учинчи қаватга чиқиб, фақат май ойи келгандан кейингина пастга тушардим. Чунки, биринчидан, лифт ишламайди, иккинчидан, кўчага чиқиб нима ҳам қилардим? Ахир мен борадиган тайинли бир жой ҳам бўлмаса...

Кейин мен Саттепо мавзесида яшайдиган бу одамларни йиғдим. Собесга бориб, ногиронларнинг рўйхатини олдим, уларга қўнғироқ қилиб, уйимга таклиф қилдим. Шу тариқа ногирон аёллар тўгараги пайдо бўлди. Ногирон қизлардан бири бизларни тўқишга ўргатди ва биз шиппак-пайпоқ тўқиб сотиб, пул топишни ўргандик. Аста-секин моддий қийинчиликлардан қутулдик.

Ўз жамоатчилик ташкилотимизни очишга қарор қилган пайтимизда уни “Ҳаёт” деб номладик. Чунки биз ҳаётга жуда чанқоқ эдик! Ўзимиз яшашимиз ЛОЗИМ бўлган эмас, биз яшашни ИСТАГАН ҳаётга чанқоқ эдик. Биз шўрва пиширишу болалар кетлигини чайишдан кўпроқ иш қилишга қодирлигимизни ҳис қилардик.

Мен турли семинарларга қатнай бошладим, улар ўша пайтларда Самарқандда турли жамғармалар томонидан кўп ўтказиларди. Кейин психолог ва ҳуқуқшунос билан биргаликда “Ногирон аёллар мустақил ҳаёт учун ҳаракатда” дастурини ёздим. У ўзимнинг шахсий тажрибам ва дугоналаримнинг тажрибаси асосида тузилган бўлиб, юридик ва психологик жиҳатдан қайта ишланганди.

“Ҳаёт” маркази 1999 йилнинг декабрь ойида рўйхатдан ўтган. Расмий мақом турли жамғармалар билан ишлашга, семинарларга боришга, тажриба алмашишга имкон берган. 2001 йилда Американинг ногиронлар муаммолари билан шуғулланувчи “Мобилити интернешнл” ташкилоти ўзбекистонлик ўн беш ногирон аёлни Қўшма Штатларга таклиф қилади. Бир тасаввур қилиб кўринг: йиллаб ўзлари истиқомат қиладиган қаватлардан тушмайдиган, ҳатто ўз шаҳрини ҳам билмайдиган, оилада боқиманда деб қаралувчи одамлар бирданига чет элга борсалар! Кимдир аравада, кимдир ҳасса таяниб, кимдирнинг кўзи яхши кўрмайди, кимнинг қулоғи яхши эшитмайди...

Бугунги кунда биз фақат Самарқанддагина ишламаймиз, балки ўз фаолиятимизни бутун мамлакатга ёймоқдамиз. Бир неча лойиҳа ишлаб чиқиб, қатор йўналишлар бўйича ишламоқдамиз, улардан энг асосийси ногиронларни иш билан таъминланишидир.

Сотрудники центра «Хает»
“Ҳаёт” маркази ходимлари. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Ногиронлар одамларнинг ёпиқ тарзда турмуш кечирадиган тоифасига кирадилар. Улар ёнимизда яшаганлари билан, уларни кўрмаймиз. Улар қандай яшаётганларини, қандай ўй-хаёллар билан умргузаронлик қилаётганларини ҳеч ким билмайди. Фақат Самарқанд вилоятининг ўзидаёқ 90 минг ногирон бор. Аҳолининг 10 фоизини жамиятдан ажратиб ташлашнинг имкони йўқ! Бу нотўғри, адолатдан эмас. Ундан ташқари, бу жамиятда иқтисодий малолатни туғдиради. Ахир, битта ногиронни туғилганидан вафот этгунича боқиш давлатга қанчага тушади? Пенсиялар, дотациялар, уларга қараб турадиган одамларга ойлик тўлаш, яъни бу давлат бюжетидан молиялаштириладиган бутун бошли бир жараёндир. Хўш, бу пулларни ким тўлайди? Солиқ тўловчилар. Лекин агар ногирон туғилган бола учун мактабда ўқишга, университетда таълимини давом эттиришга, ишлашга шароит яратилса, у ўзини ҳам боқади, давлат хазинасига солиқ ҳам тўлайди. Агар бир марта шу тарзда маблағ сарфланса, бу кўп йиллик муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берган бўларди.

Мила Асанова аминки, агар ногирон одамларга ўз турмушини ўзгартириш имкони берилса, уларда ўзларига, ўзларининг ижодий имконияту иқтидорига нисбатан ишонч пайдо бўлади, жамиятда эса ўзларини кераксиз ва камситилган ўлароқ ҳис қилувчи фуқаролар камаяди. Аммо бу ишнинг амалга ошиши учун жамиятнинг ногиронлар муаммосига нисбатан қарашларини ўзгартириш лозим. Ногирон одамлар фақат тўлақонли турмуш билан яшабгина қолмасдан, бошқаларга ҳам ёрдам бериши мумкинлигига ўрнак кўрсатаётган “Ҳаёт” маркази ҳамда унинг раҳбари Мила Асанова бутун куч-ғайратларини айнан шунга сарфламоқдалар.