10:27 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон “Сталини” ва “хрушчевлари”: янги расмийлар Ниёзовдан мерос олинган сиёсий тизимни ўзгартириш заруратига дуч келдилар

27.12.2006 16:29 msk

С. Шерматова

Сын Туркменбаши Мурад. Кадр с экрана туркменского телевидения
Туркманбошининг ўғли Мурод. Туркманистон телевидениесидан олинган кадр
Туркманистон сталинча тоталитар тизим қолдиғи сифатида – республика раҳбари вафотига боғлиқ воқеалар хусусидаги кўп мақолаларнинг тезиси ана шундай. Гарчи муаллифлар тўғридан-тўғри “Туркманбоши - Сталин”га ўхшаш қиёсларни келтирмаган бўлсалар-да, барибир тарихий таққослашлар “ўзани”га “тушиб” қолаверардилар. Агар бу мантиққа суяниладиган бўлса, “Сталин”дан кейин республика раҳбариятига “хрушчевлар” келишлари керак.

Сталинчиликми?

Бу мамлакатда хрушчевча илишни кутиш иши чўзилиб кетиши мумкин. Энг аввало, бу Ниёзов томонидан яратилган режим барибир сталинча режимдан фарқ қилгани учун бўлса керак. Туркманбоши давлат тузилмаларига эмас, (хўжайиннинг кўрсатмаларига мувофиқ) бутун мамлакатни назорат қилган яқинларининг тор доирасига суянарди. Агар тарихдан бу каби тизимга ўхшашини қидирадиган бўлсак, шоҳ Иван Грозний опричнинаси даврига мурожаат қилиш керак бўлади.

Временный президент Г.Бердымухаммедов
Муваққат президент Ғ. Бердимухаммедов
Оддий одамларнинг ҳаёти ва тақдири Ниёзов “опричник”лари бўлмиш министрлар, маъмурият бошлиқлари қўлидадир. Аммо уларнинг ўзлари ҳам хослар даврасига қўшилар эканлар, хўжайиннинг хурмача қилиқларидан иҳоталаниш кафолатига эга эмасдилар. “Ишончли” одамлар вақти-вақти билан алмашиб турардилар: улар коррупцияда (ёки бошқа гуноҳларни содир этганликда) айбланиб, судга тортилардилар. Тозалаш тизимидан, маълумки, Сталин ҳам фойдаланган. Туркманбоши атрофидаги одамларни алмаштириб турар экан, “опричниклар”га алоқалар ошириш, гуруҳларга бўлинишга имкон бермасди ва шу тариқа сарой тўнтаришига имкон бериши мумкин бўлган энг майда сабабнинг ҳам олдини оларди. Шу сабабдан президент атрофида ҳеч қанақа таъсир гуруҳлари пайдо бўлишига имкон йўқ эди. Агар совет тизими коллектив “доҳий” (масалан, сиёсий бюро), қабул қилинган қарорлар учун доҳий билан бирга жавоб берадиган сафдошлар бўлишига йўл қўйган бўлса, Ниёзов даврида Туркманистонда бунга ўхшаш тизим мавжуд эмасди.

Туркманистон саройида сиёсий тизимнинг бир қисми бўлган ўз маленковлари, бериялари, хрушчевлари йўқ, шунинг учун ҳам хўжайин вафотидан кейин ҳақиқий ҳокимият мутлақо мантиққа мувофиқ равишда энг ишончли “опричник” (опричниклар) қўлига ўтди. Бунақа ворислар даврида хрушчевча илишга ўхшаш ҳодисалар бўлиши мумкин эмас.

Либераллашувми?

Режимнинг либераллашуви учун, энг аввало, янги мафкура ташувчилари зарур бўлади. Бу одамлар Ниёзовнинг рақиблари бўлмиш мухолифатчилардир, аммо уларда сиёсий жараёнда иштирок этиш имконияти деярли қолмади. Мухолифат учун чегаралар ёпиқ. Мухолифатчилар хизматидан фойдаланишни режалаган Европа авиаширкатларидан бирига Ашхободга қатнаш учун рухсат бермай қўйдилар.

Эътиборга сазовор жойи шуки, Европа ва Америка сиёсатчилари ҳам Ниёзовнинг рақибларини қўлламадилар, ҳокимиятни вақтинча топширишга дохил Конституция бандларининг бузилиши (сайловларгача президент вазифасини бажариб туриши лозим бўлган парламент спикерининг ҳибсга олиниши) ҳам халқаро ҳамжамият эътиборини ёнлаб ўтиб кетди. Бундан Ғарбдагилар янги расмийлар билан келишиш пайти келганда кўприклар ёқилиб кетган бўлмаслиги учун кескин фикрлар айтишдан сақланаяптилар, деган тасаввур уйғонади.

