03:01 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ёш муаллифлар мактаби

21.12.2006 11:35 msk

Н. Зотова

Россиялик таниқли олим, РФА Шарқшунослик институти МДҲ мамлакатлари бўлими раҳбари, “Вестник Евразии” таълим-тадқиқот ва ноширлик маркази директори Сергей Алексеевич Панарин ўзи ташкил этган Ёш муаллифлар мактаби ҳақида гапиради.

Ёш муаллифлар мактаби 2002 йилда икки сабабга кўра ташкил этилган. Биринчи сабаб Россияда мавжуд бўлган олийгоҳ таълимидаги катта камчиликнинг ўрнини тўлдириш зарурати билан боғлиқ. Бу камчилик илмий матн ёзиш санъатига ўргатишнинг йўқлигидир. Авваллари бу муаммо, асосан, илмий раҳбарлар томонидан ҳал этиларди, аммо илмий раҳбарлар ҳам тирикчилик ташвишида ўнлаб жойларда ишлашга мажбур бўлиб қолган ҳозирги пайтда бу амалиёт қўлланилмай қолди. Талабалар эса аспирант бўлганларидан кейин матн тузиш бўйича энг жўн нарсаларни ҳам билмасдилар.

Иккинчи сабаб хусусий сабаб бўлиб, “Вестник Евразии” журнали яшаб қолиши учун грант керак бўлиб қолганида аксланганди. Бу журналга ҳеч ким грант беришни истамасди, шунинг учун ҳам бизнинг фаолиятимизга таълимий компонент киритилди. Грант олинди, бу бир томондан журнални сақлаб қолишга имкон берган бўлса, бошқа томондан янги ва кутилмаган истиқболлар очилди.

Ҳудудий мактаблар

“Фарғона.Ру” муштарийларига бизнинг 2005 йилда Ўш Давлат университети базасида ҳам машғулотлар ўтказганимизни билиш қизиқ бўлса керак. Уни Виктор Иннокентьевич Дятлов ўтказган ва у, энг аввало, одамларнинг ишга муносабатидан хурсанд бўлган. Афсуски, В. Дятлов Мактабни бир ўзи ўтказгани учун материални тўла ҳажмда беролмадик. Шунга қарамай, иштирокчиларнинг барчаси бу лойиҳада қатнашганларидан хурсанд бўлганлар ва бизга шунга ўхшаш мактаб ташкил этиш илтимоси билан талабномалар келиб тушмоқда. Эндиликда Бишкекда ана шундай машғулотлар ўтказмоқчилар.

Мактаблардаги машғулотлар мундарижаси ва услубиёти

Биз Мактаблар ишида иккита асосий тамойилга риоя қиламиз. Биринчиси таълимий иштирок бўлса, иккинчиси бошқа муаллиф матнини таҳрир қилиш орқали ўз матнини ёзиш санъатига ўргатишдир.

Биз берадиган топшириқлар тизими бировнинг матнини таҳрир қилиш билан боғлиқ. Топшириқларнинг кўпчилиги “Вестник Евразии” журнали таҳририятига келиб тушган, лекин ҳали чоп қилинмаган матнлар асосига қурилади.

Умумий мактабларда биз сўзсиз таклиф қилажагимиз охирги топшириқ матнни жамоа бўлиб таҳрир қилиш бўлиб ҳисобланади. Биз 24 иштирокчини олти кишидан қилиб, тўрт гуруҳга бўламиз. Тўртта гуруҳ тўртта иш демакдир. Кейин гуруҳлар ишларни ўзаро алмашадилар. Бу услуб биринчи марта Европа мактабида қўлланилганди ва унинг натижалари кутилмаганда анча салмоқдор бўлган. Нафсиламрини айтганда, мен жамоа бўлиб таҳрир қилиш мумкинлиги ҳақида ҳеч қачон ўйламагандим. Маълум бўлишича, бу иш мумкин бўлибгина қолмай, яхши самара ҳам бераркан ва маҳсулот жуда сифатли чиқаркан. Шундан сўнг бу усулни мунтазам равишда қўллай бошладик. Биз иштирокчилар олдига матннинг ўзига хос жиҳатларини англаш вазифасини қўямиз ва бу вазифа муваффақият билан адо этилади.

