18:30 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Она тилини сақлаб қолиш – миллат тақдирини белгилаб берувчи омилдир

22.12.2006 15:40 msk

Улуғбек Абдусаломов

Кейинги вақтда Қирғизистон жанубида ўзбек мактабларида она тили ва адабиётни ўзбек тилида, қолган фанларни эса қирғиз тилида ўқитишни жорий қилишга интилаётган бир гуруҳ пайдо бўлди. Ажабланадиган ери шу ердаки, бу гуруҳнинг фаоллари ўзбеклардир. Бу ҳаракатга кўпчилик аввал унчалик эътибор бермади. Бироқ кейинроқ ана шундай мақсадни баён қилган мақолалар газеталарда чоп этила бошлади.

2006 йил 2 декабрда бўлиб ўтган Республика ўзбек миллий-маданий марказининг кенгайтирилган кенгашида ўқитиш тизимининг ички хусусиятларидан мутлақо бехабар шахслар томонидан ана шундай мазмундаги фикрларнинг айтилиши кўпчиликни ҳушёрликка чақирди. Бундай ғояни илгари сурганларнинг фикрича, ўзбек мактабида ўқиётган ўқувчилар 9-синфни битиргандан кейин мактабларга бормаяптилар, мактабларни битирганларнинг кўпчилиги эса ҳеч қаерда ўқимаяптилар. Улар бунинг сабабини мактабларнинг ишини яхшилашга амалдаги ҳокимият томонидан етарлича кўнгил бурилмаётганидан эмас, балки ўқитиш олиб борилаётган тилдан кўрадилар.

Улар давлат лавозимларига ва бошқа хизматларга ўзбек кадрларини жойлаштиришнинг энг яхши усули бу ўзбек мактабларида ўқитиш олиб бориладиган тилни ўзгартиришдир, деб ҳисоблайдилар. Бошқача айтганда, улар «Ўзбек мактабларидаги ўзбекча ўқитиш давр талабига жавоб бермаяпти», - дейишмоқчи. Бу билан улар ўзларининг асл нияти - ўзбек мактабларини қирғиз мактабларига айлантиришга бўлган ҳаракатларини яширмоқчи бўладилар. Улар ўзбекларнинг келажаги нима бўлишинигина эмас, бугунги кунда ўзбек мактабларида ишлаётган мутахассис ўқитувчиларнинг тақдири қандай бўлишини ҳам ўйламайдилар.

Миллат учун ўз тилида ўқитиш зарурий шарт эканлигини тарих исботлайди. Мисолларни эски тарихдан эмас, балки совет давридан олиб кўрилса ҳам бўлади. Совет даврида республика пойтахти Фрунзе шаҳрида ўқитиш қирғиз тилида олиб бориладиган биргина ўрта мактаб бўлган. Ҳолган мактабларнинг ҳаммасида ўрис тилида ўқитилар эди. Натижаси қандай бўлганлигига кўпчилик гувоҳ. Бугунги кунда республика жамоатчилиги ўша даврда йўл қўйилган хатоларни тузатиш учун чоралар кўришмоқда. Хатоларни тузатиш учун эса анча вақт керак.

Ҳаётий тажрибалардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, ўрта мактабларни битирганларнинг 30-35 фоизи ўрта махсус ва олий ўқув юртларида ўқийдилар. Ўқув юртларида қайси тилда ўқиса ҳам бўлаверади. Бунинг учун фақат интилиш талаб қилинади, холос. Текширишлар шуни кўрсатадики, олий ўқув юртларини битирганларнинг юзтасидан биттаси раҳбар, 9-14 таси етакчи мутахассис, қолганлари эса оддий мутахассис-ходим бўлиб ишлайди. Чунки давлат лавозимлари ва бошқа хизматларнинг сони шунга лойиқ. Бу ўринлар эса бугунги кунда титул миллат вакилларидан деярли ошмаяпти. Ўрта мактабларни битириб, кейин ўқишни давом эттирмаган 65-70 фоиз йигит-қизлар ўрта мактабларда ўз она тилларида эмас, бошқа тилда ўқисалар ҳам, бу вазият ўзгармайди.

