11:41 msk, 14 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ашхобод: тил бириктирувми ёхуд фитна?

24.12.2006 22:47 msk

Алик Назаров

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовнинг ўлими марҳум бегона кўзлардан қаттиқ яшириб келган мамлакат ички сиёсий ҳаёти устидаги сир пардасини кўтарди. Бир неча йиллар мобайнида экспертларнинг кўпчилиги МДҲнинг қатор мамлакатларида ҳокимият алмашинуви кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшаш бўлиши тўғрисидаги фикрга мойил эдилар. “Туркманистон варианти” ўзига хос бўлишига қарамай, постсовет фазосидаги авторитар режимли давлатлар учун модел бўлиш қолиши мумкин.

Ушбу сценарийни амалга оширишнинг асосий шартлари қуйидагилардан иборат: 1) вазият устидан ҳарбий-полиция назорати ўрнатиш имкониятига эга юқори мартабали тор гуруҳнинг борлиги; 2) воқеаларга “ташқи омил”нинг аралашишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакатни максимал даражада ёпиш имкониятининг мавжудлиги; 3) мустақил роль ўйнашга қодир ижтимоий-сиёсий кучлар ва йирик молиявий-саноат гуруҳларининг йўқлиги; 4) қатағон аппарати томонидан ўтказилаётган кучли босимни ҳис этиб турган аҳолининг пассивлиги.

Ҳокимият алмашиши сценарийсининг асосий унсурлари янги раҳбариятни тез орада ҳамда аввалги сиёсатни давом эттириш шиори остида машруълаштириш; олий номенклатуранинг манфаатдор вакилларидан иборат тор гуруҳ билан боғлиқ бўлмаган юқори лавозимли барча амалдорларни ҳокимиятдан четлаштириш; сайловларни “тор жамоа” танлаган “асосий номзод”нинг ҳақиқий мухолифлари иштирокисиз ўтказиш бўлиб қолади.

Бу каби тадбир оқибатлари ҳокимият тепасига келган гуруҳ ичида пировардида жиддий қарама-қаршиликларга олиб келиши шубҳасиз. Гуруҳ аъзолари объектив сабабларга кўра фақат ўз позицияларини сақлаб қолишнигина эмас, рақибларнинг кучсизланиши ҳисобига уларни кучайтиришга ҳам уринадилар. Шу жиҳатдан ҳозир Туркманистонда кечаётган воқеалар муайян қизиқишларга сабаб бўлмоқда.

Шу йилнинг 21 декабрида С. Ниёзовнинг вафоти ҳақида расман эълон қилинган пайтдан бошлаб тор гуруҳдаги шахслар парламент (Межлис) раиси ва Халқ Маслаҳатининг раис ўринбосари Ўвезгелди Атаевни ишдан деярли четлаштириб қўйди. Атаевнинг жиноий таъқиб қилиниши Бош прокурор Мухамметғули Ўгшуков томонидан қўйилган айблов бўйича амалга оширилмоқда.

Бу иш мамлакат Конституцияси бўйича, агар президент бирор-бир сабабга кўра ўз вазифасини бажаролмай қолса, Межлис раиси президент вазифасини бажаришини ҳисобга олган ҳолда қилинган. Ўз навбатида, Халқ Маслаҳати парламентдан кўра кўпроқ ваколатларга эга бўлиб, унинг аъзолари фақат депутатлар эмас, давлат-хўжалик номенклатураси, ҳудудлар вакиллари ва деярли барча қабиладан делегатларни (2507 киши) ўз ичига олади. Шу тариқа, Ў. Атаев қўлида янги ҳокимиятни машруълаштириш юзасидан реал воситалар бор эди. Атаев қонун бўйича президентликка сайлана олмаса ҳам, у раис ўринбосари бўлган Халқ Маслаҳати конституцияга ўзгартиш киритишга ҳақли эди ва унда С. Ниёзовнинг вориси бўлишга реал имконият мавжуд эди. Бундан ташқари, у Халқ Маслаҳатига раис бўла олиши мумкин эди, чунки қонун бўйича раис 55 ёшдан кичик бўлмаслиги керак, Атаев эса 1951 йилда туғилган.

Муваққат ҳокимиятни машруълаштириш юзасидан муаммонинг бу қисмини ҳал этгач, гуруҳ президент вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига 49 ёшли бош вазир ўринбосари Ғурбанғули Бердимухаммедов номзодини кўрсатди. Эътиборга сазовор жойи шуки, бу иш Давлат хавфсизлик кенгаши номидан қилинди. Унинг котиби ҳарбий маҳкаманинг 60 ёшли раҳбари Ағагелди Мамедгелдиев, энг таъсирли аъзолари эса Мудофаа вазирлиги, давлат хавфсизлиги (вазир Г.Аширмухамедов), ИИВ (маҳкама раҳбари - А. Раҳмонов) вакиллари бўлиб ҳисобланадилар, улар ортида эса президентнинг қўриқчилик хизмати раҳбари Ақмурад Режепов тургани тахмин қилинади.

Юзага келган вазиятда Халқ Маслаҳати устидан назорат ўрнатиш янги ҳокимиятни бундан буён машруълаштиришнинг муҳим омилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам 2006 йилнинг 26 декабрига белгиланган Халқ Маслаҳати қурултойида унинг раиси ва раис ўринбосари хусусидаги масала “тор гуруҳ” фойдасига ҳал этилиши керак. Ҳойнаҳой, бу лавозимга А. Мамедгелдиев сайланса керак. У вазиятни назорат қилиши ва муҳтамал президент ваколатларининг ошиб кетишига йўл қўймаслиги керак бўлади. Мамедгелдиевнинг ўринбосари бўлиб Ички ишлар вазирлигига дохил бирор-бир амалдор бўлиши, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби лавозими эса Миллий хавфсизлик вазирлиги ихтиёрига (Г. Аширмухаммедовнинг ўзига ёки унинг одамига) ўтиши мумкин. Бу лавозимга МХВ билан тиғиз боғланган Бош прокуратурадан бўлган одамлар ҳам даъвогарлик қилишлари мумкин, деб ҳисоблашга асос бор.

Бош вазир ўринбосари лавозими билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Афтидан, Бердимухаммедовнинг “президентлик иши”га ўтиши бош вазир лавозими жорий этилишини ҳамда президент билан вазирлар маҳкамаси бошлиғи ўртасида ваколатлар тақсимланишини тақозо қилади.

“Тор гуруҳ” ҳаракатларининг мантиқлилиги ва тезкорлиги содир бўлган воқеаларда муайян тайёргарлик борлиги ҳақидаги айрим мулоҳазаларни вужудга келтиради.

Тарихда ўхшаш ҳодисалар бўлиши табиий, аммо айнан уларнинг миқдори бу ҳодисаларнинг қонуниятларга асосланишидан далолат беради. Бу нарсалар тасдиқланадими-йўқми – яқин келажак кўрсатади.