16:48 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Байрамолди кунлари Самарқанд вилоятида фақат “хослар”гина бензин ола биладилар

25.12.2006 16:54 msk

Ўз ахб.

Шу кунларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида (АЁҚШ) ўткир бензин танқислиги юзага келган. Шу сабабдан, гарчи А-76 русумли бензиннинг давлат баҳоси 585 сўм этиб белгиланганига қарамай, бу турдаги ёнилғи нархи 750-1300 сўмга етмоқда (долларнинг қора бозордаги курси 1280 сўмни ташкил қилади).

“Гагарин кўчасидаги хусусий АЁҚШда навбатда туриб, деярли ярим кунимни йўқотдим”, - дея норозилик билдирди самарқандлик ҳайдовчилардан бири. Унга кўра, бензин танқислиги йилда бир неча маротаба юзага келмоқда, кўпинча бу навбатдаги маош ошишидан кейин содир бўлади. Авто эгалари ва маҳаллий журналистларнинг кузатишларича, охирги тўрт йилда Самарқанд вилояти ҳудудида Мустақиллик куни нишонланишидан бир ой олдин ҳамда пахта терими мавсуми ёки юқори лавозимли меҳмонлар келган пайтларда нефть маҳсулотларининг узатилишида чекловлар жорий қилиш анъанага айланиб қолган.

“Буни бизга мазкур чоралар байрам чоғида хавфсизликни таъминлаш зарурати билан боғлиқ равишда кўрилаётгани билан тушунтирмоқдалар”, - дея қайд этди исмини ошкор қилишни истамаган АЁҚШ эгаларидан бири.

Хусусий ва маҳкама АЁҚШларининг барчасини бензин билан таъминлашда монополист бўлиб ҳисобланган “Самарқанднефтмаҳсулот” базаси раҳбариятига яқин манба бу аҳволни Тошкентдан келаётган тегишли буйруқни бажариш зарурати билан изоҳлади. Бундан ташқари, манбанинг қайд этишича, сунъий узилишлар мунтазам юзага келаётганлигидан фойдаланган маҳаллий раҳбарлар заҳирадаги бензинни анча юқори баҳода сотиб, чайқовчилик билан шуғулланган ҳоллари оз эмас.

Манбага кўра, Самарқандда ҳатто узилишлар пайтида ҳам бензин қуйиш мумкин бўлган бир неча жой бор. Лекин бу имкониятдан фақат “хос” фуқаролар – прокурорлар, солиқчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ва махсус хизмат ходимлари, уларнинг қариндошлари ва дўстлари ҳамда ҳокимиятда ишловчи амалдорларгина фойдалана оладилар.

Гагарин кўчасидаги АЁҚШга бензин олиб келган машина у ердан кетганида кун ярмидан оққан эди. Бир неча дақиқа ичида АЁҚШ олдида элликдан зиёд машина йиғилиб кетди. Битта автомобиль бензин қуйиб олгунича бу узун навбатга яна икки машина келиб қўшиларди.

Охирги йиллар ичида бензин қимматлиги туфайли киракашлик билан шуғулланадиган самарқандлик автоҳаваскорлар, тадбиркорлар ҳамда хусусий йўналишли йўлларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ҳайдовчилар ўз автоларини суюлтирилган газга ўтказганлар: уни топиш осонроқ, йўловчилар ҳам йўлкира ҳақининг тез-тез ошишидан суғурталанган бўладилар. Шу сабабли ҳам Самарқанд вилоятида бензин аввалгидай оммабоплигини йўқотган. Аммо, шунга қарамай, ҳудудни ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминловчи ташкилотлар ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаролмаяптилар. Охирги нарх ошиши эса фақат бензингагина эмас, табиий газга ҳам таъсир қилди. Шундай экан, бу сафар хусусий киракашлар тегишли муаммолардан қочиб қутулолмадилар.

Суюлтирилган газ охирги марта шу йилнинг октябрь ойида ошган ва эндиликда унинг бир литри 440-460 сўм туради. Шунга мувофиқ равишда Самарқандда йўналишли таксининг йўлкира ҳақи ҳам икки юз сўмдан тўрт юз сўмга кўтарилган.

Аснода шаҳар маъмурияти ишловчи мансабдорлар йўналишли такси йўлкирасини оширишга рухсат бермаганларини қайд этмоқдалар. Бунга йўналишли йўллар эгалари, агар йўловчилардан йўлкира учун ҳеч бўлмаганда 300 сўмдан олинмайдиган бўлса, эҳтиёт қисмлар, солиқ тўловлари ҳажми ва ёнилғи нархларининг ошиши билан боғлиқ ҳаражатларни қопламаслиги айтишиб, эътироз билдирмоқдалар.

“Фарғона.Ру” АА мухбирининг “Самарқандда бензин танқислиги қачонгача давом этади?” деган саволига Самарқанд нефть базасида ишловчи манба жавоб беролмади. Лекин АЁҚШ кассири “юпатди”: “Ака, сиқилманг, январгача шундай бўлиб туради, байрамлардан кейин яна бензинни навбатсиз олиш мумкин бўлади. Шунинг учун, агар навбатсиз олишни истасангиз, январь ойида келинг”, - деди АЁҚШ олдида машиналар кўпайиб кетганидан хурсанд бўлган йигит мийиғида кулиб.



 

Реклама