08:40 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонлик “ҳизбчи”лар президентлик сайловида фаол иштирок этганлари учун таъқиб қилинаётганларини билдирдилар

09.08.2005 15:58 msk

Элмурод Жусупалиев

“Ҳизб-ут–Таҳрир” партияси президентлик сайловларидан олдин Қирғизистон президентлиги лавозимига номзод Турсунбой Бакир ўғлини қўллаб–қувватлашини билдирган ва барча мусулмонларни айни мана шу номзодга овоз беришга чақирган эди. “Ҳизб-ут–Таҳрир” партиясига кўра, Турсунбой Бакир ўғли агар президентликка сайланса, мамлакатни Қуръон ва Шариат билан бошқаришга ваъда берган. Шунинг учун ҳам “ҳизбчи”лар уни қўллашга қарор қилганлар. Шуни айтиб ўтиш лозимки, “Ҳизб-ут–Таҳрир” партияси фаоллари сайловолди жараёнида тарғиботчи сифатидагина қатнашиб қолмасдан, овоз бериш куни Турсунбой Бакир ўғлининг расмий кузатувчилари сифатида ҳам сайлов участкаларида фаолият кўрсатдилар. 9 август куни, яъни Қирғизистон президентлигига сайловлардан 30 кун ўтгач эса, ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров матбуот анжумани ўтказиб, “ҳизбчи”лар Турсунбой Бакир ўғлини қувватлаганлари учун тазйиқ остига олинмоқдалар, деб баёнот берди.

- “Ҳизб-ут–Таҳрир” фаолларини қамоққа олган терговчилар уларга ўзаро суҳбат пайтида Турсунбой Бакир ўғлини қувватлаганлари учун қўлга олинганларини айтмоқдалар. Бу ҳақда бизда маълумотлар бор. Бироқ, буни исботлай олмаймиз. Чунки, бу суҳбат устида биз йўқ эдик. Аммо, мавжуд маълумотларга таяниб айтиш мумкинки, милиция президентлик сайловида Турсунбой Бакирнинг ашаддий тарафдорлари бўлган “ҳизбчи”ларни қўлга олмоқда, - деди Равшан Гапиров.

“Ҳизб-ут–Таҳрир” партияси фаоли Дилёр Жумабоев ҳам шу кунгача Ўш вилоятининг барча туманларида президентлик сайловларида фаол иштирок этган “Ҳизб-ут–Таҳрир” партияси аъзолари қамоққа олинганларини айтди.

- Ҳар бир мусулмон учун Қуръон йўлини тутаман, деган одамни сайлаш фарздир. Ана шундан келиб чиқиб, биз президентлик сайловида Турсунбой Бакир ўғли номзодини қувватладик. Сайловда, тарғибот ишларида ва овоз бериш жараёнида фаол иштирок этган аъзоларимиз қамоққа олинмоқда. Масалан, Ўш шаҳрида 71 ёшдаги бир оқсоқол, Қорасув, Новқат ва Аравон туманларида бир нафардан, Бишкек шаҳрида эса 10 нафар фаолимиз қўлга олинган, - деди Дилёр Жумабоев.

Унга кўра, бу жараён ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.

– Ҳукумат “Ҳизб-ут–Таҳрир” партияси кучли мухолифат эканини тушуниб етмоқда ва унга қарши ҳаракатни кучайтирмоқда, – дейди Дилёр Жумабоев.

Ўш вилояти Новқат туманида истиқомат қилувчи Абдимитал Бекбоевнинг ўғли Улуғбек ҳам “Ҳизб-ут–Таҳрир” партияси аъзоси экан. Абдимитал Бекбоевнинг айтишича, унинг ўғли президентлик сайловида президентликка номзод Турсунбой Бакир ўғлининг ашаддий тарафдори бўлган ва шунинг учун ҳам туман милицияси томонидан қамоққа олинган.

- Ўғлим варақа тарқатганликда айбланмоқда. Ҳолбуки, у варақа тарқатган эмас. Аслида ўғлим Турсунбой Бакир ўғлининг сайловдаги ишончли вакили эди. Шунинг учун ҳам милиция ходимлари унга қарши жиноят иши очганлар, - деди Абдимитал Бекбоев.

Бу масалага аниқлик киритиш учун Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига мурожаат қилдик. Ички Ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқовнинг айтишича, айни пайтда Ўш шаҳар тергов изоляторида “Ҳизб-ут–Таҳрир” партиясининг биронта ҳам аъзоси сақланмаяпти.

– “Ҳизб-ут–Таҳрир” партияси аъзоларидан айримлари варақа тарқатганлари учун қўлга олинган бўлишлари мумкин. Бироқ, милиция ҳеч қачон сиёсий нуқтаи назардан келиб чиқиб ҳеч кимга тазйиқ ўтказмайди. Агар бундай ҳолат аниқланса, ҳар қандай милиция ходими жавогарликка тортилади”, – деди Замир Сидиқов.