00:19 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тарихчи А. Улунян: “Ниёзовнинг атрофи бўлган кишилар ҳокимият тепасида қолсалар, Туркманистонда ҳеч қанақа кескин ўзгаришлар бўлмайди”

24.12.2006 09:57 msk

Қ. Нордонов ёзиб олди

Марказий Осиё республикаларидан бирининг ҳукмдори саҳнадан кетиши оқибатларини Россия Фанлар академияси Умумий тарих институтининг етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Артём Улунян “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги илтимосига кўра шарҳлаб берди.

Фарғона.Ру: - Туркманбоши Сапармурод Ниёзов вафоти кутилмаган ҳодиса бўлдими?

Ар. Улунян: - Содир бўлган воқеа нуқтаи назаридан қаралса – ҳа, аммо маълум ҳолатларни, айнан эса бир қатор фактларни ҳисобга оладиган бўлсак, воқеаларнинг бу тариқа ривожланишини яқин орада кутиш мумкин эди. Кўплаб тиббий текширувлар ва ўтказилган жарроҳлик амалиётлари, бўлиб ўтган бир қанча воқеалар Туркманистон раҳбарининг саломатчилигидаги жиддий муаммолар ҳақида гапиришга имкон берарди. 2006 йилнинг октябрь ойи бошида Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари билан бўлиб ўтган учрашув чоғида у қисқа муддатга хушини йўқотганди. 20 октябрь куни Туркманларнинг бутунжаҳон конгрессида Ниёзов юраги хаста экани ҳақида маълум қилганди. 3 декабрь куни вазирлар маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида вазият такрорланган ва С. Ниёзов бир муддат омма олдига чиқмаганди. 18-20 декабрь кунларидан то унинг вафоти ҳақида эълон қилингунига қадар ўтган охирги уч кун мобайнида Туркманистон давлат телевидениеси президентни кўрсатмаган, бу Туркманистон телевидениеси томонидан С. Ниёзовни қанчалик кўп ва қайси сабабларга кўра кўрсатилишини диққат билан кузатиб борадиган экспертлар томонидан қайд этилган. Мамлакат раҳбарининг маҳаллий телеканаллар эфирида бир кунгина кўринмай қолиши таҳлилчилар томонидан фавқулодда муҳим воқеа ўлароқ қараларди.

Фарғона.Ру: - Содир бўлган воқеанинг бошқа жиҳатига, айнан эса сиёсий жиҳатига кўчсак. Президент С. Ниёзовнинг қазо қилиши кўпчилик мутахассислар, экспертлар ва шунчаки кузатувчилар томонидан ҳозирги Туркманистонни ўзгартиришга қодир воқеа сифатида қаралмоқда. Шундай деса бўладими?

Ар. Улунян: - Ҳақиқатан ҳам кўпчилик 21 декабрдан бошлаб янги давр бошланади, деб ўйлайди. Лекин ҳозирча бу янги давр Туркманистондагина эмас, балки бутун минтақада қанақа давр бўлиши тушунарсиз. Бироқ вазият бир қарашда кўринганидек оддий эмас. Мамлакатга раҳбар бўлишга қодир у ёки бу шахслар хусусидаги, ҳоким қатлам ичида бўлган аймоқлар ўртасидаги кураш, ташқи омиллар роли ва ўрни ҳамда газ билан боғлиқ лойиҳалар ҳақидаги мулоҳазалар ҳозирча фақат тахминлар устига қурилаяпти, холос. Ҳозирги пайтда Ниёзовнинг атрофида бўлган кишилар ҳокимият тепасида қолсалар, Туркманистонда ҳеч қанақа кескин ўзгаришлар бўлмаслиги тўғрисидагина гапириш мумкин фақат. Ҳозир ўн беш йил мобайнида ташкил этилган, қудратли қатағон аппаратидан фойдаланган авторитар-тотолитар режим тақдири ҳал этилмоқда. 26 декабрь куни Межлисдан (парламентдан) кўра кўпроқ ваколатларга эга бўлган Халқ маслаҳатининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтади. Дарвоқе, қонун бўйича президент вазифасини бажариши лозим бўлган парламент раиси ҳокимият учун курашда биринчи қурбон бўлди: у Бош прокуратура томонидан жиноятлар содир этганликда айбланиб, вазифа бажаришга деярли яқинлаштирилмади. Вазирлар маҳкамасининг раис ўринбосари Ғурбанғули Маликғулиевич Бердимухаммедов президент ва Олий Бош қўмондон вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллади. Конституцияга кўра президентлик сайловларигача президент вазифасини бажариб турган киши давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини кўрсатолмайди. Бироқ, агар парламент раиси бу формулага бўйсуниши лозим бўлган эса, содир бўлган воқеадан кейин Бердимухаммедовнинг бу лавозимга тайин этилиши билан қонуннинг мазкур моддаси ишламаслиги ҳам мумкин. Туркманистонда олий бўғиндаги барча амалдорлар ичида махсус хизматлар ва куч ишлатар тузилмалар вакиллари кўпроқ имкониятга эгалар, чунки мамлакатдаги фуқаро турмушини назорат остига олишга қодир тегишли маҳкамаларнинг ҳарбий-қўмондонлик тизими айнан уларнинг қўлидадир. Шундай қилиб, мудофаа вазири А. Мамедгелдиев, миллий хавфсизлик вазири Г. Аширмухамедов ва ИИВ вазири А. Раҳмонов мамлакат ичидаги вазиятга чинакамига таъсир кўрсатишга қодир саноқли одамлар бўлиб ҳисобланади.

