05:32 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Фарғона.Ру” АА эксперти: “Ниёзовдан кейин Туркманистонга лидер бўлишга қодир одам йўқ”

21.12.2006 19:38 msk

Фарғона.Ру

Сапармурат Ниязов
Сапармурод Ниёзов. “Новости” РАА фотоси
Аввал хабар қилганимиздек, 21 декабрь тунида бутун жаҳонда Туркманбоши номи билан танилган Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов қазо қилган. У Марказий Осиёнинг бу мамлакатини 1985 йилдан бери бошқарарди ва умрбод президент мақомига эга эди.

Диктаторлар ўлими уларнинг тобеълари учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам доимо кутилмаганда юз беради. Туркманбошининг қазо қилиши Туркманистоннинг ўзидаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда жиддий акс этиши мумкин бўлгани каби жиддий геосиёсий ўзгаришларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Биз “Фарғона.Ру” АА доимий экспертларидан бири – узоқ йиллар Туркманистонда яшаган, ҳозирда эса Москада истиқомат қилаётган кишидан яқин келажакда содир бўлиши мумкин воқеалар ҳақида ўз тахминлари билан ўртоқлашишини илтимос қилдик.

Фарғона.Ру: - Нима деб ўйлайсиз, бу табиий ўлимми ёки айрим мухолифатчилар томонидан тахмин қилинаётган сарой тўнтариши натижасими?

Эксперт: - Туркманбошининг соғлиги ёмон эди, бу ҳақда аввал ҳам хабар қилинганди, шунинг учун ҳам унинг ўз ажали билан ўлганига шубҳа йўқ. Ҳозир бу тахмин атрофида баҳс қўзғашга ҳожат йўқ.

Фарғона.Ру: - Ниёзов ўғлининг Туркманистонга раҳбар бўлиб қолиш эҳтимоли борми?

Эксперт: - Йўқ, Ниёзов ўғлида бунақа имконият йўқ, у сиёсатдан узоқ одам, у Европада яшайди, бизнес билан шуғулланади.

Фарғона.Ру: - Ким “ташқаридан” ворис бўлиши мумкин?

Эксперт: - Ҳозир ҳамма шу юзасидан турли тахминларни билдираверади. Ҳозирча бу мамлакатга лидер бўлишга қодир одамнинг ўзи йўқ. Балки Туркманистон бош вазири ўринбосари ва соғлиқни сақлаш вазири Қурбангули Бердимухамедовда ҳамда мудофаа вазири А. Мамедгелдиевда бунақа имконият бордир, аммо ҳозирча бу ҳақда гапиришга эрта. Албатта, хориждаги мухолифат - Ханамов, Иқлимовлар ҳам фаоллашаяптилар... Аммо уларнинг Туркманистонда давлат тепасига келишга имконлари йўқ, деб ўйлайман.

Фарғона.Ру: - Туркманистон президенти томонидан газ ва нефть бўйича имзоланган шартномалар эндиликда нақадар машруъ (легитим) бўлиши мумкин? Унинг вориси бу шартномаларни ўз кучида қолдирармикан?

Эксперт: - Сиз “Газпром” билан тузилган шартномаларни назарда тутаётган бўлсангиз керак – бу Туркманистон учун энг муҳим шартнома бўлиб ҳисобланади. Мен Туркманбошининг вориси даврида ҳам бу шартномалар ўз кучида қолади, деб ўйлайман.

Фарғона.Ру: - Туркманбошининг ўлими билан боғлиқ равишда республикадаги ички вазият ривожи қандай бўлиши мумкин, ахир, Марказий Осиёдаги барча лидерлар каби мамлакатда ҳамма нарса унга “боғланган” эди-ку?

Эксперт: - Ҳозир Марказий Осиё минтақасида жуда жиддий вазият юзага келди, бу минтақанинг бутун мамлакатларида ўз аксини топиши мумкин. Туркманбошининг ўлими минтақадаги бошқа мамлакатлар лидерлари учун ёмон ишорадир. Мен ҳозир МДҲ мамлакатлари Туркманистондаги вазият юзасидан биргалашиб ўйлаб кўришлари керак, чунки бу мамлакат юзага келган вазиятни ўзи мустақил равишда ўнглашга ожиз, деб ўйлайман. Эътибор қаратилиши лозим бўлган энг муҳим нарса Туркманистон-Афғонистон чегарасидир, чунки ҳозир банг савдогарлари вазиятдан фойдаланиб қолишлари мумкин.

Феруза Жоний ёзиб олди