05:25 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳукумат истеъфога кетди. Энди Қирғизистон нима бўлади?

26.12.2006 14:47 msk

УЛУҒБЕК Абдусаломов

Қирғизистондаги қизиқ ишлар

«Темир генерал» бошида турган Қирғизистон Ҳукумати истеъфога чиққани тўғрисида хабар ҳаммани ҳангу манг қилиб қўйди. Ҳатто ноябрь воқеаларига беэъти¬борлик билан қараган фуқаролар ҳам «Энди нима бўлади, тинчлик бўлармикин десак, баттар бўладиганга ўхшайди-ю», - дейишса, қарама-қарши бўлиб юрган, сиёсий қарашлари турли бўлганлар эса «Конституцияни қабул қилгандан сўнг раҳбарларнинг орасида бироз келишувчилик пайдо бўлиб, ҳаммамиз кундалик турмуш билан шуғулланиб қолгандик. Бу катталар элни қийнайдиган бўлишди-да»,- деб ташвиш чекишмоқда.

Уларнинг ташвишларида жон бор. Ҳукуматнинг «янги юриши» натижасида турли хил сиёсий оқимларнинг кураши кучайиб, жамият парчаланиб кетиши мумкин бўлган хавфли вазият юзага келди. Бу эса яқин келажакда республикада тинчлик бўлмаслигини кўрсатади. Янги йил арафасида амалдаги ҳокимиятнинг ўз халқига бу «совғаси» ҳаммани ўйлантирмоқда.

Нима учун шундай бўлди?

СССР парчаланиб, янги мустақил мамлакатлар пайдо бўлгандан сўнг ўтган 15 йил ичида Қирғизистон тўлақонли давлат сифатида шакллана олмади. Бугун бу мамлакатнинг фуқаролари сўз эркинлигига эга, лекин ўз ҳуқуқларини қонунсизликдан ҳимоя қилолмайди. Сабаби, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат маҳкамалари фуқароларнинг эмас, алоҳида шахсларнинг, «оила»нинг манфаатларини ҳимояловчи маҳкамаларга айланиб қолган. Чунки у ерда давлатнинг манфаатларидан кўра шахсий манфаатларни кўпроқ қўриқлайдиган, кимларгадир боғлиқ бўлган амалдорлар ўтирибди. Уларга оддий фуқаронинг манфаатидан кўра ўз «шеф»ининг амалини қўриқлагани фойдалироқ. Бу қоида 10 йилча аввал амалдорларнинг 15-20 фоизига тегишли бўлса, ҳозир 80 фоиздан ошиб кетди. Сиёсий тил билан айтганда, жамиятни коррупция чулғаб олди.

Жамиятда хом-хатала ислоҳотларнинг юргизилиши оқибатида иқтисодий таназзул юз бериб, аҳолининг муҳтож қатлами кўпайгани натижасида тоифалар ўртасида қарама-қаршиликлар кучайди. Жамият ичидан касалланди. Давлатнинг масъул шахслари А. Акаевни мақташни ўзига асосий касб қилиб олдилар. Айтмоқчи, ўша “маддоҳ”лар орасида бугунги бошқарувчиларимиз ҳам бор эди. Мақтовлар натижасида А. Акаевнинг кўзини ёғ босди. Ҳокимиятни «оилавий» бошқарса ҳам бўлаверар экан, дедими, кўпчилик бўлиб бошқара бошладилар. Давлат лавозимлари иқтидорига қараб эмас, балки «оила»га садоқатига қараб пулланди ёки ҳадя қилинди. Бу иш жамиятдаги илғор кишиларнинг ғашини келтирди, уларга амалдаги ҳокимиятдан норозилар қўшилди, натижада улар билан ҳокимият ўртасида қарама-қаршиликлар юзага чиқди ва ана шу қарама-қаршиликлар асосида мухолифат туғилди. Таҳлилчилар фикрича, Қирғизистондаги мухолифат туғма касаллик билан дунёга келган мухолифатдир.