Бу ҳолат фақат Қирғизистондаги ўзбекларгагина эмас, у ерда яшаётган бошқа барча миллат вакилларига, жумладан, қирғизларга ҳам тегишлидир. Гап ўқиганларни давлат хизматларига жойлаштиришда эмас. Агар масала шундай қўйилса, яхши мутахассисликка эга бўлган олий маълумотли ўзбек йигит-қизлари тўп-тўп бўлиб юрибди-ку. Уларни давлат лавозимларига жойлаштириш учун квота берилса бас, масала тўғри ҳал бўлади. Буни кўпчилик билади. Муаммо аслида бугунги кун талабига жавоб берадиган ёшларни тарбиялашда турибди. Бу масалани ҳал қилиш учун мактабда ўқитишни яхшилаш керак.

Ўқитишни яхшилаш учун, энг аввало, мактабдаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш зарур. Уларнинг асосийлари ҳукумат томонидан ҳал қилиниши керак бўлган муаммолардир. Улардан биринчиси, мактабни яхши мутахассис ўқитувчилар билан таъминлаш, ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини ўрнига келтириш керак. Бу учун, биринчи галда мактаб ўқитувчиларининг ойлик маошини камида 300 долларга етказиш талаб қилинади. Ўқитувчининг ойлик маошининг даражаси ҳал бўлса, мактаб ўқитувчисини тайёрлаш сифати ҳам ўз-ўзидан яхшиланади. Сабаби, бу соҳада рақобат кучаяди. Мактабни дарсликлар ва ўқув жараёни учун зарур бўлган бошқа техник анжомлар билан таъминлаш бу соҳадаги муҳим масалалардан биридир. Буни ҳам давлат ҳал қилишга мажбурдир. Конституцияда шундай ёзилган.

Мактаб бўйича қилинаётган ислоҳотлар ҳаёт талаби асосида қилинганда ижобий натижа беради. Ислоҳотлар навбат билан қилингани маъқул. Кўпчиликнинг фикрича, бошланғич синф ўқувчиларига иссиқ овқат бериш зарур бўлса ҳам, лекин бу ислоҳотни ўтказишга ҳали вақт бор эди. Агар шу ислоҳотга сарфланган маблағ ўқитувчиларнинг ойлигини оширишга жалб қилинганда, уларнинг ойлиги 100 фоизга кўпаярди, яъни 2000 сўм ойлик оладиган ўқитувчи 4000 сўм маош оларди. Бу эса мактаб ишини яхшиланишига, мактабда навбатдаги ислоҳотларни жорий қилишга моддий асос тузарди. Иссиқ овқатни бериш бўйича ислоҳот мактабда янги муаммоларни келтириб чиқарди, деб ўз фикрларини билдиришмоқда мактаб ишини яхши билганлар.

Она тилида ўқитиш замон талабига жавоб берувчи шахсларни тарбиялашнинг асосидир. Буюк рус педагоги К. Д. Ушинский «Она тили ҳар қандай тараққиётнинг, бутун билимларнинг асосидир»,- деб ҳақиқатни айтган. Яхши мутахассислар, замонавий кадрлар, ҳунармандлар ва етук инсонлар ўз она тили орқали тарбияланганда кўпаяди.

Чунки инсон ва халқнинг, жамият билан давлатнинг куч-қудратини белгилайдиган маънавият она тили орқали шаклланади. Бу табиий қонун. Ҳар бир халқнинг ўз маънавияти бор. Маънавиятлар бир-бирига қарши бўлмайди. Сабаби, ҳар қандай миллатнинг маънавияти ижобий мазмунга эга бўлиб, инсониятни тик тутиб турувчи устундир. Ҳуйидаги назарий далиллар бу фикрларнинг тўғри эканлигини исботлайди.

Миллатни шакллантирувчи асосий воситалардан бири бу тилдир. Дунёда қанча тил бўлса, шунча миллат, шунча хил урф-одатлар бор. Айрим одамлар тил миллатни эмас, балки миллат тилни белгилайди, деб, бу фикрга қарши чиқишлари мумкин. Асло ундай эмас.