Бизнинг яна бир принципимиз маърузаларни минимумга туширишдир. Мен буни “минимум даражада дидактика, максимум даражада амалиёт” дейман. Биринчи маъруза илмий матн тузилишига бағишланади. Бунда Ғарбдаги илмий журналларда қўлланиладиган матн тузилиши андоза ўлароқ олинади. Бу жиҳатдан инглиз-американ, шунингдек, француз илм-фан мактаби алоҳида ажралиб туради. Бизнинг илмий амалиётимизда нимагадир бу тамойил қўлланилмайди. Дейлик, илмий матннинг, мақоланинг биринчи қисмида, кириш қисмида бизда барқарор тизим йўқ. Бунда вазифа қўйилиши албатта бўлиши керак – халқаро стандарт шундай. Кириш қисмида, масалан, мақола қандай қисмлардан ташкил топганлиги, унинг у ёки бу қисмида нима ҳақда сўз бориши ёзилиши керак.

Мактабнинг биринчи галдаги вазифаси одатда қуйидагича бўлади – биз журналдан олинган бирор-бир матнни берамиз. Мақоладан муаллиф исми ва сарлавҳа олиб ташланиб, иштирокчиларга унга сарлавҳа қўйиш ва қисмларга бўлиш таклиф этилади. Россияда чиқадиган илмий мақолаларда кўпинча яхлит матн берилади, бу эса катта офатдир. Шунга қарамай, “Вестник Евразии” журналида қисмларга бўлинмаган мақолалар умуман чоп этилмайди. Бу жиҳатдан темир қонун бор.

Кейинги машғулот илмий аппарат бўйича бўлиб, бунда ишоратлар ва уларнинг турлари, уларни нима сабабдан фарқлаш кераклиги юзасидан баҳс юритилади. Бу топшириқни бошқаларидан кўра яхшироқ бажарадилар, чунки бу иш уларга таниш. Яна бир машғулот нутқий безакка бағишланган.

Тингловчилар таркиби

Мактабга 31 ёшдан юқори бўлмаган тингловчилар қабул қилинадилар. Тингловчиларни уч тоифага ажратиш мумкин: талабалар - кўпроқ юқори босқич талабалари, аспирантлар, ёш ўқитувчилар ва тадқиқотчилар. Одатда, қизиқроқ ва мазмунлироқ талабномалар талабалардан тушади.

Мактабга қандай кириш мумкин

Қатнашиш учун талабнома берилишида ҳозир стандарт анкетадан фойдаланилади. Аввал номзодлар резюме ёзардилар. Бундан ташқари, илмий раҳбар ёки Мактаб битирувчисидан олинган тавсияномани тақдим этиш зарур. Энг асосийси эса муаллифлик матни тезисларидир. Танлов ғолиблари саккиз саҳифадан кам бўлмаган ҳажмдаги муаллифлик матнлари билан келишлари керак. Бу биз ишлайдиган асосий ташриф қоғозидир.

Амалий натижалар

Мактаб иш бошлаган бери беш йил ичида “Вестник Евразии” журналида ёш муаллифларнинг эллик мақоласи босилди. Яъни, йилига ўртача ўнтадан мақола чоп этилди. Шу тариқа, биз Москвада чиқадиган нашрга элликта янги муаллиф киритдик.

Мен ҳайратланган нарса шу бўлдики, Мактабнинг асосий вазифаси ёзишни ўргатиш эмас, инсонни ичдан озод қилишдан иборат экан. Аминманки, чинакамига яхши матн озод инсон томондан ёзилади. Тингловчилар бу максимани 2003 йилда ўзлари кашф қилганлар.

Ёш муаллифлар мактаби бу ҳаёт мактабидир. Бу биродарликни ҳис этишдир. Шунинг учун тан олишим керакки, бунга интилар эканмиз, биз одамларга кучли ҳиссий таъсир ўтказамиз.

Нима бўлганда ҳам, биз дастурни давом эттирамиз. Агар маблағ топсам, Европа ва Сибирь мактабларини давом эттиришга имкон бўлади. Агар бундай имконият бўлмаса, у ҳолда ҳудудий мактаблар бўлади ва биз олийгоҳлар билан ўқитувчилар меҳнати, йўлкира ва яшаш учун пул тўлаш ҳақида шартнома тузамиз.

***

Муаллиф ҳақида: Зотова Наталья Александровна – “Фарғона.Ру” АА катта муҳаррири, тарих фанлари номзоди, РФА Этнология ва антропология институти илмий ходими. Москвада яшайди.