Сабаби, бу мухолифатнинг авангард қисмини жамиятнинг бошқарув шаклини ўзгартиришга ҳаракат қилган, халқнинг фаровонлигини таъминловчи ғоя учун курашганлар эмас, балки хизматдан олинганлар ёки амалга интилганлар ташкил қилади. Ана шунинг учун ҳам 2005 йилдаги март воқеаси мухолифатнинг ўша қисмининг мақсадларини амалга оширувчи восита бўлди, холос. Улар давлат лавозим¬ларини ўзаро тақсимлаб олганларидан кейин мухолифатнинг ғоя учун курашган қисмига рақиб сифатида муомала қила бошладилар. Натижада жамиятнинг бошқарув шаклини ўзгартириш ва жамиятнинг равнақи учун курашганлар яна бортдан ташқарида қолишди. Ҳокимиятга келганлар эса илгариги «муҳтарам президент жаноблари»нинг ишларигагина эмас, балки мулкларига ҳам эгалик қилаётганлари ана шу рақобатнинг туб сабаби нимада эканини аниқлайди. Бугунги Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий аҳволни ғоя эмас, балки моддий бойлик белгилайди. «Бойлик бўлса, айтганинг бўлади. Унамаганини сотиб оласан, ё пул бериб, отиб соласан» каби шиорлар бугунги энг актуал шиорлардир.

Мухолифатнинг ҳали тўла шаклланмагани 2006 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган воқеалар ривожи ва интиҳосида ҳам билинди. Ғоя учун курашувчилар кузги митингларда ўзлари қўйган сиёсий талабларни ҳокимият томонидан тўла бажарилишига эришолмадилар. Бу талабларнинг чала-чулпа бажарилишига, аввало, мухолифат ягона лидер атрофида бирлашмагани, образли қилиб айтганда, “уч бошлилиги” шарт тузди. Қолаверса, амалдаги ҳокимиятнинг парламентдаги лоббистлари билан биргаликда, амал учун курашаётган совет давридан қолган партноменклатура қолдиқларининг фаол ҳаракатлари, «ёввойи бизнес» лидерларининг уюшган жиноятчи тўда раҳбарлари билан биргаликда мухолифатнинг ғоявий пешқадамларига мақсадли ҳам моддий, ҳам маънавий томондан ҳужумлари, мамлакатдаги қабилачилик ва регионализмнинг очиқдан очиқ ташвиқот қилиниши ҳам сабаб бўлди.

Айб Конституциядами?

Ноябрь воқеалари натижасида қабул қилинган Қирғизистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида бугунги сиёсий воқеаларни келтириб чиқаришга асос бўладиган конституциявий қоидалар йўқ ҳисобда. Фақат айрим қоидалар ўз ўрнида ёзилмаган, ёки такрорланган, ёхуд жамиятдаги ҳозирги даврдаги сиёсий вазиятни ҳисобга олиб ёзилган, холос. Сабаби, Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинса, жамиятдаги сиёсий тарангликка барҳам берилишига ўша пайтда ҳамма тушунган. Агар янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинмаганда, мамлакатда сиёсий буҳрон кучайиб кетиши аниқ эди.

Энди сиёсий вазият ўнгланди. Конституцияда эса сиёсатчи Аждар Куртовнинг таъбири билан айтганда, «Конституциянинг бургалари», яъни юқорида айтилган камчиликлари ҳалиям турибди. Улардан жамиятнинг ривожланиши учун фойдаланилса ҳам бўлади, Минг афсуски, бу ҳолатлардан ҳокимиятда ўтирган айрим сиёсатчилар ўзларининг мақсадлари учун фойдаланишмоқчи. “Конституция яхши бўлмай қолди”, - деган баҳона билан парламент бошқаруви томон қўйилган қадамни орқага қайтаришмоқчи. Президент ваколатларини яна кўпайтиришмоқчи. Демак, улар мамлакатдаги сиёсий ўйинларни тўхташини хоҳлашмайди.

Нимагадир Ҳукумат аъзолари мамлакат фуқароларини ҳам Конституциядан бехабар, деб ҳисоблайдилар ва янги таҳрирдаги Конституциянинг қоидаларини нотўғри шарҳлайдилар. Бу кўпчиликни ҳайрон қолдирмоқда. Конституциянинг янги таҳрири қабул қилингандан сўнг деярли бир ойга яқин матбуотда эълон қилинмагани сабабини мана шу воқеадан кейин тушуниб етиш мумкин. Ваҳоланки, янги таҳрирдаги Конституция имзо чекилган кундан бошлаб кучга кирган, уни кечи билан 3-4 куннинг ичида матбуотда эълон қилиб фуқароларга етказиш давлат ташкилотлари¬нинг вазифаси эди.

