02:05 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Душанбеда “Россия ва Ўрта Осиё: маданиятларнинг тарихий мулоқоти ва ўзаро таъсири” анжумани бўлиб ўтди

27.12.2006 01:17 msk

Виктор Дубовицкий (Душанбе)

2006 йилнинг 20 декабрь куни Душанбеда Н. П. Остроумов таваллудининг 160 йиллигига бағишланган “Россия ва Ўрта Осиё: тарихий мулоқот ва маданиятларнинг ўзаро таъсири” республика илмий-назарий анжуман бўлиб ўтди.

Россия-Тожикистон (славян) университети, Душанбе давлат педагогика университети, А. Тожикистон Фанлар академияси Дониш номидаги Тарих, археология ва этнография институти ҳамда Тошкент православ диний семинариясидан келган тарихчи, маданиятшунос ва диншунос олимлар жам бўлган анжуманда Россия ва Ўрта Осиё ўртасида маданий мулоқотнинг йўлга қўйилиши ва ривожлантирилишининг ўзига хос хусусиятларига; маданий айирбошлаш унсури сифатида юзага чиққан илмий тадқиқотларга; Россия илмий жамоатчилигининг Ўрта Осиё ҳудуди ва аҳолисини тадқиқ этиш бўйича фаолиятига; маданий айирбошлашда Ўрта Осиёдаги рус-тузем мактаблари тизимининг ролига; Марказий Осиё матбуоти ва матбаа тизимининг барпо қилинишига; маданий айирбошлашда Рус Православ Черковининг ўрнига бағишланган ўн тўққиз маъруза тақдим этилди.

Фалсафа фанлари номзоди Т. К. Саидованинг “Миллий маданият анъаналари сақланишининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида” деб номланган маърузаси Совет Иттифоқи парчалангандан кейин рус маданиятининг тожик маданияти контекстида сақлаб қолиниши масалаларига бағишланди. Унга кўра, 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин бошланган фуқаролар уруши шароитида русларнинг кўпчилиги тарихий ватандан ташқарида яшашда ноқулайлик ҳис эта бошлаганлар, шунинг учун ҳам Тожикистон ташқарисига чиқиб кетганлар. Ҳақиқатан ҳам, агар авваллари Тожикистонда руслар кўп яшаган бўлсалар, Душанбе каби шаҳарларда эса 51% фоиздан кўпроқ бўлган эсалар, ҳозирги пайтда республикадаги руслар сони 1% фоизга ҳам етмайди. Т. Саидованинг фикрича, Тожикистонда рус маданиятининг ёйилишига бир неча омил сабаб бўлган:

- рус маданияти ривожланганроқ ва йирикроқ мамлакат маданияти бўлган;

- рус маданияти мансаб поғоналарида кўтарилиш ва зарур малакага эга бўлишга имкон берган;

- рус маданиятига дохиллик Совет Иттифоқининг бошқа халқлари маданиятига чиқишни таъминлаган;

- руслар тобора кўпроқ Тожикистонга доимий ишлаш ва яшаш учун келганлар.

Ҳозирги пайтда миллат умумий миқдорининг кескин камайиб кетганига қарамай, руслар бир жойда жам бўлиб яшамай, кўплаб шаҳарларда сочилиб кетганлар, бу маданиятни сақлаб қолишни анча қийинлаштиради. Рус маданиятининг ёйилишида ижобий роль ўйнаган юқорида саналмиш омилларнинг кўпи ҳозирги пайтда ўз долзарблигини йўқотган, шунинг учун ҳам маҳаллий аҳолининг қўлловига эга бўла олмаяпти.

Т. Саидованинг фикрича, мамлакатда рус маданиятини сақлаб қолиш учун мактабларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Рус маданияти анъаналарини сақлаб қолиш ва уларнинг трансляцияси бўйича ижобий тажриба Душанбе шаҳридаги 20-, 21-, 14- ва 6-мактабларда бор. Дейлик, А. С. Пушкин номли 20-мактаб ҳар йили пушкинхонлик кечаларини ўтказади. Унда ўқувчилар фақат шоирнинг шеърларини ўқибгина қолмай, ўша давр кийимларини, маиший саҳналарни намойиш этадилар, бу эса давр руҳига чуқур киришга ёрдам беради. Бу каби тадбирларни бошқа мактаблар ҳам ўтказмоқдалар.

Мактаблардан ташқари авлодлараро ижтимоий тажриба, маданий салоҳият ва билимлар трансляцияси маданияти олий таълим тизимида ҳам таъмин этилмоқда. Бу энг аввало 1996 йилда ташкил этилган республикада ягона Россия-Тожикистон (славян) университетига тегишлидир. Мамлакатдаги рус маданиятининг сақлаб қолиш ва оммалаштиришга университетнинг “Славяне” ҳаваскорлик ансамбли ҳам катта ҳисса қўшмоқда.

Бир неча илмий маъруза XVII-XIX асрлардаги Россия ва Ўрта Осиё дипломатик, илмий ва маданий алоқалари тарихига бағишланган. Дейлик, тарих фанлари доктори, РТСУ ватан тарихи кафедраси профессори С. Р. Муҳиддинов XIX аср охири ва XX аср бошларида рус тадқиқотчиларининг ўрта аср форс-тожик қўлёзмаларини ўрганиш ва нашр этишдаги роли ҳақида гапириб берди.

Анжуман ташкилотчиларининг фикрича, славян-православ ва мусулмон дунёсининг ҳазоралараро кўп жиҳатли жараёнини тадқиқ қилишга бағишланган республика илмий форумининг ўтказилиши бир қатор ижтимоий фанлар бўйича бебаҳо, аммо асоссиз унутилган материалларни илмий оборотга киритишга ҳамда Тожикистон жамоатчилигини Россия фанининг минтақани ўрганишга қўшган ҳиссасига эътиборини қаратишга ёрдам беради.

Ниҳоят, анжуман якунларини чиқарар эканлар, иштирокчилар маданиятларнинг тарихий мулоқоти ва ўзаро таъсири муаммолари юзасидан анжуманлар ўтказишни давом эттириш ҳақида резолюция қабул қилдилар, шунингдек, Ўрта Осиёда рус тилининг ўрганилиши ва минтақада рус тилидаги таълимнинг жорий қилиниши муаммоларига бағишланган Н. П. Остроумов ишларини чоп этиш ва қайта чоп қилиш учун маблағ олиш мақсадида Россиянинг чет элда яшайдиган ҳамюртлар ишлари бўйича Ҳукумат комиссиясига мурожаат қилишга қарор қилдилар, чунки мазкур тадбирлар “Жаҳонда рус тили йили” (2007 й.) доирасида тадбирлар ўтказиш концепциясига мувофиқ келади.

* * *

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида истиқомат қилади.