21:08 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ургут туман раҳбарининг ўлими Самарқанд вилоятидаги газ таъминоти муаммосига эътибор қаратишга мажбур этди

26.12.2006 19:14 msk

Ўз ахб. (Самарқанд)

Бу қиш самарқандликлар истиқомат қиладиган деярли барча уйларга ниҳоят табиий газ кела бошлади. “Ўтган йили шаҳар марказида қувурдан газнинг ҳиди ҳам келмаётганди”, - дейди марказдаги Мустақиллик кўчасига яқин ерда жойлашган гўзаллик салони сартароши.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили табиий газ узатилишидаги узилишлардан Самарқанд аҳлининг ўттиз фоизи жабр тортганди. Ҳатто шаҳар ҳокими ҳам қишлаш учун шаҳар марказидан бошқа қулайроқ жойга кўчиб, совуқдан сақланишга мажбур бўлган. Натижа куттириб ўтирмади: Самарқандни табиий газ билан таъминлаш тизими тўлалигича қайта кўрилди, “Шаҳаргаз” бошқармаси бошлиғи эса судланди. Суд ҳукмига кўра, у қатор жиноятлар учун саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди.

Агар шаҳар аҳлининг омади келди, дейдиган бўлсак, қишлоқлардаги аҳвол ўзгармади. Устига устак, Самарқанд вилоятининг Ургут туман ҳокими Холмуҳаммад Нуруллаев 2006 йил қишининг қурбонига айланди. Терговнинг аниқлашича, у Самарқанд вилоятида жойлашган Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган, стандартларга тўғри келмайдиган иситгичдан фойдаланганда ажралиб чиқувчи ис газидан ҳалок бўлган.

Аввалда шундай иситгичларни сотиш билан шуғулланган хўжалик моллари дўкони сотувчисининг қайд этишича, ис гази газ босимининг кескин кўтарилиб кетиши ёки мўриларнинг нотўғри ўрнатилиши туфайли ҳосил бўлар экан. “Ахир бизда газчилар гоҳ босимни огоҳлантиришсиз кўтаришлари, гоҳо эса умуман ўчириб қўйишлари ва кутилмаганда яна қувурларга узатишлари мумкин-да, - дейди манба. – Агар “буржуйка” иситгичидан фойдаланганда бунақа узилишлар пайтида бахтсиз ҳодиса рўй берса, Эрон иситгичида газ узатилиши уни қайта ёқмагунингизча тўсиб қўйилади”.

Самарқанддаги манбага кўра, Тожикистон билан чегарадош бўлган йирик туман ҳокимининг ўлими Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни ҳайрон қолдирган. У бунақа мақомдаги одамнинг ис газидан заҳарланиб ўлишига ишонмаган. Президент ИИВ вазир ўринбосарини Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов билан бирга Самарқандга юборган. Юқори лавозимли амалдорлар келадиган куни Самарқандни Ургут шаҳри билан туташтирувчи магистрал йўлигача барча йўллар тўсиб қўйилди.

ИИВ ва МХХ раҳбарлари кетиши билан республика оммавий ахборот воситаларида машъум иситгичларни ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон-Эрон қўшма корхоналари маҳсулотларидан фойдаланмасликка чақирувчи реклама роликлари пайдо бўлди. Аснода мазкур қўшма корхона олдин ўз маҳсулотларини турли телеканаллар орқали кенг кўламда реклама қилганди.

- Бу қўшма корхона ўз вақтида юқори лавозимли амалдорларнинг қўллаб-қувватлашлари билан ташкил этилганди. Сифатсиз иситгичлар туфайли оддий фуқаролар оилаларида ҳам фожеалар бўлиб турарди, - дейди алам билан самарқандликлардан бири. – Бир куни трикотаж фабрикаси яқинида исдан ёш келин-куёв заҳарланиб ҳалок бўлганларини эслайман. Самарқандлик машҳур ҳофизнинг ўғли ҳам шу сабабдан ўлган. Аммо у пайтда нимагадир бу иситгичларни ишлаб чиқаришни маън қилмагандилар, энди эса буни бирдан эслаб қолдилар... Э, нимасини айтай, бошқа соҳаларда ҳам шу. Амалдорларнинг оний манфаатлари учун оддий одамлар ўз ҳаётлари билан товон тўламоқдалар.

