17:55 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистонда миллий низо чиқаришдан кимга наф бор?

26.12.2006 09:25 msk

А. Ўмарова, Д. Аркин

«Миллатчилик жуда кучли қуролдир, у ҳимоя қуролидан бузғунчилик қуролига айланиб қолмаслиги учун унинг атом энергияси ёнига зарур билимларга эга бўлмаган одамларни яқинлаштирмаслик лозим. Биз ҳеч кимнинг ерида руҳоний ва жисмоний “Чернобиль” бўлишини истамаймиз”. Роман Перин, “Миллатчилик психологияси”.

М.Ибрагимов
М. Ибрагимов. “Фарғона.Ру АА" фотоси
Шелек шаҳарчаси бизни хушламайгина кутиб олди. Соат эндигина олти бўлганига қарамасдан, шаҳарча кўчаларида бирорта одам учратолмадик. Яқинда бўлиб ўтган нохуш воқеадан кейин Шелекдаги оқсоқоллар кенгаши қарори билан эълон қилинмаган комендантлик соати жорий қилинганди. Шунинг учун ҳам шаҳарча аҳолиси орасида сўров ўтказишнинг имкони йўқдай эди. Тасодифий йўловчилар бегоналарни кўришлари билан ура қочардилар. Ўсмирларнинг муштлашуви ҳақидаги ҳар қанақа гап улар учун таъқиқланган мавзудир. Оқсоқоллар кенгаши раҳбари шаҳарчага журналистлар келганини эшитиб, шошилинч равишда ўз ишлари билан Шелек ташқарисига чиқиб кетибди. Телефон орқали учрашув тайин қилинган бошқа респондентлар ҳам ҳар қанақа изоҳдан бош тортдилар.

Бироз ўйланиб тургач, биз Шелекнинг “довруғини дунёга таратмиш” воқеалар бўлиб ўтган “Старий замок” қаҳвахонасига йўл олдик. Қаҳвахона эгаси Мурат Ибрагимов бизни ҳайрон қолдириб, журналистларнинг тасқара кўзларидан нари қочишга уринмади ҳамда ўша машъум кунда унинг қаҳвахонасида аслида нима бўлгани ҳақида бафуржа гапириб берди.

“МУШТЛАШУВ МИЛЛИЙ САБАБГА КЎРА ЭМАС, МАСТЛИК ТУФАЙЛИ СОДИР БЎЛДИ”

М. Ибрагимов: - Воқеа ўн саккизинчи ноябрь оқшомида содир бўлди. Ҳар шанба бўлганидек, қаҳвахонада одам кўп эди, уларнинг аксариятини талабалар ташкил этардилар. Алоҳида-алоҳида столларда икки ўсмир ўтиришиб, ароқ ичаётган эканлар. Улар бир-бирлари билан айтишиб кетишибди. Тез орада даҳанаки жанг муштлашувга айланибди. Официант қиз тезда мобиль телефон орқали мени чақирди. Мен учиб келдим. Ўзаро муштлашаётган йигитларни кўриб, уларни тинчлантиришга уриндим. Уларга қаҳвахонада уришмасдан, кўчага чиқиб “ҳисоб-китоб” қилишлари лозимлигини уқтирдим. Шу пайт улардан бири чўнтак телефони орқали ўз танишларини ёрдамга чақиришни бошлади, иккинчиси ҳам шундай қилди. Тез орада одамлар йиғилиб, муштлашув бошланиб кетди. Мен энг ашаддий жанжалкашлардан бирини ушлаб олдим. Бу маст тўполончига “менинг қаҳвахонамда муштлашма”, дедим. Бунга жавобан у менга қўл кўтарди. Мен уни бир амаллаб тинчлантирдим. Маст одамга нима деб ҳам бўлади? Эртаси куни унинг уй манзилини билиб олдим. Уни топиш қийин бўлмади. Шаҳарчамиз кичкина, ҳамма бир-бирини танийди. Унинг ота-онаси олдига келиб, синган идиш-товоқлар пули тўлашни талаб қилдим. Мен уларга агар тўламасалар, унинг устидан полицияга ариза ёзиб беришимни айтдим. Аммо унинг ота-онаси бундан бош тортдилар. Энди бу тўполончига безорилик бўйича жиноий иш очилган.

