12:23 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сапармурод Ниёзов қазоси оддий туркманистонликларга нима олиб келади?

23.12.2006 10:54 msk

Қ. Нордонов

Туркманистон президентининг тўсатдан қазо қилиши сиёсатчиларнинг ҳамма тоифаси сафларида хавотир уйғотибгина қолмай, оддий одамлар юракларига ҳам таъсир этди. “Фарғона.Ру” АА баъзи ходимларининг Туркманистонда дўстлари ва яқинлари қолган. Шунинг учун ҳам собиқ Иттифоқнинг бу энг жанубий республикасидаги вазият хусусида нимадир билишга уринганимиз тушунарли бўлса керак.

Пайшанба куни кун бўйи Ашхободга қўнғироқ қилишнинг деярли имкони бўлмади. Автоматдан икки тилда – рус ва инглиз тилларида “Тармоқ банд” деган жавоб эшитиларди. Бу хавотирли миш-мишларни пайдо қилди, уларнинг энг беозори Туркманистон билан алоқа сунъий равишда узилгани ва республика аҳолиси ахборот қамалида қолганлиги ҳақидаги миш-мишлар эди.

Бироқ Москва вақти билан соат йигирма иккидан кейин республика пойтахтига қўнғироқ қилиб, Ашхобод марказидаги Тинчлик шоҳкўчасида яшовчи дўстлар билан гаплашишга муваффақ бўлдик. Журналистимизнинг суҳбатдошлари Туркманистонда доимий яшовчи рус оиласи эди.

“Бизда ҳаммаси жойида”, - дея жавоб бердилар Ашхободдан. – “Телефон алоқасини ҳеч ким узиб қўйгани йўқ, Россия дастурлари намойиш қилинадиган ТВни ҳеч ким ўчиргани йўқ, учоқлар ҳам доимгидек учиб турибди. “Юқори”да нима бўлаётганини билмаймиз, сиёсатга алоқадор бўлмаган оддий одамлар эса уйларида ўтиришиб, бундан кейин нима бўлишини кутаяптилар”.

“Аслида биз, русийзабонлар ўзгаришлар бўлишини бошқалардан кўра кўпроқ исташи керак эди, аммо кўпчилик президентнинг бевақт вафот этганидан афсус чекаяпти”, - дея давом этди Туркманистон пойтахтида яшовчи манбамиз. – “Биринчидан, унга инсон сифатида ачиниш бор. Иккинчидан, барибир унинг даврида биз ўзимизни нисбатан хавфсизроқ сезардик. Туркманистонда кўп йиллардан буён на миллий, на диний зиддият бўлгани йўқ. Учинчидан, бизда ҳамма нарса арзон: транспорт ҳам, озиқ-овқат ҳам, биз электр учун ҳам, газ учун ҳам, сув учун ҳам пул тўламаймиз. Ашхобод марказидаги уч хонали уй учун тўловнинг йиллик ҳажми тақрибан 50 минг манатни ташкил этади (2 доллардан кўпроқ – таҳр. изоҳи). Буларнинг ҳаммаси Сапармурод Ниёзов хизмати эканини эсдан чиқармаслик лозим. Энди нима бўлиши эса ҳеч кимга маълум эмас...”

“Русийзабонлар ўзгаришлар бўлишини исташи керак эди” жумласи муштарийларга тушунарли бўлсин учун бир неча йил аввал Сапармурод Ниёзов фармонлари билан мамлакатдаги исталган олийгоҳга кирувчилар учун туркман тилидан имтиҳонлар жорий қилинганини, кейин эса республиканинг барча олийгоҳларидаги рус гуруҳлари бутунлай тугатилганини эслаш жоиз. Айнан шу сабабга кўра охирги йилларда мамлакатдан русийзабон аҳоли кўп кетиб қолмоқда.

Марҳум Туркманбоши ҳам ўз нутқларидан бирида тасдиқлаган маълумотларга кўра, 1989 йилдан 2001 йилгача мамлакатдан икки юз мингдан зиёд руслар чиқиб кетганлар (аввал 330 минг эди, ҳозирда 100 мингдан камроқ қолди). Ослода яшайдиган тарихчи профессор Шўхрат Қадировга кўра, шу йиллар ичида миллат гуллари бўлган юз эллик мингдан зиёд туркманлар ҳам Туркманистонни тарк этганлар.

“Пайғамбар” ва мустабид ҳукмдор вафотидан кейин русларни нима кутаётгани ҳақиқатан ҳам ҳозирча маълум эмас. Ўз вақтида ўгай она бўлмиш Россия руслар учун икки фуқароликни бекор қилганини сезмасликка олганди: бизнинг газ бўйича асосий ва ишончли ҳамкоримиз Туркманбоши ана шундай амр қилганди. Агар ҳокимият алмашиши билан боғлиқ равишда қанақадир нохушликлар юзага келса, бу Туркманистондаги руслар учун бугунгидан кўра ёмонроқ бўлмаса керак. Россия телевидениеси (гарчи сунъий йўлдош орқали бўлса-да) аввал қандай кўрсатиб келган бўлса, бундан кейин ҳам шундай кўрсатаверади.

Туб аҳолига келсак, фақат Ашхободни эмас, Чоржўй, Марв, Байрамали атрофидаги овуллар ҳамда бошқа чекка жойларни кўрган айрим журналистлар ёки оддий сайёҳларга кўра, кўп оилалар, айниқса, кўп болали оилалар узоқ йиллардан бери ўта қашшоқ ҳаёт кечирмоқдалар.

Россиялик экспертлар (А.Собянин ва Г. Жамолдан тортиб Г. Зюгановгача) шарҳларининг оҳанги эса фақат битта ва энг асосий нарсадан далолат беради. Унутилган, бахтсиз ва бутун дунёдан ажратиб қўйилган ва инсоний ҳуқуқларнинг барчасидан маҳрум этилган, шамсмонанд Туркманбоши ҳукмронлиги даврида ўрта асрлардаги аҳволга тушириб қўйилган туркман халқи тақдири ҳеч кимга қизиқ эмас.