Тил инсонни қайси миллатга тааллуқли эканлигини белгиловчи асосий факторлардан биридир. Тил бўлмаса, миллат бўлмайди. Сабаби, у ўзида инсон ҳаётига боғлиқ бўлган фалсафий, тарихий ва маданий-сиёсий тушунчаларни акс эттиради. Инсон ҳаётда маълум бир вақт яшаб ўтади, тил эса қолади. Немис тилшуноси Якоб Гримм бу ҳақда жуда тўғри фикр айтган: «Халқ ҳақида сақланиб қоладиган энг жонли гувоҳ-бу унинг суяги, фойдаланган иш қуроллари ёки қабри эмас, балки унинг тилидир». Чунки тил орқали маънавият сақланади. “Тилга эътиборсиз-элга эътиборсиз”,- дейди халқимиз. Ўз тилига эътиборсизлик оқибатида кўп миллатларнинг тили ўлик тилга айланган. (Масалан, лотин тилида сўзлашувчилар ўз тилига беэътиборликлари туфайли бу тил ўлик тилга айланди. Лотин миллати эса бошқа тилдан фойдаланганлиги учун унинг номи ўзгариб кетди. Медицинанинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олган олимлар кейинчалик лотин тилини медицина тилига айлантирдилар).

Тил жонли организм каби яшайди: давр ўтиши билан эскирган сўзлар ўлади, уларнинг ўрнига ҳамда янги пайдо бўлган нарсалар, воқеа-ҳодисаларни акс эттирувчи янги сўзлар дунёга келади. Тил тартибсиз ҳодиса эмас, балки у ўзининг қоида ва қонунларига эга бўлган ва ўша қоида ва қонунлар асосида яшайдиган, покланиб турадиган, ривожланадиган ва ўзи учун кураша оладиган ички кучга эга бўлган ижтимоий ҳодисадир.

Ана шунинг учун ҳам тил ва унга боғлиқ бўлган ҳолатлар тўғрисида бирор фикр айтишдан олдин унинг моҳиятини атрофлича билиш керак. Сабаби, айримлар ўйлаганидай, тил фақат гапиришгина эмас, балки у биринчи навбатда билиш ва тафаккурнинг асоси, тарих, маданият, сиёсат ҳамда инсон ахлоқини қолипга солувчи воситадир. Қолаверса, тил миллатни тарих саҳнасига олиб чиқувчи, унинг қаддини тик тутиб турувчи восита сифатида кўп мингйиллик тажрибаларда синалган ҳаётий қуролдир.

Ҳар бир миллатнинг ўз тили ўша миллатга она тилдир. Турли миллат ўз тилини ҳар хил атайдилар. Ҳандай атасалар ҳам, ҳар бир тилнинг ўз эгаси бор, уни қадрлайдилар, сақлайдилар ва қўриқлайдилар. Рус тилшуноси А. А. Леонтьевнинг таъбири билан айтганда: “Бизнинг кўп миллатли Ватанимизнинг яхши фуқароси бўлиш учун ўз она тилини, ўз миллий маданиятини севиш ва билиш жуда муҳимдир. Киши ўз туғилган уйини қандай қилиб севмаслиги мумкин?” Демак, турли миллатлар қаерда яшашларидан қатъи назар ўз тилларининг равнақи учун курашиши ҳаётий ва қонуний кўринишдир.

Она тилини яхши ёки ёмон, деб баҳоланмайди. Сабаби, унинг ҳаммаси яхшидир, эъзозлидир. Нима учун биз ўз тилимизни она тили деб атаймиз? Сабаби, ўз тилини қадрига етиб, эъзозлайдиган миллатлардан бири бу туркий элдир. Улар ўз тилларини мўътабар оналари билан тенг кўрадилар. Авлодларимиз ўз тилини оналарининг сути орқали қабул қилганликларини, она тилидан она сутининг таъми келишини (профессор Ф. Исҳоқовнинг таъбири) ва она тилидаги сўзлардан онанинг меҳрибонлиги, бағри кенглиги, фидоийлигию шиддати ҳамда садоқати-ю, ватанпарварлиги акс этишлигини жуда тўғри сезганлар. Ана шунинг учун туркий эллар ўз тилини сақлаб қолиш учун доимий курашиб келди.

