08:55 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда мингга яқин андижонлик қочқин яшамоқда

09.08.2005 13:16 msk

Элмурод Жусупалиев

Бу ҳақда “Фарғона.Ру” мухбирига ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси, “Қонун ва тартиб” нодавлат ташкилоти раҳбари Иззатулло Раҳматуллаев хабар берди. Унга кўра, унинг ташкилоти 2005 йил 14 майидан бери мунтазам равишда етти қочқинга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиб келмоқда.

- Бизнинг ташкилотимиз Андижондан қочиб келган етти киши билан алоқа ўрнатган. Уларни имкон қадар озиқ-овқат ва ётоқ билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз шу кунгача Ўш шаҳри атрофида 15 андижонлик қочқин яшаётганини аниқладик. Биздаги маълумотларга кўра, Ўш, Қорасув ва Ўзган шаҳарларида мингга яқин андижонлик қочқин яширинча яшаётган бўлиши мумкин, - деди Иззатулло Раҳматуллаев.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг сўзларини бош қароргоҳи Қирғизистон пойтахти Бишкекда жойлашган “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” нодавлат ташкилотлари коалицияси президенти Эдил Байсалов ҳам тасдиқлади.

- Жанубий Қирғизистондаги ҳамкасбларимиз шу кунгача мамлакатимиз ҳудудида яширинча яшаётган ўттизга яқин андижонлик қочқинни аниқладилар. Уларнинг расман қанча экани ҳозирча номаълум, чунки уларҚирғизистон ҳукумати томонидан ҳам, халқаро ташкилотлар томонидан ҳам рўйхатга олинмаган. Бизнинг тахминимизча, уларнинг сони бир неча юз кишини ташкил этиши мумкин. Биз расман қочқинлар борасида фаолият кўрсатмасак ҳам инсонпарварлик нуқтаи назаридан уларнинг муаммоларини Қочқинлар бўйича БМТ Олий комиссарлиги билан музокаралар ўтказиш орқали ҳал қилишга уринмоқдамиз, - деди Эдил Байсалов.

Унга кўра, Қирғизистондаги куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар томонидан 14 майдан бери Жалолободдаги ўзбекистонлик қочқинлар жамлоғига қўшилмоқчи бўлган саксондан ортиқ андижонлик Ўзбекистон ҳукуматига топширилган. Бу хабар оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка етказилгач, Андижондан якка тартибда келган қочқинлар жамлоққа боришдан чўчиганлар ҳамда яширин тарзда Қирғизистон жанубида яшаб қолганлар.

- Айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари қочқинлар ва халқаро ташкилотлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқдалар. Бизнинг қатъий ҳаракатларимиз натижасида Ўшда яшаётган 15 қочқин Қочқинлар бўйича Олий комиссарлик томонидан анкета сўровидан ўтказилди. Бу борадаги асосий ҳаракат эндигина бошланмоқда, - деди Иззатулло Раҳматуллаев.

Унга кўра, андижонлик қочқинлар жуда оғир шароитларда – қуриб битказилмаган уйларда, дала шийпонларида яшамоқдалар. Уларнинг озиқ–овқат таъминоти молиявий ёрдам йўқлиги боис унча яхши эмас.

– Қочқинлар ярим очлик ҳолатида яшамоқдалар. Баъзан оз бўлса ҳам маблағ топиб, уларни озиқ–овқат билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз, - деди Иззатулло Раҳматуллаев.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Ўш ваколатхонасида бу масала бўйича изоҳ беришни истамадилар.

– “Мен матбуотни ҳурмат қиламан. Аммо матбуот вакили билан суҳбатлашиш ваколати менга берилмаган. Бу масалада Бишкекдаги қароргоҳга мурожаат қилинг”, - деб жавоб берди ваколатхона мутасаддиси Имрож Имомбердиев.

Бишкек ваколатхонасига сим қоққанимизда эса, у ердагилар матбуотга шарҳ бериш ваколатига эга бўлган раҳбар Европа сафарида эканини айтдилар.

– “Уч ҳафтадан сўнг раҳбаримиз Европадан келади. Ана шунда саволингизга жавоб олишингиз мумкин”, - деди ваколатхона котибаси.