Бу ўйинда С. Ниёзовнинг кадрлар сиёсатини назорат қилган ва деярли ҳар доим унинг энг ишонган одами сифатида чиққан Президент қўриқчилик хизмати раҳбари Ақмурад Режепов алоҳида ўрин тутади. Олий мансабдаги амалдорларнинг кўпчилиги айнан унинг кўмаги билан бугунги кунда ўз лавозимларини эгаллаб турибдилар. Бироқ “куч ишлатар блок” мамлакат ичидаги вазиятни назорат қилиш учун яхши, мамлакатнинг ташқи сиёсати ва унинг халқаро даражадаги ваколатхоналарига келсак, бу ерда мушкулотлар бор. Туркманистонни халқаро майдонда ўз позициясини муваффақият билан ушлаб туриши учун ташқи оламга озгина бўлса ҳам таниқли бўлган фуқаровий шахслар кераклиги аниқ. Бу ерда куч ишлатар тузилмалар ходимлари томонидан тегишли фигуралардан фойдаланиш истисно қилинмайди. Айтиш мумкинки, Бердимухаммедовнинг тайинланиши ҳам шу сценарийнинг бир қисми бўлган. Дарвоқе, у Москва Давлат университетини битирган ва ҳозирда ўз ҳокимият тизимини қураётган одамлар учун ташқи дунёнинг айрим мамлакатлари, шу жумладан, Россия билан ҳам алоқаларга эга бўлган кишилар керак. Шундай экан, яна бир марта қайтариб айтиш мумкин: вазият унчалик жўн эмас.

Фарғона.Ру: - Ҳозир мухолифат ҳақида жуда кўп гапирилаяпти. Унинг қатор раҳбарлари халқаро кафолатлар остида Туркманистонга қайтишга тайёр эканлари ҳақида билдирдилар. Бу юзасидан нима дейиш мумкин?

Ар. Улунян: - Ҳа, ҳақиқатан ҳам, ҳозир хорижда бўлганларнинг кўпчилиги энди “демократия вақти” келганлиги ҳақида ўйлаяптилар. Бу, менимча, кўплаб нормал одамларнинг Ватанга қайтиб, нормал демократик давлатда яшашни кутишида акс этган ҳиссий кўринишдир. Бироқ бунда эътиборга сазовор бир ҳолат бор: сиёсий маҳбуслар ҳалигача авф қилинмаганлар. Балки бу иш амалга ошар, эҳтимол чўзилиб кетар. 2006 йилдаги вазиятни 1953 йилдаги вазият билан солиштириш ярамайди. Жаҳон бундан анча олислаб кетди ва бу қарорни қабул қилиши керак бўлган кишилар тарихни биладилар. Шунинг учун ҳам мухолифатнинг мамлакат сиёсий ҳаётида чинакамига иштирок этиши ўтган ўн беш йил давомида яратилган тизим қайта қурилганидан кейингина амалга ошиши мумкин. Ҳозирги тизим бунга имкон бермайди. Агар мухолифат эртакдагидай “ҳаммасига ва бирданига” эга бўлиб қолмаса, албатта. Тарихий тажриба кўрсатганидай, мухолифатчиларнинг мамлакатга амнистиясиз келишлари улар учун қайғули якунланиши мумкин. Туркманистон ичидаги сиёсий партияларга келсак, уларнинг таъсири жуда кам. Айни пайтда юқори доираларда бўлган кимдир мухолифатдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни хоҳлаб қолиши мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Бироқ бу бир зумда амалга ошириладиган иш эмас.

Афтидан, тарихчилар яна кўп қизиқ воқеаларга гувоҳ бўлсалар керак, аммо энг муҳими Туркманистонда ва МДҲнинг бошқа мамлакатларида барпо қилинганга ўхшаш режимлар шароитида ҳокимият қандай алмашиши мумкинлигидир. Бу жараён ҳозирги вазиятда постсовет фазосидаги энг аҳамиятли жараёнлардан бири бўлса керак.