16:59 msk, 24 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманбоши ўлди, аммо унинг иши барҳаёт

26.12.2006 13:33 msk

Фарғона.Ру

Суратда: Ғурбанғули Бердимухаммедов, Туркманистон президенти в.б.

Туркманистон Халқ Маслаҳатининг бугунги мажлисида янги давлат раҳбари сайловлари санаси аниқланиши керак бўлади. Икки ярим минг депутатдан иборат мамлакат ҳокимиятининг олий вакиллик органи сешанба куни биринчи маротаба ўзининг ўзгармас раҳбари Сапармурод Ниёзовсиз йиғилади. Бироқ замонамиздаги ажабтовур диктаторлардан бирининг сояси Туркманистон жамиятини узра турибди, матбуот эса фавқулодда собит болшевистик-осиёча мафкура хамиртурушининг кўплигидан кўпиб бормоқда.

Мамлакатдаги бош газета бўлмиш “Нейтральний Туркменистан”нинг кечаги сони (2006 йилнинг 25 декабрида чиққан 313-сон) ўз муштарийсига одатий матнларни тақдим қилган. Сталин, Мао, Брежневни охирги йўлга айнан шундай кузатгандилар.

“Бизнинг Туркманистон халқи, бутун жаҳон жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Туркман халқининг Буюк ўғлони, нейтрал Туркманистон давлатининг асосчиси – Туркманистоннинг тўнғич ва ўзгармас Президенти Буюк Сапармурод Туркманбоши орамиздан кетди”. Туркманистон расмийлари ва хорижий мамлакатлар раҳбарлари томонидан Туркманистон президенти вазифасини вақтинча бажариб турган Ғ. Бердимухаммедов номига йўлланган таъзияларнинг туганмас оқими ана шундай сўзлар билан бошланади.

Дафн маросимининг эртасига чиққан “Нейтральний Туркменистан”нинг биринчи саҳифасида таъзия изҳор қилган марҳумнинг чет эллик дўстлари рўйхати (газетада берилган тартибда):

Муаммар ал-Қаддафий, Буюк Сентябрь Революцияси раҳбари; Булент Аринч, Туркия Буюк Миллат Мажлиси Раиси; Нурмухаммет Гаркин, Афғонистон Ислом Республикаси меҳнат, ижтимоий таъминот ҳамда ногиронлар ва шаҳидлар ишлари бўйича вазир; Антониу Гутерриш, БМТнинг қочоқлар иши бўйича Олий Комиссари; И. Блатов, Россия Федерациясининг Туркманистондаги элчиси; Муҳаммадризо Оштиёний, Эрон Ислом Республикасининг Марвдаги Бош консули; Массимо Д'Алема, Италия вице-президенти, ташқи ишлар вазири; Ватиканнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси; В.Черномирдин, Россия Федерациясининг Украинадаги элчиси; Қ. Қоимдодов, Тожикистоннинг Туркманистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси.

Шундан сўнг мамлакат амалдорлари ва оддий меҳнаткашлари томонидан имзоланган қасамёдлар келади. Бу сатрлардан биз Туркманистон Межлиси (парламенти) депутатлари “тўнғич ва ўзгармас Президент Буюк Сапармурод Туркманбоши томонидан тамали қўйилган Туркманистон миллий давлатчилиги тамойилларига содиқ” қолишларини ўқиймиз. “Мамлакатнинг барча юридик ташкилотлари ходимлари Буюк Сапармурод Туркманбошининг муқаддас Руҳномасига, Буюк Сардорнинг оқилона ва марҳаматли йўл-йўриқларига содиқ” қоладилар. Туркманистон маданияти ва санъати ходимлари эса “Буюк Сардорнинг туркман халқининг беш минг йиллик тарихи, шон-шарафини тиклашдаги бениҳоя хизматлари”ни тан олган ҳолда, “мамлакатимизнинг бундан буён ҳам жаҳондаги ривожланган давлатлардан қаторида бўлиши учун тинимсиз меҳнат қилиш”га тайёрлар.

Ошпазлар ва сут сотувчилар ўкраб йиғламоқдалар, ғаллакорлар кўкракларига муштлаб алам чекмоқдалар, "Туркменмашинғурлушик” концерни жамоасининг бутун қайғу-ҳасратини баён қилиб беришга сўз ожиз.

Туркманбоши ишига содиқлик изҳор этилган мурожаатномаларнинг барчаси С. Ниёзовнинг собиқ шахсий шифокори – давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажариб турган Ғурбанғули Бердимухаммедов номига йўлланган.

Балки кейинги президент у бўлар?..