- Агар аҳолини табиий газ билан таъминлаш бир маромда амалга оширилганда эди, кўп фожеаларнинг олдини олиш мумкин бўларди, албатта, - дейди бир неча йил мобайнида шу муаммо билан шуғулланган журналистлардан бири. – Ҳозир Самарқанд вилоятининг шаҳар ва қишлоқлари фашистлар забт этган жойларни эслатади: электр йўқ, газ босими кўтарилиб-тушиб турибди, марказий иситиш тизимлари ҳақида эса эсламаса ҳам бўлади. Сифатли хизматга эга бўлмаган халқ улар учун пул тўламаяпти, бундан фойдаланган амалдорлар барча муаммоларга сабаб ўлароқ одамларнинг пул тўламаслигини кўрсатмоқдалар. Эски тизим барбод қилинганидан кейин бу соҳада бирор янгилик ўйлаб топилмади, шунинг учун ҳатто кўп қаватли уйларда ҳам одамлар ўз ҳаётларини хатарга қўйиб, “буржуйка” ёки бошқа иситгичлардан фойдаланмоқдалар.

Ихтилофларга сабаб шу: ўт ўчирувчилар уйларга иситгич қўйишни маън қиладилар, иситиш қозонхоналари газ босимининг пастлигидан ишламайди, амалдорлар эса ўзлари қўйган одамлардан воз кечолмайдилар. Оддий халқни эса газ умуман бўлмаган пайтларда ота-боболарнинг қандай кун кечирганларини эслашни тавсия қилиб, юпатгандай бўлаяптилар. Шунинг учун ҳам истеъмолчилар зиёни камроқ бўлган нарсани танлашларига тўғри келаяпти, - дея нолийди журналист.

Аҳолининг даромади унча кўп бўлмагани учун, қўлда қилинган бўлса-да, арзон-гаров иситиш мосламаларини танлашга тўғри келаяпти. Масалан, айрим ҳунармандлар “этик” деб номланган мосламани таклиф қилаяптилар. У бир неча минг сўм туради, холос (1 доллар 1240 сўмга тенг). Бу мослама катта хоналарни газ босими паст бўлган пайтларда ҳам исита олади. “Буржуйка” иситгичлари ҳам ўз оммабоплигини йўқотгани йўқ.

Самарқанд вилояти ҳудудини газлаштириш тўғрисидаги статистик маълумотлар эса кўзни қувонтиради. Улар билан “СамВилоятГаз” маъмурий биносига кираверишда танишиш мумкин. Бу ерга келган одам Самарқанд вилоятидаги уйларнинг тўқсон фоизи газлаштирилганини билиб олиши мумкин. Гарчи амалда йил давомида қувурларнинг ўттиз фоизигина ишлатилаётган бўлса ҳам. Қолган қувурларга йилнинг илиқ фаслларида газ берилади.

Кимдир Самарқанддаги газ билан боғлиқ вазиятнинг ўнгланишини аҳолининг ўтган йилги норозилик намойишлари билан, кимдир матбуотдаги танқидий мақолалар билан боғлайди, баъзилар эса “Сайлов яқин қолган”ини айтмоқдалар. Аммо самарқандликларнинг хотиржам тортишларига йўл қўймаяптилар: газ билан боғлиқ вазият ўнгланди, лекин электрни деярли ҳар куни ўчирадиган бўлдилар. Журналистлар бу муаммо билан қизиқа бошлаганларида қизиқ бир фактга дуч келдилар: агар “Шаҳаргаз” бошлиғи Мусурмон Жалматов саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган бўлса, “СамВилоятГаз” бошлиғи Шавкат Усмонов... Самарқанд вилояти “Электр тармоқлари”га бошлиқ бўлиб кетибди. Усмоновнинг бошқариш тамойиллари аввалгидай қолган бўлса керак, демак, самарқандликларнинг уйига электр узатиш ҳам газ узатиш каби бўлишини кутиш мумкин бўлади. Бу эса аллақачон намойиш этила бошланди.