Бош вазирни айтмайлик, республика Адлия вазири Марат Қаиповнинг КТР орқали кўрсатилган Қирғизистон Республикаси Ҳукуматининг йиғилишида, Конституцияда у кучга киргандан кейин Ҳукумат қандай ишлаши тўғрисида ҳеч қандай конституциявий қоидалар ёзилмаган ва янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингандан кейин республика Ҳукуматининг ишлашига ҳуқуқий асоси йўқ эканлигини айтиши ва оддий фуқароларни бошини айлантириб, ўзиникини тўғри ҳисоблаши, унга қўшилиб Ҳукуматнинг бошқа аъзолари ҳам жаноб М. Т. Қаиповнинг фикрларини маъқуллашлари кишини ажаблантиради. Наҳотки Ҳукумат аъзолари янги таҳрирдаги Конституцияни бир кўздан кечирмаган бўлсалар.

«Мана шундай ҳуқуқий «билимдонлиги» республика фуқароларига аён бўлгандан кейин жаноб М. Т. Қаиповнинг Адлия вазири вазифасини бажарувчи бўлишга маънавий ҳаққи борми?» - деган қонуний савол туғилади. Мажлисда қатнашган Ҳукумат аъзоларининг ўргатилгандай бир-бирини такрорлаб айтганлари ва бу йиғилишнинг бориши телевидение орқали кўрсатилиши бу «сиёсий амалиёт»ни ўтказишга олдиндан пухта тайёргарлик кўрилганини исботлайди. Мана шундай «амалиёт»лардан кейин республикада қандай сиёсий ўйинлар бўлаётганлиги ва уларни кимлар қилаётганлиги кўпчиликда қизиқиш уйғотади.

Бугун Қирғизистонга сиёсий ўйинлар керакми?

Сиёсий ўйинлар оддий фуқароларга керак эмас. Бундай фикрни бугунги жамиятнинг ички аҳволини тушуниб етган барча одамлар айтишмоқда. Шунга қарамасдан, жами¬ятни бошқарувчилар томонидан вақти-вақти билан кўпчиликка фойдасиз турли хил сиёсий «амалиётлар» ўтказиб туриш А. Акаев давридан бизга мерос бўлиб қолган. Ана шунинг учун бу усулдан ҳозир ҳам унумли фойдаланилмоқда. Ўзингиз мана бу ҳолатни таҳлил қилиб кўринг.

Президент 2006 йил 18 декабрда мамлакат аҳолиси билан бевосита эфир орқали телевидениедаги суҳбат давомида Конституциянинг қонуний эканини гумон остига олди ва Жўғўрқу Кенеш қабул қилаётган қонун ва қарорлар тўғри қабул қилинаётганига шубҳа билдирди. Лекин аслида эса президентнинг айтганлари кейинги сиёсий ўйинларни бошлаш учун ишора экан. Моҳир сиёсий ўйинчилар бизнинг бошқарувчилар орасида ҳам анча борлигини кейинги воқеалар тасдиқламоқда.

Сиёсий ўйинларни уюштириш Қирғизистон Ҳукуматининг Бош вазири вазифасини бажарувчи Ф. Ш. Куловнинг хоббиси эканини Жўғўрқу Кенешнинг 2006 йилнинг 20 декабрида бўлган йиғилишида Жўғўрқу Кенешнинг ҳуқуқий тартиб ва коррупция билан кураш бўйича комитетининг раиси, депутат Ҳожимурот Кўркмазов айтди. Депутатнинг айтишича, Ф. Ш. Кулов 1994 йили ҳам шундай сиёсий шоу уюштириб, А. Акаевга «Қирғизистоннинг афсонавий парламенти»ни тарқатиб юборишга ва Кумтор олтин кони канадаликларга тортиқ қилинишига шарт тузиб берган.

Бугунги кунда Жеруй олтин конини тендерсиз берилишига, Қирғизистоннинг ХИПК программасига киришига республика фуқаролари қарши бўлишяпти. Уларни парламент қўлламоқда. Ҳукумат эса Жўғўрқу Кенешнинг позициясига қарши. Демак, фуқароларнинг фикрларини қўллаб қувватлаётган ва мамлакатда сиёсий-ижтимоий ислоҳотлар бўлиши учун курашаётган ҳозирги таркибдаги республика Жўғўрқу Кенеши бўлмаса, Ҳукуматга ҳам, президентга ҳам ўз режаларини амалга ошириш осон кўчади. Бундан чиқди, ўзининг янги сиёсий юриши билан Жўғўрқу Кенешни тарқатиб юбориш учун Ф. Ш. Кулов президентга яна сиёсий шарт тузяптими?