Бу кураш аҳамонийлар (милоддан аввалги VII-IV асрлар), Александр Македонский бошлиқ юнон- македонлар (милоддан аввалги IV аср), араблар (милодий VII-VIII асрлар), форслар, мўғуллар, қалмоқлар ва ўрислар томонидан барпо қилинган мустамлака ҳокимиятлари билан бўлган. Бу кураш узоқ ва мунтазам бўлди, қанча-қанча қурбонлар берилди. Лекин авлодларимиз тилимизни сақлаб қолдилар ва натижада биз ўзимизнинг она тилимиздан бугунги кунда ҳам фойдаланмоқдамиз, демакки, миллатимиз яшамоқда.

Билиш ҳам тилга боғлиқдир. Зеро тафаккур тил орқали шаклланади. Билимларни ўрганиш, малакалар ҳосил бўлиши, янги илмий-техникавий кашфиётлар ҳамда маданият асарлари тил орқали яратилади. Борлиқдаги нарсаларнинг номи сўз билан ифодаланади. Уларнинг фаолияти, ўзаро алоқалари ва ички жараёни ҳам тилда ўз аксини топади.

Тил ва тафаккур бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Демак, тил ҳам инсон миясининг ички маҳсулоти. Соқов гапирмаса ҳам тили бор. Чунки у сўзлар орқали фикрлайди. Зотан тилнинг ташқи дунёдаги инъикоси товушлар орқали ифодаланади. Тилнинг ҳар хил бўлиши ҳам ана шу ҳолатга боғлиқдир. Бу ҳолатни соддароқ қилиб айтганда, бугунги компьютерлардаги турли хил программаларга қиёслаш мумкин. Ана шунинг учун маълум бир тилнинг эгаси ўша тил боғлиқ бўлган шарт-шароитлар, урф-одатлар, миллий характерлар таъсирида шаклланади. Агар қолипланган тартиб бузилса, бу реал ҳаётда билинади. Масалан, ўзбек оиласида туғилган болага бошқача шароит тузилиб, унинг тили ўрис тилида чиқса ва у ўрис тилида фикрласа, демак, у энди номигагина ўзбек, аслида эса ўрисдир. У вояга етганда, ўзбеклар билан кундалик муомалада қийналади, миллий характерларнинг бир-бирига хил келмаслик ҳолатлари юз беради. Агар у ўзбеклар орасида яшаса, миллий менталитетга боғлиқ турли хил фуқаролик келишмовчиликлари юзага келиши мумкин. Бунга кундалик ҳаётимизда типик мисоллар жуда кўп.

Шахснинг ва миллий характернинг қолипланиши энг биринчи тилнинг шаклланиш жараёнига боғлиқ. Она тилида фикрлайдиган ва билимларнинг маълум бир босқичини она тилида ўзлаштирган шахслар бошқа тилда билим олиши, касб эгаллаши ва ижод қилиши ҳамда муваффақият қозониши табиий ҳолдир. Она тилини яхши билмай, у орқали асосий билимларнинг маълум босқичини эгалламай туриб эса жуда бўлса, яхши мутахассис бўлиши мумкин, лекин шахс сифатида реал ҳаётда ўзига муносиб ўрин топиши қийин бўлади. Сабаби, тафаккурнинг тўла куч билан ишлашига даврлар оша қолипланган она тили шароит яратади. Шуни яна алоҳида айтиш керакки, ўз она тилини, демак миллатини ўзгартирган айрим одамларнинг авлодлари фақат маълум бир давр ўтгандан сўнг қабул қилган она тили воситасида муваффақиятга эришиши мумкин. Миллий тилсиз билишнинг пойдевори мустаҳкам бўлмайди. Бу ҳолат она тилини ўрганиш ва у орқали бошқа билимларни ўзлаштириш зарур эканлигини яна бир карра исботлайди.