“Фарғона.ру”: - Муштлашувда қанча одам қатнашди?

М. Ибрагимов: - Ўн-ўн бештадан кўп эмас. Муштлашув иштирокчилари телефон орқали “бизникиларни ураяптилар, тезроқ келинглар” дея ўз қўшнилари, дўстлари, қариндошларини ёрдамга чақирдилар.

“Фарғона.ру”: - Ўша куни қаҳвахонада қанча одам бор эди?

М. Ибрагимов: - Дам олиш кунлари, одатда, бизда одам кўп бўлади. Залга юз элликта одам сиғади. Ўша куни ҳам тахминан шунча одам бўлганди. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам муштлашувда иштирок этмадилар. Кўпчилик уй-уйларига тарқаб кетди.

“Фарғона.ру”: - Мухолифатчи газеталардан бирида “Шелек уйғурлари: Давлат сизники, ер бизники” мақоласининг муаллифи Ерганат Уралбаев қозоқ миллатига мансуб бўлган йигитнинг калтакланишини батафсил баён қилади. Унинг гўё “қулоғини узиб олиб, хушсиз танаси устидан пешоб қилган”мишлар. Аслида ҳам шундай бўлганмиди?

М. Ибрагимов: - Мен бу мақоладан ниҳоятда дарғазаб бўлдим! Бунақа иш мутлақо бўлмаган. Устига устак, мен бу журналистни яхши танийман. Е. Уралбаев у ерда умуман бўлмаган. Биласизми, у бунақа жойларга келадиган ёшда эмас. Мен унинг мақоласини газетада ўқиб, кўзларимга ишонмадим ва “наҳотки, буни менинг дўстим Ерганат ёзган бўлса”, дедим. У профессионал журналист сифатида бунақа мақола ёзишдан аввал менинг олдимга келиб, ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаши керак эди. Бунинг устига, у мени яхши танийди. Биз у билан бир шаҳарчада кўп йиллардан бери бирга яшаймиз ва у билан кўп маротаба бир столда ўтириб, ишлар ҳақида суҳбатлашганмиз...

Мақолада у томонидан баён қилинган қилинган фактларнинг ҳаммаси ёлғон. Қаҳвахонамга келиб турадиган ўсмирлар сиёсатдан узоқлар. Баримизда, одатда, 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган Шелекнинг барча ёшлари йиғилади. Моҳиятан, улар кечагина бола бўлган ўсмирлардир. Улар “давлат сизники, ер бизники”га ўхшаган миллатчилик шиорларини қичқириб айтмагандилар, улар бунақа фикрларни ўйлайдиган ёшга етганлари йўқ ҳали. Дарвоқе, Ерганатнинг мақоласидан кейин Шелекда ва унинг ташқарисида “Шелек воқеаси” қурбонлари ҳақида турли миш-мишлар тарқай бошлади. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган рақамларни айта бошладилар. Кимдир қирқ киши, кимдир юз киши касалхонага тушгани ҳақида гапирибди. Буни текшириш учун мен атайлаб барча касалхоналарни айланиб чиқдим ва у ерда муштлашувда иштирок этганлардан ҳеч кимни топа олмадим.

“Фарғона.ру”: - Ерганат ўз мақоласида муштлашув чоғида “ҳар иккала томон ҳам бир-бирларини фақат ўз она тилларида ҳақоратладилар”, дея таъкидлайди. Аслида қандай бўлганди?

М. Ибрагимов: - Ўсмирлар ростдан ҳам бир-бирларини куракда турмайдиган ҳақоратлар билан сўккандилар. Аммо ўзингиз биласиз, бизда сўкиниш фақат битта тилда – рус тилида бўлади! Русча сўкинишни туркий тилларга таржима қилиб бўлмайди.

“Фарғона.ру”: - Шелекдаги уйғурларнинг ўзига хос қатлами бўлмиш гайдуклар кимлар?

