20:42 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Чимкентда «Этнодизайн-кеча ва бугун» анжумани бўлиб ўтди

28.12.2006 13:09 msk

Меҳрибон Бекиева

“Этнодизайн-кеча ва бугун” анжумани Жанубий Қозоғистонда илк бор ўтказилаяпти. Вилоятда шу пайтгача айни йўналишда бирорта тадбир ҳам амалга оширилмаган. Вилоят дизайнерлар уюшмаси раиси Ботирхон Давронбековга кўра, тадбирни эндиликда ҳар йили анъанавий равишда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Замонавий модани миллий анъаналар услуби билан уйғунликда ривожлантириш тадбирнинг асосий мақсадларидан биридир. Тадбирдан либослар намойиши (fashion-show) ҳам ўрин олган. Унда вилоятдаги олий ва ўрта билим юртларининг дизайн бўлимлари талабалари билан биргаликда профессионал дизайнерларнинг моделлари кўриги намойиш қилинди. Тўй ва ҳашамларда, кундаликда кийишга мўлжалланган қозоқ миллий либослари билан биргаликда ўзбек атласларидан тикилган замонавий кўйлаклар кўриги ҳатто ҳакамлар ҳайъати аъзоларини ҳам ҳайратга солди.

“Миллий дизайн мактаби кечагина пайдо бўлгани йўқ. У халқ билан бирга яшаб келаяпти. Айтиш мумкин, у тўрт минг йиллик тарихга эга. Бугунги миллий либослар кўригини томоша қилиб, унинг ҳануз тирик эканлигига, халқ билан баробар яшаб келаётганлигига яна бир бор амин бўлдим”, - дейди “Этнодизайн” жамияти раиси Омонжўл Найманбой.

“Этнодизайн” термини бундан йигирма йил аввал муомалага киритилганлигини айтади Омонжўл Найманбой: “Бу Санкт Петербургда бўлганди. Ўшанда “Этнодизайн” терминини муомалага киритишни айнан биз таклиф қилгандик. Тўғри, бошида бу сўзни исботлашимиз анча қийин кечган. Бугун ёш дизайнерларнинг ишини кўриб, уларда халқ этнографиясидан кенг фойдаланганликларига гувоҳ бўлиб ўшанда хато қилмаганлигимизни англадим”.

Мазкур тадбир вилоят дизайнерлар уюшмаси билан вилоят ички сиёсат департаменти ҳамкорлигида уюштирилди.

“Кўз билан кўрсанг юрак билан сезасан. Бугунги либослар кўригидан жуда таъсирландим. Биз аждодларимизни унитмаганмиз, тарихимизни биламиз. Миллий анъаналаримиз умрбоқийдир”, - дейди вилоят ички сиёсат департаменти раҳбари Баҳодир Наримбетов.

Санъат арбоби Савле Папоновага кўра, Жанубий Қозоғистонда халқ ҳунармандчилигининг бой мероси мавжуд.

“Жанубий Қозоғистон хазинага ўхшайди, қазсанг чиқаверадиган. Бу ерда миллий анъаналаримизнинг гўзал намуналарини учратасиз. Ҳар бир халқ ўз миллий маданияти ва санъати билангина гўзал. Биз бошқаларнинг маданиятига ёки санъатига ҳавас қилиб, уни ўзлаштириб олгандан кўра ўз миллий анъаналаримизни ривожлантирганимиз маъқул”, - дейди С. Папанова.

Соҳа мутахасислари фикрича, мазкур тадбир, ёш дизайнерлар дунёқарашининг кенгайишига, иқтидорли ёшларнинг мода оламида ўз услубларини топишига кўмаклашади.

Тадбир доирасида кўргазма ҳам ташкил қилинган бўлиб, ундан 200 га яқин ижодий иш ўрин олган. Бу ерда қозоқ миллий қўл ҳунармандчилиги намуналарининг барча турларини учратасиз. Кўргазмада миллий тўқимачилик намуналари, каштачилик, заргарлик буюмлари каби халқ ҳунармандчилиги намуналарининг “стенд”лари намойиши ташкил қилинди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Дархан Мингбайга кўра, ҳозирги замонда дизайн санъатини ривожлантириш жуда муҳим.

“Замонавий дизайнни миллий анъаналаримиз билан мутаносибликда ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Бугунги тадбир бу соҳадаги биринчи қадам. Яратилган нарсалар намойишини тез тез уюштириб туриш лозим. Биз яқин орада реклама дизайни бўйича ҳам катта бир анжуман ўтказишни режалаштирганмиз”, - дейди Дархан Мингбай.