Характери кучли тарихий шахслар, саркардалар, олимлар ва жамоат арбобларининг 90 фоизидан кўпи ўз она тилини яхши билган ва уни севган одамлардир. Имом Бухорий ўз она тилини яхши билганлиги учун бошқа тилларни тез ўзлаштирди ва бутун ислом оламига машҳур бўлган «Саҳиҳи Бухорий» асарини араб тилида битди. Буюк олим Беруний жуда кўп тилларни билган, фаннинг турли соҳалари бўйича жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган илмий асарлар яратган. Шу билан бирга она тили бўлган туркий тилни яхши билган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарининг ёзилиш сабабларидан бири ҳам буюк олимнинг ўз она тили туркий тилни севганлигидандир.

Амир Темур ўз она тилини жуда яхши биларди. Унинг ўз лашкарлари олдида сўзлаган нутқлари даврининг энг намунали маърузаларидан эди. Жалолиддин Румий, Саъдий, Жомий, Алишер Навоий, Пушкин, А. Дюма, Л. Толстой, Л. Арагон, Р. Н. Гунтекин, Ч. Айтматов ва бошқа барча буюклар ўз она тилларини севган ва унинг ривожланиши учун курашган сиймолардир. Бизнинг тегарада туғилган ва ўз она тилларида ўқиб катта олим бўлиб етишган академик М. Адишев, академик Ҳ. Зокиров, академик И. Ҳамробоев, академик Ҳ. Абдуллаев, профессор О. Усмоновларни, давлат ва жамоат арбоблари Ю. Абдурахманов, У. Юсупов, И. Раззаков, Н. Муҳиддинов, С. Ибраимов А. Масалиевларни ким танимайди дейсиз? Улар ўз она тилларини яхши билиши билан бирга ўрис тилида ҳам ажойиб илмий ва сиёсий маърузалар қила олганлар. Шу билан бирга ўз халқи орасида оддий инсон сифатида ўзига яраша обрў-эътиборга эга бўлишган. Демак, билишнинг асоси, халқнинг маънавий илдизи бу она тилидир. Уни қайси миллат бўлса ҳам эҳтиёт қилиши керак.

Ўз тилини тўла билмасдан, уни қадрламасдан, бошқа тилдан нажот излаш, бу-юмшоқ қилиб айтганда, аҳмоқлик, қўпол қилиб айтганда эса сотқинликдир. Сабаби, тилни йўқотиш биринчи галда шахснинг ўзига зиён, чунки у она тилини йўқотиши билан ўзлигини йўқотади. Ўзлигини йўқотганлар кўпайиб кетса, миллийлик йўқолади ва оқибатда жамиятда салбий одатлар кўпаяди ва парокандалик бошланади. Она тилини ҳар бир одам ўзи эҳтиёт қилиши ва севиши зарур. Чунки инсон тилга эмас, балки тил инсонга керак. Уни бошқалар биров учун сақлаб бермайди. Ҳар ким ўзи учун сақлайди. Уни ҳар бир лаёқатли одам эъзозлаб, авайлаши зарур. Тилини йўқотишга негиз тузиб берган миллатнинг авлодлари маълум бир давр ўтгандан кейин ўзи яшаётган ердаги бошқа миллатга мажбуран эргашади, уларнинг авлодларини ўзининг авлоди деб билади, уларнинг китобларини ўқийди ва ашуласини айтиб, мусиқасига ўйнайди. Бу аниқ. Тарихда бундай фактлар бор.

Шу сабабдан қозоқ шоири Абдулла Тожибоевнинг она тили ҳақида айтган қуйидаги сўзлари ҳар қандай миллат учун актуалдир:

Тириклигим нишонаси – она тилим,

Тилим борки, аён бўлар ўю фикрим.

Тилим ўсса, мен ҳам бирга ўсадирман,

Тилим ўлса, мен ҳам бирга ўладирман.

Тилсиз ҳайвон бечора-

Бечорага на чора!