11:24 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Россияга муҳтамал “фавқулодда вазиятлар” учун ўз аэродромини тақдим қилади

21.12.2006 22:21 msk

Фарғона.Ру

“Росбалт” агентлиги веб-сайтининг Россия Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) қўмондони муовини Айтеч Бижевга таяниб бугун хабар қилишича, яқин орада Россия ҲҲК ҳужумчи ва узоқ масофага учадиган учоқлари зарур пайтда Ўзбекистоннинг Навоий шаҳри яқинида жойлашган ҳарбий база аэродромидан фойдаланишлари мумкин бўлади. “Бу каби битимга шу йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонга қилинган хизмат сафари чоғида эришилганди”, - деди А. Бижев ўшанда Россия ҲҲК қўмондонлигининг Ўзбекистон мудофаа вазири билан суҳбати бўлиб ўтганини айтар экан.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистоннинг Россия ҲҲКга аэродром тақдим этиши ҳақидаги хабар бугун – Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов қазо қилган кунда матбуот саҳифаларида пайдо бўлди. Марказий Осиё мамлакатлари диктаторларидан бирининг ўлими билан боғлиқ равишда минтақавий хавфсизлик масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб тургани равшан.

“Ростбалт” маълумотларига кўра МДҲ ҲМҚ бирлашган қўшинлари қўмондони А. Бижев Ўзбекистон аэродроми фавқулодда ҳолатлар юзага келган пайтда Россия ҲҲК манфаатлари учун ишлатилиши мумкинлигига аниқлик киритган.

А. Бижевга кўра, Россия бунинг эвазига аэродромни аэрокузатув техникаси ва ҲМҚ қуроллари билан таъминлайди. “У ерда Ўзбекистон ҲҲК ва ҲМҚнинг Су-27 ва МиГ-29 учоқлари жойлашади”, - дея маълум қилди ҲҲК қўмондонининг муовини.

“Фарғона.Ру” АА илтимосига кўра бу жуда муҳим янгиликни заҳирадаги полковник, “Независимая газета”нинг ҳарбий шарҳловчиси Владимир Мухин шарҳлаб берди:

“Бу янгиликнинг айнан бугун пайдо бўлиши балки тасодифдир. Бироқ бу хабар бутун Марказий Осиёдаги вазиятни тушуниш нисбатида жуда муҳим. Россия учун бу тузилмани айнан ўша ерда шакллантириш, яъни, қайта тиклаш жуда фойдали. Ахир айнан ҲМҚ энг муҳим бошқарув тузилмалари айнан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган эди-да. Ҳаммаси ўз доирасига қайтаяпти. Эндиликда совет ҳокимияти пайтида бўлган ҳамма нарса тикланаяпти”.

“Аснода ҲМҚнинг яхлит тизимини бошқа республикалардан ажратиб қўйиш керак эмас, - деб ҳисоблайди полковник В. Мухин. - ҲМҚнинг жуда муҳим тизимлари Туркманистонда ҳам жойлашганди. Марвда бизни Эрон чегараларидан тўла иҳота қилиб турувчи дивизия турарди”.

В. Мухинга кўра, “ҲМҚнинг Марказий Осиё ягона тизими минтақавий штабининг шакллантирилиши олға сари қўйилган катта қадамдир. Ниҳоят, биз ҲМҚ бирлашган тизими масалаларида оғзаки гапдан ишга ўтаяпмиз. Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон бундан буён ҳам мудофаада ўз позицияларини яқинлаштиражаклари аниқ”.

Бироқ, ҳарбий таҳлилчи ва Марказий Осиё бўйича эксперт Владимир Мухинга кўра, МДҲ ҳарбий-ҳаво кучларининг Ўзбекистон ҳудудида кучайтирилиши фақат минтақавий кўламдагина эмас, маҳаллий кўламда ҳам муҳим.

“Ахир Москва Ўзбекистон ҳудудида уран қазиб олиниши ва бойитилишига ҳам жуда қизиқади. Бу билан эса айнан Навоий тоғ-металлургия комбинати шуғулланади. Ўз-ўзидан равшанки, Россия ва Ўзбекистон муҳтамал хатарларни даф қилиш учун бу объектни ҳаводан қўриқланишини таъминлашлари керак. Жумладан, халқаро террорчилик кучлари томонидан бўладиган хавф-хатардан ҳам. Ахир биз толибларнинг ҳам ўз авиацияси бўлганини биламиз”, - дея эслатди В. Мухин.



 

Реклама