Омма орасида Ф. Кулов ва Ҳукумат аъзоларининг позициясига тегишли баҳолар берилмоқда. 1994 йилдаги меҳнатининг мантиқий мевасини 2000 йилдан тотишни бошлаган «темир генерал» бу сафарги «лирик чекиниши»нинг баҳосини қачон оларкин? - деганлар ҳам кўп.

Қирғизистонни кимлар бошқаряпти?

Ҳозир президентнинг ёки Жўғўрқу Кенеш раисининг шахси одамларни унчалик қизиқтирмай қолди. Бугун кўпчиликни нима учун Ҳукумат ва унинг бошлиғи Ф. Ш. Кулов мамлакат энди тинчликка қадам ташлай бошлаганда истеъфо берганлиги қизиқтирмоқда. Дарвоқе, буни билиш ҳамма учун ростдан ҳам қизиқ. Ҳукумат ўзининг истеъфосини янги таҳрирдаги Конституцияни тезроқ ҳаётга татбиқ қилиш учун бўлди, деб изоҳлади. Аслида унинг нима учун уюштирилгани Ҳукумат аъзоларининг ҳеч қайсисини бўшатмасдан, вақтинчалик қилиб қўйилгани ва президентнинг парламентга қўйган талабларидан кейин очиқ-ойдин бўлди. Агар Ф. Ш. Кулов мамлакатнинг тинчлигини ўйлаган раҳбар бўлганида эди, Жўғўрқу Кенешга қарши курашаётган кучларга қўшилмас эди, дейишмоқда илғор фикрли кишилар. Феликс Шершенбаевичнинг шу қадами сабабми, эл орасида у ҳақда бир қанча фикрлар айтилмоқда.

Улар Ф. Ш. Кулов ҳақида: “Республика аҳолисининг жуда кўпчилик қисми Ф. Ш. Куловнинг бошига иш тушганда уни қўллаб-қувватлаган эдилар. Ҳатто унинг камчиликларини - ўз она тилини билмаслиги, турли хизматларда ишлаган бўлишига қарамасдан оддий фуқаролар учун бир фойдали иш қилмагани, Бишкек шаҳрининг мэри бўлиб турганда, ўзининг ўртамиёна кадр эканини яна бир карра тасдиқлаганини ҳам эътиборга олмаган эдилар. Бундай бўлишига сабаб нима? Таҳлилчиларнинг фикрича, Қирғизистон эли ўша даврда А. Акаевдан қандай қилиб қутулишнинг йўлини излаётган бир давр эди. А. Акаев қувғин қилаётган ҳар қандай шахс элнинг кўзига қаҳрамон бўлиб кўринар эди. Ф. Ш. Кулов худди ўша пайтда “темир генерал” деган ном олди. Эл унга умид билан қаради ва элнинг лидерлари эса унинг номини эъзозлади. Турмадан олиб чиқди. У эса бугунга келиб яна ўзининг “тартибли кадровой офицер” эканини, сиёсий ўйинларнинг дастурини тузишга моҳирлигини, бошлиқсиз ишлай олмаслигию, катталарга садоқатини яна бир марта исботлади. У фақат ўзини ўйлар экан, оддий фуқаролар билан иши бўлмас экан”, - деб айтишмоқда.

Элнинг орасида бу борада ҳар хил сўз юрибди. Ф. Ш. Куловнинг табиатидаги ўзига хосликни тушунолмаганлар ундан зиёда. Уни тушунтирмоқчи бўлганлар ҳам кўп.

