19:39 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Камхаржлик ўзбек журналистларини таъмагирликка ундамоқда

25.12.2006 12:24 msk

ўз ахб.

2006 йил андижонлик журналист Тўрахон Ғофуров учун оғир йил бўлди. 24 йиллик тажрибали қаламкаш 30 минг сўм (тахминан 27 АҚШ доллари) пора эвазига қамалди. Маълумотларга кўра, у Избоскан деҳқон бозоридан тайёрлаётган мақоласи учун бозорқўмдан пул сўраган. Бозорқўм айтилган миқдордаги пулни узатгану, журналистни ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига ушлаб берган. Ҳамкасбларининг айтишларича, Тўрахон ака меҳнаткаш, ҳалол инсон эди.

- Пул сўрагани тўғри, лекин бунинг нима ёмон томони бор? – дейди ҳамкасбларидан бири. - Меҳнат ҳақини сўраган-да. Мушук бекорга офтобга чиқмайди. Ҳозир ҳамма журналистлар пул олади-ку.

Бугунги кунда журналистлар корхона, ташкилотлардан тайёрлаётган мақолалари учун пул сўрашлари янгилик эмас. Аммо илгари бундай одат йўқ эди. Пул ёки совға-салом олган киши пора олган ҳисобланиб, жиноий жавобгарликка тортиларди. Ҳозир ҳам давлат қонунчилигида порахўрлик учун жиноий жазо белгиланган. Бироқ, кўп ҳолларда корхона, ташкилот, фирмалар раҳбарлари, яъни Ўзбекистондаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларига иши тушаётган шахслар андиша қиладилар. Масаланинг иккинчи томони шундаки, кўпчилик журналистлардан қўрқади.

- Телевизионлар ҳам бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб кетган, - дейди тадбиркор Ш. Раҳмонов. - Бирини кузатсанг, иккинчиси келади. Тасвирга тушириб бўлгандан кейин, энди мана бунча бўлади деб, катта пулни айтиб туриб олишади. Бермай десанг, баъзи бир сурбетлари бор-ки, камчилигингни билиб, танқид қиламан деб туриб олади. Шу сабаб муроса қиламиз-да, сўраганини бериб кузатамиз.

Ўзбекистонда журналистларнинг пора олишлари республикада хусусий, нодавлат оммавий ахборот воситалари пайдо булгандан сунг кучайган. Республикада биринчи нодавлат ТВ 1991 йилда Самарқандда (СТВ) очилган эди. Ундан сўнг водийда биринчи бўлиб Андижон Ёшлар телевизиони (ҳозирги “Водий садоси–Ёшлар” телерадиокомпанияси) ташкил этилган. Турли эълон, реклама, мусиқий табрик, буюртма кўрсатувлар ҳисобига кун кўрадиган телевизионларга ташкилот раҳбарлари билан муомалага уста, пул топиб кела оладиган мухбирлар ишга қабул қилинган. Шу тахлит нодавлат оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган журналистларнинг корхонама-корхона, ташкилотма-ташкилот пул топиш илинжида изғишлари бошланган.

- Бугунги журналистларни дипломли тиланчилар деб айтиш мумкин, - дейди Фарғонадаги нуфузли фирма раҳбарларидан бири Козимжон Ўлмасов. - Ҳар бир оммавий ахборот воситасида пуллик кўрсатувлар, реклама билан шуғулланадиган бўлим алоҳида бўлиши керак. Журналистлар биринчи навбатда ижод кишилари. Улар фақат ижод билан шуғулланишлари, пул топиб келиш ҳақида ўйламасликлари керак. Аммо водийдаги кўп журналистларнинг дарди хаёли - қайси ташкилот бойроқ ва қайси йўналишни ёритса, чўнтагига кўпроқ пул тушади, шуни ўйлайди.

- Ўзбекистон каналларини умуман кўрмайман, - дейди шифокор Ғ. Абдуғаниев. - Чунки қизиқарли нарсанинг ўзи йўқ. Журналистлар изланмайди. Кўрсатувлар савияси жуда паст, бачкана. Россия каналларини нимага кўрамиз? Чунки қизиқарли, ранг-баранг кўрсатувлари бор. Бизнинг журналистлар ким кўпроқ пул берса ўшани экранга чиқараверади. Қўшиқчи бўладими ёки тадбиркорми, фарқи йўқ.

Газетада ишловчи кекса бир журналистнинг маълум қилишича, Фарғона водийси оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган ҳар бир журналистнинг ўз нархи бор. Энг катта нарх Ўзбекистон Телерадиокомпанияси “Ахборот" кўрсатувининг вилоят мухбирлари қўядиган нархлардир. Бу телерадиокомпания мухбирлари тайёрлаган кўрсатувлари учун 200 долларгача пул оладилар. Ундан кейинги ўринда “Ёшлар” телеканалининг “Давр" информацион дастури вилоят мухбирлари туради, улар кўрсатув учун 100 долларгача пул таъма қиладилар. Маҳаллий телевизионлар журналистларининг нархлари ўртача 50 минг сўм атрофида. Энг паст нарх газета мухбирлариники ҳисобланади (10-20 минг сўм).

- Бир томондан журналистларни тўғри тушуниш керак. Чунки ҳозир ҳаммаёқда “ўзинг учун ўл етим” қабилида муомала қилинади, журналистларнинг ойлик маошлари ёки оладиган қалам ҳаққи ҳеч нарсага етмайди. Лекин журналистлар бепул тайёрланадиган кўрсатувлар ёки оддий хабар учун ҳам нақд пул олишлари инсоф чегарасидан чиқишдир, - дейди кекса журналист. - Янгилик, ахборот учун пул олганини қайси давлатда кўргансиз? Ҳозир Ўзбекистон телерадиокомпанияларининг кўрсатув ва эшиттиришларига буюртма бериб чиқаётганларнинг аксарияти ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ўзлари.

Бугунги кунда Ўзбекистон телевизиони кўрсатувларини кўрган чет эллик меҳмон республика аҳолиси жаннатда яшаркан, деган тасаввурга эга бўлиши мумкин. Биронта ҳам танқидий, таҳлилий мақола бермайдиган, фақат ютуқларни ёритиш билан чекланадиган журналистлар эса бугунги кунда чўнтак тўлдириш билан оворалар. Айнан мана шу порахўрлик аҳолининг маҳаллий журналистлардан кўнгли совиб кетишига сабаб бўляпти. Шу ўринда “кўза кунда эмас, кунида синади" деган мақолини эслаш кифоя. Акс ҳолда 24 йиллик тажрибага эга журналист Тўрахон Ғофуров 30 минг сўм пора эвазига қамоқда ўтирмаган бўларди.