10:42 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Чимкент фожеаси» билан боғлиқ янги тафсилотлар

26.12.2006 01:08 msk

Меҳрибон Бекиева

Ўтаётган йилда юз берган жанубий қозоғистонлик гўдакларнинг оммавий равишда Одам Иммун Танқислиги Вирусини (ОИТВ) юқтириш ҳолати нафақат вилоятда, балки мамлакат миқиёсидаги энг салбий воқеа бўлди. 2006 йил Қозоғистон тарихида “Чимкент фожеаси” номи билан қолади.

ОИТВ билан боғлиқ мудҳиш хабарлар сони кун сайин ошиб бораётир. Куни кеча яна икки гўдак ва бир боланинг онасида иммун танқислиги аниқланди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш департаменти бошлиғи Вячеслав Дудник “ОИТВ га қарши кураш” штабининг навбатдаги йиғилишида маълум қилди.

В. Дудникка кўра, ОИТВ билан боғлиқ янги ҳолат Қазиқурт туманида қайд қилинган. Туманда аниқланган ҳолат касалликнинг янги ўчоғи ҳисобланмоқда. Айни пайтда туманда етти гўдак ва бир боланинг онаси иммун танқислиги билан оғрияпти. Туркистон туманида қайд қилинган касалликнинг тарқалиш манбаи ҳам тиббий мутахасисларни ташвишга солаяпти. Шу пайтгача саксон тўрт бола ОИТВга чалингани маълум бўлди. Лекин Қазиқурт ва Туркистондаги ҳолатлар касаллик сонининг ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирда касаллик болалардан уларнинг оналарига юқиши ҳам кўпайиб бораётир. Ўн икки аёл ўз боласидан иммун танқислигини юқтирди. В. Дудникка кўра, бу масала ҳозирча очиқ қолмоқда. Бу борада АҚШнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя департаментига қарашли касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш марказидан (CDC) мутахасисларни таклиф қилиш режалаштирилаяпти.

Айни пайтда вилоятдаги 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган 9621 бола тиббий текширувдан ўтказилди. Икки гўдакнинг ота-онаси болаларини текширтиришдан бош тортган. ОИТВга чалинганларга алоқадор бўлган 325 боланинг яшаш манзили эса ҳанузгача аниқ эмас. Бу ҳақда вилоят Ички Ишлар департаменти бошлиқ ўринбосари Ботир Ўтиншиев штаб йиғилишида маълум қилди.

“Болаларнинг ОИТВга чалиниш ҳолати бўйича 18 томдан иборат маълумот тўпланди. Уч гўдакнинг оиласи бошқа вилоятга, тўрт гўдакнинг оиласи эса мамлакатдан ташқарига кўчиб кетган. 325 бола ҳақида умуман маълумот аниқлашни имкони бўлмади”, - дейди Б. Ўтиншиев.

Штаб йиғилишига раислик қилган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ислом Абишов вилоят Ички ишлар департаментиниинг ишидан қониқмаганини айтди.

“Бундай бўлиши мумкин эмас. Вилоят Ички ишлар департаменти бу борада юзаки ишлагани кўриниб турибди. Тасаввур қилаяпсизми, 325 бола! Улар тирик жон-ку, наҳотки буни аниқлашнинг имкони бўлмаса? Демак, бу болалар тиббий текширувдан ўтмаган. Уларнинг аҳволи қандайлиги номаълум. Айни пайтдаги ОИТВни юқтирган болалар рўйхати 84 эмас, бундан ҳам кўп бўлиши мумкин экан-да?”, - дейди И. Абишев.

Ислом Абишев 325 боланинг яшаш манзилини аниқлаш учун вилоят Ички ишлар департаментига бир ҳафта муҳлат берди.

Гўдакларнинг ОИТВни юқтириш ҳолати бўйича прокурорлар, полициячилар ва миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларидан иборат тезкор тергов гуруҳи тузилган. Дастлаб жорий йилнинг июнь ойида 14 болага иммун танқислиги юқиши бўйича жиноий иш қўзғатилди. Вилоят прокуратурасининг бўлим бошлиғи Канат Мамаевнинг билдиришича, мазкур ҳолат бўйича жами 28 жиноий иш очилган.

“Йигирма бир шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Улар орасида вилоят соғлиқни сақлаш департаментининг собиқ раҳбарлари ҳам бор. Айни пайтда икки шахс ҳибсга олинган. Жами жиноий ишлар 48 томдан иборат бўлди. Тергов жараёни 13 ноябрда тугаган. Ҳозирда айбланувчилар ўзларига нисбатан очилган жиноий иш билан танишмоқда. Сўнгги жараён судда давом қилади”, - дейди К. Мамаев.

К. Мамаев айбланувчиларнинг исм шарифларини сир сақлашни маъқул топди.

“Kazakhstan Today” ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, вилоят соғлиқни сақлаш департаментининг собиқ раҳбари Нурсулу Тасмағамбетова ва унинг икки ўринбосари-Нағима Жўлдасова, Раҳима Қувандиқова ҳамда вилоят қон қуйиш марказининг собиқ раҳбари Шори Сейдинов, вилоят болалар шифохонасининг собиқ бош врачи Ташмухан Тойбеков ва унинг ўринбосари, шунингдек шифохонанинг икки бўлим бошлиғига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Мазкур шахслардан бири руҳий касалликлар шифохонасидан справка олгани ҳақида миш мишлар пайдо бўлганди. Бироқ ҳозирча бу маълумотни ҳеч бир ташкилот тасдиқламаяпти.

Махсус текширувлар натижасида аниқланишича, вилоятдаги барча шифохоналарда айниқса, болалар шифохоналарида қон қуйиш жараёнида қўпол хатоликларга йўл қўйилган. Мутахасислар фикрича, иммун танқислиги болаларга стерилизация қилинмаган шприц орқали ёки иммун танқислиги билан зарарланган қонни қуйиш жараёнида юққан бўлиши мумкин. Ҳозирча бу тахминларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топганича йўқ. Болаларга 240 донорнинг қонидан фойдаланилган. Айни пайтда 232 донор тиббий текширувдан ўтган. Икки донорга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Вилоят соғлиқни сақлаш департаменти маълумотига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ОИТВ билан оғриётган болалар даволаниши учун 30 ўрин ажратилган. Болаларни даволашда Россия, Украина, Исроил, Куба ва Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлари кўмак бераяпти. Болаларга тиббий ёрдам бериш учун давлат томонидан 179 миллион танга (1 млн. 400 минг АҚШ доллари) ажратилган.

“Чимкент фожеаси” қайта такрорланмаслиги учун уни олдини олиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Вилоят ОИТС маркази янги биносининг қурилиши кейинги йилга мўлжалланаяпти. ОИТС диспансерида жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва диспансерни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, маҳаллий мутахасисларни ҳорижда ўқитиш масаласи ўрганилмоқда. 2007 йилнинг февраль ойида Туркистон ва Жеттисой туманларида вилоят ОИТС марказининг бўлимларини ташкил қилиш мўлжалланган.