Бизни бошқараётганлардан бирининг сиёсий портретига суртумлардан намуналарни элдан уқиб, одам ғалати бир туйғулар ичида қолганини сезади. Ёки бошқарувчилар халққа мосми? Ёхуд улар ўзларининг шахсий амбицияларидан юқори кўтарила олишмаяптими? Мамлакат раҳбарлари ўзларининг манфаатларини унутгандагина, мамлакатнинг ҳар бир фуқаросини ўзининг фарзандлари, қариндош-уруғлари, дўстлари билан тенг кўргандагина мамлакатда адолат бўлишини билишса керак. Бир пайтлар Сталин СССР обрўси учун ўз ўғлидан деярли кечган эди. Бу фактни жуда кўпчилик билади. Бугун раҳбарлардан фидоийлик талаб қилинаётган бир пайтда шахсий манфаатлар юзасидан қарама-қаршиликка боришлари республика аҳолисининг кўпчилигига ёқмаётганлиги очиқ-ойдин кўринмоқда.

Энди нима бўлади?

Ўйин давом этаверса, президентнинг талаби билан янги таҳрирдаги Конституция қайта кўриб чиқилиши мумкин. Агар Жўғўрқу Кенеш Конституцияга ўзгартириш киритиш учун уни қайта қараса, парламент депутати Д. М. Собиров айтганидай, ўзининг ҳақиқий Акаевнинг чала туғилган парламенти эканини ҳаётда исботлайди. Конституцияга қандай ўзгартиришлар киритилса ҳам мамлакатга зиён. Сабаби, ҳар бир ярим ойда Конституцияни ўзгартирадиган мамлакатнинг ҳокимият шоҳобчаларига элнинг ҳам, халқаро ташкилотларнинг ҳам ишончи йўқолади. Мамлакатнинг халқаро миқёсдаги обрўсига путур етади, ривожланиш тўхтайди.

Агар парламент президентнинг талабини бажармаса, президентнинг янги таҳрирдаги Конституция бўйича бунга ҳуқуқи бўлмаса ҳам, Жўғўрқу Кенешни ўз фармони билан тарқатиши мумкин. Бунга баҳона ҳам, бу ишни қилиш учун Конституциянинг бирор моддасига янгича шарҳ ҳам топилади ёки янгидан тўқилади. Бу ишга президентни унинг атрофидаги сиёсий кучлар мажбур қилади. Бу ҳолатда сиёсий таназзул юз беради. Сабаби, Жўғўрқу Кенешни қайта сайлаш учун янги Конституцияга мувофиқлаштирилган “Сайлов Кодекси” ҳам, сайлов округлари ҳам йўқ.. Агар бу ишлар президентнинг фармони билан қилинса, мамлакатда диктатура ўрнатилади. Бу ишларнинг натижаси кейинчалик қонуний эмас, деб топилиши мумкин.

Агар янги таҳрирдаги Конституциянинг талабларига амал қилишга келишилса, унда биринчи галда Бош вазирнинг номзодини амал қилинаётган конституциявий қонун асосида президент парламентга тавсия қилиши керак. Кўпчиликнинг фикрича, янги номзод Ф. Ш. Кулов бўлмагани маъқул. Сабаби, тандем деган сўз ҳам одамларни зериктирди, шекилли. Бош вазир лавозимга ўтиргандан кейинги ишлар амалдаги қонунлар асосида уюштирилаверади. Бугунги кунда оддий фуқарога худди шу керак. Президент атрофидаги сиёсий гуруҳ эса худди шундан қўрқмоқда.

Кўрайлик-чи, буёғи қандай бўларкин?! Ҳозирча истеъфога кетган Ҳукумат аъзолари сиёсий ўйин ўйнаётган команда капитани режалаштиргандай вақтинча вазифа бажарувчи бўлиб, эндшпилни кутиб туришибди. Бундан эса ҳеч қайси фуқаронинг кундалик ташвиши озгина бўлса ҳам камайгани йўқ.

P. S. Бу мақола жўнатилгунга қадар Жўғўрқу Кенеш ўзини А. Акаевнинг ҳақиқий чала туғилган парламенти эканини исботлаб, яна бир марта Конституцияни қайта қабул қилишга ҳаракат қилди. Жўғўрқу Кенешнинг сифати айниганини янги лойиҳага берилган овозлар ҳам очиқ-ойдин кўрсатади. У ерда сиёсий мақсадлар учун эмас, ўзининг шахсий манфаатларига бўйсунганлар кўпайиб бораётганига республиканинг кенг жамоатчилиги гувоҳ бўлди. Ҳали кўп иш бўлади, шекилли.

УЛУҒБЕК АБДУСАЛОМОВ,

Қирғизистон журналистлар Уюшмасининг аъзоси.

24-25 декабрь, 2006 йил.