Агар Европа Иттифоқи ёки АҚШ учун жозиб бўлган, аммо ҳозирча фақат қоғоздагина мавжуд бўлган газ қувурлари йўналиши тақдири янги расмийлар қарорига боғлиқ бўлажагини ҳисобга олинса, хорижий давлатларнинг Туркманистонга бўлган қизиқишлари сабаби ойдинлашади. Шунинг учун ҳам прагматикларча кутиш ёндошуви танланган бўлса керак. Бунинг устига, Туркманистон энергетик заҳиралар истеъмолчилари томонидан қўйилган икки талабга – барқарорлик ва газнинг узлуксиз узатилиши талабларига ҳозирча жавоб бериб турибди. Ашхободда тартиб ҳукмрон, газ узатилишига келсак, президент вазифасини бажарувчи Ғ. Бердимухаммедов махсус баёнот билан халқаро мажбуриятларнинг барчасини бажаришга сўз берди.

Бироқ барқарорликни таъминлаш формуласига Ниёзовга қўйилган ҳайкалларни эритиб ташлашга ваъда қилган мухолифатнинг сиёсий жараёнга аралашуви ҳечам мос тушмаяпти. Режим мухолифларининг мамлакатга қайтиши ҳокимиятни тақсимлаш билан банд бўлган ичкаридаги ўйинчиларга фойдали бўлмагани каби ташқи ўйинчиларга ҳам (ҳар ҳолда, ҳозирги пайтда) фойдали эмас. Марказий Осиёдаги демократлашув жарани, Қирғизистон мисолида кўринганидек, муайян истиқрорсизликни ҳам вужудга келтиради. Шахсга сиғиниш атрибутларининг йўқ қилиниши ҳозирги Туркманистонда сталинизмни фош қилишдан кўра кучлироқ безовталик пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.

Агар шахсга сиғиниш танқид остига олинадиган бўлса, Туркманистон “Хрушчев”и олдида “Ниёзов шахсига сиғинишни қайси позициядан туриб танқид қилиш лозим?” деган савол пайдо бўлади. Демократик қадриятлар позициясидан турибми? Аммо бу қадриятлар аҳолининг аксар қисми учун тушунарсиз. Бундан ташқари, бу рамзларни йўқ қилган “хрушчевлар” янгиларини барпо қилишлари зарур бўлиб қоларди... Бу жиҳатдан Никита Сергеевичга анча осон бўлганди, ахир Ленин даврида барпо қилинган мафкуравий (давлат) рамзларни алмаштиришга тўғри келмаганди-да. Бу Туркманбоши давлати ўзгармай қолаверишини англатадими?

Модификация

Йўқ, ҳар ҳолда, ўзгарса керак. Ҳозирнинг ўзидаёқ янги расмийлар ўзларига теккан сиёсий тизимни ўзгартириш (модификация қилиш) заруратига дуч келдилар. Бу, энг аввало, янги президент сайлаш зарурати билан боғлиқ. Маълумки, Туркманистон президентни 1992 йилда биринчи ва ягона марта сайлаган. Амалдаги Конституция ва сайлов қонунчилиги президентни сайлаш тартибларини баён қилмаган. Шунинг учун ҳам Халқ Маслаҳати (мамлакатнинг олий вакиллик органи) мажлисида бу ҳужжатларга ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, Халқ Маслаҳати мажлисида давлатнинг олий лавозимига номзодлар ҳам аниқланди. Гарчи жараённи бировнинг қаттиқ қўли (тахмин қилишларича, бу Ниёзов шахсий қўриқчилик хизмати бошлиғи Ақмурад Режепов қўли) назорат қилиб тургани юзасидан жидди й гумонлар мавжуд бўлса ҳам, жараён бошланди.

Президент сайлаётган (сайловлар эса кейинги йилнинг 11 февралига белгиланган), бунинг устига бир сайловида бир неча номзод иштирок этаётган Туркманистон эндиликда Туркманбоши мамлакати эмас. Маълумки, 1992 йилдаги сайловларда Сапармурод Ниёзовнинг рақиблари мутлақо бўлмаган.

Албатта, мамлакатнинг ўтмиши ва фуқаролик жамияти мутлақо йўқлиги ҳисобга олинса, республика кучли авторитар ҳокимиятли мамлакатлигича қолаверади, нисбатан ёпиқликни сақлаб қолади. Аммо шахсга сиғиниш атрибутлари секин-аста йўқолиб боради, чунки уларни фақат муаллифнинг ўзи ёки унга қариндош бўлган меросхўр сақлаб қолиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам Ашхобод майдонлари ва кўчаларида бошқа портретларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли бор.

Афтидан, ҳокими мутлақ режими даври уни барпо қилган киши билан бирга кетган кўринади. Эндиликда Туркманистон сиёсий тизими қўшни Ўзбекистон ва Тожикистон авторитар режимлари ўхшай бориб, аста-секин ўзгара бошлайди.

* * *

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА: Санобар Шерматова – Марказий Осиё бўйича эксперт, мустақил журналист, “Новости” РАА экспертлик кенгаши аъзоси. Мақола “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги учун махсус ёзилган.