М. Ибрагимов: - Ҳар қанақа шаҳар норасмий равишда муайян мавзеларга бўлинади. Марказда яшовчилар ўзларини “центровский” деб атайдилар, масалан, турклар яшайдиган жой эса “турчатник” деб аталади. Гайдуклар Хитойдан чиққан одамлардир. Улар битта кўчада истиқомат қиладилар. Улар фақат уйғурлар эмас, шу мавзеда қўшни бўлиб яшайдиган қозоқлар ҳам бўлиши мумкин. Нима учун Ерганат айнан уларни нишонга олганини тушунолмадим. Бунинг устига менинг қаҳвахона Шелекнинг қоқ марказида жойлашган. Аслида, у муштлашув марказдагилар ўртасида содир бўлди, деб ёзиши керак эди.

“Фарғона.ру”: - Сиз журналист дўстингиз Ерганат билан учрашишга ҳаракат қилиб кўрдингизми?

М. Ибрагимов: - Гап шундаки, мақола чоп этилганидан кейин у ғойиб бўлди. Уни ҳеч қаердан топа олмаяптилар. Гарчи кўпчилик уни “уйдан чиқишга қўрқиб, эшикни тамбалаб ўтирибди”, деётган бўлса-да. Агар уни учратсам, қаҳвахонамнинг “довруғини дунёга достон” қилгани учун унга “раҳмат” деб қўймоқчи эдим.

“Фарғона.ру”: - Моддий ва маънавий зарар етказгани учун Ерганатни шахсан судга бериш ниятингиз йўқми?

М. Ибрагимов: - Йўқ, унақа қилмасам керак. Ерганат билан қишлоқда ҳеч ким гаплашишни истамайди. Мабодо учратиб қолсам, шунчаки кўзларига бир қараб, ўз йўлимга кетавераман.

“Фарғона.ру”: - Бу нохуш ҳодиса содир бўлгунга қадар қаҳвахонангизда муштлашувлар бўлиб турармиди?

М. Ибрагимов: - Умуман олганда, ёшлар ўртасида муштлашув чиқиб туриши шаҳардаги барча қаҳвахоналар учун одатий ҳол. Мен фақат менинг баримда муштлашадилар, деб ўйлардим. Мен бошқа кўнгилочар жойларни ҳам айланиб чиқдим, маълум бўлишича, у ерларда ҳам муштлашувлар бўлиб тураркан. Ичиб олган одамлар доим ўзаро гап талашишади. Агар менинг қаҳвахонамда бирор номаъқулчилик содир бўлса, официант қизлар зудлик билан мени чақирадилар. Мен бу жойнинг эгаси сифатида қаҳвахонада бўлаётган ҳодисалар учун жавобгарман. Мен вазиятга қараб ўзимча ҳаракат бошлайман: мижоз билан гаплашаман, зиддиятни бартараф қилишга уринаман ёхуд уни кўчага ҳайдаб чиқараман ёки полиция чақираман.

“Фарғона.ру”: - Яқинда Олмаотадан Шелекка турли миллий-ватанпарварлик ҳаракатларидан вакиллар келгандилар. Улар нохуш ҳодиса тафсилотларини билиш учун сиз билан шахсан учрашдиларми?

М. Ибрагимов: - Йўқ, менга ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ.

Кафе «Старый замок»
“Старий замок” қаҳвахонаси. “Фарғона.Ру АА” фотоси
“Фарғона.ру”: - Соат 18 дан кейин биз шаҳарчангиз кўчаларида деярли бирорта ҳам одам учратмадик. Бу нима, комендантлик соатими?

М. Ибрагимов: - Ҳеч қанақа комендантлик соати йўқ. Мазкур ҳодисадан кейин мен атайлаб ўз қаҳвахонамни бирор кун ҳам ёпмадим. Афтидан, ота-оналар назоратни кучайтиришиб, оқшомлари ўз болаларини кўчага чиқармай қўйган кўринадилар. Ёшлар уйларида ўтирибдилар. Яна такрорлайман, бугунги кунда бир мен эмас, ҳамкасбларимнинг бизнеси ҳам зарар тортаяпти. Мижоз деярли йўқ. Бироқ мен ходимларни тарқатиб юбормадим, ҳозир йиғиб қўйган маблағларим ҳисобидан уларга пул тўлаб турибман.

“Фарғона.ру”: - Агар мижозлар бошқа келмасалар, қаҳвахонангизни ёпасизми?

М. Ибрагимов: - Мен буни вақтинча кўриниш, деб ўйлайман. Ҳаммаси жой-жойига тушганидан кейин мизожлар яна қайтиб келадилар.

“Фарғона.ру”: - Шелекда қаҳвахонадан бошқа дам оладиган жойлар, масалан, маданият уйлари ёки дискотекалар ҳам борми?

М. Ибрагимов: - Бор, лекин ҳозир ёшлар у ерларга бормайдилар. Кўнгилочар жойлар устидан энди қаттиқ назорат ўрнатилган, улар зиён кўраяптилар. Лекин муштлашув ичкиликбозлик туфайли содир бўлди, миллатлараро низо сабабидан эмас!

“Фарғона.ру”: - “Шелек воқеаси” деб ном олган нохуш воқеадан кейин Олмаотанинг эски буюмлар сотиладиган бозорларида “Уйғурларга ўлим!” мазмунидаги варақалар пайдо бўла бошлади. Шелекда ҳам шунақа варақалар тарқатилдими?

М. Ибрагимов: - Йўқ. Менинг ўзим уйғур миллатига мансубман. Ерганатнинг мақоласидан кейин халқим тақдиридан жуда хавотирлана бошладим. Биз, қозоғистонлик уйғурлар бу мамлакатни ўзимизга ватан биламиз. Давлат бизларнинг ҳақ-ҳуқуқларимизни поймол қилаётгани йўқ. Мақолани бу йўсинда берилишидан кимга фойда борлигини билмайман. Афтидан, кимдир Қозоғистон истиқрорига путур етказмоқчи бўлганга ўхшайди. Мен икки ўсмирнинг безорилиги туфайли бутун миллатга ана шундай ёрлиқ ёпиштирганларидан ҳафаман. Ахир ёмон миллат бўлмаслиги, ёмон одамлар бўлиши маълум-ку. Миллий масала турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасидаги нозик риштадир, уни авайлаш керак. Ахир у исталган дақиқада узилиб кетиши мумкин-да. Мен полицияга устидан ариза ёзиб берган безори уйғур миллатига мансуб йигит эди. Агар мен миллатчи бўлсам, бунақа қилмаган бўлардим-ку. Аммо у безори ва ўз қилмишлари учун Қозоғистон фуқароси сифатида қонун олдида жавоб бериши керак.

“Фарғона.ру”: - Олмаотадаги декабрь воқеаларининг йигирма йиллиги нишонланиши олдидан уйғурлар ва қозоқлар ўртасида низо чиқариш учун қаҳвахонангиздаги муштлашувни атайин шу тарзда кўрсатганлар, деб ҳисоблайсизми?

М. Ибрагимов: - Мен шунақа бўлган бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Шелекда ҳеч қанақа миллий-ватанпарварлик ҳаракатлари йўқ. Менимча, кимдир Ерганатга бу мақолани буюртма асосида ёздирган бўлса керак. Бу мақола айнан мамлакатдаги мавжуд конституцион тузумга нисбатан мухолиф фикрда бўлган газетада пайдо бўлиши ажабланарли ҳол.

“Фарғона.ру”: - Балки муштлашув ростдан ҳам ахлатни уйдан ташқарига олиб чиқиш учун баҳона бўлгандиру Шелекда миллатлараро низо чиндан ҳам бордир?

М. Ибрагимов: - Йўқ, бизда миллатлараро келишмовчиликлар ҳеч қачон бўлган эмас. Лекин болалар муштлашганда, одатда, доим катталар аралашиб, масалани ҳал қилганлар-ку. Шунақа бўлиб келган ва доим шунақа бўлаверади.

Айгул Ўмарова, Дилорам Аркин, “Фарғона.Ру” АА учун махсус, Шелек